«Иймон келтирган ва тақво қилганлар учун, албатта, охиратдаги ажр яхшироқ бўлур». (57)
Иймонли ва тақводор кишилар қилган гўзал амаллари учун бу дунёнинг ўзидаёқ яхши-яхши ажр-мукофотларга эришадилар, аммо уларга охиратда бериладиган ажр-мукофотлар бундан ҳам яхшироқдир.
Шундай қилиб, Юсуф алайҳиссалом бошига тушган қийинчиликларга, қамоқ ва туҳматларга қарамай, гўзал амалларини қилаверганликларининг мукофоти ўлароқ, улкан мақомга эришиб, у ерда ҳам омонат билан кўпчилик манфаати йўлида хизматларини давом этдириб бордилар. Кунлардан бир кун:
ОҒА-ИНИЛАР КЕЛДИЛАР
«Юсуфнинг оға-инилари келдилар ва унинг ҳузурига кирдилар. Бас, у уларни таниди. Улар эса, уни танимадилар». (58)
Кейинги оятлардан Юсуф алайҳиссаломнинг акалари таом излаб келишгани маълум бўлади.
Етти йиллик қаҳатчилик туфайли уларнинг юрти Канъонга ҳам очарчилик етган эди. Юсуф алайҳиссаломнинг ҳусни тадбирлари ва Аллоҳ берган имконларни ишга солишлари туфайли Миср аҳли бу қаҳатчиликдан катта зарар кўрмади. Ҳатто бошқа ўлкалар улардан озиқ-овқат борасида ёрдам сўраб кела бошлади. Мисрда озиқ-овқат сероблигини эшитиб, Юсуф алайҳиссаломнинг оға-инилари ҳам шу ёққа келишди.
«Юсуфнинг оға-инилари келдилар»
Табиийки, ёрдам сўровчилар дастлаб шу ишнинг бошида турган биринчи шахс Юсуф алайҳиссаломга учрашлари лозим. Шунинг учун:
«Унинг ҳузурига кирдилар. Бас, у уларни таниди».
Чунки доим улар ҳақида сўраб-суриштириб турар эдилар. Хусусан, давлатнинг катта мансабига ўтирганларидан сўнг, бунга имконлари кўпайган бўлиши турган гап. Сўнгра Юсуф алайҳиссаломдек мақом эгаси ҳузурига узоқдан келган меҳмонларни киритишидан олдин сарой хизматчилари уларнинг кимлигини, мақсадларини, қаердан келганликларини сўраб суриштирадилар ва бу ҳақда раҳбарга хабар берадилар. Шу туфайли оға-иниларини таниш Юсуф алайҳиссалом учун қийин бўлмади.
«Улар эса, уни танимадилар».
Чунки уни қудуққа ташлаганларидан сўнг, ўлди, уни бўри еб кетди, деб эълон қилишган эди. Шу сабабли уни нафақат ўзлари, балки бошқалар ҳам унутиб юборишини хоҳлар эдилар ва унутиб юборган эдилар ҳам. Уларнинг бундан кейинги муомалалари ҳам шу ҳолатда кечади. Яъни, Юсуф алайҳиссалом ҳаммани таниб-билиб муомала қиладилар, оға-инилари эса, билмасдан.
Уларни таниб туриб, яхши қабул қилиб, меҳмондўстлик кўрсатиб, улардан ўзларига керакли маълумотларни билиб олган Юсуф алайҳиссалом:
Do'stlaringiz bilan baham: |