Суд тиббиёти фанидан ян саволлар 1 Суд тиббиёти, таъриф. Суд тиббиёти ва суд-тиббий экспертиза. Суд тиббиёти фани
Download 0.89 Mb.
|
ЯН Умумий саволларга жавоб
Чин чўкиш. Оғиз, бурун атрофида, нафас йўлларида нисбатан турғун майда пуфакли оқ кўпик (Крушевский белгиси) кузатилиб, кейинчалик эритроциларнинг гемолизи ҳисобига кўпик пушти тусни олади. Ушбу кўпик қуриганда, оғиз, бурун атрофида шакли ари инига ўхшаш доғлар қолади. Нафас йўлларида сув ва у билан кирган ёт моддалар (сув ўтлари, балчиқ, қум ва ҳкз.) аниқланади. Ўпкалар гипергидрия ҳолатида бўлиб, улар хамирсимон консистенцияли, ҳажми ортган, плевра бўшлиқларини тўлдириб туради, уларда қобирғаларнинг босма излари аниқланиши мумкин. Ўпкаларнинг ташқи юзалари “мармарсимон” – оқиш, пушти, қизғиш соҳалар фарқланади, тўқима кесмаларида қизғиш қонсимон кўпикли суюқлик ажралади.
Висцерал плевра остида пушти–қизғиш четлари ёйилган, Тардье доғларига нисбатан каттароқ қон қуйилишлар – Рассказов–Лукомский–Пальтауф доғлари аниқланади. Ушбу доғлар инспиратор ҳансираш босқичида вужудга келган Тардье доғларининг терминал нафас олиш босқичида сув билан гемолизи натижасида ҳосил бўлади ва шу сабабли улар эпикард остида бўлмайди. Сув альвеолалар орқали қонга ўтганлиги сабабли қон суюлади (гемодилюция) ва унда осмотик гемолиз кузатилади. Айни шу сабабли чин чўкишда мурда доғлари пушти, қизғиш туслар кўпроқ бўлади. Юракнинг чап камераларидаги қон ўнг томондагига нисбатан очроқ (Каспер белгиси) рангда бўлади. Бундан ташқари юракнинг чап камералари эндокарди, аортанинг бошланғич қисмлари эндотелийси гемолизга учраган қоннинг имбибицияси ҳисобига қизғиш бўлади. Сероз бўшлиқларда транссудация ҳисобига эркин суюқлик аниқланади. Жумладан, қорин бўшлиғида 100 мл атрофида суюқлик ( Моро белгиси) бўлиши мумкин.Сувнинг маълум бир қисми қизилўнгач орқали ошқозон, ичакларга ўтади. Хусусан, ошқозонда 300 мл.гача сув аниқланиши мумкин (Фегерлунд белгиси).Чўкаётган шахсларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун кескин кучли ҳаракатлари мушакларнинг таранглашувига ва бўйин, кўкрак, тананинг орқа соҳаси мушакларига қон қуйилишларга (Пальтауф белгиси) олиб келади.Шу билан бирга денгиз сувида чўкишнинг маълум бир фарқли ҳусусиятлари борлиги қайд этиш лозим. Шўр сувнинг осмотик босими қоннинг осмотик босимидан анча баланд бўлганлиги сабабли, альвеоладаги сув қонга ўтмайди, аксинча қоннинг суюқ қисми альвеолага, сувдаги электролитлар эса қонга ўтади. Натижада гиповолемия, қоннинг қуюқлашуви кузатилади. Шўр сувда чўкишда висцерал плевра остида – Рассказов–Лукомский–Пальтауф доғлари вужудга келмайди. Айрим ҳолатларда ўпканинг шишиши ривожланиши мумкин. Қуруқ типдаги чўкишнинг белгилари. Бу турдаги чўкишда ўзига хос белгилар кузатилиб, улар асосан сувнинг нафас йўлларига ўтмаслиги билан боғлиқ. Юзнинг кўкимтирлиги, субконьюнктивал қон қуйилишлар яққолроқ намоён бўлади. Оғиз, бурун атрофида оз миқдорда оқ рангли нисбатан нотурғун кўпик аниқланиши мумкин. Мурда текширувида нафас йўлларида сув ва ундаги ёт моддалар аниқланмайди. Альвеолаларга қадар сув етиб бормаганлиги сабабли, табиий равишда гемодилюция, осмотик гемолиз кузатилмайди. Ўпкалар кескин эмфизема ҳолатида, ҳажми катталашган (гипераэрия). Висцерал плевра остида фақат Тардье доғлари аниқланиб, Рассказов–Лукомский–Пальтауф доғларининг бўлиши хос эмас. Кесмаларда ўпка тўқимаси қуруқ ёки унинг юзасидан оз миқдорда суюқлик ажралади. Кескин эмфизема туфайли альвеолалараро тўсиқларнинг шикастланиши сабабли оз миқдордаги ҳаво ўпка веналарига ўтиб, юракнинг чап камераларида тўпланиши натижасида юракнинг ҳаво эмболияси вужудга келади. Мурда текширувида ҳаво эмболиясини аниқлаш учун Сунцов синамаси ўтказилиб, фақат скальпелнинг учи билан механик жароҳатларда бўлгани каби ўнг қоринча эмас, балки чап қоринча тешилади. Ларингоспазм натижасида ковак вена тизимида босимнинг кўтарилиши (веноз гипертензия) ретроград тарзда қон элементларининг кўкрак лимфа йўлига ўтишига олиб келади. Мазкур ҳолатда кузатиладиган лимфогемия кўкрак лимфа йўлининг микроскопик текширувида аниқланиши мумкин. Асфиктик чўкишда юракнинг ҳаво эмболияси ва лимфогемия илк бор В.А.Свешников, Ю.С.Исаевлар (1986) томонидан аниқланган.Ларингоспазм туфайли нафас йўлларига ўта олмаганлиги учун сув кўпроқ миқдорда қизилўнгач орқали ошқозонга ўтади (Фегерлунд белгиси). Натижада асфиктик чўкишда ошқозонда 1 л.гача сув аниқланиши мумкин. Айни пайтда сув бурун бўшлиқлари орқали калланинг асос суяги бўшлиғига ўтиши сабабли мурда текширувида ушбу бўшлиқда 5–15 мл суюқлик аниқланиши мумкин (Свешников белгиси).Ҳансираш босқичида босимнинг кескин равишда ўзгариши, яъни кўтарилиши ва пасайиши сабабли ўрта и ва ички қулоқ бўшлиқларида ва уларнинг шиллиқ қаватларида қон қуйилишлар кузатилиши (К.Ульрих– Э.Н.Ростошинский белгиси), баъзан эса ушбу бўшлиқларда эркин суюқлик ҳам аниқланиши мумкин. Чўкишнинг диагностикасида лаборатория текширувларининг аҳамияти. Сувга тушишнинг ҳаётийлигини аниқлашда махсус лаборатория текширувлари ҳам ўтказилади. Улар қаторига диатом планктонига текширув, псевдопланктон, бактериологик , криоскопик ва бошқа турдаги текширувлар киради. Планктон сувдаги ўсимлик (фитопланктон) ва ҳайвонот (зоопланктон) дунёсига мансуб майда организмларлардир. Чўкишнинг ҳаётийлигини аниқлашда диатом планктонига текширув ўта аҳамиятли. Диатом планктони бир ҳужайрали кремний бирикмаларини сақловчи қобиққа эга сув ўсимлиги бўлиб, барча сув ҳавзаларида бўлади. Диатом планктони водопровод суви, дистилланган сувда, ёмғир сувида ҳам аниқланади. Бу планктон фақат қуёш нури тушмайдиган (ер ости сувлари, чуқур қудуқ) сувларда бўлмайди. Бинобарин, ҳар бир сув ҳавзаси диатом плантони бўйича ўзига хос хусусиятга эга. Чин чўкишда сув билан ундаги диатом планктони ҳам қонга ўтиб, катта қон айланиш доираси бўйича ички аъзоларга тарқалади. Одатда 15–50 мк., баъзан 200 мк.гача катталикдаги планктон қонга ўтиши мумкин. Паренхиматоз аъзоларда, суяк мияда диатом планктонининг топилиши чўкишнинг ҳаётийлигидан далолат беради. Зеро, ушбу плантон тури мурда топилган ёки чўкиш гумон қилинган ҳавза сувидаги планктонга мос келиши лозим. Шу сабабли чўкиш ёки унга шубҳа бўлган ҳолатларда тегишли ҳавзалардан сув намунаси (1 л.) текширув учун олинади.Асфиктик чўкиш ҳолатларида механизм бўйича паренхиматоз аъзолар, суяк мияда диатом планктони бўлмаслиги мумкин. Бунда планктон текшируви учун калланинг асос суяги бўшлиғидан олинган суюқликнинг намунаси олинади. Ўпка тўқимасида диатом планктонининг топилиши диагностик аҳамиятга эга эмас, Бу ҳолат ўлимдан сўнг сувга тушганда ҳам (сувнинг нафас йўлларига ўтиши туфайли) кузатилиши мумкин. Псевдопланктон сувдаги ўта майда қум заррачалари, ўсимлик чанги, сув ўсимликларининг қисмлари бўлиб, улар сув билан диатом планктони каби ички аъзоларга, суяк мияга ўтиши мумкин. Псевдопланктон поляризацион микроскопияда аниқланади. Чўкиш ҳолатларида сув билан қонга, кейинчалик ички аъзоларга сувдаги бактериялар (асосан Pseudomonas putida, Pseudomonas fluorescens) ҳам ўтиши мумкин. Мурда ички аъзоларининг бактериологик текширувида тегишли бактерияларнинг топилиши сувга ҳаётий тушганликни тасдиқлайди. Булардан ташқари чўкиш ҳолатларида криоскопик (музлаш ҳарорати), рефрактометрик (нур синдириш), қоннинг қуюшқоқлиги ҳамда электр ўтказувчанлиги текширувлари натижалари бўйича сувга тушишининг ҳаётийлиги аниқланиши мумкин. Мазкур текширувлар юракнинг чап ва ўнг камераларидаги қоннинг хусусиятларини таққослашга асосланган. Download 0.89 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling