Жисмоний қобилиятларни ривожлантириш тамойиллари.
Ҳаракатга ўргатиш ва жисмоний қобилиятларни ривожлантириш жараёнлари, уларнинг таъсир объекти битта-жисмоний машқларни бажараётган муайян одам бўлишига қарамай, турли қонуниятларни бўйсунади. Қонуниятларнинг ўзига хослиги уларни рўёбга чиқариш учун тегишли педагогик амалларни талаб қилади: ҳаракатларга ўргатиш учун-бир хил педагогик тамойиллар, жисмоний қобилиятларни ривожлантириш учун бошқалари.
Педагогик таъсиротнинг мунтазамлиги тамойили.
Мазкур тамойил инсоннинг жисмоний қобилиятларини ривожлантириш учун жисмоний машқлар билан мунтазам шуғулланиши заруриятини кўзда тутади. Чунки қобилиятлар, аввало, ўзлари намоён бўладиган фаолият жараёнида ривожланадилар ва такомиллашадилар. Мазкур тамойил асосида шундай қонуниятлар ётадики, улар инсон организмида ҳаракат ҳамда фаолиятларнинг такрорий таъсири, ишчанлик қобилияти тикланишининг ҳар бир босқичида иш ва дам олишнинг турлича навбатлашуви қандай акс этишини, шунингдек, машғулотлар орасида ўзини оқламайдиган даражадаги узоқ муддатли танаффуслар юз берганда, қобилиятлар ривожининг қайтарилувчанлигини тавсифлайди.
Педагогик таъсиротлар натижасини ўстиришда юксалтириб бориш ва мослаштирув-адекват чегаравийлиги тамойили. Мазкур тамойил жисмоний қобилиятлар ривожланишининг босқичма-босқичлиги ва бир текисда бормаслиги қонуниятларига асосланади. Бу тамойилга кўра, жисмоний қобилиятларни такомиллаштириш жараёнида иккита, бир қарашда ўзаро зид йўналишларни уйғунлаштириш зарур бўлади.
Турли хусусиятли педагогик таъсиротларни вақт мобайнида оқилона тақсимлаш ва уйғунлаштириш тамойили
Бу тамойил бир машғулот доирасида ҳам, машғулотлар серияси доирасида ҳам катталиги ва йўналиши жиҳатидан турлича юкламаларнинг ўзаро алоқаси ҳамда навбатлашув тартибининг оқилона асосланиши, мақсадга мувофиқлигига риоя қилинишини талаб этади. Уни жорий этиш учун иш ва дам олишни навбатлаш негизида ётувчи қонуниятларни ҳамда жисмоний қобилиятларнинг «кўчиши» қонуниятларини ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга.
Мажмуали йўналишдаги юклама организмга анча кенг, аммо юзакироқ таъсир кўрсатади. Турли қобилиятларни ривожлантиришга қаратилган мажмуали йўналишдаги юкламаларни қўллашда, биринчи навбатда, қуйидагиларга эътибор бериш зарур:
1) оқилона изчилликни, яъни ҳар хил қобилиятларни ривожлантиришга кўмаклашадиган юкламаларни машғулотга киритиш тартиби ва кетма-кетлигини аниқлаб олиш;
2) юкламалар ҳажми ва шиддатининг оқилона нисбатини танлаш.
Do'stlaringiz bilan baham: |