Усмонов Мансурбекнинг фуқаролик ҳУҚУҚи фанидан


ЮРИДИК ШАХСНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


Download 0.74 Mb.
bet7/12
Sana09.06.2023
Hajmi0.74 Mb.
#1472569
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   12
Bog'liq
Усмонов Мансур

2.2. ЮРИДИК ШАХСНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


Юридик шахс ўз мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли бутун мол-мулк билан жавоб беради.
Давлат корхонаси ва мулкдор томонидан молиявий таъмин-ланадиган муассаса ўз мажбуриятлари бўйича ушбу Кодекс 72-моддаси бешинчи қисмида ҳамда 76-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган тартибда ва шартлар асосида жавоб берадилар.1
Юридик шахс муассиси (иштирокчиси) ёки унинг мол-мулкининг эгаси юридик шахснинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, юридик шахс эса муассис (иштирокчи) ёки мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, юридик шахснинг таъсис хужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Агар юридик шахснинг ночорлиги (банкротлиги) шу юридик шахс учун мажбурий кўрсатмаларни бериш ҳуқуқига эга бўлган муассис (иштирокчи) сифатидаги шахснинг ёки юридик шахс мол-мулки мулкдорининг гайриқонуний ҳаракатлари туфайли вужудга келтирилган бўлса, юридик шахснинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда бундай шахс зиммасига унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарлик юклатилиши мумкин.2
Муассис (иштирокчи) ёки юридик шахс мол-мулкининг мулкдори шу юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тақдирдагина мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга.
Юридик шахс учун мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга бўлган муассис (иштирокчи) ёки мулкдор юридик шахснинг муайян ҳаракатни амалга ошириши оқибатида ночор (банкрот) бўлиб қолишини олдиндан билиб, ўз ҳуқуқидан унинг ана шундай ҳаракатни амалга оширишини кўзлаб фойдаланган ҳолдагина юридик шахснинг ночорлиги (банкротлиги) улар томонидан вужудга келтирилган деб ҳисобланади.
Умумий тамойил белгиланган бўлиб, унга кўра юридик шахс ўз мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли бутун мол-мулк билан жавоб беришлигини, бунда мазкур мол-мулк қандай турга ва жамғармага мансублиги, асосий, айланма ёки заҳира воситаси (капитали), кўчар мулкми ёки кўчмас мулкми, пул маблағларида бўлса, нақд пулми ёки
нақдсиз шаклдами, қимматли қоғоздами ёки бошқа хўжалик ташкилотларидаги иштирокининг улуши ва ҳоказо эканлигидан
қатъий назар, жавоб беришини белгилаб кўйган. Айнан ана шу
таомилнинг амал қилиши асосида юридик шахснинг ночор (банкрот)
деб ҳисобланиши натижасида унинг тугатилиши учун имконият
яратилади.1
Умумий тамойилга нисбатан истиснодан иборат бўлиб, унда
давлат корхоналарининг, шунингдек, ўзларига бириктирилган мол-
мулк мулкдори томонидан молиявий таъминланадиган муассасаларининг нотижорат ташкилоти сифатидаги жавобгарлигига оид қоидалар ва шартларнинг хусусиятлари келтирилган. Қонун чиқарувчи бу қисмда эътиборни 72-модданинг 5-қисмига ва 76-модданинг 3-қисмига қаратадики, уларга мувофиқ давлат корхонасининг мол-мулки етарли бўлмаганда давлат унинг мажбуриятлари бўйича субсидар жавобгар бўлиши, муассаса пул маблағларининг мажбуриятлари бўйича жавоб беришга етарли бўлмаса, тегишли мол-мулкнинг эгаси унинг мажбуриятлари юзасидан субсидар жавобгар бўлишлиги белгиланган.
Юридик шахснинг учинчи шахслар олдида мустақил фуқаролик ҳуқуқий жавобгарликка эга эканлиги қоидаси мустаҳкамланган, унга кўра юридик шахс муассислари (иштирокчилари) ёки унинг мол-мулкининг эгаси умумий қоидага биноан юридик шахснинг мажбуриятлари бўйича
жавоб бермайди, юридик шахс эса, муассисларнинг ёки мулкдорнинг
мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди. Бунда, Фуқаролик Кодексида ёки юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида бу қоидадан истиснолар кўзда
тутилиши мумкинлиги қайд этилган. Ана шундай истиснолардан
бири мавжуд. Бунда давлат корхонасининг ва/ёки муассасанинг мулкдорига, унинг ҳеч қандай айби ёки енгиб бўлмас кучнинг таъсири ўлмаган ҳолда, кўрсатиб ўтилган жавобгарлик юклатилади. Унинг жавобгарлиги объектив хусусиятга эга.
Юридик шахснинг ночорлиги (банкротлиги) сабабли, муассисларнинг (иштирокчиларнинг) шунингдек, мулкдорнинг унинг мажбуриятлари бўйича субсидар жавобгарлигига оид қўшимчадан, яъни айнан субъектив асослардан ташкил топган. Бунда қонун чиқарувчи юридик шахснинг ночорлиги (банкротлиги) шу юридик шахс учун мажбурий кўрсатмаларни бериш ҳуқуқига эга бўлган муассис (иштирокчи)
бўлган шахснинг ёки юридик шахс мол-мулки эгасининг ғайри-
қонуний ҳаракатлари туфайли вужудга келган ҳолатга алоҳида
эътибор қаратади. Бу меъёрлар юридик шахсни тугатиш жараёнида
мол-мулк барча кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш учун
етарли бўлмаган ҳолда қўлланилади. Шўъба корхонанинг банк-
ротлиги вужудга келишида айбдор ҳисобланган асосий корхона
ҳам ана шу қоидага асосан жавоб беради. Бу ҳолда асосий корхона
тугатилаётган шўъба корхонанинг ҳамма кредиторлари олдидаги
барча мажбуриятлари бўйича субсидар жавобгарликка эга бўлади1.
Қонун чиқарувчи 4-қисм меъёрларининг қўлланиши учун айрим субъектив шартларнинг аниқланиши ва риоя этилиши зарурлигини қайд этади. Жумладан, қонун чиқарувчи ўрнатган меъёрга кўра, муассис (иштирокчи) ёки юридик шахс мол-мулкининг мулкдори юридик шахснинг ночорлигини (банкротлигини) келтириб чиқарган мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга эканлиги шу юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган бўлишлиги ва айнан ана шу шахс юридик шахснинг муайян ҳаракатни амалга ошириши оқибатида ночор (банкрот) бўлиб қолишини олдиндан билиб, ўз ҳуқуқидан унинг ана шундай ҳаракатни амалга оширишини кўзлаб фойдаланган бўлишлиги шарт қилиб қўйилган.
Юридик шахсни қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш) унинг муассислари (иштирокчилари) ёки таъсис хужжатларида шунга вакил қилинган юридик шахс органи қарорига мувофиқ амалга оширилиши мумкин.
Қонунда белгиланган ҳолларда юридик шахсни бўлиш ёки унинг таркибидан бир ёки бир неча юридик шахсни ажратиб чиқариш шаклида уни қайта ташкил этиш вакил қилинган давлат органларининг қарори билан ёки суд қарори билан амалга оширилади.
Агар юридик шахс муассислари (иштирокчилари), улар вакил қилган орган ёки юридик шахснинг ўз таъсис ҳужжатлари билан қайта ташкил этишга вакил қилинган органи юридик шахсни ваколатли давлат органининг қарорида белгиланган муддатда қайта ташкил этмаётган бўлса, суд мазкур давлат органининг даъвоси бўйича юридик шахснинг бошқарувчисини тайинлайди ва унга ушбу юридик шахсии қайта ташкил этишни топширади. Бошқарувчи тайинланган пайтдан бошлаб унга юридик шахснинг ишларини бошқариш ваколатлари ўтади. Бошқарувчи судда юридик шахс номидан ҳаракат қилади, тақсимлаш балансини тузади ва уни юридик шахсларни қайта ташкил этиш натижасида вужудга келадиган таъсис ҳужжатлари билан бирга кўриб чиқиш учун судга топширади. Суднинг ушбу ҳужжатларни тасдиқлаши янгидан вужудга келаётган юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос бўлади.
Қонунда белгиланган ҳолларда юридик шахсларни қўшиб юбориш, қўшиб олиш ёки ўзгартириш шаклида қайтадан ташкил этиш ваколатли давлат органларининг розилиги билангина амалга оширилиши мумкин.
Қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этиш ҳолларини истисно қилганда, янгидан вужудга келган юридик шахслар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб юридик шахс қайта ташкил этилган ҳисобланади.
Юридик шахс унга бошқа юридик шахсни қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этилганида қўшиб олинган юридик шахснинг фаолияти тўхтатилгани хақидаги ёзув юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритилган пайтдан бошлаб юридик шахс қайта ташкил этилган ҳисобланади.
Кайта ташкил этиш тушунчасининг ўзига таъриф берилмасдан, унинг юридик шахсни қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш ва ўзгартириш каби шакллари очиб берилган. Қонун чиқарувчининг бундай ёндашуви фуқаролик ҳуқуқи назариясида қонунчиликнинг таркиб топиб улгурган асосий таянч меъёрий ҳужжатларида қайта ташкил этишнинг фақат кенг қамровли таърифидан унинг барча ўзига хос ҳуқуқий белгилари билан бирга ифодалашгагина уриниб қолмасдан, балки ана шундай белгиларнинг моҳиятини бир хилда тушунилишини шакллантиришга ҳам ҳаракат қилинганини кўрсатади. Ҳозирги кунда илмий қарашларнинг асосий қисми қайта ташкил этиш тушунчаси юридик шахснинг фаолиятини бекор қилишни ифодалаб, фақат бунда унинг мол-мулки тугатилмайди ва мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари бекор бўлмайди, балки бошқа юридик шахсга-ҳуқуқий ворисга ўтказиб берилади, деган маънодан келиб чиқади. Асосий ҳуқуқий ва иқтисодий мазмун бунда ҳуқуқий ворислик тизимига келиб тақалади.
Юридик шахсни қўшиб юбориш шаклида қайта ташкил этиш иккита ёки ундан кўп юридик шахсларнинг битта янги юридик шахсга бирлашувини англатади. Бунда бирламчи юридик шахснинг йўқ бўлиб кетиши асосий шарт бўлиб ҳисобланади. Қўшиб олишда бир юридик шахс бошқасининг таркибига киради ва тегишлича ўзининг юридик мавжудлигини йўқотади. Ажратиб чиқариш шаклида қайта ташкил этилганда битта юридик шахсдан яна битта ёки бир неча юридик шахслар ажралиб чиқади. Бунда бирламчи юридик шахс ҳам мавжуд бўлиб қолаверади.
Юридик шахсни бўлишда бирламчи юридик шахс ўз мавжудлигини йўқотади ва унинг ўрнига иккита ёки бир неча, шуниси ҳам борки бунда турли ташкилий ҳуқуқий шаклдаги янги юридик шахслар ташкил этилади. Юридик шахс ўзгартирилганда унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгаришга учрайди. Муайян турдаги юридик шахс ўзгартирилиши мумкин бўлган ташкилий-ҳуқуқий шакллар қонунчилик томонидан белгиланади. Масалан, масъулияти чекланган жамият, иштирокчиларининг сони 50 тадан ортиб кетса, бир йил ичида очиқ акционерлик жамиятига ёки ишлаб чиқариш кооперативига ўзгартирилиши шарт1.
Ташкилий-ҳуқуқий шаклни ўзгартириш воситасида қайта тузиш фақат қонунчилик талаби асосида эмас, балки юридик шахс муассисларининг ихтиёрига кўра, қўшиб олиш жараёнида амалга оширилиши ҳам мумкин. Хусусан, бир юридик шахснинг иккинчисига қўшилиши иккаласининг ҳам ўзаро розилиги асосида бошқасига қўшилаётган юридик шахснинг ташкилий ҳуқуқий шаклининг ўзгаришини келтириб чиқариши мумкин. Масалан, масъулияти чекланган жамиятга хусусий корхонанинг қўшилишида, уларнинг мол-мулк базаси замирида акционерлик жамияти ёки қўшимча масъулиятли жамият ташкил топади.
Умумий қоидага кўра юридик шахсларни қайта ташкил этиш ихтиёрийлик асосида ўтказилади. Аммо шарҳланаётган модданинг 2- ва 3-қисмларида юридик шахсни бўлиш ёки унинг таркибидан бир ёки бир неча юридик шахсларни ажратиб чиқариш шаклида қайта тузилганда, ваколатли давлат органининг ёки суднинг қарори асосида қайта ташкил этилиши ҳам мумкинлиги белгилаб қўйилган. Айтиш мумкинки, шарҳланаётган модда мазкур қисмларининг амалдаги таҳрири фуқаролик қонунчилиги қоидаларига мувофиқ юридик шахсларни мажбурий тарзда қайта ташкил этишнинг асосларини назарда тутади. Мамлакатимизда нашр этилган илмий манбаларда кўрсатилишича, ваколатли давлат органи бўлиб, шарҳланаётган модданинг меъёрларига тўғридан-тўғри ва қонуний қўлланилиш мумкин бўлган жиҳатдан олганда, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасининг монополиядан чиқариш, рақобатни ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш Давлат қўмитаси ҳисобланади1.
Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 27 декабрдаги «Товар бозорларида монополистик фаолиятни чеклаш ва рақобат тўғрисида»ги Қонунига2 мувофиқ мазкур органга устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект монополияга қарши қонун ҳужжатларини бузган тақдирда, монополияга қарши давлат органига рақобатни ривожлантириш мақсадида уни мажбурий тарзда бўлиб юбориш ёки ундан таркибий бўлинмалар негизида бир ёки бир неча юридик шахсни ажратиб чиқариш ҳақида судга даъво аризаси бериш ҳуқуқи берилган.
Ҳозирги пайтда юқорида зикр этилган қонуннинг ва Фуқаролик Кодексининг меъёрлари талабларидан қуйидагилар келиб чиқади: биринчидан, монополияга қарши кураш органининг мажбурий ажратиб юбориш (бўлиш) борасидаги ҳаракати мулкдор томонидан ёки у ваколат берган орган томонидан бажарилиши шарт ҳисобланади. Бунинг маъноси шуки, юридик шахсга нисбатан тегишли кўрсатма чиқарилган ҳолда, юридик шахснинг мутасадди органи иштирокчиларнинг умумий йиғилиши томонидан қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилиниши билан боғлиқ барча зарур чораларни кўриши (юридик шахс иштирокчиларини мана шундай йиғилиш ўтказилиши тўғрисида хабардор этиши, ажратиш балансини тузиши ва ҳоказо) лозим. Лекин юридик шахсларни мажбурий қайта ташкил этиш учун асос бўлиб монополияга қар-ши кураш органининг кўрсатмаси (амрномаси) эмас, балки ишти-рокчилар умумий йииғилишининг қарори хизмат қилади. Айни чоғда бу қарорда монополияга қарши кураш органи томонидан кўрсатмасида (амрномасида) уқдирилган ажратиб чиқариш (бўлиш) нинг шартлари ҳам ифода этилиши шарт.
Мажбурий қайта ташкил этиш ишлари кўрсатмада (амрномада) тайин этилган муддатларда тугалланиши зарур. Лекин, агар юридик шахс белгиланган муддат ичида кўрсатмада белгиланган қайта ташкил этишни амалга оширмаса, монополияга қарши кураш органининг даъвоси асосида суд юридик шахс бошқарувчисини тайинлаши ва тайинланган пайтдан бошлаб юридик шахснинг ишларини бошқариш ваколати унга ўтказилиши мумкин. Бунда бошқарувчи қайта ташкил этишга доир барча чора-тадбирларни амалга ошириши ва тасдиқлаши учун судга тақсимлаш балансини ва янги юридик шахснинг таъсис ҳужжатларини тақдим этиши талаб этилади. Ушбу ҳолда тегишли равишда, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 49-моддаси 3-қисми асосида ўтказилаётган қайта ташкил этиш суд қарори асосида амалга оширилади.
Қонунда белгиланган ҳолларда юридик шахслар қўшиб юбориш, қўшиб олиш ва ўзгартириш орқали қайта ташкил этилганда ваколатли давлат органларининг розилиги талаб этилади. Қонун чиқарувчининг бу кўрсатмаси иқтисодий муносабатлар барқарор ривожланишини таъминлаш, унинг иштирокчиларининг мулкий манфаатлари камситилишига йўл қўймаслик заруратидан келиб чиққан. Хусусан, бундай давлат органлари қаторига монополияга қарши кураш давлат органи киритилади ва у рақобат устидан назорат олиб бориш жараёнида қуйидагилар устидан ҳам бевосита назорат олиб боради:
юридик шахслар бирлашмаларини ташкил этиш, қўшиб юбориш ва бирлаштириш;
хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва бирлаштириш, молия-саноат гуруҳлари, холдинг компаниялари ташкил этиш;
Ушбу усулларда хўжалик субъектларини қўшиб юбориш, бирлаштириш ва тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган шахслар ёки органлар монополияга қарши давлат органига қуйидагиларни тақдим этадилар:
хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш, тугатишга розилик бериш тўғрисидаги илтимоснома;
бирлашаётган хўжалик юритувчи субъектлардан ҳар бирининг асосий фаолият турлари, уларнинг тегишли товар бозоридаги улуши ва бирлашмага киришга розилиги тўғрисидаги маълумотлар.
Монополияга қарши давлат органи қарор чиқариш учун зарур бўлган бошқа ахборотларни ҳам сўраб олишга ҳақлидир. Кўрсатиб ўтилган маълумотларни тақдим этиш хусусияти ва шаклларига қўйиладиган талаблар монополияга қарши давлат органи томонидан тасдиқланадиган қоидаларда белгиланади.
Хўжалик юритувчи субъектни ташкил этиш, қўшиб юбориш, бирлаштириш, тегишли хўжалик юритувчи субъектнинг устўн мавқеи вужудга келиш ёки кучайишига ёхуд рақобатнинг чекланишига олиб келган ҳолларда хўжалик юритувчи субъектнинг муассислари, қўшиб юбориш, бирлаштириш тўғрисида қарор қабул қилган шахслар ёки органлар монополияга қарши давлат органининг талабига биноан рақобат учун зарур шароитларни тиклаш чора-тадбирларини кўришлари шарт.
Хўжалик юритувчи субъектларни давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар тугатилиши муносабати билан уларни реестрдан чиқариш тўғрисида ёзиб қўйиш рўйхатга олувчи орган томонидан фақат монополияга қарши давлат органининг олдиндан розилигини олиб амалга оширилади.
Юридик шахсларни ташкил этиш, қўшиб юбориш ёки бирлаштириш, хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориб ва бирлаштириб, молия-саноат гуруҳлари, холдинг компаниялар ташкил этиш, шунингдек, ушбу модданинг 2-қисмига мувофиқ монополияга қарши давлат органи қўйган талабларни бажармаслик давлат рўйхатига олишни монополияга қарши давлат органининг даъвосига биноан суд тартибида ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлади.
Хўжалик юритувчи субъектлар қўшиб юборилган, бирлаштирилган тақдирда хўжалик юритувчи субъектнинг муассислари, қўшиб юбориш, бирлаштириш тўғрисида қарор қабул қилган шахслар ёки органлар бу ҳақда фаолиятнинг турини, маҳсулот ишлаб чиқариш ва реализация қилиш ҳажмларини кўрсатган ҳолда монополияга қарши давлат органини ўн беш кунлик муддат ичида хабардор қилишлари лозим.
Жисмоний шахс активларининг жами баланс қиймати энг кам иш ҳақининг икки минг баробари миқдоридан ортиқ бўлган икки ва ундан ортиқ хўжалик юритувчи субъектларнинг ёки айни бир турдаги товар гуруҳи бўйича реестрга киритилган ёхуд айни бир турдаги ишлаб чиқариш-сотиш жараёнининг турли босқичидаги товарлар гуруҳи бўйича реестрга киритилган хўжалик юритувчи субъектларнинг ижроия органлари, кузатув кенгашларида иштирок этган тақдирда бу шахс кўрсатилган органларга ёки кенгашларга киргани ёки сайланганидан сўнг ўн беш кун ичида монополияга қарши давлат органига хабар бериши зарур. Монополияга қарши давлат органига хабар берилаётганида аризачи унга ариза билан бирга шахс тўғрисидаги тўлиқ ахборотни ҳам тақдим этади.
Қонунда белгиланган тартибни бузган ҳолда тузилган, устун мавқенинг вужудга келиши ёки кучайишига ёки рақобатнинг чекланишига олиб келадиган битимлар ёки ҳаракатлар ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Юридик шахс қайта ташкил этишнинг муайян усулига боғлиқ равишда, қайта ташкил этилди деб ҳисобланадиган пайтнинг аниқланиши муҳим аҳамиятга эга эканлиги акс этган. Хусусан, битта юридик шахснинг бошқасига қўшиб олинган ҳолда, уларнинг биринчиси юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига юридик шахснинг фаолияти тўхтатилгани ҳақидаги ёзув киритилганидан бошлаб, қўшиб олинган юридик шахс қайта ташкил этилган ҳисобланади. Бошқа барча ҳолатларда янгидан вужудга келган юридик шахслар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб юридик шахслар қайта ташкил этилган ҳисобланади.

Download 0.74 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   12




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling