Янги ва энг янги давр фалсафаси


Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети фалсафа факультети


Download 123 Kb.
bet7/11
Sana21.01.2023
Hajmi123 Kb.
#1107066
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   11
Bog'liq
3raqam falsafa

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети фалсафа факультети. 1922 йилда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) ижтимоий гуманитар фанлар факультетида фалсафа фанидан ўқув машғулотларининг олиб борилиши, бу борадаги дастлабки қадам бўлди.
1935 йилда биринчи «Диалектика ва тарихий материализм» кафедраси ташкил қилинди. 1944 йилда Диалектика ва тарихий материализм кафедраси таркибидан «Фалсафа» кафедраси ажралиб чиққан. Айнан "Фалсафа" кафедраси негизида 1962 йилда "Илмий коммунизм", 1967 йилда "Табиий ва гуманитар факультетлар фалсафа" кафедралари ташкил қилинган. Кафедралар таркиби миллий кадрлар билан бойиб борган.
1960 йилларда "Фалсафа" кафедрасида 45 та профессор-ўқитувчи фаолият олиб борган. Бу даврда фалсафа мутахассислиги бўйича университетнинг ўзида миллий кадрлар тайёрлаш имконияти пайдо бўлган. Профессор А.Аюпов, Ҳ.Умаров саъй ҳаракатлари билан олий таълим вазирлигида бу масалага ижобий ёндошилиб, университетнинг тарих факультетида 1963-1964 ўқув йилидан бошлаб "Фалсафа" бўлими ташкил қилинган ва унга Ҳ.Умаров раҳбар этиб тайинланган. Ўқув режаси асосида республиканинг йирик олимлари жалб қилиниб, фалсафа бўйича мутахассис кадрлар тайёрлаш жараёни бошланган.
Шу йилларда илмий ишлар ривож топиб юқори малакали кадрлар етишиб чиқа бошлаган. 1962-1967 йилларда 18 та фалсафа фанлари номзоди тайёрланган. 1962-1992 йиллар давомида гуманитар факультетлар "Фалсафа" кафедрасини бошқарган профессор А.Т.Аюпов бошчилигида доцентлар Ғ.Шоюсупова, А.И.Абдусамедов, К.С.Садыков, К.И.Иванова, И.Раҳимов, В.С.Никитченко ва бошқалар дастлаб фалсафа бўлими, кейин фалсафа факультетида миллий кадрларни тайёрлаш ишида катта рол ўйнадилар. Ўша йилларда фалсафа бўлими профессор-ўқитувчилари нафақат ўқув жараёни, балки илмий билиш соҳасида фаол иштирок қилганлар. 1974 йилда К.И.Иванованинг "Илмий билишда сабабийлик тамойили" номли монографияси, профессор Л.Е.Гарбер, А.Т.Аюпов, У.Хайдаров, Б.Тўйчиев, В.Г.Черныхларнинг "Илмий билиш мантиғи ва методлари"(1986) мавзусидаги туркум асарлари нашр қилинган.
Ўзбекистон Фанлар Академиясининг академиги Э.Ю.Юсупов, профессорлар М.В.Воҳидов, И.Р.Раҳимовлар 1980-2005 йилларда Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-маданий тараққиётининг фалсафий муаммолари бўйича илмий тадқиқот ишлари олиб бориш билан бирга, дарслик ва ўқув қўлланмалари ёзганлар, ёш кадрларни тайёрлашга ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшганлар. Шу йиллар давомида Ж.Бабаевнинг "Фалсафа асослари" ўқув қўлланмаси, Э.Юсуповнинг таҳририда "Фалсафа" (1985) дарслиги, И Рахимовнинг "Мантиқ фанидан семинар машғулотлари" (1984) ўқув қўлланмалари нашр қилинган.
Фалсафа бўлимида ўқитиладиган фанларнинг дифференциаллашуви натижасида "Мантиқ", "Фалсафа тарихи" ва "Диншунослик" кафедралари ташкил қилинган. Ўша йилларда фалсафа бўлими профессор-ўқитувчилари нафақат ўқув жараёни, балки илмий ишлар соҳасида ҳам фаол иштирок қилганлар.
Мустаҳкам пойдевор яратилгач, 1979 йилда тарих факультети таркибидан "Фалсафа, иқтисод ва психология" бўлимлари ажратилиб, учта мутахассисликни бирлаштирувчи янги "Фалсафа-иқтисод" факультети ташкил қилинган ва фалсафа фанлари номзоди, профессор Г.Ш.Шоюсупова (1979-1985) декан лавозимига тайинланди.
Бу эса ўша даврда фалсафа фанининг янада чуқур ва кенг ўрганилиши йўлидаги дадил қадам бўлди. Янги кафедралар ташкил қилиниб, фалсафани ўқитишга дифференциал ёндошув шаклланди. Шу йилларда факультетда пофессорлар: - М.Хайруллаев, М.Баратов, Л.Е. Гарбер, В.Н. Мороз, М. Нурматов ф.ф.н доцент М.Қ. Арипов, ф.ф.н. доцент М.Далиев, доцент Э.Н. Абрамян, З.Мўминова, доцент Т.М.Рамазанов, И.Р.Рамазанов, Р.Носиров, Ш.Б.Қаҳҳарова, М. Усмонов, И.Л. Турчанинов, шунингдек факультетнинг битирувчи ёшлари М. Шарипов, Б.Тўйчиев, Э.Мўминов, А.Ўтамуродов, И.Эргашев, ўриндошлик асосида профессорлар М.Н. Абдуллаева, Ҳ.Алиқулов ва бошқалар илмий педагогик фаолият олиб борганлар.
1990 йилда университетнинг янги Низоми қабул қилиниб, унинг кейинги тараққиёт йўллари, вазифалари, ҳуқуқлари, халқ ҳаётидаги мавқеи янги дунёқараш нуқтаи назаридан белгилаб олинди. Шу боис 1991 йилда факультет таркибидан "Иқтисод" бўлими ажралди ҳамда Фалсафа, социология ва психология" бўлимлари ва 9 кафедрадан иборат "Фалсафа" факультети ёшлар онгига мустақиллик мафкурасининг мазмун ва моҳиятини сингдириш, янги дунёқарашни шакллантириш йўлида фидокорона меҳнат қилдилар.
1989-2007 йилларда "Фалсафа тарихи ва мантиқ" кафедрасининг мудири лавозимида ишлаган профессор С.А.Йўлдошев кафедра аъзолари билан ҳамкорликда Шарқ ва Ғарб халқлари тарихи, Марказий Осиё халқлари фалсафаси ва ижтимоий ахлоқий қарашларини ўрганиш билан бир қаторда, мантиқ фанининг кенг қамровли ўрганилишига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келган. Покистон ва Эрон фалсафасини Ўзбекистонда чуқур ўрганилишига муносиб ҳисса қўшган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг 2000 йил 28 январдаги фармонига кўра, Тошкент Давлат университетига "Миллий" мақоми берилиши, факультет профессор ўқитувчиларига масъулият юклаши билан бир қаторда янги фаолиятга чорлади. Улар фалсафий билимларни, янгиланган тафаккур нуқтаи назаридан ёритиш бўйича фаол иш олиб бордилар.
2002 йилда янги "Фалсафа ва фан методологияси" кафедрасининг ташкил қилиниши фалсафадаги ижтимоий муаммолар билан бир қаторда, фундаментал масалаларнинг ўрганилишига кенг имкониятлар яратди. "Фалсафанинг муназарий масалалари" илмий мактабига асос солинди. Бугунги кунда ушбу мактаб тадқиқотчилари томонидан "геронтология" - "феноменология" инсоннинг индивидуал ижтимоий онгига таъсир қилувчи омиллар муаммоси, "герменевтика" - тушуниш ва тушунтириш муаммоси, қариялик муаммоси, "танаталогия" - ўлим ва барҳаётлик муаммоси, "эпистемология", "фан фалсафаси", "Ижтимоий вақт", "Синергетика", "Диалог тушуниш воситаси" каби муаммоларнинг фалсафий таҳлилига қизиқишнинг кундан кунга ортиб бориши янги авлод файласуфларининг юқори интеллектуал салоҳиятга эгалиги ва айни пайтда уларни илмга йўналтирувчи муносиб устозлар борлигидан далолат беради.
Ўтган йиллар давомида факультет битирувчилари нафақат педагогик фаолияти, балки илмий салоҳияти билан фалсафий фанлар бўйича янги ўқув адабиётларини яратиш жараёнида ҳам фаол иштирок қилдилар. И.Саифназаров муаллифлигида "Курс лекций по философии" (2001), "Илмий ижод методологияси" (2004), "Фанларнинг фалсафий масалалари" (2007), И.Раҳимов А.Ўтамуродов ҳамкорлигида "Фанларнинг фалсафий масалалари" (2005), Д.Файзихўжаева ва М.Шариповлар ҳаммуаллифлигида "Мантиқ" (2004) ўқув қўлланмалари, С.Мамашокиров таҳрири остида Falsafa (2005 лотин тилида), "Ўзбекистонда янги жамият қурилишининг ғоявий-мафкуравий масалалари" (2005), "Эркин ва фаровон ҳаёт қурилишининг ғоявий мафкуравий масалалари" (2007) ўқув қўлланмалари, Қ.Назаров таҳрири остида "Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар" (2001), "Фалсафа қомусий луғат" (2004), "Ғарб фалсафаси" (2004), "Жаҳон фалсафаси тарихидан лавҳалар" (2005), "Миллий ғоя асосий тушунча ва тамойиллари луғати" (2005), "Миллий ғоя ва раҳбар масъулияти" (2008) китоблари, якка муаллифлигида "Билиш фалсафаси" (2005), "Қадриятлар фалсафаси" (2004) ўқув қўлланмалари, Н.А.Шермухамедова муаллифлигида "Философия и методология науки" (2003) ўқув қўлланмаси, "Фалсафа ва фан методологияси" (2005), "Гносеология" (2007), Гносеология – билиш назарияси (2010) дарсликлари, А.Очилдиевнинг "Миллий ғоя ва миллатлараро муносабатлар" (2004), Маданият фалсафаси (2010), Е.Эмированинг "Методика преподавания философии" (2004), шунингдек А.Стрельцова билан ҳамкорликдаги "Введение в специальность» (2008) ўқув қўлланмаси каби қатор янги адабиётларининг нашр қилиниши факультетнинг катта илмий салоҳиятга эгалигидан далолат беради.
ЎзМУнинг 90 йиллик тарихида Фалсафа бўлимининг 45 йиллик, фалсафа факультетининг 30 йиллик фаолияти ўз ўрнига эга. Зеро, бугунги кунда янгиланган тафаккур эгалари ўзбек фалсафасининг номини дунёга танитмоқдалар. Азалий фалсафий муаммоларга янгича ёндошмоқдалар. "Устоз ва шогирд" мактабининг янги авлоди шаклланмоқда, янги илмий мактабларга асос солинмоқда. Факультетнинг 1500 мингдан ортиқ битирувчиларидан шу йиллар давомида 40 та фан докторлари ва 200 дан ортиқ фан номзодлари етишиб чиқди. 

Download 123 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   11




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling