«Юсуфнинг олдига кирганларида, у инисини ўзига яқин жойлаштирди ва: «Мен акангман, улар қилган нарсалардан хафа бўлма», деди». (69)
Улар Юсуф алайҳиссаломнинг ҳузурларига кирган вақтларида, у зот меҳмонларни яна яхши кутиб олдилар, иззат қилдилар. Кичик укаларини ёнларига олиб, бошқаларига билдирмай,
«Мен акангман», деб ўзларини танитдилар. Акалари олдин қилган ишлардан хафа бўлмаслигини айтиб:
«Улар қилган нарсалардан хафа бўлма», деди».
ЮСУФ ФОЙДАСИГА ҲИЙЛА
Сўнгра вақти соати келиб, меҳмонлар ўз юртларига қайтиб кетадиган бўлиб,
«Уларнинг жиҳозларини ҳозирлаган пайтда, инисининг юкига бир сув идишни солиб қўйди. Сўнгра жарчи: «Эй карвондагилар, сизлар ўғридирсизлар», деб жар солди». (70)
Яъни, Юсуф алайҳиссалом оға-иниларининг жиҳозларини ҳозирлаётган ходимларига айтиб, кичик укасининг юкига бир сув идиш қўштириб қўйдилар. Улар жўнаб кетганларидан сўнг, орқаларидан бир одам юбориб, уларни ўғриликда айблади.
«Сўнгра жарчи: «Эй карвондагилар, сизлар ўғридирсизлар», деб жар солди».
Бўлиб ўтган сирдан бехабар кетаётган карвон ортидан жарчи бақириб жар солди. Уларни ўғриликда айиблади. Карвондагилар бу гапдан таажжубда қолдилар ва:
«Улар (ортларидан келганларга) қараб: «Нима йўқотдингиз?» дедилар». (71)
Демак, карвон ортидан фақат овоз чиқариб жар солган киши эмас, бошқалар ҳам борган экан. Оға-инилар уларга қараб туриб:
«Нима йўқотдингиз?» дедилар».
Уларнинг бу гапи ўғрилик қилмаганларига ишончлари комиллигини билдириб турибди. Ўзларига ўғрилик айби қўйилаётган бўлса ҳам, «Нима йўқотдингиз?» дейишмоқда. Яъни, бир нарсани йўқотиб қўйиб, бизни ўғри қилмоқчимисизлар, демоқчи бўлишди.
«Улар: «Подшоҳнинг идишини йўқотдик. Уни келтирган кишига бир туя юк. Мен унга кафилман», деди». (72)
Яъни, хизматкорлардан бири ҳамманинг номидан юқоридаги гапларни айтди. Лекин карвондагилар ўзларининг айбсиз эканликларига ишончлари комил эди. Шунинг учун бу гапга жавоб ўлароқ:
«Улар: «Аллоҳга қасамки, ўзингиз биласиз, биз ер юзида фасод учун келган эмасмиз, биз ўғрилар бўлган эмасмиз», дедилар». (73)
Улар қасам ичдилар ва шу билан бирга ходимларга ўзларининг ким эканликларини улар ҳам билишларини эслатдилар.
Яъни, келиб-кетиб, ўзаро муомала давомида ҳукмдорлар ҳам, ходимлар ҳам оға-иниларнинг аслзода, Пайғамбарзода, ҳалол-пок киши эканликларини билган эдилар.
Ака-укалар ўзларига қўйилаётган айбга қарши ўша сифатларни ходимларнинг ёдларига солдилар.
Бу билан гўё:
«Биз ўғрилар бўлган эмасмиз», дедилар».
Яъни, биз ҳеч қачон ўғрилик қилган эмасмиз, бу амал бизга ёт, дедилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |