ЗАРАУТСОЙ қоятош суратлари - Ўзбекистон ҳудудидаги энг қадимги қоятош суратлари Ҳисор тизмасининг жануби-ғарбида Кўҳитанг тоғининг шарқий ён бағрида, Термиздан 100-110 км шимоли-ғарбда, Шеробод тумани Қизил олма қишлоғидан 5 км шимолда Зараутсой дарасида жойлашган Зарауткамар ғоридан мезолит, неолит ва кейинги даврларга мансуб чизма тарзида контур ва соя услубида қизил ангоб (охра) билан чизилган 200 дан ортиқ расмлар 1912 йилда И.Фёдоров томонидан топилган. Археолог Г.Парфёнов (1940-1945), кейинчалик А.Рогинская (рассом), А.Формозов, А.Кабировлар томонидан ўрганилган. Зараутсой расмларида одамларнинг итлар ёрдамида ёввойи буқаларни ов қилиш манзараси тасвирланган. Ҳайвонлар (ёввойи буқа, ит, тулки, ёввойи чўчқа, бурама шоҳли эчки, жайрон, тоғ эчкиси, ҳашарот ва б.), турли буюмлар (ўқ-ёй, найза, ўроқсимон қуроллар), ниқобланган одамлар ўзига хос тарзда ҳаётий қилиб ишланган.
Расмлар жойлашган камар дара сатҳидан 8,2 метр баландликда жойлашган. Камарнинг кенглиги 1.4-2,5 м, узунлиги 5,2 м ва баландлиги 3,9м. Унга чиқиб бориш ноқулай, маданий қатламлар топилмаган ва демак ҳеч ким яшамаган. Тадқиқотчиларнинг фикрича камар деворларига чизилган расмлар ва камарнинг ўзи овчилик маросимлари ўтказиладиган маскан бўлган. Камарга кириш йўлаги шарққа қараган, расмлар шимолий ва ғарбий деворда, асосан шимолий деворга яқин шифтга чизилган. Ўрта асрларга оид арабча “Муҳаммад” деган ёзувлар ҳам топилган. Қадимий расмлар жигарранг ва кулранг кўринишда бўлган. Расмлар учта композицияда чизилган бўлиб, учаласида ҳам ов манзараси тасвирланган. Шимолий композицияда ёввойи буқани 24 нафар овчилар ўраб турганлиги тасвирланган. Қолган икки композицияда камончи овчилардан қочаётган ҳайвонлар тасвирланган. Шимолий деворнинг пастки композициясида жайронлар ҳам тасвирланган. Ғарбий девордаги учинчи композицияда овчилардан қочаётган тоғ эчкилари ва эгасига қараб турган 2 та ит тасвирланган. Учала композицияда ҳам ҳайвонларга қарата отилган, осмонда учиб бораётган камонларни кўриш тасвирланган.
Зарауткамар расмларидаги одам тасвири ўзининг антиқалиги билан ажралиб туради. Шимолий деворда тасвирланган композициядаги 24 та одам шаклларидан 19 таси учбурчак шаклда ифодаланган. Яъни овчилар махсус ниқоблари билан тасвирланган. Пастки композицияда одамлар ойсимон шаклдаги чакмон ва ёпинчиқлар кийиб, тепа қисмига ҳайвон шохларини ўрнатиб, узун думлари билан тасвирланган. Баъзи одамларнинг тиззаси худди паррандаларникидек тасвирланган.
Зарауткамарнинг ғарбий деворида бир нечта расмлар қисқа мазмунда, яъни схематик тарзда тасвирланган. Одамлар ҳам қўллари белида, қандайдир кеккайган, тоғ эчкилари ва ёввойи чўчқаларни кузатиб турган ҳолатда чизилган. Расмларнинг ранги ёрқин.
1958 йилда археолог В.А.Ранов Тожикистоннинг Помир тоғида жойлашган Шахти ғоридан Зарауткамар расмларига ўхшаш, лекин яхши сақланмаган расмларни топган. Ғорда мезолит даврига оид маданий қатлам очилган. Одам қадами етиши қийин бўлган ушбу ғор суратлари мезолит даври одамлари томонидан чизилган.
Зарауткамар расмларининг қадимийлари камар шифтида, кейинги даврда чизилган суратлар камар деворининг пастки қисмларини эгаллайди. Расмлар кичик ҳажмда, (бутун бошли шимолий композициянинг ҳажми 50х36 см) тош даври ананалари бўйича ғорда чизилган. Расмлар ҳаётий ва реалистик тарзда тасвирланган.
Қадимий ов манзаралари тасвирланган Зарауткамар расмлари Марказий Осиё ибтидоий санъатининг нодир намунаси бўлиб, ёдгорликларни муҳофаза қилиш “қизил китоби”га киритилган.
|
Тиллабулоқ ёдгорлиги
|
Шеробод тумани
|
Мил.авв.
3 минг йиллик охири – 2 минг йиллик бошлари
|
|
Do'stlaringiz bilan baham: |