Сўз туркумлари


Феъл Феъл ва унинг УГМси


Download 0.74 Mb.
bet3/70
Sana17.06.2023
Hajmi0.74 Mb.
#1549881
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   70
Bog'liq
Суз туркумлари 1

Феъл


Феъл ва унинг УГМси. Феълнинг УГМси – «иш-ҳаракат ва ҳолатни жараён сифатида ифодалаш». Ҳолат ифодалаш бошқа сўз туркумига ҳам хос. Бироқ феълда у бир тусдан бошқасига ўтиш тарзида. Масалан, Дарахтлар ям-яшил гапида сифат-кесим (ям-яшил) турғун ҳолатни ифодаламоқда. Дарахтлар кўкарди гапида эса ҳолат жараён сифатида, бир тусдан иккинчисига ўтиш тарзида юз бермоқда.
Иш-ҳаракатнинг барчаси ҳам замон билан боғлиқ ҳолда юз берса-да, гапда улардаги замон ифодаланмаслиги мумкин. Дарахтлар кўкарди гапидаги феълда замон лисоний ифодасига эга. Ишга бориш гапидаги феълда эса бундай хусусият лисоний воқеланмаган.
Ўзбек тилидаги феъллар лексик-грамматик хусусиятига кўра икки асосий гуруҳга эга:
а) мустақил феъл;
б) номустақил феъл.
Мустақил феълга қуйидаги хусусият хос:
1) луғавий маъно асосидаги ҳаракатни ифодалайди ва шу боисдан гапда бирор бўлак вазифасида келади;
2) бирор сўзни бошқариб (китобни ўқиди) ёки бирор сўз томонидан бошқарилиб (ўқилган китоб) келади;
3) ҳаракатнинг объектга муносабатига кўра иккига бўлинади:
а) ўтимли феъл;
б) ўтимсиз феъл.
Ўтимли феъл билдирган ҳаракат объект тушунчаси билан боғланади ва бунда объектни ифодаловчи бирлик тушум келишигидаги сўз бўлади: [ол], [ўқи], [бошқар]. Ўтимсиз феъл бундай хусусиятга эга бўлмайди: [йиғла], [ухла], [cевин]. Ўтимли-ўтимсизлик феълнинг моҳиятида, лисоний табиатли бўлиши ҳам, грамматик шакл воситасида ҳосил қилиниши ҳам мумкин. Масалан, [ухла], [йиғла], [бор], [кет], [кел] феълида ўтимсизлик маъноси феълнинг ўзак-негизидан англашилади ва у лисоний табиатли. [Ювинмоқ], [севинмоқ], [бурилмоқ], [қирилмоқ] феълидаги ўтимcизлик эса нутқий, грамматик восита ёрдамида вужудга келган. (Бу ҳақда «Нисбат категорияси» мавзусида сўз юритилади);
4) феъл ифодалаган ҳаракат объектив борлиқ ҳодисаси бўлиб, уни тилда ифодалашда бевосита инсон, сўзловчи иштирок этади. Тилда ифодаланган ҳаракатда, демак, инсон муносабати ҳам мавжуд бўлади. Бундай муносабат феъл майли деб юритилади;
5) ҳаракат реал ёки ирреал бўлиши ҳам мумкин. Бунга кўра, бўлишли ва бўлишсиз феъллар фарқланади;
6) ҳар қандай ҳаракат бажарувчи билан ҳам боғланади. Бажарувчи аниқ, ноаниқ, битта ёки бир нечта бўлиши мумкин. Иш-ҳаракатнинг бажарувчига муносабат нуқтаи назаридан тавсифи феъл нисбатлари деб юритилади;
7) ҳаракат замон билан боғланиши мумкин. Мантиқан замондан ташқаридаги ҳаракат йўқ. Юқорида тилга олинган (бориш) феълида замон бевосита ифодаланмаган. Лекин уни гап ичида олсак (Ишга бориш лозим), унинг келаси замонда юз берадиган ҳаракат эканлиги мантиқан англашилиб туради. Демак, ҳар қандай феълда ё грамматик, ё мантиқий замон ифодаланади. Модомики, тил қурилишини ўрганаётган эканмиз, биз учун грамматик замон аҳамиятли. Шу боисдан замонли ва замонсиз феълни фарқлаймиз;
8) айтилганидек, борлиқда ҳаракат, албатта, бажарувчи билан боғланади. Бироқ унинг тилдаги ифодасида грамматик шахс мавжуд бўлмаслиги мумкин. Масалан, Ҳалим келди гапида грамматик шахс мавжуд. У кесимлик шаклида юзага чиққан. Бироқ Ҳалим келгач қурилмасида мантиқий шахс мавжуд бўлса-да, у ўз ифодасига эга эмас. Чунки қурилма мен келгач, сен келгач тусини олса ҳам, (келгач) сўзшаклида бажарувчи қайси шахсда эканлиги ноаниқлигича қолади. (Ҳалим), (мен), (сен) мантиқий бажарувчи, грамматик эмас. Бу нутқдаги тусланган ва тусланмаган феълни фарқлашни тақозо қилади.
Тилдаги мантиқий ва грамматик жиҳатни кескин фарқлай билиш керак. Уларни қориштириш ҳар хил чалкашликларга олиб келади, моҳиятни англашга тўсиқ бўлади.
Номустақил феъллар бевосита луғавий ифодали ҳаракат маъносига эга эмас. Масалан, қарор қилди, ўқиб чиқди, ишлаётган экан ҳосилаларида (қилди), (чиқди), (экан) бирликлари олдинда турган сўзларнинг луғавий маъносини ё янгилаган, ё модификация қилган. Бироқ бу феъллардан ҳам қандайдир ҳаракат уқилмоқда. Бу ҳаракат деривацион, грамматик ҳаракат, лекин луғавий эмас. Аниқроғи, улар ўзларидан олдинги сўзларнинг маъноларига ҳаракат, жараён тусини бермоқда.
Номустақил феъл моҳият эътибори билан учга бўлинади:
а) ёрдамчи феъл;
б) кўмакчи феъл;
в) тўлиқсиз феъл.
Ёрдамчи феъл янги луғавий бирлик ҳосил қилади – сўз ясайди, кўмакчи феъл ҳаракат тарзи шаклининг бир қисми бўлиб, феъл луғавий маъносини нутққа хослайди – модификация қилади, тўлиқсиз феъл эса феъл ва феъл бўлмаган сўзнинг замонини кўрсатади.

Download 0.74 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   70




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling