Тарих факультети жаҳон тарихи кафедраси


МАВЗУ: ВИЗАНТИЯ ВА РОССИЯ ЦИВИЛИЗАЦИЯЛАРИ


Download 243.24 Kb.
bet32/36
Sana12.02.2023
Hajmi243.24 Kb.
#1191350
1   ...   28   29   30   31   32   33   34   35   36
Bog'liq
ТЕКСТ ЛЕКЦИЙ

12 МАВЗУ: ВИЗАНТИЯ ВА РОССИЯ ЦИВИЛИЗАЦИЯЛАРИ.
РЕЖА:
Византия ва Россия цивилизациялари
Асосий саволлар:
1. Византия цивилизацияси ва унинг аҳамияти
2. Рус цивилизацияси ва унинг ўзига хос хусусиятлари


Мавзуга оид таянч тушунча ва иборалар: славянлар, варяглар, христианлик, черков, православ, католик, Юстиниан, хазарлар.


1-саволнинг баёни:
Цивилизацион тараққиётнинг Қадимги даврдан кейинги босқичи Ўрта асрлар бўлди. Бу даврда Византия сивилизатсияси алоҳида, етакчи ўрин тутди.
Византия тарихи 324 йилда Босфор бўғозидаги қадимги Византий шаҳарчаси ўрнида Римнинг янги пойтахти Константинополга асос солиниши билан бошланиб, 1453 йилда турклар томонидан босиб олинишидан сўнг якун топди. Мустақил давлат ва сивилизатсия сифатида эса унинг тарихи Рим икки қисмга парчаланиб кетган 395 йилдан бошланади.
Константинопол Рим империясининг Европа ва Осиё қисмлари туташган нуқтада, Шарқ ва Ғарб чорраҳасида жойлашган эди. Дарҳақиқат Византия сивилизатсияси антик мерос ва шарқий – христиан маслагининг ўзига хос синтези эди. Унинг табиий-географик ўрни муҳим савдо йўлларини назорат қилиш, бўғозлар устидан ҳарбий-стратегик жиҳатдан ҳукмронлик қилиш имконини берарди. Византия чегаралари унинг минг йилдан ортиқ тарихи давомида ўзгариб турди, бироқ ўзининг қудратга эришган даврида Византия Болқон ярим ороли, Кичик Осиё, Шимолий Месопотамия, Арманистонниг бир қисми, Сурия, Фалсатин, Миср, Крит ва Кипр ороллари, Қримдаги Херсонес, Кавказдаги Лазика. Арабистоннинг айрим ҳудудларини ўз ичига олган.
Византияга кирувчи вилоятлар иқтисодий имкониятлари жиҳатидан бир хил эмас эди. Ҳунармандчилик тараққиёти жиҳатидан Византия ғарбий Европа мамлакатларидан олдинда турган. Ғарбий Европадан фарқли ўлароқ Византиянинг ички хўжалик ҳаёти нисбатан барқарор эди. Византия аҳолиси этник жиҳатдан ранг-баранг бўлиб, унинг катта қисмини юнонлар ташкил этган, бу ерда шунингдек сурияликлар, яҳудийлар, арманлар, грузинлар, коптлар (Мисрда) истиқомат қилган. Римликлар озчиликни ташкил этган. Х асрга келиб Византиянинг аҳолиси 20-25 млн. кишини ташкил этган. 7 асрга қадар лотин тили устунлик қилган, аммо вақт ўтиши билан юнон тили давлат тилига айланди.
Византия сивилизатсияси ривожида уч давр ажратилади. Илк даврда (4-7 асрнинг биринчи ярми) Византия давлатчилиги шаклланди ва христианлик етакчи динга айланди. Ўрта давр (7 асрнинг иккинчи ярми - 12 аср) Византия сивилизатсиясининг гуллаб-яшнаган даври бўлиб, бу даврда черков ва давлат уйғунлашди, ягона христиан черкови Ғарбий ва Шарқий қисмларга парчаланиб кетди, қонунни кодификатсиялаш якунланди, юнон тили давлат тилига айланди. Сўнгги давр (13 -15 асрлар) тушкунлик белгилари юзага чиқди ва сивилизатсия эмирила бошлади.
Византия сивилизатсияси деярли ҳар доим уруш ҳолатида бўлган. Империя варварларнинг ҳужумлари, халқларнинг Буюк кўчиши тўлқинларининг кириб келиши шароитида шаклланди.12 асрда ташкил топган Биринчи Болгар подшолиги узоқ вақтгача Византиянинг рақибига айланди. Император Юстиниан (482-565 йй.) Римни унинг илгариги чегаралари доирасида қайта тиклашга ҳаракат қилиб, империя ҳудудларини деярли икки баробарга кўпайтирди. Византия давлатчилигини мустаҳкамлаш учун қатор тадбирлар амалга оширилди, хусусан рим ҳуқуқи кодекслаштирилди.
Византиянинг шарқдаги хавфли рақиби Сосонийларнинг Янги форс подшолиги эди. 6 асрда бу подшолик ўз қудратига кўра Византия билан тенглаша оладиган ягона давлат эди. 7 асрдан Византия араблар билан курашга киришди. 9 асрда Византиянинг болгарлар билан узоқ давом этган урушлари бошланди. 10-11 асрларда Киев Руси ҳам бир неча марта Византияга қарши юришлар уюштирди. 11аср охирида Оролбўйидан келган салжуқий турклар Византияни Кичик Осиёдан сиқиб чиқаришди. 1204 йилдаги тўртинчи салиб юришидан сўнг Византия парчаланиб кетди. Кўп ўтмасдан у қайта тикланган бўлса-да, ўзининг илгариги қудратига эриша олмади. Эндиликда Византия кучсиз марказий ҳокимиятга эга тарқоқ феодал давлат эди. Иқтисодий жиҳатдан Византия Италия шаҳарлари – Генуя ва Венетсиянинг таъсирига тушиб қолди. 15 асрга келиб Византия салжуқий турклар мулкаларининг қуршовида қолди. 1453 йилда Константинопол туркларнинг зарбаси остида қулади.
Византия сивилизатсияси Рим сивилизатсияси меросининг барча асосий элементларини сақлаб қола олди – ҳунармандчилик ва савдо тараққий этган йирик шаҳарлар, жамоа деҳқончилиги билан бирлашган қулчилик, юнон элементлари устунлик қилган ривожланган маданият, ривожланган рим ҳуқуқига асосланган кучли давлат. Византиянинг катта ер эгалиги муносабатларига ўтиши Ғарбий Европага қараганда бирмунча осон кечди ва кечроқ, 11 асрга келиб якунланди. 10-12 асрларга келиб Византияда йирик ер эгалиги юзага келди, бироқ византиялик феодал - ер эгаси ўз мулкининг тўла хўжайини эмас эди. Византия сивилизатсиясининг ўзига хос жиҳатларидан бири шунда эдики, кучли марказлашган ҳокимият йирик хусусий ер эгалигининг ўсишига тўсқинлик қилган, феодал мулкларнинг мустақиллигини чегаралаган. Шу билан бир вақтда Византияда ерга хусусий эгаликни қонунийлаштирувчи рим ҳуқуқи сақланиб қолган эди.
Византия империясининг императори (василевс) деярли чекланмаган ҳокимиятга эга бўлган, аммо ўзини ҳеч қачон қонундан устун қўймаган. Унга кўп сонли суд, ҳарбий ва солиқ муассасалари, давлат амалдорлари, шунингдек, маслаҳат органига вазифасини бажарган синклит (лотинча сенат) бўйсунган. Византияда нафақат зодагонлар, балки иқтидорли ва билимли оддий кишилар ҳам юқори даражаларга эришиш имконига эга бўлган.
Византияликлар империя ғоясини Римдан қабул қилиб олганлар. Христианлик муқаддаслик тусини бериб, империя ғоясини мустаҳкамлаган. 4 асрда Буюк Константиннинг сафдошларидан бири эвсевий Кесарийский Византия давлатчилигининг диний асосига айланган сиёсий назарияни ишлаб чиққан. Унга кўра Византияда дунёвий ва диний ҳокимият қўшилиб, симфония (уйғунлик) ни вужудга келтиради. Император нафақат дунёвий ҳукмдор, шу билан бирга черков бошлиғи. Император ҳокимиятининг ўзи муқаддаслаштирилган, шунга қарамасдан номақбул императорларни кўпинча тахтдан ағдаришган. Евсевий Кесарийский назариясига кўра Византия христианликннг таянчи, у худонинг ҳомийлиги остида бошқа халқларни нажотга етаклайди. Империя ғояси Византияга яхлитликни, салтанатни сақлаб қолиш имконини берди. Аммо шу билан бирга анъаналар ва одатларни сақлаб қолишга йўналтирилган империя ғояси, византия авторитарлиги жамият ривожига тўсқинлик қилди.
Христиан дини Византия сивилизатсиясининг ҳукмрон мафкурасига айланди. 4 асрдан бошлаб давлат дини бўлган христианлик Византиянинг маъанавий ҳаётини белгилаб берди. Византияда христианликнинг жорий этилиши нафақат маъжусийлик, балки бидъатчиликка қарши кураш билан бирга борди. Ўз обрўсини мустаҳкамлаш учун черков ҳар қандай ўзгача фикрлашга қарши чиқди. Собит эътиқодлилар ва бидъатчилар ўртасидаги баҳслар мавзуси христианликнинг азалий исботсиз қабул қилинадиган қоидалари эди: Муқаддас Учлик ақидаси, Масиҳ табиатини англаш, инсондаги маънавийлик ва жисмонийлик нисбати. Энг кўп тарқалган бидъатлар арианлик, монофизитлар, павликианлар, богомиллар таълимотлари эди. Бидъатлар кўп ҳолларда ижтимоий норзиликнинг мафкуравий шакли бўлиб хизмат қилган.
Илоҳиётга масаласидаги қарама-қаршиликлар 1054 йилда черковнинг парчаланишида (схизма) ташқи омил бўлиб хизмат қилди. Бу ҳодиса христианликнинг икки йирик маркази – Рим ва Константинопол ўртасида 4 асрда бошланган маънавий ва сиёсий раҳнамолик учун курашнинг якуний марраси эди. Икки черков ўртасидаги курашда илгарилари ҳам бундай кескин чоралар қўлланилган. Черковнинг парчаланиши диний таълимотнинг ўзидаги ихтилофнинг намоён бўлиши ҳам эди.
Византияда дин бирлаштирувчи ва барқарорлаштирувчи функтсияларни ҳам бажарган. У Византия маънавияти ва маданиятининг шакллантирувчи ягона қобиқ эди. Византияда маъжусий антик давр маданий қадриятлари ҳам рад этилмаган. Антик адабиёт ва фалсафа кенг ўрганилган. Маориф тизими антик даврдаги таълим тизимига яқин бўлган ва черковга бўйсунмаган. Византияда хўжалик бошқаруви ва мамлакат бошқаруви эҳтиёжларига хизмат қилган фан ҳам антик давр таъсирида тараққий этган.
Шундай қилиб, инсоният генотипини бойитган Византия сивилизатсиясининг бетакрор хусусиятларидан бири христиан дини, эллин маданияти ва рим давлатчилигининг ажойиб уйғунлиги эди. Ушбу сивилизатсия кўплаб Шарқий Европа халқлари, хусусан Рус цивилизатсиясининг тараққиётига катта таъсир кўрсатди.



Download 243.24 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   28   29   30   31   32   33   34   35   36




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling