Янгиланаётган Конституцидаги муҳим ўзгаришлар
Download 23.39 Kb.
|
Янгиланаётган Конституцидаги муҳим ўзгаришлар
- Bu sahifa navigatsiya:
- «асосий қонунимизни бугунги ҳаёт талабларига мос ҳолда янгилашни»
- «Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади»
- Суднинг қарорисиз
Янгиланаётган Конституцидаги муҳим ўзгаришлар Шавкат Мирзиёев, даставвал, конституциявий ислоҳотларнинг бугунги кундаги заруратига қисқача тўхталди. Унинг сўзларига кўра, бугунги кун ҳамда келгусида давлат ва жамиятда инсоннинг ўрни, давлат ва жамият фаолиятидаги устувор сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий ва маънавий-гуманитар тамойиллар, аҳоли фаровонлиги ҳамда жамият ва давлат тараққиётини таъминлашда конституциявий ислоҳотларнинг аҳамиятини аниқлаб олиш давр тақозоси ҳисобланади. Бу эса, ўз навбатида, «асосий қонунимизни бугунги ҳаёт талабларига мос ҳолда янгилашни» талаб этади. «Янгиланган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозим», — дея қайд этди давлат раҳбари. Президент комиссия аъзолари эътиборини айрим устувор йўналишларга қаратди. 1. Инсон ҳуқуқ-эркинликлари ва манфаатлари Шавкат Мирзиёев айрим фуқаролар томонидан ўлим жазосини тиклаш юзасидан билдирилган таклифларга муносабат билдириб, бу инсоннинг табиий ва узвий ҳуқуқи ҳисобланган яшаш ҳуқуқи кафолатларига ҳамда демократик ва инсонпарвар ғояларга зид эканлигини таъкидлади. У «Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади», деган муҳим нормани асосий қонунда акс эттиришни таклиф этди. Давлат раҳбари ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинган гумон қилинувчи шахслар ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш мақсадида «кўплаб давлатларнинг Конституция ва қонунларида ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда акс этган «Миранда қоидаси»ни қўллаш таклифини илгари сурди.Унга кўра, шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва нима сабабдан ушлангани содда тилда тушунтирилиши шарт. «Бундан ташқари, „Хабеас корпус“ институтини ривожлантириш зарур. Яъни, шахс суднинг қарорига қадар кўпи билан қирқ саккиз соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмас. Агар суд томонидан шахсни ҳибсга олиш ёки унга нисбатан бошқача турдаги озодликни чеклаш ҳақида қарор белгиланган муддатда қабул қилинмаса, бундай шахсни дарҳол озод қилиш кераклиги ҳақидаги нормани ҳам Конституцияда акс эттиришимиз зарур», — дея таъкидлади президент. Давлат раҳбарининг таклифига кўра, судланган шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари ҳуқуқлари кафолатларининг бузилишига чек қўйиш мақсадида «шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмас"лиги, «озодликдан маҳрум этилган барча шахсларга нисбатан инсоний муносабат ва уларнинг қадр-қиммати таъминланиши шарт» эканлиги Конституцияда қатъий белгилаб қўйилиши зарур. «Миллий қонунчилигимизда бажариб бўлмайдиган ёки бажариш қийин бўлган нормалар ҳам учраб туради. Аслида, қонунлар инсонга ҳеч қачон ортиқча талаб қўймаслиги керак. Ортиқча талаб, аввало, ортиқча харажат дегани. Қолаверса, бу коррупцияга йўл очади», — дея таъкидлади президент. Ўз ўрнида, бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида «маъмурий, фуқаролик, иқтисодий, жиноий жавобгарлик ва бошқа йўналишдаги ишларни кўриб чиқишда инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари — қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда шахсга имкон қадар енгиллик яратиши» лозимлиги тўғрисидаги янги нормани Конституцияга киритиш таклифини билдирди. Шунингдек, фуқароларнинг мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ёки яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқи, мамлакатдан тўсиқларсиз чиқиш ва қайтиш ҳуқуқи кафолатланиши лозимлиги қайд этилди. Бундан ташқари, шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва унинг кафолатлари Конституция даражасида мустаҳкамланиши зарур. 2. «Ўзбекистон — ижтимоий давлат» Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон — ижтимоий давлат» деган ғояни асосий қонун билан мустаҳкамлаш таклифини илгари сурди. Унинг сўзларига кўра, «инсон қадри» тушунчаси «ижтимоий давлат» тушунчаси билан чамбарчас боғлиқ. Ижтимоий давлат — ижтимоий тафовутларни камайтириш, самарали ижтимоий сиёсат олиб боришга асосланган давлат модели ҳисобланади. «Ижтимоий давлат муҳтожларга уй-жой, яшаш учун зарур бўлган истеъмол товарларининг энг кам миқдори белгилаб қўйилишини назарда тутади. У шахс ва унинг оиласи муносиб ҳаёт кечириши учун етадиган иш ҳақи, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратишни талаб қилади. Шу билан бирга, ишсизликдан ҳимояланиш, кафолатланган сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, барча учун тенг имкониятлар, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳам ижтимоий давлатнинг асосий вазифасидир», — дея тушунтирди президент. Бундан ташқари, ижтимоий давлатда аҳоли турмуши учун зарур ресурслар — ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси, транспорт ва бошқа қулайликлар яратиш, мажбурий меҳнатга чек қўйиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Давлат раҳбари аҳоли уй-жойларининг ноқонуний бузилиши ёки тортиб олиниши ҳолатларига бутунлай барҳам бериш мақсадида «фуқароларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг дахлсизлигини кафолатлаш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, муҳтож тоифаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича давлатнинг мажбуриятларини мустаҳкамлаш»ни таклиф этди. «Суднинг қарорисиз ҳеч ким уй-жойидан маҳрум қилинмаслиги керак. Иморат бузилишга тушадиган бўлса, бунинг учун бузишдан олдин унинг қийматига мос равишда компенсация тўланиши шарт. Уй-жойга ёки шахснинг бошқа мол-мулкига унинг рухсатисиз кириш, уларни кўздан кечириш ва тинтув ўтказишга фақат қонунда белгиланган ҳолат ва тартибда йўл қўйилиши Конституцияда қатъий белгиланиши даркор», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев. Президент томонидан ижтимоий давлат тамойилларига мос равишда хусусий мулк ҳимояси ҳамда тадбиркорлар ҳуқуқ ва эркинликларининг конституциявий кафолатларни кучайтириш таклиф этилди. Давлат раҳбарининг таклифига биноан, мулкдорларнинг суд қарорисиз, ўзининг розилигисиз, адолатли товон пулисиз мол-мулкидан маҳрум этилмаслигини назарда тутувчи, ривожланган давлатлар тажрибасига мос янги тартиб ишлаб чиқилиши зарур. Шу билан бирга, асосий қонунда давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқмаслик ҳамда бекор қилмаслик қоида тариқасида белгилаб қўйилиши лозим. Download 23.39 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling