«Бу мен унга йўғида орқасидан хиёнат қилмаганимни, албатта, Аллоҳ хоинларнинг макрини тўғриликка йўлламаслигини билиши учундир». (52)
Яъни, гуноҳимни эътироф қилиб, унинг пок эканини эълон этишимдан ўша одам билиб қўйсинки, мен унга орқасидан хиёнат қилмадим. Ва яна билсинки, Аллоҳ хиёнаткорларнинг макри-ҳийласини ҳеч қачон ҳидоятга бошламас.
«Ва ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка ундовчидир. Албатта, Роббим мағфиратли ва билгувчи зотдир», деди». (53)
Мен бу гапларни нафсимни оқлаш учун айтаётганим йўқ. Аслида, нафс эгасини доимо ёмонликларга ундаб туради. Магар Аллоҳ раҳм қилган зотнигина нафси ёмонликка ундамайди. Энг муҳими:
«Албатта, Роббим мағфиратли ва билгувчи зотдир».
У Ўзининг Ғофир сифати ила бандаларидан ўтган гуноҳларни мағфират қилади.
У Ўзининг Олимлик сифати ила бандалари нима қилаётганини билиб турибди.
Ҳамма томондан–ҳам қўлларини кесган хотинлар, ҳам Азизнинг хотини томонидан Юсуф алайҳиссаломнинг покликлари исбот этилганидан кейин:
«Подшоҳ: «Уни менга келтиринглар, уни ўзимга хос кишилардан қилиб оламан», деди. У билан гаплашганда эса: «Албатта, сен бугунги кунда ҳузуримизда маконатли ва ишончли кишилардансан», деди». (54)
Подшоҳга Юсуф алайҳиссаломнинг пок эканликлари маълум бўлганидан сўнг, уни қамоқдан чиқариб олиб келишни амр қилди ва у зотни ўзига хос кишилардан қилиб олишини айтди.
«Подшоҳ: «Уни менга келтиринглар, уни ўзимга хос кишилардан қилиб оламан», деди».
Юсуф алайҳиссаломни қамоқдан чиқариб олиб келганларидан сўнг, у киши билан гаплашди ва суҳбат сўнгида бу қарорини у кишига ҳам билдириб:
«Албатта, сен бугунги кунда хузуримизда маконатли ва ишончли кишилардансан», деди».
Бу янгилик олдида Юсуф алайҳиссалом бошқалар каби эсанкираб қолмадилар. Подшоҳ «ҳазрати олийларининг» оёқларига йиқилмадилар, унга мақтов сўзларини ҳам айтмадилар, ўзларига кўрсатилган юксак ишончни оқлашга ваъда ҳам бермадилар. Балки обрўларини сақлаган ҳолларида подшоҳга қараб:
Do'stlaringiz bilan baham: |