«У: «Жоҳиллик пайтингизда Юсуфга ва унинг инисига нима қилганларингизни биласизларми?», деди». (89)
Шунда акаларининг кўз-қулоқлари ялт этиб очилди. Кўзлари Азиз сиймосида Юсуфни кўрди, қулоқлари унинг овозини эшитди. Ва:
«Улар: «Э-э, ҳали сенн сенн Юсуфмисан?!» дедилар. У: «Мен Юсуфман, мана бу иним. Аллоҳ бизга марҳамат кўрсатди. Ҳақиқатда ким тақво ва сабр қилса, Аллоҳ, албатта, гўзал иш қилувчиларнинг ажрини зое қилмагай», деди». (90)
Юсуфнинг акалари шошиб қолдилар. Чунки улар билан анчадан бери муомала қилаётган Миср бош вазири бир вақтлар ўзлари ҳасад орқасида қудуққа ташлаб юборган укалари Юсуф бўлиб чиқишини ҳеч кутмаган эдилар.
«Улар: «Э-э, ҳали сенн сенн Юсуфмисан?!» дедилар».
Улар кўзларига ҳам, қулоқларига ҳам ишонмай, яна бир бор тасдиқлаб олмоқчи бўлдилар. Шунда Юсуф алайҳиссалом:
«Мен Юсуфман, мана бу иним. Аллоҳ бизга марҳамат кўрсатди», дедилар.
Узоқ айрилиқдан сўнг бизни учраштирди. Ҳолимизга раҳм қилди. Обрў-эътибор берди. Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Чунки:
«Ҳақиқатда, ким тақво ва сабр қилса, Аллоҳ, албатта, гўзал иш қилувчиларнинг ажрини зое қилмагай».
Биз ҳам қўлимиздан келгунча тақво ва сабр қилдик, оқибатда шу даражага эришдик, дедилар.
«Улар: «Аллоҳга қасамки, ҳақиқатда Аллоҳ сени биздан устун қилди. Биз эса, хатокорлардан бўлдик», дедилар». (91)
Оғалар бор ҳақиқатни эътироф қилдилар. Ўзларининг хато қилганларини ҳам тан олдилар. Аллоҳ таоло уларнинг қасдларию қилмишларига қарамай, укаларини ҳар нарсада устун қилиб қўйганини ҳам эътироф этдилар.
Ана шу пайтда Юсуф алайҳиссалом яна юксак одоб ва ахлоқ намунасини кўрсатдилар.
«У: «Бугунги кунда сизларни айблаш йўқ. Сизларни Аллоҳ мағфират қилгай. У раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғидир», деди». (92)
Ўтган ишга саловот. Бугун сизни биров айбламоқчи эмас, уялтирмоқчи ҳам эмас. Гуноҳларни кечирувчи Аллоҳнинг Ўзи. У энг раҳмли зот.
«Менинг мана бу кўйлагимни олиб бориб, отамнинг юзига ташлангиз, кўзи очилур. Сўнгра аҳлингиз ила жам бўлиб ҳузуримга келинглар». (93)
Юсуф алайҳиссалом акалари ила гаплашиб ҳамма нарсадан, жумладан, оталари Яъқуб алайҳиссаломнинг фарзанд фироғида йиғлаб кўзлари ожиз бўлиб қолганини ҳам билган эдилар. Шунинг учун акаларига ўзларининг бир дона кўйлакларини бериб,
«Менинг мана бу кўйлагимни олиб бориб, отамнинг юзига ташлангиз, кўзи очилур», дедилар.
Юсуф алайҳисаломнинг бу гапларидан ажабланишга ҳеч ҳожат йўқ. Аввало, Яъқуб алайҳиссалом ҳам, Юсуф алайҳиссалом ҳам Аллоҳнинг Пайғамбарлари, ораларида мўъжиза бўлиб, бир кўйлак сабабли дардга шифо етиши ғаройиб иш эмас. Иккинчидан, тажриба кўрсатадики, фарзанд доғида хасталикка чалинган мушфиқ ота-оналар фарзандларини кўрганларида ёки хабарларини эшитганларида Аллоҳ таолодан дарҳол уларга шифо етган.
Учинчидан, илмий баҳслар бу иш ҳақиқат эканини, кийимда қолган ҳид, ҳабиб инсоннинг дардига даво бўлишини тасдиқлади.
«Сўнгра аҳлингиз ила жам бўлиб ҳузуримга келинглар».
Яъни, отамнинг кўзлари очилгандан кейин ҳаммангиз аҳли аёлингиз билан биргалашиб менинг ҳузуримга, Мисрга келинглар, дедилар.
Акалар Юсуф алайҳиссаломнинг илтимосларини бажо қилишга киришдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |