АЛ-ҲАКИМ АТ-ТЕРМИЗИЙ тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Башир Ҳаким Термизийдир. У 9 асрда яшаган бўлиб, ёшлик йилларида ўз юртида таниқли олимлардан таълим олган. Илмини такомиллаштириш мақсадида Шарқ мамлакатларининг кўплаб шаҳарларида, жумладан, Балх, Нишопур, Бағдод, Макка ва Мадинада бўлади. Ўша даврнинг йирик алломалари билан илмий баҳс ва мунозараларда иштирок этади.
Термизий қаламига мансуб асарлар кўп. У 400 дан ортиқ асар ёзган, улардан 60 га яқини бизгача етиб келган. Улар орасида Муҳаммад (сав) ҳадисларига бағишланган “Наводир ал-усул фи маърифат ахбор Расул” (“Расулуллоҳ хабарларини билишда нодир усуллар”), “Китоб ҳақиқат ал-одамия ” (“Инсоният ҳақиқати тўғрисида китоб”), “Адаб ун-нафс” (“Нафс одоби”), “Китоб ул-ҳажж ва асрориҳи” (“Ҳаж ва унинг сирлари”), “Китоб ус-со-алот ва мақосидуҳо” (“Намоз ва унинг мақсадлари”), “Китоб ул-жума ал- лозим маърифатиҳо (“Билиш лозим бўлган жумлалар”), “Хатм ул-авлиё” каби асарлари машҳур. “Хатм ул-авлиё” асарида Термизийнинг валийлик ҳақидаги қарашлари кенг баён қилинган. Валийликнинг ҳаққонийлиги, унинг нубувват (пайғамбарлик) билан боғлиқ бўлган жиҳатлари асарнинг бош мавзуси ҳисобланади. Термизийнинг фикрича, ақл-заковат ўзлаштира оладиган энг олий билим-маърифат ёки ҳикматдир, бу – инсон қалбини ёритувчи “илоҳий нур”дир. Турфа илмларни ўқиб-ўрганиш жараёнида уни эгаллаш мумкин, аммо асл маърифат Аллоҳнинг ўзи ярлақаган зотларгагина насиб бўлади. Термизий сўфий авлиёларни ана шундай зотлар сирасига киритади. Илм –фаннинг турли соҳаларида машҳур бўлганлиги учун Термизийни замондошлари “ал-Ҳаким” деб улуғлашган.
Ал-Ҳаким ат-Термизий 9-аср охири 10 аср бошларида вафот этган. Унинг қабри устида мақбара қурилган. Ва мана шу мақбара атрофида 9-15 асрларда ал- Ҳаким ат-Термизий меъморий мажмуаси буёд этилган. Масжид, мақбара, хонақоҳ, қорихона каби бинолардан иборат ушбу мажмуа турли даврларда қурилган. Дастлаб хом ғиштдан Ҳаким Термизийнинг ўзи мударислик қилган хонақоҳ қурилган. Алломанинг вафотидан сўнг унинг қабри устида мақбара қурилиб, муқаддас зиёратгоҳга айланган. Мақбара шимолида 11-12- асрларда 3 гумбазли, равоқли йўлак кўринишидаги намозгоҳ масжиди ҳамда бир неча қўшимча хоналар қўшилган. Масжиднинг ғарбий девори марказида кенг ҳошияли меҳроб бор. Ундаги бўртма ёзув, сопол шакллар, оралиқ заминидаги ўйма ганч безаклар ўзига хос. Масжид устунлари ғиштдан безакли қилиб терилган. Масжиддан равоқ орқали мақбарага ўтилган. Мақбара ичи ганч ўймакорлигида гилам нусха безакда серҳашам пардозланган. Мақбара ичидаги оқ мармар сағана темурийлар давридаги тош ўймакорлиги санъатининг юксак намунасидир. Сағана 3 поғонали асоси ислимий нақш ва ёзувли ҳошиялар билан, ўрта қисмидаги 3 меҳробий токчанинг марказий (ўрта) қисми муқарнас косачалар билан, 2 ёни шамчироқ тасвири билан безатилган. Сағанадаги ёзувларда Термизий ҳаёти ва фаолияти тавсифланган. Темурийлар ҳукмронлиги даврида (15 а.) хонақоҳ баланд асос (баландлиги 1,5 м.) устига пишиқ ғиштдан қайта қурилди.
Ал Ҳаким ат-Термизий меъморий мажмуасида 1955-1957 йилларда рекострукция ишлари олиб борилиб, мажмуа 15 аср ҳолатига қайтарилган. 1980-1981й., 2001-2002 й., 2006-2010 й. ва ниҳоят 2016-2017 йилларда кенг қамровли реставрация ишлари амалга оширилиб, мажмуа ҳудуди ободонлаштирилди. Карманалик усталар томонидан бунёд этилган янги мармар сағана ўрнатилди. Эски темурийлар даврида қурилган сағана эса мажмуа ҳудудида жойлашган Термиз ва Термизийлар тарихи музейида намойиш этилмоқда.
|
Эски Термиз қалъаси
|
Эски Термиз
|
Мил.авв.
6-4 асрлар
|
|
Do'stlaringiz bilan baham: |