Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида биология ўқув фанини ўқитишнинг мақсади: ўқувчиларга тирик организмларнинг тузилиши, кўпайиши, келиб чиқиши, хилма-хиллиги, ўзаро муносабатлари, муҳофазаси, табиат ва инсон ҳаётидаги аҳамияти ҳақидаги билимларни бериш, ўқувчиларнинг илмий дунёқарашини кенгайтириш, мантиқий ва ижодий фикрлашини шакллантиришдан иборат.
Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида биология ўқув фанини ўқитишнинг вазифалари:
асосий биологик тушунчалар, назариялар ва қонуниятлар билан таништириш;
тирик организмларнинг яшаш муҳитига мосланишларининг вужудга келиши механизмлари ҳақида маълумот бериш;
организмларнинг индивидуал ва тарихий ривожланишининг асосий босқичлари билан таништириш;
ўқувчиларни ўзларининг ва ўзгаларнинг саломатликларини сақлашга, соғлом турмуш тарзига риоя қилишга йўналтириш;
биология таълими мазмунининг ҳозирги ижтимоий ҳаёт ва фан-техника ютуқлари билан боғланишини таъминлаш асосида ўқувчиларни онгли равишда касб танлашга йўналтириш;
табиат ва унинг барча бойликларига оқилона муносабатда бўлиш фазилатларини ёш авлод онгига сингдириш;
биологик билимлар заминида маҳаллий ўсимлик ва ҳайвон турлари, селекция ютуқлари, қадимда яшаб ижод этган буюк алломалар ва ҳозирги олимларнинг биологияга оид ишлари билан таништириш орқали ўқувчиларни миллий истиқлол ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, биологиядан олган билимларини ҳаётда қўллай олиш компетенцияларини шакллантиришдан иборат.
Биология фани бўйича умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларига қўйиладиган малака талаблари
1. Биологик объектларни таниш, уларда борадиган жараёнларни тушуниш ва изоҳлаш компетенцияси
А1
Табиий объектларни танийди (ҳужайра, ўсимлик, ҳайвон, замбуруғ ва бактериялар, одам организми, тирик организмларнинг тузилиш даражалари), уларнинг тузилишидаги ўзига хосликларни англайди, биологик жараёнлар модда ва энергия алмашинуви, озиқланиш, нафас олиш, айириш, таъсирланиш, ўсиш, ривожланиш, кўпайиш, ҳаётий жараёнларнинг бошқарилиши моҳиятини ёрита олади, қиёслайди, умумий ва фарқли жиҳатларини аниқлай олади.
А1+
Тирик организмларнинг хилма-хиллигини билади, уларга хос белгиларни тасаввур қила олади, организмларга хос белгиларни қиёслай олади, умумий ва фарқли жиҳатларини тушунтириб бера олади.
А2
Атамалар, хусусий ва умумбиологик тушунчалар, биологик қонунларнинг мазмун-моҳиятини билади ва таснифлай олади, мавзулар юзасидан вужудга келган муаммоларини англай олади, муаммони ҳал этиш мақсадида ғояларни илгари сура олади, ўз фикрини баён эта олади ва асослайди, тушунчаларни таҳлил қила олади, умумлаштириб, муаммони ҳал этиш юзасидан хулосалар чиқара олади.
Биологик ахборотларнинг турли манбалари (дарслик, ўқув қўлланмаси, илмий-оммабоп адабиётлар, биологик луғатлар, энциклопедиялар, электрон-ахборот таълим ресурслари ва ҳоказолар) билан ишлай олади, керакли маълумотларни ажрата олади, маълумотларни таҳлил қилади ва амалда қўллай олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |