Учебное пособие подготовлено на государственном языке на основе образовательных стандартов и учебного плана предмета «Общая психология и педагогика»


Иродавий фаолиятнинг ўзига хос психологик хусусиятлари


Download 455.35 Kb.
bet59/105
Sana08.05.2023
Hajmi455.35 Kb.
#1447281
TuriУчебное пособие
1   ...   55   56   57   58   59   60   61   62   ...   105
Bog'liq
УП.ўқув қўлланма тайёри (1)

Иродавий фаолиятнинг ўзига хос психологик хусусиятлари

Юқоридаги мулоҳазалардан ташқари, иродавий фаолиятнинг ўзига хос психологик хусусиятлари ҳам мавжуддир ва улар муайян тавсифларга асосланиб талқин қилинади. Иродавий фаолиятни ёки алоҳида ирода актини (латинча actus ҳаракат деган маънони англатади амалга оширишишнинг хусусиятларидан бири-бу бажарилаётган ҳаракатларнинг эркин эканлигини шахс томонидан англаш (бундай қилса ҳам бўлади ёки ундай қилса ҳам) иборатлигидир. Ушбу жараёнда шахс ҳеч бир нарсани уддасидан чиқмайдиган ёки вазиятга тўла-тўкис тобелик қиладиган, қолаверса юзага келган шароит талабларига сўзсиз, зарурий бўйсунадиган кечинмалар ҳукм сурмайди. Шунинг учун шахс томонидан қарорга келишнинг эркинлиги, мустақиллиги билан уйғунлашган кечинмалар ҳукм суриши мумкин, холос. Мазкур қарорга келишдаги эркинлик ҳисси инсоннинг ўз ниятлари билан ҳаракатлари рўёбга чиқишига нисбатан масъулият ёки жавобгарлик туйғусининг кечиши билан изчиллик касб этади.


Юқоридаги мулоҳазаларни дурустроқ англаш учун баъзи бир психология оламидаги ҳодисаларга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир. Ҳозирги даврда психология фанининг намояндаларини кескин равишда икки қутбга ажратган ҳолда таҳлил ва талқин қилишнинг умри тугади, лекин ғоялар, назариялар ўртасида қарама-қаршиликлар мавжуд эмас деган ибора фан оламидан сиқиб чиқарилишини билдирмайди, албатта. Ирода эркинлиги тўғрисидаги ғоят баҳсли психологик муаммо саналади, чунончи ушбу назария тарафдорларининг фикрича, инсон томонидан амалга ошириладиган руҳий ҳаракатлар (актлар) бирон-бир сабабий боғлиқликка эга эмаслар, улар автономдирлар, лекин булар ўз хоҳишларидан бошқа ҳеч бир нарсага бўйсунмайдилар. Мулоҳазадан кўриниб турибдики, иродавий эркинлик шахсдан ташқари ҳукм суриши, у бошқа руҳий ҳолатлар, ҳодисалар, воқеликлар билан гўёки сабабий боғланишга эга эмасдир. Инсоннинг ижтимоий-тарихий тараққиёти давридаги барча ҳаракатлари тўла англанилган ёки етарли даражада англанган даражада эканлигидан қатъи назар улар объектив жиҳатдан психиканинг бошқа шакллари билан изчил боғланишда бўлиб келган. Худди шу боисдан шахснинг иродавий ҳаракатлари нима учун айнан шундай амалга оширилганлигини аниқлаш даражаси юқори бўлмаса-да, лекин биз уларни тушунтира бериш имкониятига эгамиз. Илмий маълумотларга қараганда, шахснинг иродавий ҳаракати тамомила детерминизмга (латинча determinure сабабий боғлиқлик ёки шартланганлик деган маънони билдиради), бинобарин, сабабий боғланиш қонунига бевосита бўйсунади. Ирода шахснинг психологик қиёфаси, унинг ижтимоий ҳаёти ва фаолияти шароитида турли ахборотлар натижаси сифатида юзага келган мотивларнинг хусусияти ва мақсади билан уйғунлашгандир. Шунингдек, иродавий фаолиятнинг бевосита мотиви (сабабчиси, турткиси) тариқасида ҳаракатлар тизимини вужудга келтирувчи, уларни тартибга солувчи ранг-баранг вазиятлар шароитлар намоён бўлади. Шуни унутмаслик жоизки, шахснинг иродавий фаолияти объектив жиҳатдан бошқа категориялар билан боғлангандир, бироқ бундан ирода психологик жиҳатдан рўёбга чиқишига инсон масъулиятига кирмаган, ундан ташқари номаълум мажбурий зарурият деган хулоса келиб чиқмаслиги лозим.
Иродавий фаолиятнинг ўзига хос хусусиятлари қуйидагилардан ташкил топгандир; 1) иродавий ҳаракатларни шахс ҳамиша уларнинг субъекти сифатида амалга оширади; 2) иродавий акт, ҳаракат шахс тўла-тўкис масъулликни зиммасига олган иш, амал сифатида ичдан (ички дунёсида) кечирилади; 3) иродавий фаолият туфайли инсон кўп жиҳатдан ўзини ўзи шахс сифатида англайди; 4) иродавий фаолият сабабли шахс ўз ҳаёт йўли ва тақдирини ўзи белгилашини тушуниб етади ва ҳоказо. Шу билан бирга ироданинг фаоллаштирувчи ва жиловлаб турувчи (тормоз қилувчи) функциялари биргаликда (ҳамкорликда) ҳукм сурсагина, фақат шундагина шахснинг ўз мақсадига эришиш йўлидаги тўсиқларни енгишни кафолатлаши мумкин.
Психология фанида иродага нисбатан индетерминистик қараш ҳам мавжуд бўлиб, бунда психик фаолият бирор нарса билан белгилаб бўлмайдиган, онгсиз равишда кечадиган дастлабки фаолликка тобе ҳисобланади. АҚШлик психолог У. Жемс фикрича, ҳеч нарсага боғлиқлиги йўқ иродавий ҳукм етакчи роль ўйнайди. Аслида эса шахснинг иш-амаллари, ҳаракатлари ҳаёти ва фаолиятида объектив равишда белгиланади. Ўз ичига иродавий ҳаракатларни мужассамлаштирган мотивлар шахснинг ҳозирги давридан ва ўтмишидан жой эгаллаган ташқи таъсирлар натижаси сифатида инсонни психик ривожланиш жараёнида, унинг борлиқ ҳодисаларига нисбатан фаол муносабатида юзага чиқади, аста-секин таркиб топади. Иродавий ҳаракатларнинг сабабий боғланганлиги омили муайян фаолият усули шахсга мажбуран берилганини, шахсий хулқ-атвори учун жавобгар эмаслигини, тақдири азал деб тушунтириш ҳуқуқига эга эканлигини англатмайди.
Иродавий фаолиятни шахс унинг батамом оқибатлари учун субъект сифатида амалга оширади. Фаолият учун объектнинг ўзига масъул ҳисобланади, ваҳоланки унинг мақсади доирасидан ташқари чиқади. Субъект мурувват кўрсатаркан, бошқача тарзда ёрдам уюштиради, муаммоларни ҳал қилишга кўмаклашади.
Шахслар ўзларининг фаолияти учун масъулиятни бошқа бировга юклашга мойиллигига биноан, улар сезиларли равишда бир-бирларидан тафовутланадилар. Инсоннинг шахсий фаолияти натижалари учун масъулиятни ташқи кучларда ва шароитларда қайд қилиш, шунингдек, шахсий куч ва ғайратига, қобилиятига мойилликни аниқлайдиган мезонлар назорат локуси (латинча lotus ўрнашган жой ва французча conlrole- текшириш деган маъно англатади) деб аталади. Маълумки, ўз хулқ-атвори ва ўз фаолияти сабабларини ташқи омиллардан деб тушунишга мойил одамлар мавжуд.
Психология фанида назоратни локаллаштириш деганда шахснинг индивидуал фаолияти натижалари учун масъулиятни ташқи кучларда ва шароитларда қайд қилишни, шунингдек, уларнинг куч-ғайратига, қобилиятига мойиллигини белгилайдиган сифатлар мажмуаси тушунилади. Назоратни локаллаштириш ташқи (экстернал) ҳамда ички интернал турларига ажратилади. Назоратни ташқи локаллаштиришга баъзи мисолларни келтирамиз: Ходим ишга, талаба дарсга кеч қолса, бу ҳодисани турлича баҳоналар билан изоҳлашга ҳаракат қилади. 1) автобус ўз вақтида келмади, 2) йўловчилар кўп бўлганлиги учун автобусга чиқа олмадим, 3) автобус жуда секин ҳаракат қилади, 4) транспорт бузилиб қолади, 5) кўчада йўл ҳаракати фожиаси юз бергани туфайли ушланиб қолдик ва ҳоказо. Психологик тадқиқотлар натижаларининг кўрсатишича, назоратнинг экстернал локаллик турининг намоён бўлиши шахснинг муайян нуқсонлари ва иллатларига бевосита боғлиқдир, чунончи инсоннинг масъулиятсизлиги, ўз имкониятига ишонмаслиги, ҳадиксираши, хавфсираши, шахсий ниятини рўёбга чиқаришни пайсалга солиши ва бошқалар. Мабодо шахс ўз хулқ-атвори оқибати учун масъулиятни ўз зиммасига олса, ўз қилмиш-қидирмишларини шахсий хусусиятидан деб тушунса, бундай психологик воқелик назоратнинг интернал (ички) локаллашуви мавжуд эканлигини билдиради. Назоратнинг ички локаллаштиришига хос инсонлар мақсадга эришиш йўлида масъулият ёки жавобгарлик ҳис этадилар, ўзини ўзи таҳлиллаш имкониятига эгадирлар. Ижтимоий тарбия жараёнида шахсда локаллаштиришнинг ҳар иккала (экстернал, интернал) турини шакллантириш туфайли унинг мустаҳкам шахсий фазилатига айлантириш мумкин.
Ироданинг ўзига хос кўринишлари шахснинг таваккалчилик вазиятидаги хатти-ҳаракатида рўёбга чиқади. Ўзига маҳлиё қилувчи мақсадга эришиш йўлида хавф-хатар, йўқотиш дахшати, муваффақиятсизлик унсури билан ҳам ҳамоҳанг, огоҳ дадил ҳаракат таваккалчилик дейилади. Таваккалчилик жараёнидаги нохушлик кутилмаси муваффақиятсизлик эҳтимоли билан ноқулай оқибатлар даражаси уйғунлашуви мезони орқали ўлчанади. Таваккалчиликда муваффақият билан муваффақиятсизлик кутилмаси эҳтимоли ётади, ютуққа эришиш шахсда хуш кайфиятни вужудга келтирса, мағлублик эса нохушлик ҳолатининг бош омили ҳисобланади. Ўз- ўзидан маълумки, ютуқ (ғолиблик) қувонч нашидасини уйғотса, омадсизлик жазо, моддий ва маънавий йўқотишни рўёбга чиқаради. Лекин шунга қарамасдан, инсонлар таваккал қилиш ҳаракатидан ҳеч маҳал воз кечмаган хоҳ у кундалик ҳаёт муаммосига алоқадор воқелик, хоҳ мураккаб меҳнат, хоҳ ҳарбий юришлар бўлишига қарамай, шунинг учун таваккалчилик инсоният дунёсининг ижтимоий-тарихий тараққиёти даврининг қарор қабул қилиш намунаси, маҳсули сифатида шахснинг ҳаёти ва фаолиятида то ҳозиргача иштирок этиб келмоқда.
Психологик манбаларда кўрсатилишича, таваккалчилик ҳаракатини амалга оширишнинг ўзаро уйғунлашган иккита сабаби мавжудлиги қайд қилиб ўтилади. Қарорга келишнинг биринчи сабаби-бу ютуққа умидворлик муваффақиятга эришилганда кутилиши эҳтимол қийматнинг мағлуб оқибати кўрсатгичидан юксакроқ бўлишига ишончдир. Ушбу воқелик вазиятни таваккалчилик деб аталиб, муваффақият мотивациясини муваффақиятсизликдан қутилиш мотивациясидан яққолроқ намоён бўлишида ўз ифодасини топади. Шу боисдан таваккалчилик инсон учун қарор қабул қилишда муҳим аҳамият касб этадиган руҳий ҳодиса ҳисобланиб, у ёки бу тарздаги ҳаракатни амалга ошириб, ўз хулқ-атворини намойиш қилади. Деҳқон кечикиб ерга уруғ қадашга таваккал қилган бўлса, ҳосил пишиб етилиши хавфи туғилади, лекин агротехника воситаларидан жадал суръатда фойдаланса, асосий маблағни сарф қилиб қўйиш ташвиши уйғонади. Иродавий қарор қабул қилиб таваккалчиликдаги унинг мардлиги, ташаббускорлиги, қатъиятлиги меҳнатда ютуққа эришишни таъминлайди. Аммо бундай қарорга келиш гоҳ ўзини оқлайди, гоҳо мутлақо оқламаслиги ҳам мумкин. Бу борада ҳаракатнинг хавфли ёки хавфсиз йўлини татбиқ этиш, таваккалчиликнинг ғоявий, маънавий юксаклиги, қарорнинг оқилоналиги бахтли тасодиф сари етаклаши мумкин. Баъзан таваккалчининг қобилияти, қатъийлиги, малакалиги, ҳисоб-китобнинг тўғри қилганлиги унга омад келтиради.
Таваккалчиликнинг иккинчи сабаби хатти-ҳаракатнинг хавфли йўлини афзал билган хулқ-атворда кўзга ташланади. Бу воқелик шахснинг вазиятости фаоллиги деб номланиб, инсоннинг вазият талабларидан устуворликка эришишида, ундан (вазиятдан) юксакроқ мақсад қўя олишда намоён бўлади. Таваккалчиликнинг бу тури «вазиятусти» ёки «холисоналик» деб аталиб, таваккалчилик учун таваккалчиликка йўл қўйишни англатади ҳамда таваккалчиликнинг таваккалчилиги атамасини келтириб чиқаради. Шахсдаги таваккалчиликни рискометр деб аталувчи махсус асбобда ўлчаб кўриш мумкин. Бу асбоб ёрдамида психологик тажрибада инсонларда муваффақ бўлиш эҳтимоли мавжуд холисоналик таваккалчиликка мойиллик, уларнинг ҳақиқий хавф остида иродавий ҳаракатларини олдиндан айтиб бериш (башорат қилиш) имконияти вужудга келади.
Ирода муаммосига бағишланган бундан олдинги саҳифаларда таъкидлаб ўтилганидек, шахснинг иродавий ҳаракатлари мураккаб психологик мазмун, моҳият, маъно касб этиши билан тавсифланади. Шуни ҳам эслаш ўринлики, шахсда мотивлар курашининг пайдо бўлиши учун унга масъулият, жавобгарлик ҳиссининг юклатилиши, иродавий ҳаракатни амалга ошириш зарурияти туғилиши, мазкур вазиятда шубҳаланиш, иккиланиш уйғониши фавқулодда унда иродавий зўр беришлар вужудга келиши лозим. Бу воқеликни тушунтириш ёки изоҳлаш учун психологик нуқтаи назардан ирода актининг таркибларидан иборат эканлигини аниқлаш учун унинг унсурлари, бўлинмалари, тузилиши тўғрисида мулоҳаза юритиш жоиз.
Инсоннинг миясида туғиладиган мақсадга эришиш туфайлигина иродавий ҳаракат амалиётга татбиқ этилади. Ушбу фикр бошқачароқ ифодаланганда, шахс у ёки бу ҳаракат ёрдами билан қўйилган мақсадига эришиш йўлларини англаб етади, яъни ҳаракат билан мақсад, ўртасидаги уйғунлик инсонга тобора яққоллашади, англашинилади. Ҳолбуки шундай экан, шахс ўзининг руҳий ҳолатини ўзгартиришга қарор қилади, қондирилиши лозим бўлган эҳтиёжларини муайян тартибга келтиради, уларни бирламчи ва иккиламчи даражаларга ажратишни лозим топади. Худди шу йўсинда иродавий ҳаракатни амалга оширишнинг тарқоқ ва йиғиқ таркиблари (унсурлари) мақсадга йўналтирилади. Ушбу жараёнга инсон шахсини ундаётган, ҳам англанилган, ҳам англанилмаган руҳий тайёргарлик мотивдан иборат бўлиб, мақсадга интилиш ва унга эришиш мажбуриятини тушунтиришга хизмат қилади.

Download 455.35 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   55   56   57   58   59   60   61   62   ...   105




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling