Сўз туркумлари


Download 0.74 Mb.
bet1/70
Sana17.06.2023
Hajmi0.74 Mb.
#1549881
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   70
Bog'liq
Суз туркумлари 1


www.arxiv.uz

Сўз туркумлари

Режа:




  1. Сўз туркумлари ва уларни таснифлаш тамойиллари

  2. Феъл

  3. От

  4. Сон

  5. Сифат

  6. Сон

  7. Равиш

  8. Тақлид

  9. Олмош

  10. Ёрдaмчи сўз
  11. Кўмaкчи

  12. Бoғлoвчи


  13. Юклaмa

  14. Сўз–гaп

Сўз туркумлари ва уларни таснифлаш тамойиллари

Лексема ҳам серқирра моҳиятли лисоний бирлик, унинг таснифида бу жиҳат асосий диққат марказида туриши лозим. Чунки лексеманинг ҳар бир қирраси алоҳида бир таснифга асос бўлади. Унинг ҳар бири ўз ўрнида аҳамиятли.


Сўз туркумларида лексика ва грамматика, лисон ва нутқ, тил ва борлиқ муносабатлари шундай қоришадики, бу мураккаб ҳолат уларни таснифлашни мураккаблаштиради.
Сўз лексика учун ҳам, грамматика учун ҳам асосий ва зарурий бирлик. Модомики, сўз туркумлари ўзида у ёки бу белгисига кўра ажратилган сўз гуруҳлари экан, гуруҳга ажратишга доир муаммоларни лексика, морфология ва синтаксис билан шуғулланувчи тадқиқотчилар ўзларича ҳал этади. Бундаги илмий баҳслар, аввало, туркумларга ажратиш мезонлари, ажратилувчи гуруҳлар сони ва уларнинг таркиби масаласи. Бошқача айтганда, тилшунослигимизда асосий эътибор сўз туркумлари таснифига қаратилиб, бошқа бир муҳим масала – сўз туркумларининг ўзаро муносабати, уларнинг кесишув нуқталари, яқинлашуви ва узоқлашуви кўпинча назардан четда қолади.
Сўз туркуми сони ва таркибини аниқлашда дунё тилшунослигида бўлгани каби, ўзбек тилшунослигида ҳам, сўзларнинг семантик, морфологик ва синтактик хусусиятини инобатга олиш кенг тарқалган. Бироқ амалиётда сўз туркумларини ажратишда, асосан, уларнинг семантик хоссасига таяниш урф бўлган. Айрим тилшунослар томонидан таснифда маъновий белги бош ва ягона асос сифатида қаралади. Баъзилар эса мезон сифатида мазкур уч белгини тан олгани ҳолда сўзларни маъновий ва синтактик белгилари асосидагина гуруҳлашади. Сўз туркумларининг бир-бирига ўтиши, лексик ва лексик-грамматик омонимия масаласи эса бунда ҳар хил қарама-қаршилик ва иккиланишлар юзага келишига сабаб бўлади.
Сўз гуруҳлариаро муносабатларнинг очилиши у ёки бу белги асосида сўз туркумининг муайян турини ажратишга, таснифини беришга олиб келади. Шунинг учун мантиқий қарама-қаршиликдан қочиш мақсадида формал мантиқнинг борлиқ ҳодисасини таснифлашга қўядиган асосий талабидан бири бўлган «таснифни фақат бир мезон асосида амалга ошириш, таснифнинг икки белгисини бир пайтнинг ўзида қўллаб, уларни қориштирмаслик» қоидасига қатъий риоя қилиш лозим.
Шундай қилиб, сўзлар семантик, морфологик ва синтактик белгиси асосида тасниф қилиниши мақсадга мувофиқ. Бу уч белги ҳар бир сўзда диалектик бирликни ташкил этадими, деган савол туғилиши табиий. Бошқача айтганда, маълум бир семантикада маълум бир морфологик белги ва синтактик хусусият мужассамлашганми? Масалан, предметни ифодаловчи сўз (яъни предметлик маъноси) сон, келишик, эгалик маъноларига, шунингдек, субъект, объект вазифаларига эгами? Далиллар шуни кўрсатадики, улар субъект, объект вазифаларида келади. Шу билан биргаликда, атрибутив вазифада келиб, предметнинг белгисини (тилла узук, қум соат), белгининг белгисини (товушдан тез, ёвдан хавфли) билдиради. Белги маъноли сўз эгалик, келишик аффиксларини олиши, гапда субъект, объект вазифаларида келиши мумкин (Олманинг қизили пишди, гулларнинг оқидан терди каби.)
Семантик-морфологик-синтактик белгилар бирлиги асосида таснифлаш тарафдорлари бунда ё омонимия, ё субстантивация (отлашиш) ҳодисасини кўрадилар. Чунки бу сўзларда белги ҳам, предметлик ҳам муштарак.
Сўзларнинг баён этилган семантик хусусиятлари, яъни «белгилик» ва «предметлик» маъносининг бирлиги шуни кўрсатадики, сўзларнинг эгалик, келишик, кесимлик аффикслари ҳамда маълум бир синтактик вазифа билан тўғридан-тўғри алоқаси йўқ. Такрор бўлса-да, айтиш жоизки, эгалик, келишик, кесимлик аффикслари, шунингдек, гапда маълум бир синтактик вазифа бажариш бирор сўз туркуми учун хусусийлашмаган. Тўғри, айрим сўзлар фақат предметни билдирса-да, белги ифодаламайди (масалан, атоқли отлар), баъзилари эса предметга ишора қилмасдан, фақат белги, миқдор (масалан, [кўп], [оз], [бир], [икки]) ифодалаши мумкин. Бу юқоридаги фикрга монелик қила олмайди. Чунки улар жуда оз миқдорда бўлиб, улар «предметлик ва белгилик муштараклиги майдони»нинг чеккасидан ўрин олади. Чегарадан ўрин эгалловчи бундай сўзлар таснифда, албатта, қийинчилик туғдиради. Шу боисдан улар сунъий равишда у ёки бу туркумга киритиб юборилади. Ҳолбуки, бундай бирликларнинг ўрни ажратилаётган сўз туркумларининг сарҳадида. Шу боисдан тилшунос Л.В.Щерба шундай ёзади: «Фақат гуруҳлар марказидаги бирликлар аниқ. Сўз туркумлари чегарасидаги оралиқ бирликлар эса ҳамиша у ёқ-бу ёққа тебраниб туради. Ана шу ноаниқ, хира ва тебраниб турувчи ҳолат тилшуноснинг диққатини кўпроқ ўзига жалб этмоғи лозим».
Агар сўзда семантик, морфологик ва синтактик белги бутунликни ташкил этмас экан, бунда улар тасниф асоси бўлиб хизмат қила олмайди. Зеро зиддиятсиз бўлиш, гуруҳлаш фақат бир асосда амалга оширилади. Шунинг учун айрим манбаларда, дарслик ва қўлланмаларда муаллифлар сўзларни уч белги бирлиги асосида тасниф қилишиб, асосан, улардан бирига етакчи, асосий мезон сифатида таянишади, шу билан биргаликда, бир таснифнинг ўзида тасниф асосини бир неча марта алмаштиришади. Дейлик, ўзбек тилидаги сўзлар таснифида морфологик белги етакчилик қилади. Шу боисдан тақлидлар мустақил сўзларнинг барча белгиларига эга бўлса-да, морфологик ўзгармас сўз бўлганлиги учун номустақил сўзлар сирасига киритиб юборилган. Ёки гап бўлаклари синтактик белги асосида тасниф этилади, бироқ анъанавий ёндашувда эргаш гапли қўшма гаплар бўлинишида тасниф синтактик белги асосида бошланиб, семантик белги билан якунланади.
Таъкидлаш керакки, қайд қилинган уч мезондан ҳаммаси ҳам сўз гуруҳларини белгилашда бир хил мавқега эга эмас. Бу, аввало, сўзларнинг синтактик вазифаларида яққол кўзга ташланади. Чунки бирор бир синтактик вазифани бажариш имконияти барча мустақил сўз туркумида мавжуд. Бу вазифа сўз туркумларини фарқлаш учун эмас, аксинча, уларни тенглаштириш учун хизмат қилади. Синтактик вазифа нуқтаи назаридан мустақил ва ёрдамчи сўзлар ажралади, холос. Аммо бунда ҳам ёрдамчи сўз вазифасида қўлланадиган от ёки феъл ҳақида гап кетганда чалкашлик вужудга келади. Номустақил сўзларнинг ички таснифида уларнинг синтактик вазифаларини инобатга олиш муҳим аҳамият касб этади. Зеро муайян синтактик муносабатни ифодалаш уларнинг моҳиятини, категориал маъносини ташкил этади.
Морфологик таснифда сўзларнинг икки муҳим жиҳати эътиборга олинади: сўзларнинг шакл ясалишига потенциал имконияти ва муайян грамматик категориал маъно ифодаланишининг маълум бир сўз гуруҳлари билан боғлиқлиги.
Биринчи жиҳатга кўра морфологик ўзгарувчи ва ўзгармас сўз фарқланса, иккинчи жиҳатга кўра, сўзларнинг морфологик гуруҳлари (сўз туркумлари) ажратилади.

Download 0.74 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   70




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling