Васила Каримова оила психологияси
Download 263.96 Kb.
|
Karimova V.M. Oila psixologiyasi-2007
6-босқич. Кексаликнинг дастлабки белгилари – танада кексалик аломатлари, климактерик ҳолатларнинг келиб чиқиши босқичида инсон қалби қаримасада, айрим жисмоний кувватсизликлар пайдо бўлади. Одам нафақага чиқади, суйган касби, машғулотидан узоқлашади, дўстлари давраси тораяди ва ҳ-зо. Лекин кексаликни тан олиш ва унга руҳан тайёр бўлиш, этник маданият ва унинг қадриятларига боғлиқ. Халқ маънавияти ва маданияти қанчалик юқори бўлса, кексаликка муносабат ҳам шунчалик юқори бўлади. Масалан, бизнинг этник-маданий муҳитимизда кексалик ва қариялик ҳамиша эъзозланиб келинган, масалан, Президент Ислом Каримов ташаббуси билан 2002 йил “Қарияларни қадрлаш йили” деб эълон қилинди, барча кексалар бизда қарилик гаштини суриш учун белгиланган тартибда нафақалар олади, байрам, тўй-ҳашамлар ва тадбирларда кексаларни давраларнинг тўрига ўтқазиш, уларга иззат-эҳтиром қилиш халқимизнинг одатий анъаналаридандир. Шу боис бўлса керак, ўзбекистонликлар кексаликни ҳам ҳаётнинг ўзига хос даври сифатида мамнуният билан кутиб оладиган халқдир. Руслардаги “Старость не радость” иборасининг тагида ҳам ўзига хос маъно борки, айрим европа халқларида кексалар нафақага чиққанларидан кейин ўзларини ҳеч кимга керак эмасдай ҳис эта бошлайдиган, улар учун умрнинг охирги даврлари кескин салбий ўзгаришларни келтириб чиқаради, фарзандлари эса ўз ҳаёт ташвишлари билан баъзан ота-оналарни ҳам унутиб қўядилар. Қариялар уйларининг пайдо бўлиши ҳам кўп ҳолатларда айнан шундай ўзаро муносабатларнинг оқибатидир.
7-босқич. Оилавий циклнинг тугаши одатда турмуш ўртоқлардан бирининг ўлими билан бошланади. Эр-хотинларнинг тирик қолгани бева бўлиб қолиши муносабати билан у ҳам янгича роллар тизимига киради. Мусулмончиликда чол ёки кампир бева қолса, уни иккинчи никоҳга даъват қилиш, таклиф этиш анъана, фарзандлар учун фарз ҳисобланади. Айниқса, эркак киши бева бўлиб қолганда, фарзандларнинг бирор кампирга ёки ўрта ёшли жувонга уйланишини таклиф этиши фарз саналади. Бу Ислом дини қадриятларига ҳам мос келади. Юқорида санаб ўтилган ҳаётий тутимлар оила аъзолари ҳар бирининг хулқ-атворида, дунёқараши ва одатларида муайян ўзгаришларнинг кузатилишига, янгича роллар ўзлаштирилишига олиб келади. Ҳар бир янги босқич шахс онгида муайян кризислар, зиддиятлар билан кечадики, уларни енгиш, қийинчиликлардан яхшилик билан ўтиш инсондаги яхши фазилатларга, тарбияланганлик даражасига, сабр-қаноатига боғлиқдир. Ҳар бир босқичда ота, она ва фарзандлар, куёв-келинлар билан ўзгача муносабатлар тизими шаклланади. Масалан, бўлинмаган катта оилада оила бошлиғи – отанинг қазо қилиши тўнғич фарзандлар елкасига катта масъулиятни юклайди. Унинг оилавий ўзаро муносабатлар тизимида ўрни кескин равишда ўзгаради. Агар турли ҳаёт босқичларида оилавий турмуш тарзининг ўзгаришинини инобатга олсак, оилавий низолар ёки зиддиятлар шу муайян маънода табиий бўлиб, уни ҳар бир нормал оила бошдан кечиради. Шу боис ҳам ўзбекчиликда “рўзғор”, “турмуш” дейилиб, момоларимиз “ғор туб қўйибди”, “муш деб қўйибди”, дея оилавий ҳаётнинг ўзига хос мураккабликлари боргигига ишора қиладилар. Бундай зидддиятлар оилавий роллар кўпайганда, фарзанд туғилганда, қудалар билан муносабатлар бошланганда, айрилиқ рўй берган босқичларда айниқса сезиларли бўлади. Лекин аҳил ва мустаҳкам оилада бу зиддиятлар деярли асоратларсиз, енгиллик билан ўтиб кетади. Муаммоли оилаларда эса оиланинг катталари уларни енгиш малакаси ва тажрибасига эга бўлмай, бошқаларга сездириб қўяди, баъзан оиланинг ичидаги гап-сўзлар маҳаллага, узоқ ва яқин қариндошларгача етиб боради. Ташқаридан бўлган аралашувлар баъзан оиланинг маромини тикласа, баъзан, аксинча, унинг халоватини бузади, муаммолар чалкашиб кетади. Бу вертикал зиддиятлар, яъни, оилавий низоларга ташқаридан ота-она ва бошқа қариндошларнинг аралашуви тарзида кечади. Баъзан, катталарнинг орзу-ҳаваслари деб, ёшлар ўзларига маъқул бўлмаган ҳаёт тарзини бошдан кечиришга мажбур қилинадилар ҳам. Масалан, ёш оила алоҳида уйда мустақил яшашни хоҳлайди, лекин қайнона уларни ёнида, унинг тазйиқи остида яшашга мажбур қилади, ёки эр-хотин фарзандлари билан бирга алоҳида яшашни истайди, катталар эса уларнинг фарзандларидан бирини шаҳарнинг бошқа бир четида ёки бошқа шаҳарда яшашини талаб қилади. Момолар тарбия тарзидан норози бўлмаган келин-куёв ва уларнинг ота-оналари ўртасида низо келиб чиқиши мумкин. Бундан ташқари, ота-оналардан бири ногирон ёки узоқ муддатли хасталикка чалинган пайтларда ҳам ёш оиладагиларнинг айримларида сурункали таранглик туфайли ички ва очиқ низолар пайдо бўлиши мумкин. Бу каби майда-чуйда муаммолар ҳар бир оилада бўлади, бу табиий, уларни енгишга руҳан тайёрлик ва оила аъзоларининг бир-бирларига мурувватлиликлари оиланинг бахтли бўлишини таъминлайди. Р.Каппенберг деган олимнинг таъкидлашича, баъзан оилавий муносабатларда фавқулотда пайдо бўладиган ҳодисалар таъсирида шок-зиддиятлар пайдо бўлади. Бу одатда кутилмаганда рўй берадиган ҳолатларнинг оқибати бўлиб, оила аъзолари буни кутмайдилар. Масалан, эр-хотинларлардан бирининг хиёнати ва унинг ошкор бўлиб қолиши, ўғилнинг ноқобил бўлиб гиёҳванд моддалар истеъмол қилишини катталар билиб қолишлари, оила аъзоларидан бирининг бошқа жиноят йўлига кириб қолиши, фалокатлар ва шунга ўхшашлар оилавий муносабатларнинг тўсатдан ўзгариши, муносабатларни қайта кўриб чиқишни тақозо этади. Бунда ҳам оиладаги катталарнинг оқиллиги, маҳалланинг ҳамжиҳатлиги ижобий рол ўйнаши мумкин. Download 263.96 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling