Азот етишмаслиги одатда ўғит етарли миқдорда қўлланилмаган ёки равон тақсимланмаган далаларда кузатилади. Тупроқ зичлиги, намлиги жуда баланд ёки жуда паст бўлиши ўсимлик азотни ўзлаштиришига тўсқинлик қилади.
Мавсум бошида ўсимликлар бўйи пасаяди, оч яшил тус олади, барглар кичик бўлиб қолади. Кейинги фазаларда олдин пастки, сўнгра юқориги ярусларида барглар сарғаяди ва аста-секин қизғиш тус олади. Ўсимликларнинг бўйи пасаяди, кўсаклари тўкилади. экин эрта етилади, аммо ҳосил кам бўлади.
Тупроқда азот керагидан ошиқча бўлиши ҳам ғўза ҳосилига зарарли, чунки ўсимликлар вегетация тугагунча ҳам ўсаверади, экин ётиб қолиши мумкин, тола етилиши ва кўсаклар очилиши кечикади, дефолиант қўллаш яхши самара бермайди.
Фосфор етишмаслиги. Ўсимликлар ўсиши секинлашади, бўйи пасаяди, барглари кичик бўлиб қолади, тўқ яшил ёки кул ранг, тўқ кул ранг тус олади, некротик доғлар пайдо бўлади; баъзан барг ва поя тўқ қизғиш тусга киради. Кўсаклар сони камаяди, кеч очилади. Касаллик пастки ярусдан бошланади.
Калий етишмаслиги. Кўсаклар ривожланиб бошлаган даврда олдин пастки, сўнгра юқориги яруслар баргларида сариқ, сарғиш-оқиш, сарғиш-яшил доғлар пайдо бўлади, вертициллёз сўлишдаги каби, улар ола чипор бўлиб колади. Сўнгра доғлар занг ёки бронза тусига киради, мўрт, тегса осон синадиган бўлиб қолади, учлари тепага букилади, қурийди ва вақтидан олдин ерга тўкилади. Ёш кўсаклар ҳам тушиб кетади. Поя ингичка бўлиб қолади, осон букилиши ва синиши кузатилади. Кўсаклар ўлчами, тола сифати ва чигит унувчанлиги пасаяди. Ўсимликларнинг фузариоз ва вартициллёз сўлишига мойиллиги ортади.
Калций етишмаслиги ўсимликлар поясини қуввациз қилади, баҳор салқин келганида ниҳолларни касалликларга мойил қилиб қўяди, экин сийрак бўлиб қолади.
Магний етишмаслиги. Характерли белги - олдин пастки, сўнгра юқориги барглари қизғиш, тўқ-қизғиш тус олади, аммо томирчаларнинг яшил ранги сақланиб қолади.
Олтингугурт етишмаслиги. Пастки барглар ўз рангини йўқотмаган ҳолда, тепадагилари сарғаяди; баъзан ўсимлик бўйи пасаяди.
Do'stlaringiz bilan baham: |