Ўзбекистон республикаси ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қЎмитаси
Download 0.56 Mb.
|
жонибек хисобот
- Bu sahifa navigatsiya:
- 1. Чирчиқ -Оҳангарон дарёлари ҳавзаси тупроқларининг ўрганилганлик ҳолати (адабиётлар шарҳи)
Тадқиқот мақсади ва вазифалари - Тадқиқотнинг мақсади республиканинг бўз тупроқлар минтақаси Чирчиқ-Оҳанганон ҳавзаси суғориладиган ва лалми тупроқ типлари, типчалари ва фарқларида уларни генезиси, литология-геоморфологияси, тупроқ ҳосил қилувчи она жинсларини ҳисобга олингани ҳолда уларнинг кимёвий ҳолати, физик-кимёвий хоссаларини ўрганиш. Олинган маълумотлар асосида тупроқлар унумдорлиги ва уларнинг кимёвий хоссалари, гумусли ҳолати орасидаги боғлиқликни илмий асослаб бериш.
Мақсаддан келиб чиққан ҳолда қуйидаги вазифаларни амалга ошириш режалаштирилади: Ҳудудда тарқалган асосий тупроқ типлари, типчалари ва фарқларини кимёвий ҳолати, яъни кимёвий таркиби, гумус тарқалиши қонуниятлари ва физик-кимёвий хоссаларидан сингдириш сиғими, сингдирилган катионлар таркиби, адсорбция хусусиятлари ўрганилади. Асосий тупроқ типларида жойлаштирилган калит участкаларида тупроқ кимёвий таркиби, физик-кимёвий хоссалари ва асосий етиштирилаётган экинлар ҳосилдорлиги орасидаги боғлиқлик ўрганилади. Унумдорлигига доир маълумотлар олинади ва уни оширишга доир ечимлар ишлаб чиқилади. Вертикал ва горизантал минтақавийлик бўйича тарқалган асосий тупроқларда гумус пайдо бўлиши қонуниятлари аниқланади. Гумус ҳосил бўлиш жараёнини интенсивлиги (биологик фаоллиги даври) ни минтақавийликни ҳисобга олган ҳолда ўрганилади. Тупроқларнинг кимёвий холати, физик – кимёвий хоссаларини уларнинг унумдорлиги билан боғлиқлигини илмий томонлари асослаб берилади. Тупроқларунумдолиги тиклаш , сақлаш ва оширишга доир дала – тажрибавий -тадқиқот ишларини фермер хўжалиги шароитида олиб бориш. 1. Чирчиқ -Оҳангарон дарёлари ҳавзаси тупроқларининг ўрганилганлик ҳолати (адабиётлар шарҳи) Тошкент вилоятининг тупроқлари тўғрисидаги дастлабки маълумотлар географ, тупроқшунос олим С. С. Неуструев 1912 йил Чимкент уезди бўйича ўтказилган илмий текшириш ишларида ва тузилган тупроқ хариталарида қайд қилиб ўтилган. М.А. Орлов бошчилигида 1930 йилларда Ўзбекистон Республикасининг тупроқ хариталари тузилиб, унда Тошкент вилояти тупроқларига ҳам катта эътибор берилган. Тупроқшунос олимлар Г.И. Шаповалов, А. Н. Каткова 1931 йили Чирчиқ водийси тупроқ қатламини ҳар томонлама текшириб, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманларининг йирик масштабли (1;100000) харитасини тузишди. Ўзбекистон тупроқларининг тўлиқ мукаммал харитаси биринчи бўлиб 1947 йили Н. В. Богданович, Н. В Кимберг, М. Л. Панков ва С. Н. Шуваловлар томонидан тузилган. Бу харитада Тошкент вилояти тупроқларига катта эътибор берилган. Тошкент вилояти бўйича сув хўжалик тармоқларини ривожлантириш ҳамда суғорма деҳқончиликни авж олдириш учун “Ўздаверлойиҳа” илмий тадқиқот институтининг мутахасислари томонидан ирригацион-мелиоратив хариталар тузилган. Тошкент вилоятининг суғориладиган ерларида тупроқ эрозиясининг ривожланиши ва авж олиши масалаларини ҳал қилиш борасида З. Н. Антошина, М. А. Панков томонидан 1941 йил, сўнгра В. Б. Гуссак ва Х. М. Махсудовлар йирик масштабли эрозия харитасини туздилар. Пахтачиликни ривожлантириш мақсадида 1934 йиллари Тошкент вилояти МТС ларига қарашли хўжаликларнинг тупроқ хариталари Н. М. Клавдиенко, Б. В. Горбунов, М. А. Панков, С. П. Сучковлар томонидан тузиб чиқилди. Шу даврда С. А. Кудрин, А. Н. Розанов, П. Н. Беседен, М. А. Панков, С. П. Сучковлар томонидан “Далварзин” совхози ва собиқ Бутуниттифоқ пахтачилик илмий-тадқиқот институти Оққовоқ тажриба станциясининг агротупроқ хариталари тузилди. Тошкент вилояти тупроқларининг тавсифи А.З.Генусов муаллифлигида ёзилган “Ўзбекистон тупроқлари” монографиясида (III-том, 1964 й.) батафсил равишда алоҳида бўлим ҳолида ёзилган. М.А.Глазовская (1956) Пском-Угом ҳудудида ўрта баландлик тоғлари тупроқларини, жигарранг ва қўнғир тусли ўрмон тупроқларга ажратди. Қўнғир тусли ўрмон тупроқлар “ишқорсизланган, кучсиз нордон тур” тупроқлари бўлиб, унда ёнғоқ ва мевали дарахтлар ўсади. И.Т.Герасимов, Ю.А.Ливеровскийни (1947) кўрсатишича, қўнғир тусли тоғ-ўрмон тупроқ кесими тузилиши бир қанча ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, жигарранг типик тупроқлардан қўнғир тусли тоғ-ўрмон тупроқлар гумусли қатлам қалинлиги ва органик модда миқдори билан фарқланади 1959 йили республика тупроқ экспедицияси тузилиб, кейинчалик бу ташкилот “Ўздаверлойиҳа” институтининг ер кадастри филиалига айлантирилди. Бу ташкилотнинг тупроқшунос мутахасислари томонидан ўтган 50-60 йил мобайнида суғориладиган ерларнинг 1:10000 масштабли хўжаликлар тупроқ хариталари тузиб чиқилди. “Ўздаверлойиҳа” институти тупроқшунослари томонидан суғорма ерларнинг тупроқ хариталари 1970 йили тузилиб, чоп этилди. Тошкент вилоятидаги суғориладиган тупроқлар минтақаси шу ташкилот ходимлари томонидан 1970-1990 йиллар мобайнида уч марта қайта таҳлил қилиниб, иқтисодий баҳосини бериб чиқдилар. Сўнгги 2007-2008 йилларда “Ўздаверлойиҳа” ҳамда Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот давлат институтининг илмий ходимлари томонидан Тошкент вилоятидаги барча турдаги хўжаликлари ерларининг балл бонитети тупроқ харитасини ва иқтисодий баҳосини ишлаб чиқишга доир ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон Миллий Университети биология-тупроқшунослик факультети Тупроқшунослик кафедраси ўқитувчи, талаба ва аспирант, илмий ходимлари томонидан Х.А.Абдуллаев бошчилигида 1970-1980 йиллари Бўка тумани хўжаликларининг тупроқлари текширилиб, улар асосида жамоа ва давлат хўжаликлари учун тупроқ хариталрини тузиб, фойдаланишга топширилди. Тошкент Аграр Университети тупроқшунослик кафедрасининг ўқитувчилари А. М. Расулов ва В. М. Мукольянц Тошкент вилояти гидроморф тупроқларининг сув, физик ва физик-кимёвий хусусиятларини ўргандилар. Вилоят ва туман агрокимё лабораториясининг илмий ходимлари эса жамоа ва давлат хўжалиги тупроқлари гумуси, азот, фосфор, калий каби озиқа моддалари хаританомаларини мукаммал ўрганиб чиқдилар. Тупроқ таркибидаги микроэлементлар Е. К. Круглова (1963), С. Х. Деҳқонхўжаева, М. М. Алиева (1981) томонидан анча батафсил текширилиб, хариталар тузилди. Тошкент вилояти тупроқларининг биокимёвий ва микробиологик таркибини М. У. Абдужалолова 1964-1965 йилларда текширди. Тупроқнинг физик-механик хоссалари С. Н. Рижов, М. У. Умаров, Н. З. Зуҳуров, Н. И. Зимина, Н. Ф. Беспалов томонидан ҳар тарафлама ўрганилди. Тошкент вилояти тупроқларининг агрокимёвий, физикавий-кимёвий ва минералогик таркибин Тупроқшунослик ва агрокимё институти, Ўзбекистон пахтачилик институтининг илмий ходимлари томонидан анча мукаммал текширилган. Тошкент вилояти тупроқларининг микроморфологик тузилиши ва минералогик таркибини Х. Х. Турсунов, К. П. Сингх, Ким Си Чун ва бошқа олимлар текширганлар. Кейинги пайтларда Тошкент вилоятидаги суғориладиган тупроқларнинг оғир металлар, пестицидлар билан ифлосланиши ва уларнинг экологик аҳволига таъсирини Х.Ҳ.Турсунов бошчилигидаги бир гуруҳ ходимлар илмий-амалий изланишларни олиб бормоқда. Тошкент вилояти оч тусли, типик, тўқ тусли бўз тупроқлари механик фракцияларининг кимёвий, физик-кимёвий хоссалари, минералогик таркиби С.Н. Рыжов, Н.Н. Асланов(1969), С.Н. Рыжов, М.М. Тошқўзиев(1976)лар томонидан ўрганилган. Суғориладиган типик бўз тупроқларнинг гумуси, гумусни гуруҳий ва фракциявий таркибига доир кенг қамровли маълумотлар И.А. Зиамухамедов, С.Н. Рыжов(1975), М.М. Тошқўзиев(1973, 1996, 2006)лар томонидан келтирилган. Аллювиал ва пролювиал ётқизиқлар тўртламчи даврда ҳосил бўлиб, ерларнинг устки қатламини соз ва созсимон (лесс ва лессимон) ётқизиқлар ташкил қилади. Бу ётқизиқларнинг генезиси, хосса ва хусусиятлари, таркиби ва таснифини Л.С.Берг (1932), В.А.Обручев (1948), Ю.А.Скворцов (1957), Г.А.Мавлонов (1958) ва бошқа тадқиқотчилар ўз асарларида ёритиб берганлар. Н.Т.Муравьева (1960) малумотига кўра, гидроморф тупроқларда ўсимлик қолдиқлари жадал суръатларда чириб кетиши билан характерланади. Шу сабабли гидроморф тупроқларда бўз тупроқларга нисбатан гумус тўпланиши юқори. А.А.Моторный (1967), К.Усмонов (1973) типик бўз тупроқлар ҳудудида юқори сув оқимининг ҳосил бўлиши ва донли экинлар тагидаги тупроқнинг ювилиши қонуниятини ўрганди. Амалиётлар натижалари Тошкент вилояти типик бўз тупроқларида қияликка горизонтал ҳолатда экиш ва қияликни экспозициясини ҳисобга олиш каби оддий агротехник тадбир донли экинлар ҳосилдорлигини 20-30% га оширган. Изланишлар асосида самарали агротехник тадбир ишлаб чиқдилар А.А.Моторный (1967), К.Усмонов (1973) типик бўз тупроқлар ҳудудида юқори сув оқимининг ҳосил бўлиши ва донли экинлар тагидаги тупроқнинг ювилиши қонуниятини ўрганди. Амалиётлар натижалари Тошкент вилояти типик бўз тупроқларида қияликка горизонтал ҳолатда экиш ва қияликни экспозициясини ҳисобга олиш каби оддий агротехник тадбир донли экинлар ҳосилдорлигини 20-30% га оширган. Изланишлар асосида самарали агротехник тадбир ишлаб чиқдилар Ўзбекистон Республикасида тупроқ эрозиясини ўрганиш 30- йилларда бошланган. Ўзбекистонда тупроқ эрозияси, уни ҳосил бўлиш сабаблари, эрозияланган тупроқ хоссалари, уларнинг тарқалишини (изланиш жойи катта бўлмаган майдонлар мисолида) ўрганиш каби биринчи ишлар қаторига Л.Т.Земляницкий, М.А.Панков ва З.Н.Антошина (1941, 1942)ларнинг илмий изланишлари киради. Бўз, жигарранг ва тоғ-ўрмон қўнғир тупроқлари вертикал зоналлик тупроқларига киришини кўрсатганлар. М.А.Панков, З.Н.Антошина (1942) Чотқол ва Каржантоғ тоғ тизмаларидаги ҳар хил даражада эрозияланган ва эрозия натижасида оқиб йиғилиб тўпланган тупроқларни физик ва агрокимёвий хоссаларини ўрганиб шуни аниқладилар: тоғли ҳудуд учун яйловларда молларни тартибсиз боқиш, асосан лалмикор ерларни нотўғри ҳайдаш оқибатида ҳамма қияликларда ва ҳамма тупроқ типларида эрозия жараёнини кескин ўсиши характерлидир. Илмий изланишлар асосида М.А.Панков Ўзбекистон учун биринчи бўлиб тупроқни эрозияланиш даражаси бўйича таснифини ишлаб чиқди. Кейинчалик С.В.Камаев (1958) М.А.Панков таснифини ривожлан-тирди ва эрозияга учраган ҳамда эрозия натижасида йиғилиб тўпланган типик бўз тупроқлар учун ўз таснифини таклиф этди ва эрозияга учраган тупроқларни аниқ тавсифлади. Уни таснифи бўйича: гумусли АҚВ қатлам қалинлиги эрозия натижасида оқиб йиғилиб тўпланган тупроқларда 30-60 см, кучсиз эрозияланганида – 40 см, ўртача эрозияланганида ҳайдалма қатлам В1 қатлам қолдиқларини, кучли эрозияланганида - С қатлам қолдиқларини, жуда кучли эрозияланган тупроқларда эса С қатлам (ёки В2)ни ташкил қилади. Эрозияланган бўз тупроқларни А+В қатлам қалинлигида кучсиз эрозияланган бўз тупроқларда гумус заҳираси 30 % га, ўртача эрозияланганида 50% га, кучли эрозияланганида – 2,5 баробар, жуда кучли эрозияланганида эса 10 баробар (эрозияланмаган ва ювилиш натижасида йиғилиб тўпланган тупроқларга нисбатан) камаяди. Ҳаракатчан азот ва фосфор заҳиралари ҳам гумус заҳирасига тўғридан-тўғри боғлиқдир. Эрозия даражаси ошиши билан тупроқ юқори қатламларида карбонатлар, кейин гипс миқдори ортади, енгил фракцияларнинг ювилиши ҳисобига тупроқнинг механик таркиби енгиллашади, микроагрегатлик ва ҳажм оғирлиги ортади, сув сингдириш хусусияти камаяди. Республика бўз тупроқлари, шу жумладан Тошкент вилояти тупроқларининг эрозия билан боғлиқ хосса-хусусиятлари Х.М. Махсудов(1981) томонидан кенг ўрганилган. Х.М.Махсудов (1989) маълумотларига асосан, тупроқларда эрозия жараёнларини ривожланишига ён бағирларни узунлиги ва шакли катта таъсир кўрсатади, чунки сувни миқдори ва оқим тезлиги қияликнинг қавариқлиги ва ўнқир чўнқирлигига боғлиқ. Қиялик даражаси 3,5 дан 50 гача ва қиялик узунлиги 30 метрдан 80 метргача ортган сувни лойқаланиши 3,5 баробар кўпайган, қиялик яна 1,50 га, узунлик 40 м га узайганда сувнинг лойқалиги 1,5 баробарга ошган. И.Туропов, А.Султонов тадқиқотларида (1979) жигарранг тупроқларда 00 С дан паст ҳарорат 145 кун давом этган, 120 см ли қатламгача музлаган, тўқ тусли бўз тупроқларда бу ҳарорат эса 20 кун давом этган ва 10 см ли қатлам музлаган. Бу ҳолат шимолий экспозицияларда ва жигарранг ишқорсизланган тупроқларда карбонат-ларнинг пастки қатламларгача ювилишига сабаб бўлганлигини аниқланган. Чирчиқ-Ангрен дарёлари оралиғида тарқалган эрозияга учраган қўриқ ва лалми бўз тупроқларнинг сув ва иссиқлик режими Н. Отахонов (1980) томонидан ўрганилган. Бунда қияликнинг турли экспозицияси бўйича тупроқларни эрозияга учраганлигини ҳисобга олиб калит участкаларида 7 та тупроқ кесмаси жойлаштирилиб, уларнинг кимёвий хоссалардан умумий гумус, азот, фосфор ва карбонатлар ва сувда эрийдиган тузлар миқдори аниқланган. Физик хоссаларидан ҳажм массаси, солиштирма массаси, ғоваклик, механик таркиби аниқланган. Шу танланган калит участкаларида эрозияга учраганлиги, қиялик экспозициясини ҳисобга олган ҳолда қўриқ ва лалми типик бўз тупроқларнинг иссиқлик ва сув режими, уларнинг ишлаб чиқариш қобилиятига доир маълумотлар келтирилган. А.Назаров (1987) Тошкент вилоятидаги “Чотқол тоғ-ўрмон давлат қўриқхонаси” тупроқ қопламини ўрганиб, қўриқхона тупроқ қопламини структураси тўғридан тўғри рельеф таснифига, қиялик экспозициясига, тупроқ ҳосил қилувчи она жинс таркибига, ўсимлик ҳолатига боғлиқ бўлиб, бу ерда жигарранг тупроқ типи ва бошқа ҳар хил типчаларини шаклланишига шароит яратган, деган хулосага келган. Кейинчалик у ўрганилган тупроқларнинг механик таркиби енгил ва ўрта қумоқ, механик таркибида чанг фракциялари устунлик қилиб, қайсики тупроқ ҳосил қилувчи жинсларнинг кучсиз нурашидан дарак беради. Чирчиқ дарёси воҳасида тарқалган суғориладиган автоморф ва гидроморф тупроқларнинг минералогик таркиби ва айрим физик-кимёвий хоссалари А.Н.Фелициант (1994) томонидан ўрганилган. Бунда Чирчиқ дарёсининг чап ва ўнг қирғоғини юқори, ўрта ва қуйи қисмида 11 та тупроқ кесмаси жойлаштирилиб, тадқиқотлар бўз-ваҳо, суғориладиган ботқоқ-ўтлоқи, воҳа ботқоқ-ўтлоқи, ваҳо ботқоқ-ўтлоқи-соз, суғориладиган ўтлоқи, воҳа-ўтлоқи тупроқ типларида олиб борилган. Уларда ил заррачалари ажратилиб, минералогик таркиби, тупроқ ва ил заррачаларда янги кимёвий таркиб, физик-кимёвий хоссаларидан фақат сингдириш сиғими ҳамда максимал гигроскопик нимлик аниқланилган ва изланишлар асосида тупроқлар типлари ва ўзлаштирилганига боғлиқ ҳолда илмий хулосаларга келинган. Раимбаева (2000й) лёсс ва неоген ётқизиқларида шаклланган қўриқ,лалми ва суғориладиган типик тупроқлардаги микроэлементлар миқдори ва таркиби, ферментлар фаоллиги турлича эканлигини аниқлаган. Бу кўп жиҳатдан тупроқ юзасидаги ўсимликлар қопламига, гумус миқдорининг камлигига, механик таркибининг оғирлигига, муҳитнинг ишқорийлигига, тупроқ зичлигининг юқорилигига боғлиқ. Лёсс ва неоген ётқизиқларида шаклланган қўриқ ва суғориладиган типик бўз тупроқлардаги микроэлементлар таркиби ва миқдорини, микроэлементлар миқдорига ва таркибига эрозия жараёнларининг таъсирини,микроэлементларнинг ферментлар билан ўзаро боғлиқлигини,тупроқдаги уреаза ва протеаза ферментлари фаоллигини, қўриқ ва суғориладиган типик бўз тупроқлардаги уреаза ва протеаза ферментларига эрозиянинг таъсирини, турли экинлар тури, минерал, органик ва микроўғитлар таьсирини, йил фаслларига қараб турлича миқдорда бўлишини аниқлаган. Тошкент воҳаси тупроқларида микроэлементлар ва металорганик бирикмалар О.Р. Козак (2001) томонидан ўрганилган. Унда типик бўз тупроқлар минтақасида қўриқ ва қадимдан суғориладаган типик бўз тупроқлар, ўтлоқи аллювиал ва ботқоқ-ўтлоқи тупроқларда суғоришни, ўғитлар қўллаш ва агрофонни бир қатор микроэлементлар (марганец, мис, рух, кадмий) миқдори ва уларни гумус миқдорлари таркибида учрашига доир маълумотлар келтирилган. Изланишлар 6 та тупроқ кесмаси ва Пахтачилик институти тажриба даласидаги турли агрофон тупроқларида олиб борилган. Бунда асосан турли типдаги, турли аграфондаги тупроқлар органик қисми ва юқорида келтирилган микроэлементлар таркиби билан боғлиқлиги ўрганилиб, маълумотлар асосида тегишли хулосаларга келинган. А.З.Генусов (1964) Чотқол-Қурама тоғи тупроқларини ўрганиб жигг тупроқдан қуйидаги тупроқ типчаларини ажратди: Кучсиз ишқорсизланган жигарранг тупроқлар; Типик жигарранг тупроқлар; Эрозияланган карбонатли жигарранг тупроқлар; Кучли ишқорсизланган жигарранг тупроқлар. Типчага ажратиш чегараси қилиб кесмани карбонатдан ишқорсизланган қисми қабул қилинди, бу билан умумиқлим фарқи, тупроқни баландликда жойлашиши, ҳамда экспозиция, рельеф ва бошқа омиллар таъсири кўринади. Бизга маълумки, Ўзбекистоннинг суғориладиган ерларининг умумий майдонининг 56,7 % ини гидроморф тупроқлар эгаллайди, жумладан бўз тупроқлар орасида гидроморф тупроқлар улишига 24,6 % тўғри келади. Кенг майдонларга тарқалишига қарамай, гидроморф тупроқлар кам ўрганилган. А.З.Генусов (1964) таъкидлашича республика ҳудудида гидроморф тупроқлар асосан Чирчиқнинг иккинчи террасаларига қаратилган ва улар устки мелкоземнинг кичикроқ қатлами билан ёпилган. Йирик қалинликдаги тош шағал ётқизиқлардан ташкил топган. Чирчиқ дарёси бўйида йирик торф ботқоқлари бўлган. Улардаги торфнинг қалинлиги 2-3 метр ва ундан кўп бўлган тупроқнинг ботқоқлигидан дарак берувчи глейли горизонтлар бир қатор барча чуқурликларда учрайди. Чирчиқ бўйидаги тупроқларнинг ботқоқланиши алоҳида депрессияларда учрайди. Чирчиқ бўйидаги грунт сувлари енгил минераллашган, яхши оқими бор ва уларнинг устки қатламига яқинлашуви тупроқнинг шўрланишига йўл қўймайди. М.М.Тошқўзиев (1989) маълумотларига кўра Оқ қовоқ тажриба хўжалигида қадимдан суғориладигантипик бўз тупроқларда ғўза-беда алмашлаб экиш бўйича олиб борилган кўп йиллик тажриба (1928) майдонларида гумусни миқдорини 55 йил давомида ўзгариши қуйидагича бўлди: ўғит қўлланилмаган (назорат) вариантларида доимо ғўза экилганда гумус миқдори 39,4% га, азот эса 29% га камайди. Гумуснинг камайиши дастлабки 10 йилда 10% ни, 30 йилда 25% ни ташкил этди ва сўнги йилларда бу жараён бироз секинлашди. Шунингдек Л. Турсунов, И. Анарбаев, Ш. Мингбоев(2010)лар томонидан шу ҳудудда тарқалган аллювиал тупроқларнинг гензиси, физик-механик хусусиятларига доир кенг қамровли тадқиқотлар олиб борганлар. Юқорида келтирилган маълумотларга кўра; Чирчиқ-Оҳангарон дарёлари воҳаси, Тошкент вилояти тупроқларининг физикавий, кимёвий хоссалари, айрим физик-кимёвий хоссалари, улардаги микроэлемент шакллари ва микроэлементларни органик қисмида тарқалиши, ил заррачалари минералогик таркиби, шунингдек лалми типик бўз тупроқларнинг иссиқлик ва сув режими ўрганилган. Аммо Чирчиқ-Охангарон дарёлари ҳавзасида тарқалган қўриқ, лалми, суғориладиган тупроқларни барча тип ва типчаларини қамраб олингани ҳолда ҳамда шу тупроқ фарқларида ажратиб олинган калит участкалари тупроқларида уларнинг кимёвий ҳолати (гумус, азот, фосфор, калий, карбанатларни тарқалиши, гумусни таркиби ва бошқалар), айрим физик-кимёвий хоссалари (сингдириш сиғими, сингдирилган катионлар таркиби, адсорбция хусусиятлари) ва шу тупроқларда гумус ҳосил бўлишига доир бир мақсадга йўналтирилган, барча масалаларни қамраб олинадиган янги маълумотлар йўқлиги шундай тадқиқотларни бажаришга асос бўлади. Download 0.56 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling