Тошкент молия институти н. Маматов, А.Ҳожибоев, Ш. Жўраев фалсафа тарихи
-МАВЗУ: ЎРТА АСРЛАР, УЙҒОНИШ, ЯНГИ ДАВР ФАЛСАФАСИ
Download 133.13 Kb.
|
ТОШКЕНТ МОЛИЯ ИНСТИТУТИ
8-МАВЗУ: ЎРТА АСРЛАР, УЙҒОНИШ, ЯНГИ ДАВР ФАЛСАФАСИ
РЕЖА: Ўрта асрлар даври фалсафаси. Уйғониш даври фалсафасининг ўзига хос хусусиятлари. Янги давр фалсафасининг асосий йўналишлари. XI-XIII асрларда Ғарбий европадаги ижтимоий тараққиёт Ўрта асрлар номи билан юритилади. Бу давр Ғарбий Европада ҳам қулдорлик муносабатларининг ўрнини феодал муносабатлари эгаллаган давр эди. Бу даврда дин мафкура соҳасида ҳам ҳукмронлик қилади, у жамиятда асосий мафкурага айланиб, черковнинг эса сиёсий ва мафкуравий таъсири кўпчилик Ғарбий Европа мамлакатларида ҳаддан зиёд кучайиб, инсоният фикрининг барча соҳалари – фалсафа, ҳуқуқшунослик, санаъат ва маданият соҳалари, табиатшунослик соҳаларида ҳам диний догматик ақидалар ҳукмронлик қилади. Айниқса, бу даврда фалсафа тажрибавий билимлардан, амалиётдан ажралиб, диннинг ҳизматкорига, схоластикага, илоҳиётга айлантирилади. Бу даврда табиатни ўрганиш гуноҳ ҳисобланиб, табиатни ўрганишга киришган кишилар даҳрийликда айбланадилар ва қувғин қилинадилар, ҳатто улар оловда ҳам куйдирилар ва ўлдирилар эди. Натижада, дунёвий билимлар устидан диний таълимотлар ҳукмронлик қилади. Дин ижтимоий фикр устидан чексиз ҳукмрон бўлади. Лекин диннинг қаттиқ таъзйиқига қарамасдан, жамият тараққий этиб, табиий ва ижтимоий қарашлар ҳам ривожланиб, антик давр маданияти, фан ютуқлари, фалсафий қарашлари ўрганила бошлайди, натижада, бу давр фалсафасида ҳам янги-янги оқимлар, йўналишлар пайдо бўла бошлайди. Айни шу даврда, яъни Ғарбий Европанинг Ўрта асрлар даврида, фалсафада, скептицизм, агностизм, неоплотонизм, каби оқимлар пайдо бўлди. Лекин бу даврда, барибир, католик черковининг рамий дунёқараши тизимини ташкил этган теология ва схоластик фалсафа бутун Ўрта аср давомида ҳукмронлик қилади. Бу диний схоластик фалсафий қарашларга назарий манбаъ бўлиб қадимги юнон файласуфлари Платон ва Аристотелнинг фалсафий таълимотлари ҳизмат қилади. Бу давр диний-схоластик фалсафий оқим-номинализм ва реализм оқимлари вужудга келади ва улар ўзаро бир-бирларига қарши кураш олиб боради. Номинализм ўша давр шаҳар савдогарлари ва ҳунармандлари манфаатларини ифодаловчи, уларнинг черковнинг мутлақ ҳокимиятига қарши курашини акс эттирувчи, ўз даврининг прогрессив фалсафий оқими бўлади. Реализм эса черков ва йирик феодаллар манфаатини ифода этувчи, улар дунёқараши бўлган схоластик, реакцион фалсафий оқим ҳисобланади. Бу икки оқим ўртасидаги кураш умумий тушунчалар, «универсаллар»нинг моҳиятини аниқлашдан келиб чиқади.. Реализмга асос қилиб Платоннинг обеъктив идеализми олинган эди. Унинг асосий вакиллари: Ансельм (1033-1109), Иоан Скот Эриуген (815-877), Фома Аквинскийлар эди. Уларнинг фикрича, умумий тушунчалар, яъни категориялар - «универсаллар» - реал мавжуд бўлиб, улар мустақил ғоявий моҳият сифатида предметларга, кишиларга нисбатан бирламчидир. Моддий оламнинг предметлари эса шу умумий тушунчаларнинг шаклий ифодаси, иккиламчидир. Умумий тушунчалар мангу бўлиб, предмет ва ҳодисалар вақтинча ва ўткинчидир. Реалистлар фикрича, «умуман уй» ғояси бирламчи бўлиб, унинг шаклий ифодаси сифатида якка-якка ҳолдаги уйлар вужудга келади. Ўрта асрлар фалсафасидаги бу релизм оқими католицизм черкови ва схоластик догмаларнинг фалсафий асосий эди. Унинг XIII асрдаги кўриниши томизм, деб аталади. Томизм Фома Аквинский таълимотини ташкил этади. Бу таълимотга кўра, дунёда турли шакллар бор, жон ҳам шу шакллардан биридир, шаклларнинг шакли эса, бу-худодир, жон бирламчи ва ўлмасдир. У танадан чиқиши билан тана ҳалок бўлади. Ф.Аквинский умумий тушунча масаласидан чиқиб келиб, ақлни иккига бўлади: 1.Табиатдан ташқари ақл ёки «худо ақли»; 2.Табиатдаги ақл ёки киши ақли, яъни инсон ақли. Табиатдан ташқаридаги ақл бирламчи, киши ақли эса иккиламчидир. Бошқача айтганда, умумий тушунча бўлган «худо ақли» бирламчи, табиатдаги ақл, яъни инсон ақли «худо ақли»нинг маҳсулидир. Аквинскийнинг бу қарашлари черковни назарий жиҳатдан мустаҳкамлашга ҳизмат қилган эди ва ҳозир ҳам хизмат қилмоқда. У ҳозирги кунда XX аср фалсафасидаги ҳукмрон оқимлардан бири «Неотомизм» номи билан юритилади. Номиналистлар, уларнинг асосий вакиллари: Беренгарий Турский (1000-1088), Иоан Расцелий (1050-1112), Уильям Оккам (1300-1350) таълимотича, табиатдаги якка-якка предмет ва ҳодисалар, уларнинг хусусиятлари реал мавжуд, уларнинг инъикоси бўлган умумий тушунчалар эса иккиламчидир. Чунки, «умуман ўй», «умуман инсон»-бир гуруҳ, ўйлар, бир гуруҳ кишиларнинг иниъкосидир, холос. XIV ва XVI асрлар Ғарбий Европада Уйғониш даври, деб юритилади. Бу уйғониш дастлаб Италияда, сўнгра Европадаги бошқа мамлакатларда вужудга келади. Бу даврда Европа мамлакатларида феодал муносабатлари ичида капиталистик муносабатлар ривожлана бошлайди. Ишлаб чиқарувчи кучларнинг ривожланиши табиатни, ундаги предмет ва ҳодисаларнинг қонуниятларини ўрганиш табиатшунослик билимларининг ривожланишига олиб келади. Илғор олимлар ва мутафаккирлар дунёвий илмларни дин ва схоластика ҳамда черков ҳукумронлигидан озод қилиш учун кураш олиб борадилар. Натижада, феодал реакциясига қарши буржуазиянинг, динга қарши фаннинг, схоластик фалсафага қарши янги уйғониш даври фалсафасининг кураши юзага келади. Ана шу тарихий шароитда ўз асарлари ва янги кашфиётлари билан бир қанча ижодкорлар, олимлар ва файласуфлар етишиб чиқади. Ана шундай кишилардан бири поляк олими Николай Коперникдир. У ўзининг 25 йил осмон жисмлари устида олиб борган кузатишларининг натижаси сифатида 1543 йилда эълон қилган «Осмон жисмларининг гир айланиши» номли китобида Аристотель ва Птоломейнинг черков расмий равишда қабул қилган геоцентрик назариясини ўзининг илгари сурган гелиоцентрик гипотезаси билан рад этади. Маълумки, геоцентрик назарияга кўра, оламнинг маркази Ер, у ҳаракатсиз, бошқа барча планеталар, юлдузлар, ҳатто Қуёш ҳам унинг атрофида ҳаракат қилади ва айланиб туради. Н.Коперникнинг яратган гелиоцентрик гипотезасига кўра, Ер оламнинг маркази эмас, унинг ҳаракатсизлиги нотўғри. Аксинча, Ер, аввало, ўз ўқи атрофида ҳаракат қилади, бу ҳаракат туфайли кун билан тун юзага келади; иккинчидан, оламнинг марказида Ер эмас, Қуёш туради, унинг атрофида бошқа сайёралар билан бирга, Ер ҳам айланади, натижада, Ерда тўрт фасл содир бўлади. Коперникнинг бу кашфиёти табиатшунослик фанларида жуда катта воқеа бўлиб, бу табиатшунослик фанлари ривожи учун, дунёвий илмларнинг ривожланиши учун табиий она замин ролини бажаради. Уйғониш даврида пайдо бўлган, табиатни ўрганиш асосида юзага келган фалсафий қарашлар Ўрта асрларда пайдо бўлган диний-схоластик фалсафий қарашлар билан олиб борилган курашлари натижасида пантэистик фалсафий таълимот вужудга келади. Бу оқимнинг шу даврда етишиб чиққан вакилларидан бири Жордано Брунодир. Унинг таълимотича, моддий олам бирламчи бўлиб, онг иккиламчидир; моддий олам мангу ва абадийдир, уни ҳеч ким яратган эмас, моддий олам мангу, у сўнгсиз ва чексиз, у чексиз турларда ифода этилади, ундаги барча предмет ва ҳодисалар бир-бирлари билан боғлиқ ва алоқадорликда. Оламда Қуёш системасидан ташқари яна сонсиз-саноқсиз дунёлар мавжуд. Олам бепоён. Ер эса ана шу бепоён оламнинг заррасидир. Брунонинг бу қарашлари учун уни Рим католик черкови даҳрийликда айблаб, Римда оловда ёндириб ўлдиради. Лекин Ж.Брунонинг табиий-илмий ва фалсафий қарашлари, Уйғониш даври фалсафаси тараққиётида муҳим рол ўйнайди. Чунки у Ўрта аср диний-схоластик фалсафага қарши дунёвий билимларни дин исканжасидан, черков ҳукмронлигидан холос қилиш, озод этиш учун замин яратган эди. Уйғониш даврида Н.Коперник Ж.Бруно издоши сифатида майдонга чиққан буюк олим, математик, механик, физик, астроном Галилео Галилейнинг фалсафий ва табиий-илмий қарашлари ҳам муҳим рол ўйнайди. У Н.Коперник гипотезаси, яъни Ер ўз ўқи атрофида ва Қуёш атрофида айланиши ғоясини қизғин тарғиб қилиб, у ҳақда ўзининг «Дунёнинг икки системаси ҳақида суҳбат» асарини ёзади. Бу асарда диннинг ва черковнинг диний-схоластик ақидаларини кескин танқиб қилиб чиқади. Черков инквизацияси уни ҳам қамоққа олиб, Римда суд қилишади, «тавба қилдиришади». У суд жараёнида, гўё ўз қарашлари нотўғри, улардан қайтганлигини тан олади. Суд ҳукми ўқилиб бўлганидан кейин, суд залидан, қамалмасдан, чиқиб кетиши олдида, одамларга қарата: «Барибир, Ер ўз ўқи атрофида айланади» деб чиқиб кетади. Шундай қилиб, Уйғониш даврида табиатни, оламни билишнинг ўсиши, фаннинг дин ҳукумронлигидан озод бўлишида муҳим рол ўйнайди. XVII -XVIII асрлар Ғарбий Европа тараққиётида янги давр ҳисобланади. Бу давр Европа мамлакатларида Ўрта асрчилик феодал муносабатлари тугатилиб, капиталистик муносабатлар тўлиқ қарор топади ва ривожлана бошлайди. Капиталистик ишлаб чиқараиш эҳтиёжи табиатни, инсоннинг ўзини, жамиятни илмий ўрганиш, билишни тақазо қилади ва уни ўрганишни тезлаштиради. Денгизларда савдо муносабатларининг ўсиши кемасозликнинг ривожланишига, кемалар Ер шари бўйлаб илмий экспедицияларнинг уюштирилиши, янги ерлар, янги қитъаларни очилишига олиб келади. Янги географик кашфиётлар қилинади. Натижада, табиатшунослик билимлари, механика, математика, физика, кимё, астрономия соҳаларида янги-янги тадқиқотлар олиб борилиб, Ўрта аср схоластикаси ва диний ақидаларни улоқтириб ташланади. Янги илмий дунёқараш шакллана бошлайди. Бунда немис олими Кеплернинг сайёраларнинг ҳаракати, қонунларининг очиши, инглиз олими Исаак Ньютоннинг оламнинг тортилиш қонунларини кашф этилиш, инглиз файласуфи Ф.Бэкон томонидан инсоннинг дунёни билишдаги муҳим рол ўйновчи индуктив методни ишлаб чиқиши, француз олими Рене Декартнинг инсон билимининг ҳосил бўлишига оид детуктив методни асослаб бериши муҳим рол ўйнайди. Шулар асосида бу давр фалсафасида метафизик ва метамеханистик материализм қарор топади. Метафизик ва механистик материализмнинг намоёндалари Ф.Бэкон, Ж.Локк, Т.Гоббс француз файласуфлари Р.Декарт, П.Кобак, Ламетри ва Гелвеций қарашларида ўзининг ёрқин ифодасини топади. Бу янги даврда табиатни билишга интилишнинг кучайиши натижасида фалсафада эмпирик ва рационалистик оқимлар вужудга келади. Эмпирик оқимнинг асосчиси Ф.Бэкон ҳисобланади. Унинг қарашича, табиатни билшнинг манбаи бу - тажриба, эксперимент, кузатишдир. Инсон сезги аъзолари орқали табиат тўғрисида ҳосил қилинган фактлар, далиллар ва маълумотларни тажриба орқали текшириши, аниқлаши, ундаги ҳато ва камчиликларни бартараф этиш зарур. Шу асосда инсонинг табиат тўғрисидаги тўғри, тўлиқ билимлари ҳосил бўлади. Ф.Бэконнинг фалсафа ва фан тарихидаги энг катта ҳизмати - унинг инсон билишининг индуктив методини ишлаб чиқишидир. Рационалистик оқимнинг асосчиси француз файласуфи Рене Декартдир. Декарт таълимотича, инсоннинг табиатни билишининг бирдан-бир тўғри методи бу ақлга асосланган дедуктив методдир. Декарт ўзининг бу қарашларини «Метод тўғрисида мулоҳазалар» асарида баён қилади. У ўз асарида инсоннинг табиатни билишида қуйидаги талабларни илгари суради: 1. Ҳақиқат, деб қаралган билим фақат ақл нуқтаи назаридан аниқ, равшан, шубҳалардан ҳоли бўлган назарий хулосалари асосида чиқарилган фикрлар бўлмоғи лозим. 2. Ҳар бир мураккаб муаммо ёки масалани уларнинг таркибини ташкил қилган муаммо ва масалаларга ажратиш, бўлиш лозим. 3. Билишда исбот бўладиган, маълум билимлардан ҳали номаълум ва исбот қилинмаган билимларга ўтиб бориш зарур. 4. Тадқиқот ҳақидаги фикрлар - билимларни ташкил этган мантиқий халқалардан хулоса чиқаришда биронтаси ҳам туширилиб ёки эътиборсиз қолдирмаслиги лозим. Декартнинг қарашларига кўра инсон билишининг бирдан-бир манбаи - бу тафаккур, ақлий салоҳиятидир. Унинг қарашича, инсоннинг сезги аъзолари, тажрибалари ҳамма вақт ҳам тўғри билим беравермайди, шу сабабли уларга инсон ўз билиш жараёнида тўлиқ ишонмаслиги зарур. Download 133.13 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling