Григорий VII бир қанча муҳим ислоҳотлар ўтказди, унинг бу ислоҳотлари католицизмни марказлаштириш ва жипслаштиришга ёрдам берди. Ҳаммадан бурун унинг таклифига мувофиқ 1059 йилда папа сайлашнинг янги тартиби жорий қилинди. Энди - папаларни кардиналларгина сайлаши керак эди, кардиналлар папанинг гуё олий кенгаши эди (манбаларда бу кенгаш баъзан «Рим черкови сенати» деб ҳам юритиларди). Кардиналларнинг сайлов йиғилиши к о н к л а в деб аталар эди. Бу йиғилиш вазиятга қараб, Римда ёки Римдан ташқарида бўлиши мумкин эди. Янги cайлов тартибига кўра, императорнинг ва дунёвий зодагонларнинг папа сайловларида қатнашуви мутлақо мумкин эмас эди. Биргина шунинг ўзиёқ папаликнинг дунёвий ҳокимиятни назар-писанд қилмаганлигини кўрсатади. Ундан кейинги, 1060 йилги реформа руҳонийларнинг ўзини имтизомга солиш мақсадида ўтказилди. Григорий VII декрет чиқариб, ц е л и б а т жорий қилди, яъни барча руҳонийларнинг қора руҳонийларнинг (монахларнинг) ҳам, оқ руҳонийларнинг ҳам, яъни барча кишиларнинг, шу жумладан, епископларнинг ҳам уйланмаслиги мажбурийдир, деган тартиб жорий қилди. Руҳонийларнинг уйланишини тақиқлаш черков ерларини даҳлсиз қилиб қўяр эди, чунки уйланган епископлар, одатда, мулкини ўз болаларига қолдиришга ҳаракат қилар эдилар. Ниҳоят, 1075 йилда Григорий VII янги сайланган епископга ёки аббатга узук ва ҳасса шаклида император ёки қироль томонидан берилиб келган д у н ё в и й и н в е с т и т у р а н и бекор қилиш тўғрисида декрет чиқарди. IIIу вақтдан бошлаб инвеститурани — руҳонийларни вазифага тайинлаш ёрлиғини — фақат папанинг ўзигина берадиган бўлди. Папа тез орада монархлар томонидан черковлардан ҳар қандай солиқларни ундирилишини тақиқлади ва черковлар папага ҳар йиллик солиқни – аннату ва бошқа йиғимларни тўлаши лозим эди.
Генрих IV нииг бош кўтариб чиқиши. Рим черковининг юқорида айтиб ўтилган ислоҳотларидан дастлабки иккитасининг амалга ошувига шу нарcа имкон бердики, бу вақтда император Генрих IV ҳали ёш эди. Генрих III ўлган йили у энди 6 ёшга кирган эди. Императорнинг ёшлигидан империядаги князлар фойдаланиб қолди, натижада Германияда XI асрнинг 50 – 60 йилларида сиёсий жиҳатдан тўла тартибсизлик ҳукм сурди.
Шунинг учун ҳам папалик узоқ вақтгача император ҳокимияти билан ҳисоблашмади. Бироқ Рим курияси инвеститурага оид учинчи ислоҳотга ўтган вақтда, энди балоғатга етган Генрих IV бунга қаттиқ норозилик билдирди. 1076 йилнинг бошларида Вормсда бўлган черков йиғилишида (бу йиғилишга герман епископлари ва зодагонларининг юқори табақалари тўпланган эди) императорнинг талаби билан Григорий VII ўрнидан туширилди. Григорий VII ҳам бунга жавобан Франция ва Италия епископларининг Римда бўлган йиғилишида Генрих IV нинг ўзини тахтдан туширилган деб эълон қилиб, унинг фуқароларини содиқлик тўғрисида аввал ичган қасамларидан ҳалос қилди. Шундай қилиб, папа билан император ўртасида кураш бошланиб, бу кураш деярли ярим аcр давом этди.
1075 йилнинг иккинчи ярмида Генрих IV сакслар устидан ғалаба қозонгач ўзини Григорий VII га нисбатан ҳам ҳужум сиёсати юритиш учун этарли кучга эгаман, деб ҳис қилди .
Do'stlaringiz bilan baham: |