Таъсиротларнинг мақсадга йўналтирилганлиги ва мослашув адекватлиги тамойили
Жисмоний қобилиятларнинг шаклланиши ва такомиллашуви асосида инсон организмининг ҳаракат фаолияти шароитларига узоқ муддатли мослашуви механизмлари ётади. Қобилиятларнинг изчил кучайиб боришига жавобгар бўлган орган ва тизимлардаги мослашув ўзгаришларининг фойдалилиги улар жисмоний юкламага қанчалик адекват бўлса, шунчалик юқори бўлади. Юклама туфайли организмда биокимёвий, морфологик, физиологик ва руҳий ўзгаришлар юз беради, улар муайян ривожлантирувчи таъсир кўрсатади. Жисмоний тарбия жараёнида юзага келадиган кўпгина таъсирларнинг организм томонидан изчил тарзда тўпланиши оқибатида қобилиятларнинг тадрижий, узлуксиз ўсиши таъминланади.
Педагогик таъсиротнинг ёш адекватлиги тамойили.
Бу тамойилга кўра педагог шуғулланувчиларнинг қобилиятларини шакллантиришда уларнинг ёшига мувофиқ хусусиятларни, яъни онтогенезнинг табиий равишда алмашиниб турадиган даврларини ҳисобга олиб иш кўриши зарур. Албатта бу организмдаги турли аъзо ва тизимларда қонуний тарзда кечадиган ўзгаришлар кетидан кўр-кўрона эргашишни билдирмайди. Бу ерда гап мазкур ўзгаришларни эътиборга олган ҳолда кўп йиллик машғулотлар давомида тегишли руҳий-физиологик функциялар, хусусиятларга ўз вақтида танлаб таъсир кўрсатилишини таъминлаш устида кетяпти.
Организм вояга етаётган, яъни етилаётган йилларда у ёки бу қобилиятнинг шаклланишидаги кризисли давр бошланганлигини биладиган педагог уларнинг ривожланиш даражасига мақсадга мувофиқ тарзда, самарали таъсир кўрсатиши, организмнинг яширин имкониятларидан тўла фойдаланиши мумкин. Кекса ва катта ёшлилар организмига инволюцион ўзгаришлар хос бўлиб, балки имкон қадар қобилиятлар ривожидаги ортга қайтиш ўзгаришларига қарши туриш лозим.
Жисмоний қобилиятларни ривожлантиришда ўзиб борувчи таъсиротлар тамойили
Унинг моҳияти шундаки, фойдаланиладиган педагогик таъсиротлар шахснинг шу қобилиятлари ривожланиш даражасига мувофиқ бўлиши керак. Бироқ бу мувофиқлик мутлоқ бўлмаслиги лозим.
Жисмоний қобилиятларни узлуксиз ривожлантириб туриш учун ташқи таъсирлар муайян қобилиятнинг ички ривожланишидан ўзиб бориши керак. Агар ташқи таъсирларнинг ички ривожланишлардан бирмунча ўзиб борувчи бундай мувофиқлиги бўлмаса, унда қобилиятлар ривожида тўхташ, қотиб қолиш юзага келади. Қобилиятлар ривожланишидаги турғунлик одатда, қолипга айланган усулиятнинг, ўзиб борувчи мувофиқлик тамойили амал қилмаётганлигининг, усулий йўллардан фойдаланишнинг, қобилиятлар ривожидан ортда қолишининг натижасидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |