Улуғвор ғоялар даъвати
Ўзбек миллий фалсафаси моҳияти
Download 165.5 Kb.
|
Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари
Ўзбек миллий фалсафаси моҳияти
- Энди ўзбек фалсафасининг моҳияти тўғрисида фикр юритайлик. – деб давом этди И.А.Каримов вазминлик билан, – Ўзбеклар қадимдан яккаликдан умумийликни, индивидуалликдан жамоавийликни афзал билишган, шу сабабли халқимиз “якка отнинг донгги чиқмас, донгги чиқса ҳам чангги чиқмас” дейди. Ўзбек жамоавийликни афзал билганлиги учун қўни-қўшнисини, маҳалла аҳлини қадрлайди, жамоаси билан биргаликда ҳашарлар уюштириб, муҳтож қўшниларини қўллаб-қувватлайди, тўйларни ва маракаларни жамоатчилик кучи билан амалга оширишади. Жамоа, жамоатчилик тўйларда қувончингизга, мусибатда қайғунгизга шерик бўлади. Ўзбек миллий ва умуминсоний эзгу қадриятларни эъзозлайди. Оила қадриятини олайлик. Айтингчи, ўзбек миллий оиласидан ҳам мустаҳкам оила борми дунёда. Ўзбек оилани, ота-онасини, бола-чакасини, ака-укасини, опа-синглисини, қариндош-уруғини қадрлайди. Зарур бўлганда уларга таянади, улардан кўмак олади, ёки уларга далда бериб қўллаб-қувватлайди. Оила шаънини, маҳалла шаънини, миллат шаънини кўз қорачиғидай асрайди. Бу қадриятларга доғ туширган кўрнамаклардан эса нафратланади. Фарзанд тарбиясини ҳам ўзбек жамоавий муқаддас бурч деб билади. Шу туфайли у “бир фарзандга етти маҳалла ота-онадир” деган мақолга амал қилади. Оиланинг мустаҳкамлиги ўзбекнинг никоҳни қадрлаши ва фарзандлари келажагига умиди кучлилигидан. Ўзбек умуман порлоқ келажакка умид қилиб яшайди. Эр ва хотин ўртасидаги муносабат отага ва онага ҳурмат қадриятини ардоқлашидан келиб чиқади. Буларнинг барчаси оиланинг мустаҳкамлиги учун гаровдир. Ўзбек маҳалла бўлиб яшашни афзал деб билади. Маҳаллачилик, маҳалла одоби, маҳалла синови, маҳалладаги обрў фақат ўзбекка хос. Дунёнинг ҳеч бир нуқтасида ўзбекнинг маҳалласидай олийжаноб тарбия ўчоғи йўқ. Маҳалла жамоаси кимнинг хонадонида нима бўлаётганлигидан хабардор. Маҳалла аҳли тўйларни ҳам, маракаларни ҳам биргаликда, ҳамжиҳатликда амалга оширишади. Бу жамоавийликнинг тарбияланишига, мустаҳкамланишига имкон беради. Миллий мафкурамиз миллий манфаатларимизнинг умуммиллат миқёсидаги ҳимоячиси бўлиши лозим. Буни амалга ошириш учун эса маҳалла удумлари илдизига таяниб иш юритишга тўғри келади. Ҳа, айтгандай, ўзбек миллий фалсафасининг катталарга ҳурмат, кичикларни иззат қилиш тамойили ҳам бор. Бу тамойил замирида кексаларда катта ҳаётий тажриба борлигини таъкидлаш, кичикларни эса қўллаб-қувватласак, келажакда улар орасидан улуғ инсонлар етишиб чиқиши мумкин, деган ҳикмат, яъни фалсафа, мужассамдир. Ўзбек фалсафасида тирикликнинг замини бўлган онани эъзозлаш, онанинг мунис ва меҳрибонлигини таъкидлаш эзгу қадриятлар ҳисобланади. Ҳақиқий ўзбек онага ҳурматсизлик билан қарамайди, чунки ота – онанинг ҳурматини, оиладаги муқаддас ўрнини яхши билганлиги учун ҳам онанинг ҳурматини жойига қўяди. Буни фарзандлар кўриб туради ва меҳрибон онасига нисбатан меҳри янада ошади. Ҳар бир она фарзандлари учун ўз жонини ҳам фидо қилишга тайёрдир. Бу тамойил ҳам ўзбек фалсафий тафаккурида марказий ўрин эгаллайди. Онага, умуман аёлга муносабат қадимги ёдгорликларимиз “Авесто” асарида ҳам алоҳида қайд этилган. Қуръони Каримда эса, жаннат оналарнинг оёғи остидадир, дейилган. Баъзи халқларда аёллар камситилади, эркакларга нисбатан уларга кам ҳақ тўланади, ҳатто уларнинг гувоҳлиги ҳам инобатга олинмайди. Ўзбек учун аёл – она, маслаҳатгўй, ҳимоячи, доно тадбиркор. Бизда аёллар эркаклардан юқори қўйилса – қўйилади, асло камситилмайди. Қадимги ҳикматларда Тўмарис момодек, Розия султондек саркардалар, Бибихоним ва Барчинойдек садоқатли аёллар ҳақида меҳр билан ҳикоя қилинади. Халқимизнинг азалий удумларида аёлларни ҳимоялаш, уларнинг жисмонан ожизалиги учун оғир юмушларида уларга ёрдамлашишга интилиш қадрланган. Оиласида эркак киши бўлмаган хонадонга бостириб кириш одобсизлик ҳисобланган. Шу сабабли аёллар сув олиш учун бўш идишларини, ўтин ёриш учун тўнка ва болталарини ҳовлисидан ташқарига чиқариб қўйишар экан. Кўчадан ўтаётган эркаклар, бу уйда ожизалар яшар экан, деб уларга мурувват кўрсатиш мақсадида, идишларини анҳордан сувга тўлдириб келишган, ўтинларини эса ёриб беришган. Болта ва идишларини ўғрилаб кетишни катта гуноҳ, инсонгарчиликка зид иш деб билишган. Хуллас ўзбек фалсафасининг хилма-хил қирралари борки, уларни фақат қалбида ўзбеклик туйғуси бўлган олимгина таҳлил қилиши мумкин. Мана, миллий мафкура замирида таянч бўлиб ана шу ўзбек фалсафаси ётиши керак деб ўйлайман. Ўзбек миллий фалсафасининг яна бир муҳим тамойили, келажакнинг бугундан бошланишини қатъий ҳис қилишдир. Халқимиз ўтган аждодларимизни қадрлаш билан бир қаторда келажакка интилиб, келажакдан умид қилиб яшайди. Чунки, ўзбек болажон, у ўз фарзандлари ва невараларининг келажагини ўйлаб, уларга яхши замин яратиш учун бугун тер тўкади. Яъни бу жойда “келажак бугунга таъсир қилади” деган қоида амал қилади. Бу қоида янглишмасам янгича методология қоидаси, шундайми? – деди Президент менга юзланиб. - Ҳа, - дедим мен, - бу янгича методология – синергетиканинг қоидаси. Мана, Файласуфлар миллий жамияти нималар ҳақида бош қотириши лозим. Бу файласуфлар қаршисида турган асосий вазифалардан биридир. – деди Ислом Каримов, бу гапларга алоҳида урғу бериб, - Эътибор қилинг синергетика фани 20-асрнинг иккинчи яримида вужудга келган, лекин унинг қоидаларидан ота-боболаримиз қадимдан буён амалиётда фойдаланишган. - Мен иқтисодчиман, - деб ўз сўзини давом эттирди И.Каримов, - шу сабабли ўзимнинг иқтисодий билимларимдан келиб чиқиб Ўзбекистонда иқтисодий тараққиётнинг бешта тамойилига асосланиб, ўзбек моделини ишлаб чиқдим. Бу моделнинг ҳар бир тамойили бизнинг юртимизда мукаммал ишлашига кафолат бераман. Аммо мен файласуф эмасман, Фалсафанинг ички ривожланиш қонуниятлари, категориал аппарати, асосий тамойиллари мен учун бирмунча қоронғи. Шу сабабли, файласуфлар миллий жамияти аъзолари ичида яхши файласуфлар ҳам бўлиши табиий ҳол, улар бир ёқадан бош чиқариб ўзбек миллий фалсафасининг концептуал асосларини ишлаб чиқсин. Келажакда фарзандларимиз кўп фанлар қаторида ўзбек фалсафаси асосларини ҳам ўрганишсин. - Менинг назаримда, сизнинг ҳозир баён қилган фикрларингиз ҳар қандай етук файласуфнинг фикрларидан зиёд бўлса зиёд, кам эмас, - дедим мен. - Йўқ, - деди, Президент, қатъий оҳангда, ҳар ким ўз иши билан шуғулланиши лозим. Давлат раҳбари давлатни тўғри бошқариш билан, тикувчи – тикувчилик билан, деҳқон – деҳқончилик билан, файласуф эса – фалсафани такомиллаштириш билан шуғуллангани маъқул. Download 165.5 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling