Гидрогеологик шароитлари
Тошкент вилоятининг мураккаб литологик, тупроқ-иқлим шароитлари регионда ўта мураккаб гидрогеологик ҳолатини келтириб чиқарган. Бу ҳолат ер усти, ер ости сувлари режими ва баланси кўрсаткичларида ўз аксини топган. Ҳудудда гидрографик тармоқлар ниҳоятда нотекис тақсимланган.
Тоғ олди текислигида ва юқори IV, V қисман III қайир усти террасалар худудларида грунт сувлари сатҳи 10 метрдан-20 метр чуқурликда жойлашган бўлиб, тупроқ ҳосил қилувчи жараёнларда қатнашмайди. Айрим жойларда-қияликлар остида, суғориш даврида грунт сувлари ер юзасига яқинлашишлиги кузатилади ва тупроқларни пастки қисмларида, кўпинча 1м дан паст чуқурлигида заҳланишга олиб келади. Бу юзаки сизот сувлари (верховодка) тупроқ ҳосил қилувчи жараёнларида қатнашмайди, лекин экинларни илдизи ривожланишига салбий таъсири сезиларли.
Дарёларни III ва I-II қайри усти террасаларида грунт сувлари рельеф шароитига қараб, ер юзасига яқин, яъни 0,5-1,0метргача, баъзи жойларда эса 1,0-5,0 метргача жойлашган. Грунт сувларни чуқурлиги тупроқ ҳосил қилувчи жараёнларда қатнашган ҳолда, ўзига ҳос тупроқ генетик гуруҳларини яратади. Ер ости сувларини 0,5-1,0 м. чуқурлигида-ўтлоқи-ботқоқ ёки ботқоқ-ўтлоқи; 1,0-2,0 м ўтлоқи; 2,0-3,0 м бўз-ўтлоқи; 3,0-5,0 метрда эса, ўтлоқи-бўз тупроқ генетик гуруҳлари шаклланади. Вегетация даврида суғориш натижасида сизот сувларнинг сатҳи меъёридан 1-2 м га кўтарилиши кутилади. Мавсумий тебраниш амплитудаси рельеф шароитларига боғланиб 1,0-1,5 метрни ташкил этади. Айниқса, текисликнинг ботиқ, пастқамлик ерларида ер ости сувлари оқими деярли таъминланмаган шароитда сувда осон эрувчан тузлар миқдори ортиб, тупроқлар ва грунт сувларидаги шўрланиш типлари дастлабки, сульфатлидан, хлорид-сульфатли ва сульфатли-хлоридлига айланиб бормоқда.
Хулоса қилиб айтганда, суғориладиган ерларда мелиоратив шароитлари ёмонлашганлиги туфайли ярим гидроморф (ўтлоқи-бўз, бўз- ўтлоқи) ва гидроморф (ўтлоқи, ўтлоқи-ботқоқ) тупроқларда шўрланиш жараёнлари кузатилмоқда.
Грунт сувлари ер юзасига яқинлашиб, шўрланиш жараёнларини кучайтириб бормоқда. Уларнинг олдини олиш ва салбий жараёнларни тўхтатиш муаммоси асосий долзарб масала бўлиб қолмоқда.
|