Натижали фаолият феъллари тизими [ясамоқ], [қурмоқ], [бунёд этмоқ], [ҳосил бўлмоқ], [чизмоқ], [ёзмоқ], [барпо қилмоқ], [арраламоқ], [парчаламоқ], [сайқал бермоқ], [рандаламоқ], [синдирмоқ], [емоқ], [ўчирмоқ] каби бирликларни ўз ичига олади.
Тафаккур феъллари сирасига инсоннинг фикрлаш қобилияти билан боғлиқ ўйламоқ, фикрламоқ, хаёл сурмоқ, тафаккур қилмоқ, ўйга ботмоқ, кўз олдига келтирмоқ, бир қарорга келмоқ, хулосага келмоқ кабилар киради.
Муносабат феъллари қатори [эркаламоқ], [суймоқ], [яхши кўрмоқ], [парвона бўлмоқ], [раҳми келмоқ], [хушомад қилмоқ], [ён босмоқ], [мафтун бўлмоқ], [эъзозламоқ] каби ижобий характердаги муносабат феъллари, [бети қурсин], [худо олсин], [қораси ўчсин], [балога гирифтор бўлсин], [жувонмарг бўлгур] каби салбий характердаги муносабат феълларидан ташкил топади.
Феъл маъновий гуруҳларида ҳам марказ ва қуршов лексемалари фарқланади. Масалан, маънодош феълларда бош (доминанта) сўз, уядошлик парадигмасида уя (гипероним) марказ лексемаси ҳисобланса, бошқа маънодош ва уядош (гипонимлар) қуршов лексемаcи дейилади. [Кулмоқ] феъли доминанта сифатида бунга маънодош бошқа лексемаларни, [бузмоқ] эса бузишнинг турли кўринишини ифодалайдиган гипоним лексемани уюштириб туради. Сўзлар йирикроқ бутунликларга бирлаштирилганда, марказ лексемасигина бу бутунликдан жой олади. Қуршов лексемалари эса унинг «сояси» сифатида қуйида қолаверади. Масалан, [кулмоқ], [йиғламоқ], [хурсанд бўлмоқ] лексемалари ўз атрофида кўплаб феълларни бирлаштирган. Лекин улар бу уч лексема мансуб тизимга кира олмайди, қуйи босқичда қолади.
Do'stlaringiz bilan baham: |