Талабаларнинг индивидуал имкониятларини ҳисобга олиш - ҳар бир талаба ўзининг индивидуал (жисмоний, психик ва б.) хусусиятларига эгаки, бу унинг ўқув фаолиятига катта таъсир кўрсатади. Педагогнинг бу хусусиятларни ўрганиши ва ҳисобга олиши ўқитиш сифатини ошириш ва ҳар бир талабанинг ижобий қобилиятларини ривожлантириш учун шароит яратади.Талабанинг хусусиятларини бундай ўрганиш узоқ вақт мобайнида олиб борилади. Педагог талабаларнинг дарслардаги ва ишлаб чиқариш таълими вақтида устахоналардаги ишини, уй вазифаларини бажаришини кузатади, уларнинг билими, ёзма ишлари ва тайёрлаган буюмларини текширади, маслаҳатларда ва дарсдан ташқари вақтларда улар билан суҳбатлашади. Талабанинг кучли ва ожиз томонини билиб олишга, унинг қизиқишлари, тафаккури, нутқи, хотираси, диққати, хаёлига хос бўлган хусусиятларни ўрганишга, унинг характери ва иродавий сифатларини яхши билиб олишга ҳаракат қилади, талабаларнинг ҳаётий ва меҳнат тажрибаларини, уларнинг коллежга келишдан олдинги фаолияти хусусиятларини ўрганади.
Билим, кўникма ва малакаларни ўзлаштиришнинг мустаҳкамлиги. Назарий таълим ва ишлаб чиқариш таълими жараёнида талабалар ўзларининг бўлажак касбий фаолиятлари учун керак бўладиган билим, кўникма ва малакаларни эгаллаб борадилар. Бундан ташқари аввалги машғулотларда ҳосил қилинган билим, кўникма ва малакалар анча мураккаброқ материални ўзлаштириб олиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Илмий билимларни эгаллаш талабаларнинг хотираси, мантиқий тафаккури, хилма-хил фаолият турларидаги ижодий активлиги ва мустақиллигини ривожлантиришга ёрдам беради. Лекин ҳосил қилинган билим, кўникма ва малакаларнинг келгусида илмий билимлар системасини ўзлаштириб олишда асос бўлиб хизмат қилиши учун улар пухта ўзлаштирилган, яхши мустаҳкамланган бўлиши ва талабаларнинг хотирасида узоқ вақт сақланиши керак. Мустаҳкамлик тамойилининг талаблари шулардан иборат бўлиб, буларга риоя қилмаслик талабаларнинг ўзлаштирмаслигига, уларнинг ўқишда орқада қолишига сабаб бўлади. Ўқитиш тамойиллари билан бир қаторда ўқитишнинг асосий қоидалари ҳам бўлиб уларга қуйидагилар киради:
- тушунарлидан - тушунарсизга;
- яқиндан – узоққа;
- осондан - қийинга;
- аниқдан - мавҳумга;
- умумийдан - хусусийга.
Do'stlaringiz bilan baham: |