Тадбиркор маънавиятининг бозор иқтисодиётида тутган урни


иқтисодий соҳанинг ташкилотчиси


Download 79.5 Kb.
bet6/6
Sana26.01.2023
Hajmi79.5 Kb.
#1129163
1   2   3   4   5   6
Bog'liq
ТАДБИРКОР МАЪНАВИЯТИНИНГ БОЗОР ИҚТИСОДИЁТИДА ТУТГАН УРНИ

иқтисодий соҳанинг ташкилотчисидир. У бевосита яратувчилик меҳнати билан шуғулланмаса ҳам, ана шу яратувчилик меҳнати билан шуғулланувчиларга шароит тайёрлаб беради ва улар яратган нарсаларнинг ўзаро алмашинувини таъминлайди.
Илм ва инсоф, риёзат ва фаросат бугунги кун тадбиркорларининг асосий маънавий фазилатлари бўлиши лозим.Тадбиркорнинг бош фазилати - фаросат. Фаросат бўлмаса тадбиркорликка уриниш беҳуда оворагарчиликдир. Фаросат нима? Фаросат, аввало, ўзингни англаш, ўз ҳолингни тўғри идрок этишдир. Иккинчидан, ўзгани тушуниш, ўзгаларнинг эҳтиёжи, хоҳиши, имкони ҳақида тўғри тасаввур ҳосил қила билишдир. Қолаверса, фаросат - воқеликни аслига мувофиқ идрок этиш, унга тўғри муносабат ҳосил қила билмоқлик, нафақат тушуниш, балки воқелик талабига мувофиқ тадбир ишлаб чиқиш ва уни ҳаётга татбиқ эта билиш ҳамдир. Бу фаросатнинг амалий тарафини баъзан алоҳида ном билан уддабуронлик ёки тадбиркорлик ҳам дейишади. Бизда “уддабурон” сўзи бироз салбий муносабатга ишора этади. Дарҳақиқат, устомонлик ва уддабуронликнинг яқинлашиб кетган ўринлари йўқ эмас. Аммо фаросат етишмаган жойда уддабуронлик бировни алдаб ўтиш йўлини излай бошласа, ундан товламачиликнинг ҳиди кела бошлайди. Бундай устомонлик жиноят сари етакловчи тамойил бўлиб, сармояни хатарга қўйишдан бошқа натижа бермайди. Устомонлик - шайтон васвасасидир, фаросат - Аллоҳнинг инояти. Шайтон васвасаси 1-2 марта омад келтириб, инсоннинг кўзини шира бостиради, сўнг уни ҳалокатга етаклайди. Фаросат инсонга доимий ободлик келтиради.
Тадбиркорнинг фазилат ва қусурлари унинг келиб чиқиши билан боғлиқ. Бугунги юксак ривожланган бозор иқтисоди тизими асрлар давомида мукаммаллашиб борган ибтидоий бозор хўжалигидан ўсиб чиққанидек, шунга яраша бугунги тадбиркорнинг хислатлари ҳам ибтидоий товар ишлаб чиқарувчининг сифатларини муайян миқёсда ва тадрижийликда акс эттиради. Маълумки, ҳунар аҳлининг икки қиёфаси бор: бири жамият учун зарур ашёни яратишда намоён бўлса, иккинчиси ясаган буюмини бозорда пуллашда кўринади. Агар косибнинг яратувчилиги фақат моддий эҳтиёжларни қондириш учун заруратан ижро этилса ва у ўз инсонлик моҳиятини, бинобарин, Ҳақни англаб етмаган бўлса, уни бозор фойда излашга ўргатади, олибсотарликка, ўзгаларнинг соддалиги ва ҳалоллигидан фойдаланиб, имкон борича ўз ўчоғига кул тортишга одатлантиради.
Навоий ҳақиқий савдогарни (тижорат аҳли) олиб сотарлардан фарқ қилади. Савдогар ҳалол ризқ топаман деб узоқ, машаққатли йўлларни босиб ўтади, яъни у инсон жамоалари аро иқтисодий муносабатларнинг ташкилотчисидир. Бир юртдаги маълум ашёларнинг ортиқча серобгарчилиги ва қадрсизлиги олдини олиб, ўзга юртдаги камёбгарчиликка барҳам беради, иқтисодий мувозанатни таъминлайди. Бу касбнинг ўзига яраша қийинчиликлари ва завқлари бор. Аммо тожир бошида “бирни юз қилиш савдоси ва бўзни шойига айлантириш таманноси”[1] бор. Шаҳар олибсотарларида эса ушбу хирс буткул инсоф ўрнини эгаллаб олган. Демак, ҳунарманд яратувчилигини унутса ва савдогар ўз ижтимоий вазифасини адо қилмаса, ҳар иккиси ҳам бозор товламачисига айланади.
Янги даврга келиб ҳунарманд ва савдогар янги жиҳатлар касб этди ва сармоядор билан ишчига айланди. Ишни ташкил этиш сармоя эгасининг вазифаси, тайёр иш қуролларида тайёр хомашёни қайта ишлаш ишчининг вазифаси бўлиб қолди. Албатта, Х1Х аср Европасидаги собиқ савдогар ҳануз “бирни юз қилиш” кайфиятини сақлаб қолган ва ишчига оз ҳақ бериб, ўзи кўп фойда олиш ҳаракатидан қайтмаган эди. Аммо ишчилар ҳам бу даврда аста-секин ўз ҳақларини таниб, бирлаша бошладилар ва сармоя эгасининг худбинлигига қарши ўз кураш усулларини ишлаб чиқдилар.
Асли бозор муносабатлари ҳукмронлиги ҳам инсониятнинг камолот сари интилишида бир босқич, яъни жамиятни ташкил этишда ҳарбий ва сиёсий зўрлик ишлатиш усулидан иқтисодий муносабатлар йўлига ўтиш босқичидир. Бозор ҳар бир инсонни ҳушёрликка, фурсатни беҳуда ўтказмасликка ўргатади. Аммо агар жамиятдаги турли тоифалар ўзлигини англаб етмаган бўлсалар, бозор корчалонларининг танҳо ҳукмронлиги инсониятни разолатдан қутқармайди, табиатни эса ҳалокат сари элтиши мумкин. Буни унутмаслигимиз керак. Шу жиҳатдан қараганда, аждодларимиз бизга қолдирган табаррук мерос - футувва ахлоқи - яратувчилик меҳнатини руҳий камолот билан уйғунлаштириб, инсон табиатидаги моддий ва маънавий жиҳатлар мавзунлигини таъминлашга қаратилгани билан ибратга сазовордир.
Манфаатлар тўқнашуви, рақобат бозор иқтисоди учун хос нарса. Аммо рақобатни курашдан фарқлаш керак. Агар рақобатни кураш деб тушуниб, уни фақат рақибни молиявий синдириш йўлларини излаш сифатида талқин этилса, тадбиркорларнинг рақобати бир-бирига зиён етказиш, ишидан ишкал чиқаришга қаратилса, бундай ёндошув низо ва бузғунчиликка, миллат ва жамиятнинг зарарига қараб юради. Агар рақобат деганда бир-биридан сифатлироқ, харидоргирроқ, ўзгалар молидан арзонроқ, инсон эҳтиёжига яроқлироқ буюм, маҳсулот чиқариш орқали бозорда олдинги ўринларни эгаллашга интилиш, бунинг учун янги технологиялар, унумли иш усулларини излаш йўлидан бориш тушунилса, яъни у ижобий ва ижодий йўналиш касб этса, жамият фаровонлиги, инсон камолотига хизмат қилади. Биз мусулмон фарзандимиз, Аллоҳнинг адолатига имонимиз комил. Ҳар ким экканини ўради, бировга қилинадиган яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам бир кун албатта инсоннинг ўзига қайтади, деб ишонамиз. Биров фойда кўриши учун, албатта, иккинчи одам зарар кўриши шарт эмас. Бизда ҳозир шундай тадбиркорлар етишиб чиқмоқдаларки, улар ақли, салоҳияти, меҳнати билан ўзига ҳам, бошқаларга ҳам манфаат келтирмоқдалар.
Тадбиркор маънавияти ҳақида айтилганларга хулоса қиладиган бўлсак, икки маънавий тушунчанинг етакчи ўрин тутиши маълум бўлади. Буларнинг бири "фаросат" бўлса, иккинчиси “қадр”. Келтирилган мулоҳазаларни умумлаштириб, айтилса,фаросат - воқеликни аслига мувофиқ идрок этиб, унга тўғри муносабат ҳосил қила билмоқ, шу билан бирга воқелик талабига мувофиқ тадбир ишлаб чиқиб, уни ҳаётга татбиқ эта билишдир.
Инсон ўз қадрини иқтисодий майдонда ўлчар экан, талаб ва таклиф уйғунлигини ҳисобга олмоғига тўғри келади. Унинг илми, малакаси ким учун ва қай даражада зарур - мана шу масала унинг иқтисодий майдондаги қадрини белгилайди.Тадбиркорнинг фаросати ёруғ оламдаги ҳар бир инсон, ашё ва мавжудотлар қадрини, жумладан, ўзи ва ўзгалар қадрини, амалий шароитда, муайян макон ва замонда аниқ ўлчовларда англаб ета билиши, шунга мувофиқ тадбирлар тизими ишлаб чиқиб, уни ҳаётга татбиқ эта билишда намоён бўлади. Шу қобилиятни ақл ва билим биланми, табиий салоҳият туфайлими амалда исбот эта олган одам ҳақиқий тадбиркордир, ва шу йўл билан жамиятга нафи теккан одамнинг нони ҳалол, амали хайрлидир.
Download 79.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling