Уйғониш даврида Европада мантиқ илми ва метод масаласи Мавзунинг ўқув мақсади
Download 19.83 Kb.
|
2 мавзу Уйғониш даврида Европада мантиқ илми ва
- Bu sahifa navigatsiya:
- Гоклений
- Джакомо Дзабарелла
Людовик Вивес (1492-1540) испан файласуфи гуманист ва педагог бўлган. У “Сохта диалектикачиларга қарши” асарида ўрта аср мантиғини қаттиқ танқид қилади. Унинг фикрича, мантиқ вақеликни билиш воситасидир. Мантиқни билишни бирдан-бир мақсад қилиб қўювчиларни танқид қилади. Уларни оёқ кийим тикиш ўрнига, ускуналарни чархлаш билан овора бўлган косибга қиёслайди. У табиатни билиш учун бевосита тажрибага таяниш керак дейди. Унинг таькидлашича, тушунчалар эмпирик билимларни ҳосил қилиш ва ривожлантириш учун хизмат қилгандагина ҳақиқий қийматга эга бўлади. У Аристотелнинг категориялар ҳақидаги таьлимотини танқид қилиб уларнинг сони (10 та) пифогорчилар таьсирида ихтиёрий олинган дейди. Вивес фикрича Аристотел мантиқий таьлимотининг асосий камчилиги шуки, унда ҳақиқат ва ёлғоннинг мезони масаласи формал ҳал қилинган. Аристотел мантиғининг яна бир камчилиги, унда ҳар қандай билимнинг асосида ётувчи, исбот талаб қилмайдиган “охирги принциплар” кўрсатилган. Вивес ўз фикрини қуйидагича асослайди: “охирги принциплар”нинг ўз-ўзидан аниқлиги, уларнинг обьектив характерга эга эканлигини билдирмайди. Чунки ҳар бир давр ўзининг биринчи ва хулоса қилинмаган асосларига эга. Бу масалада ҳукмларда ҳам турлича фикрлар мавжуд бўлади. Шу сабабдан Аристотелнинг “охирги принциплар”га асосланган таьлимоти мукаммал эмас. Аристотел мантиғининг ва схоластик ақидапарастликнинг Вивес томонидан танқид қилиниши мантиқни реформа (ислох) қилиш ҳақидаги фикрларни пайдо бўлишига туртки берди.
Петр Рамус (Пьер де ла Рамэ 1515-1572) франсуз файласуфи, мантиқшунос, нотиқ ва педагог бўлган. У 1536 йили, 21 ёшида “Аристотел айтганларининг ҳаммаси ёлғон” деб, мантиқни ислоҳ қилиш ғоясини таклиф этади. Унинг бу ғояси ўз даврида катта муваффақият қозонган эди. Рамуснинг фикрича ҳар бир фан ўзининг идеал шаклини эгаллашга интилиш керак. Физика учун идеал шакл – табиатнинг ўзидир, физикани вазифаси уни тўғри акс эттиришдир. Мантиқ ҳам табиатга худди ўз ўқитувчиси ва раҳбарига мурожаат қилгандек муносабатда бўлиши керак. Аристотел мантиғи ва силлогистикаси эса инсон табиий, ақлий кучларининг эркин ривожланишига тўсқинлик қилди, унинг кишанига айланиб, фаолиятини чеклаб қўйди. Аристотел мантиғини инкор қилар экан Рамус, ўз мантиқий таьлимотини яратишда нутққа эьтибор берди, чунки инсоннинг дастлабки ақлий ривожланиши бевосита тил, нутқ билан боғлиқдир. У математиканинг ҳам алоҳида аҳамиятини таькидлайди. Рамус математика инсон билимларини ойдинлаштириб, аниқлик киритади деб билади. У мантиқ ва риторикани бир фанга бирлаштириб, уни “фикр юритиш саньати” деб атайди. Унинг мантиқий таьлимоти икки қисмдан иборат. Биринчи қисм тушунча ва таьрифлашни (дефениция), иккинчи қисми ҳукм, хулоса чиқариш ва услуб(метод) масалаларини ўз ичига олади. Ўз мантиғини биринчи қисмини “тасвир ҳақида” деб номлайди. Бирон бир масалани ҳал қилишдан аввал, қайси предмет ҳақида гап кетаётган бўлса, ўша предмет ҳақида тушунчани аниқлаб олиш, шундан келиб чиқиб, исботни қуриш мумкин бўлган асосни топиш керак бўлади. Бунда бизга риторика ёрдам беради. Мантиғининг иккинчи қисмида Рамус исботлашнинг уч босқичини ажратиб кўрсатади: 1) асосларни тезис билан боғловчи силлогизм қурилади; 2) кейин муайян тартибда жойлашган хулосалар занжиридан иборат илмий система қурилади; 3) ҳамма фанлар мутлақ ғояда ўз якунини топади. Петр Рамуснинг бу фикрлари илмий методни яратишга қаратилган эди. У ақлни олий ҳакам деб билган ва фанларнинг методини соддалаштириб, уни “Аристотел кишанлари”дан озод қилиш керак деб ҳисоблаган. XVI-XVII асрларда Ғарбий Европа университетларида рамизм тарафдорлари ва антирамистлар ўртасида қизғин баҳслар бўлган. Протестант Германияда Рамус ва Меланхтон мантиғини бирлаштирган – ярим рамистлар пайдо бўлди. Улардан бири Марбург университетининг профессори Гоклений бўлиб, полиссиллогизмлардан бири унинг номи билан аталган. Уйғониш даврининг вакилларидан бир Петр Помпонаций (1462-1524) схоластика Аристотелнинг ҳақиқий таьлимотини бузган деб ҳисоблайди. У Ибн Рушднинг “икки ҳақиқат” таьлимотига қарши чиқади. Помпонацийнинг шогирди италиялик файласуф, мантиқшунос олим Джакомо Дзабарелла (1533-1589) Падуан университетида тахсил олган. У “Аристотелнинг Иккинчи Аналитикасига комментарий” “Мантиқ”, “Методлар ҳақида” номли асарлар ёзган. Унинг асарлари 1597 йили Кёльнда, 1606 йили Франкфуртда “Мантиқий асарлар тўплами” номи билан нашр қилинган. У ўз асарларида Аристотел мантиғини такомиллаштиришга ҳаракат қилади. У силлогизмни асосий мантиқий восита деб эьтироф этган ҳолда, маьлум нарсалардан номаьлум нарсаларга ўтишнинг яна бир методини таклиф қилади. Бу метод тушунчанинг мазмунини унинг турли жиҳат ва шартларга кўра ажратишдир. Дзаберелланинг фикрича, мантиқнинг вазифаси бу икки билиш методини бирлаштириш ва ўзаро бир бирига ўтказишдан иборат. Аналитик усул бизни ҳодисаларни тушунтириш учун шартли ва зарурий шартларга олиб келади. Кейин биз аксинча шу ҳодисани унинг шартларидан келтириб чиқаришга ҳаракат қилишимиз керак. Айнан шунда аввал бажарилган анализни текшириш ва оқлаш мумкин бўлади. Шундай қилиб, анализ нуқтаи назаридан мақсад ва яқин бўлган нарса, аслида назарий текшириш ва исботлашнинг бошланиши бўлиб хизмат қилади. Шундай қилиб, Дзабарелланинг композитив(демонстратив) ва резолютив методлари дедукция ва индукцияни ифодалайди. Унинг хизмати ҳар икки метод ўртасидаги алоқадорликни очиб беришда. У индукцияни якка тасодифий фактларнинг йиғиндиси деб тушунинг керак эмас, уни фикрий анализ қилиб асослаш зарур деб таькидлайди. Дзабарелла ўз фикрини эмпирик фанларнинг резолютив методи билан математикада қўлланиладиган аналитик усул ўртасидаги тафовутни кўрсатиш билан асослайди. Математикада бирламчи ва хулосавий билим, шарт ва унинг оқибати бирдек ишончлилик даражасига эга. Оддий санаш кўринишидаги “оммабоп индукция” ишончли хулоса бермайди, чунки ҳамма ҳолатларни қамраб ололмайди. Шу боис Дзабарелла унга “исботловчи индукция”ни қарши қўяди. Исботловчи индукцияда алоҳида, махсус мисоллар орқали воқеалар ўзаро алоқадорлигининг умумий қонунини аниқлаб олинади ва бу қонунни алоҳида ҳодисаларни тушунтиришда қўллаш мумкин бўлади. У ўз фикрини ўша даврдаги аниқ фанлардан эмас, балка Аристотел метафизикасидан мисоллар келтириб изоҳлайди. Дзабарелланинг методлар ҳақидаги таьлимоти “Орқага қайтиш” номли монографиясида баён қилинган. Асарда у, табиат ҳодисаларини ўрганишда гипотезанинг ролини кўрсатиб ўтади. Унинг таькидлашича, табиат ҳодисаларини ўрганишда у ёки бу сабабни гипотетик (шартли) қабул қилиб, тахлил ва текширувлар ўтказилади. Тахминий сабабни танқид қилиш хақиқий сабабни аниқланишига олиб келади. Шундай қилиб, Дзабарелла исбот талаб қилмайдиган бирламчи ҳақиқатларга оид масалаларнинг янгича ечимини беради. У, шунингдек, мантиқ ва онтологияни аралаштиришга ҳам қарши чиқади. Схоластлаштирилган Аристотелга қарши кураш Ренессанснинг шиорига айланган эди. Шунга қарамай, рим-католик черковининг идеологиясида Аристотелнинг ҳукмронлиги давом этди. Реформация даврида, Германияда, Аристотелча схоластик фалсафа “теологиянинг хизматкори” сифатида қайтадан тикланди. Download 19.83 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling