Сўрилиш деб аталади. Сўрилиш мураккаб физиологик жараён ҳисобланади. Биологик мембрана ярим ўтказувчан бўлиб, баъзи моддаларни ўтказиб, баъзиларини ўтказмайди
Download 218.5 Kb.
|
ДОРИ МОДДАЛАРНИНГ ОРГАНИЗМДА СЎРИЛИШИ, ТАҚСИМЛАНИШИ ВА ТЎПЛАНИШИ
ДОРИ МОДДАЛАРНИНГ ОРГАНИЗМДА СЎРИЛИШИ, ТАҚСИМЛАНИШИ ВА ТЎПЛАНИШИ. Дори моддаларининг ошқозон-ичак системасига тушиб, мураккаб биологик мембранани ҳосил қилувчи бир ёки бир неча қават ҳужайралар орқали қон ёки лимфага ўтиши сўрилиш деб аталади. Сўрилиш мураккаб физиологик жараён ҳисобланади. Биологик мембрана ярим ўтказувчан бўлиб, баъзи моддаларни ўтказиб, баъзиларини ўтказмайди. Ичак эпителийси фақат бир томонлама ўтказувчан бўлганлиги учун одатда дорилар қон ва лимфадан ичак бўшлиғига қайтадан ўтолмайди. Сўрилиш жараёни суст диффузияланиш, осон диффузияланиш, фильтрация, фаол транспорт ва пиноцитозтуфайли амалга оширилади. Суст диффузияланиш. Ушбу йўл билан липофил (ёғ ва ёғсимон моддаларда эрувчи) моддалар, яъни қутбланмайдиган моддалар сўрилади. Дори моддаларининг мембраналардан сўрилишида суст диффузияланиш жараёни асосий ҳисобланади, чунки уларнинг кўпчилиги кучсиз кислота ва кучсиз асослардан иборатдир. Мембрана орқали суст диффузияланишни моддалар концентрацияси ҳал қилади, улар концентрация кўп томондан кам томонга, яъни концентрация градиенти тарафига қараб йўналади. Дори моддалари ичаклардан қонга, сўнгра тўқималарга сўрилади, метаболитлар эса тўқималардан қонга ўтади. Қонда, тўқималарда, тўқима суюқликларида дори моддалари ионланмаган молекулалар ҳолида бўлади ва улар липоидларда эрийди. Ҳар бир дори ва кимёвий модданинг ионланиши ёки ионлашмаслиги рН муҳити билан боғлиқ, тегишли жойларда ушбу муҳит дори моддаларининг ионланишини ва сўрилишини белгилайди. Масалан, амидопирин овқат ҳазм бўлиши авж олганда кислоталилик рН=1,3—1,8 бўлганда ичилса, бу модда кўпроқ ионланган ҳолда бўлади, қонга кам миқдорда сўрилади, рН=7,4 бўлганда эса амидопирин нейтрал ҳолда бўлиб, тўқималарга сўрилади. Яллиғланган жойда эса рН ионлари кўп бўлганлиги туфайли амидопирин шу ерда тўпланади. Ацетил салицилат кислота овқат ҳазм қилиш авж олган вақтда (рН-1,3) кўпроқ ионланмаган ҳолда бўлади, қонга яхши сўрилади. Агар бу модда овқатдан олдин қабул қилинса, унинг ионланган қисми кўпайиб кетиб, тўқималарга кам сўрилади, шифобахш таъсир олиш учун ацетилсалицилат кислотанинг концентрацияси юқори бўлиши керак. Яллиғланган жойда ацетилсалицилат кислота тўпланмайди, чунки у молекулаларга айланиб, сўрилиб кетади. Нейтрал хусусиятга эга бўлган, липоидларда эрийдиган моддаларнинг сўрилиши ҳар хил бўлиши мумкин. Моддаларнинг қутбланиши кам бўлиб, липоидларда кўпроқ эриса, қонга тез сўрилади. Масалан, барбитал билан тиопенталнинг кимёвий тузилиши ва эритмадаги концентрацияси бир-бирига яқин, лекин тиопентал липоидларда яхши эриганлиги учун у барбиталга нисбатан биологик мембраналардан тез сўрилади. Суст диффузияланиш жараёни (номи ҳам кўрсатиб турибди) қувват талаб қилмайди, моддалар концентрация градиентига қараб кўп жойдан кам, йўқтомонга сўрилади. Кўпгина дори моддалари асосан ушбу механизм орқали сўрилади. Янги туғилган чақалоқлар ва 3 ёшгача бўлган болаларда меъда-ичак шиллиқ қаватлари майин, қон, лимфа томирлар билан яхши таъминланган бўлгани учун дори моддалар сўрилишида суст диффузияланиш жараёни тезроқ ўтади.
Ёш болаларда ферментларнинг фаолияти етарли ривожланмагани учун фаол транспорт жараёни суст ўтади. Пиноцитоз — дори моддаларининг бу йўл билан сўрилишида ҳужайра мембраналарида пуфакчалар (инвагинация) ҳосил бўлади. Ушбу пуфакчаларга суюқлик ва дори моддалар кириб олади ва пуфакчалар билан ҳужайраларнинг ички томонига ҳаракат қилади, шу ерга етиб олганда модда пуфакчалардан чиқади. Дори моддалар қонга сўрилгандан кейин жигарга ўтади, жигар эса организмни ёт моддалардан сақловчи муҳим физиологик тўсиқ (барьер) ва қоннинг фильтри ҳисобланади. Жигарда дори моддалари зарарсизланади, метаболизмга учрайди, уларнинг кимёвий тузилиши ўзгариши мумкин. Ушбу жараёнларнинг жигарда ўтиши учун шароит бўлади, чунки жигарда қон айланиши асосан веналар билан боғлиқ, веналардан эса қон секин ўтади, дори моддалар узоқроқ жигарда қолиб, ўзгаришларга учрайди. Дори моддалари сўрилган сайин организмнинг сувли муҳитида тез тарқалади (бу муҳит қоннинг суюқ қисми, ҳужайралараро ҳамда улар ичидаги сувдан иборат бўлиб, тана оғирлигининг 70% ини ташкил этади). Дори моддаларининг тўқималарга ўтиши асосан мазкур аъзода қон айланишига, ўша модданинг тўқима суюклигида эришига ва тўқималарга нисбатан кимёвий жиҳатдан яқинлигига боғлиқ. Дориларнинг тақсимланишига уларнинг қонда оқсиллар билан боғланиши таъсир кўрсатади. Одатда қонга сўрилган дори модда эркин ҳамда оқсиллар (альбуминлар) билан боғланган ҳолда бўлади. Эркин ҳолдаги модда плазманинг суюқ қисмида бўлиб, қон томирлар девори орқали тўқималарга ўтади. Оқсиллар билан боғланган қисми тўқималарга ўта олмайди, ўз ҳолича томирларда тўпланиб туради, сўнгра аста-секин оқсиллардан ажралиб, эркин ҳолда тўқималарга ўтади. Баъзи сабабларга кўра альбуминлар кам бўлса (вақтидан олдин туғилган чақалокларда, жигар ва буйрақ касалликларида альбуминларнинг ҳосил бўлиши камаяди ва организмдан тез чиқиб кетади), дори моддаларининг боғланган қисми камайиб, эркин қисми кўпаяди ва тўқималарга таъсири ошиб кетади. Дори моддалар эритроцитлар билан ҳам боғланиши мумкин, бу айниқса плазмада оқсиллар микдори камайганда бўлади. Эритроцитлар фагоцитозга учрагандан кейин дори моддалар улардан ажралиб, эркин ҳолда тўқималарга ўтади. Дори моддалари тўқималарнинг алоҳида рецепторлари билан ҳам боғланади. Дори моддалари таъсирини юзага чиқарадиган рецепторлар специфик, яъни шу моддага хос рецепторлар деб аталади. Масалан, холинергик ва адренергик нерв толалари охиридаги мембраналарда холинорецептор ва адренорецепторлар жойлашган. Улар медиаторлар ацетилхолин, норадреналин ва шуларга ўхшаш моддалар билан ҳамда ацетилхолин, норадреналинга қарама-қарши моддалар билан ўзаро боғланиб таъсир кўрсатади. Дори моддалари рецепторлар билан ўзаро боғланиб, уларда ўзига хос ўзгаришлар пайдо қилиб, кўпинча рағбатлантирувчи таъсир кўрсатади, шу моддалар агонист деб аталади. Агонист моддалар таъсирини камайтириб юборадиган ёки йўқотадиган моддалар антагонист деб аталади. Масалан, ацетилхолин ва атропин бир хил холинорецепторларни боғлайди, лекин қарама-қарши таъсир кўрсатади, ушбу моддалар бир-бирига антагонист ҳисобланади. Мембраналараро боғланиш туфайли ўзига хос рецепторлар билан алоқа ҳосил бўлади. Рецепторлар ва дори моддаларининг молекулалари бир-бири билан ковалент ҳамда ионли алоқада бўлиши мумкин. Ковалент алоқа анча мустаҳкам бўлади, моддаларнинг кам қисми рецептор билан ковалент алоқа йўли орқали боғланади. Дори моддаларининг кўпчилиги рецепторлар билан ионли алоқада бўлади. Ионли алоқа рецепторлар билан электростатик боғланиш туфайли амалга оширилади, бу алоқа тез узилиб кетиши мумкин. Рецепторлар билан ионли алоқада ганглиоблокаторлар, кураресимон моддалар, ацетилхолин бўлади. Рецепторлар билан боғланишда ван-дервальс кучлар, водородли алоқалар ҳам аҳамиятга эга. Агар дори модда рецепторлар билан мустақил боғланса — ковалент боғланишда дори моддалари аслига қайтмас таъсир кўрсатади, аксинча енгил ионли боғланса, аслига қайтар таъсир кўрсатади. Ҳозирги кунда кўпчилик моддалар учун организмда ўзига хос рецепторлар бўлиши аниқланган. Дофамин — дофаминорецепторларга, серотонин — серотонинорецепторларга, гистамин — гистаминорецепторларга, бенздиазепин унумлари — бенздиазепин рецепторларга, наркотик анальгетиклар — опиат рецепторларга, ГАМК — ГАМК рецепторларга, гормон моддалари — гормонал рецепторларга, юрак гликозидлари — дигиталис рецепторларига таъсир кўрсатади. Келажакда бошқа дори моддалари боғланадиган янги ўзига хос рецепторлар очилиши аниқ. Шунда янги дори моддаларини кашф этиш, уларнинг таъсир механизмини аниқлаш осонлашади. Организмда дори моддалар билан боғланадиган носпецифик рецепторлар ҳам бор, булар қон плазмасининг оқсиллари, бириктирувчи тўқималарнинг мукополисахаридлари ва бошқалар. Дори моддалар носпецифик рецепторлар билан боғланганда таъсир кўрсатмайди, шунинг учун ушбу рецепторлар «моддалар йўқотиладиган жойлар» деб аталади. Дори моддалари организмда текис ва нотекис тақсимланиши мумкин. Ингаляцион наркотиклар (липоидларда яхши эрийди, электролит эмас) текис тақсимланади, кўпчилик моддалар эса нотекис тақсимланади. Модданинг организмда тақсимланиши билан кўрсатадиган таъсири ўртасида бевосита боғланиш бўлмаслиги ҳам мумкин, яъни модданинг бирор аъзода тўпланиши ҳамиша ҳам унинг асосан шу аъзога таъсир кўрсатишига олиб боравермайди. Моддаларнинг тақсимланишига йўлларда учрайдиган биологик тўсиқлар таъсир кўрсатади. Булар капиллярлар девори, ҳужайра мембраналари, гематоэнцефалик тўсиқлар, сероз бўшлиқ пардаларидир. Капилляр деворлардан кўпчилик моддалар осон ўтиб. Қон билан мия ўртасидаги тўсиқдан (гематоэнцефалик) моддаларнинг ўтиши қийинроқ бўлади, ёғда (липоидларда) эрийдиган моддалар тез ва осон ўтади, сувда эрийдиган моддалар шу тўсиклардан деярли ўтмайди. Патологик ҳолатларда, хусусан мия пардалари шамоллаганда тўсиқнинг ўтказувчанлиги ошиб боради. Ёш болаларда гематоэнцефалик тўсиқ яхши ривожланмаган бўлади, шунинг учун ўтказувчанлиги катгаларга нисбатан кучлироқ, кўп дори моддаларга (морфин, ухлатувчи, гистаминга қарши) сезувчанроқ бўлади. Дори моддалари ҳомиладор аёлларга юборилганда плацентар тўсиқ ўтказувчанлигини эътиборга олиш керак. Липоидларда эрийдиган моддалар плацентар тўсиқдан осон ўтади. Тўртламчи азот бирикмаларидан иборат моддалар (миорелаксантлар), рН юқори бўлгани учун плацентар тўсикдан ўтолмайди. Ҳомиладорлик токсикозида, гипоксияда, эндокрин ўзгаришларда плацентар тўсиқ ўтказувчанлиги ортиб боради, ҳатто ушбу тўсикдан ўтолмайдиган моддалар ҳам ўтиб, ҳомилага нохуш таъсир кўрсатиши мумкин. Липоидларда яхши эрийдиган моддалар биологик тўсиқлардан осон ўтади, липоидларда эса ионланмаган моддалар яхши эрийди. Қўлланиладиган моддаларнинг кўпчилиги кучсиз кислоталар ва асослардан иборат бўлиб, сувда яхши эрийди, липоидларда эса эримайди, уларнинг тўсиқлардан ўтишига мембраналарнинг икки тарафдаги рН муҳити катга аҳамиятга эга бўлади. Ошқозонда рН кислоталилиги ошганда (рН-1) кучсиз асосли моддалар бутунлай ионлашган бўлади, қонда рН нинг ишқорли муҳити ошганда (рН-7,4) ушбу моддалар ионлашмаган ҳолда бўлади. Шунинг учун кучсиз асосли моддалар ошқозонда сўрилмайди, ичакнинг нейтрал муҳитида уларнинг ионланиши камайиб, фаол сўрила бошлайди. Агар қўлланадиган моддалар кучсиз кислоталардан иборат бўлса, масалан, ацетилсалицилат кислота, барбитуратлар ошқозоннинг кислотали муҳитида ионланмаган ҳолда бўлиб, липоидларда яхши эрийди ва ошқозоннинг ўзидан сўрила бошлайди. Кучли кислоталар ва кучли асослардан иборат моддалар — кураресимон, ганглиоблокаторлар, антибитиклар бутунлай ионлашган бўлади, шунинг учун улар ошқозон-ичакдан сўрилмайди ҳамда гематоэнцефалик тўсикдан ўтмайди. Моддалар жигарда, буйракларда, ўпкада, суякларда ва бошқа тўқималарда тўпланиши мумкин. Одатда дори моддаларининг боғланиш, тўпланиш, ўз ҳолига қайтиш хусусияти бор. Дориларнинг узоқ муддатга боғланиши, тўпланиши уларнинг организмдаги таъсир муддатини узайтиради. Соч, тирноқ, тишларда тўпланган моддалар бу тўқималардан деярли чиқиб кетмайди. Масалан, тетрациклин тишдаги кальций ортофосфат билан боғланиб, тишнинг ўсишига ва ривожланишига тўсқинлик қилади. Шунинг учун ёш болаларга тетрациклинни қўллаш ман этилади.
Метаболик трансформация ва конъюгация жараёнлари жигарда ўтгани учун кўпчилик моддаларнинг таъсир кучи, муддати, шунингдек заҳарли бўлиш-бўлмаслиги жигар холатига боғлиқ. Жигар касалликлари кўпчилик моддаларни қўллаш учун тўсқинлик қилади, чунки унинг зарарсизлантирувчи фаолияти кескин камайиб кетган бўлади. Дори моддалари ўзгарган ҳамда ўзгармаган ҳолда асосан сийдик ва ўт-сафро билан организмдан чиқиб кетади. Буйраклардан фильтрация, реабсорбция, оддий диффузияланиш жараёнлари туфайли сийдикка ўтади. Кўп миқдорда сув ичириш ва сийдик ҳайдайдиган моддаларни қўллаш йўли билан дориларнинг соғлом буйраклар орқали чиқиб кетишини тезлаштирса бўлади. Бу усул дори моддалари билан заҳарланганда қўлланилади. Буйракларнинг ажратиш хусусияти сусайган бўлса, дори буюришда эҳтиёт бўлиш зарур. Буйраклардан асосан сувда эрийдиган моддалар ва уларнинг метаболитлари чиқади. Қатор моддалар жигардан сафро билан ичакка ўтиб, ичакдан ахлат билан ташқарига чиқади. Дори моддаларининг сафро билан чиқиши амалий аҳамиятга эга, чунки баъзилари, масалан, антибиотиклар сафрога ўтиб, шу ерда юқори даражада микробларга қарши таъсир кўрсатади. Газли ва учувчан моддалар нафас йўллари орқали организмдан чиқади. Дори моддаларининг оз қисми безлар (бронхиал, сўлак, кўз ёши, сут, меъда ва ичак) орқали чиқади. Бола эмизадиган оналарга дори-дармонлар буюришда жуда эҳтиёт бўлиш керак, чунки дорилар сут билан чақалоқ организмига ўтади ва унга салбий таъсир кўрсатади. Масалан, стрептомицин, нитрофуранлар, левомицетин, тетрациклин, морфин, барбитуратлар, транквилизаторлар, антикоагулянтлар ва бошқалар она сути билан чиқади. Дори моддаларининг тўқималарда биологик фаолиятининг йўқолиши ва организмдан чиқиб кетиши — экскреция натижаси элиминация деб аталади. Элиминацияни аниқлаш учун модданинг ярим ҳаётини, яъни юборилган модданинг ярмисини организмдан чиқиш вақти ҳамда элиминация коэффициенти, яъни квотаси — суткада бир марта юборилган дори миқдорининг қанча фоизи ажралиб чиқиши ўрганилади. Сувда эрийдиган, ионланган оқсиллар билан боғланмаган моддалар элиминацияси тезроқ ўтади. Ёғда эрийдиган, ионланмаган, оқсиллар билан боғланган моддалар элиминацияси эса секинроқ ўтади. Ёш болаларда моддаларнинг инактивация, экскреция жараёнлари катталарга нисбатан секинроқ ўтади, дори моддалари улар организмида кўпроқ вақт ушланиб қолади, элиминация айниқса чала туғилган чақалоқларда секин кечади. Жигар, буйрак касалликларида дори моддалар элиминацияси секинлашади. Дори моддаларнинг ҳажмини биологик суюқликларда, асосан қонда аниклаш мумкин: вақти-вақти билан венадан қон олиб, моддаларнинг ҳажмини суюқлик ёки газ — суюқлик хроматографияси; радиоиммун усуллар билан аниқланади. Download 218.5 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling