«Улар: «Эй Азиз, бунинг катта ёшли чол отаси бор. Бас, биримизни унинг ўрнига ол. Биз сени яхшилик қилувчилардан эканлигингни кўрмоқдамиз», дедилар». (78)
Боланинг қари отаси борлигини айтиб, Азизнинг раҳмини келтиришмоқчи бўлишди. Унинг ўрнига хоҳлаган бошқа биттасини олиб қолишни таклиф қилишди. Ортидан ундан доимо яхшилик кўриб келаётганларини эслаб, мақтаб ҳам қўйишди.
Уларнинг бу таклифларига жавобан:
«У: «Нарсамизни ҳузуридан топган одамдан бошқани олиб қолишимиздан Аллоҳ сақласин. Акс ҳолда, албатта, золимлардан бўлиб қоламиз», деди». (79)
Бошқа ўринларда бўлгани каби, бу сафар ҳам Юсуф алайҳиссалом нозик ибораларни ишлатиб, ҳеч кимнинг ҳаққига ножўя гап айтмадилар. «Ўғрининг» ё «айбдорнинг ўрнига» демасдан,
«нарсамизни ҳузуридан топган одамдан бошқани олиб қолишимиздан Аллоҳ сақласин», дея марҳамат қилдилар. Чунки ҳақиқатда ука ўғри ҳам, айбдор ҳам эмас эди. Юсуф алайҳиссалом шунчалик эътибор билан гапирдиларки, бирорта ҳам ҳақиқатдан узоқ сўз чиқмади.
ХУФЁНА МАСЛАҲАТ
«Ундан умидни узган чоғларида, четга чиқиб, хуфёна маслаҳат қилдилар. Катталари: «Отангиз сиздан Аллоҳ номи билан васийқа олганини ва бундан олдин Юсуф ҳақида қилган айбингизни билмайсизларми?! Мен токи отам менга изн бермагунча ёки Аллоҳ ҳукм чиқармагунча бу ердан қимирламасман. У ҳукм чиқарувчиларнинг энг яхшисидир». (80)
«Отангиз олдига қайтинглар, бас, унга: «Эй отамиз, ҳақиқатда ўғлинг ўғрилик қилди. Биз фақат ўзимиз билган нарсага гувоҳлик бердик, холос. Биз ғайбни билувчи эмас эдик». (81)
«Биз бўлган шаҳардан сўра ва у ерда биз учраган карвондан сўра, биз, албатта, ростгўйларданмиз, денглар», деди».(82)
Оға-иниларнинг каттаси бўлиб ўтган воқеадан кейин масъулиятни ҳис этди. Отаси олдига қайтиб боришга журъат қила олмади. Ака-укалар хуфёна маслаҳатлашиб олишгач, у четга чиқиб, иниларига:
«Отангиз сиздан Аллоҳ номи билан васийқа олганини ва бундан олдин Юсуф ҳақида қилган айбингизни билмайсизларми?!», деди.
Яъни, бу иш биринчиси эмас, аввал ҳам Юсуфни олиб чиқиб кетиб, унингсиз қайтган эдигиз. Энди эса, отамизга Аллоҳ номи билан қасам ичиб, ваъда берганимизга қарамай, яна унинг укасини ҳам йўқотдик.
«Мен токи, отам менга изн бермагунча ёки Аллоҳ ҳукм чиқармагунча бу ердан қимирламасман».
Яъни, отам айбимни кечиб, ҳузурига боришимга рухсат бермагунча ёки Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ҳақда бирор ҳукм чиқармагунча Мисрдан ҳеч қаерга қимирламайман. Отамга ваъда берган эдик. У рози бўлиб, ўзи рухсат берса ё Аллоҳ бир ҳукм чиқарса, юртимизга қайтишим мумкин. Ахир, Аллоҳнинг ҳукмини бажармай иложим йўқ, Чунки:
«У ҳукм чиқарувчиларнинг энг яхшисидир».
Сизлар, эй укаларим, юртимизга қайтиб боринглар ва отамизга бўлиб ўтган воқеани айтиб беринглар, деб оятда келган гапларни ўргатди. Укалари бориб унинг ўргатганларини оталарига айтдилар. Шунда:
Do'stlaringiz bilan baham: |