Эсда тутинг! Мудофаа деганда, Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилишни таъминлашнинг сиёсий, иқтисодий, ҳарбий, ижтимоий-ҳуқуқий, ахборот, ташкилий ва бошқа тадбирлари мажмуи тушунилади.
Мамлакатимизда Мудофаага ва Қуролли Кучларга раҳбарликни Қуролли Кучлар Олий бош қўмондони амалга оширади. Конституциянинг 39-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Олий Бош қўмондони ҳисобланади.
Уруш даврида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири бир пайтнинг ўзида Қуролли Кучлар Олий бош қўмондони ўринбосари ҳисобланади.
Қуролли Кучларнинг кундалик фаолиятига раҳбарликни ўз бўйсунувида Қуролли Кучларнинг таркибига кирадиган ҳарбий тузилмалари бўлган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг раҳбарлари амалга оширадилар.
Қуролли Кучлар олдига қўйилган вазифаларни бажариш юзасидан уларга тезкор раҳбарликни Қуролли Кучлар Бош штабининг бошлиғи амалга оширади.
11-БОБ. КОНСТИТУЦИЯГА ЎЗГАРТИРИШ КИРИТИШ ВА ТУЗАТИШАР КИРИТИШ ТАРТИБИ.
44-§. Конституцияга ўзгартириш киритиш ва тузатишар киритиш тартиби.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бошқа қонунларга ўзгартириш киритиша қараганда бирмунча фарқ қилади. Конституция Асосий қонун сифатида халқнинг иродасини ифодалайдиган энг олий ҳужжат ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиришлар қуйидаги икки шаклда амалга оширилади:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги томонидан қабул қилинган қонун орқали;
Ўзбекистон Республикасининг референдуми орқали.
Одатда Конституцияга ўзгартиришлар ҳамда тузатишлар киритиш кенг кўламли муҳокамалар, чуқур ўрганишлар асосида жамоатчиликнинг фикри, олимлар ва турли мутахассисларнинг хулосалари асосида амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси тегишли таклиф киритилгандан кейин олти ой мобайнида Конституцияга ўзгартиришлар ҳамда тузатишлар киритиш тўғрисида кенг ва ҳар тарафлама муҳокамани ҳисобга олган ҳолда қонун қабул қилиши мумкин. Агар Олий Мажлис Конституцияга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги таклифни рад этса, таклиф бир йил ўтгандан кейингина қайта киритилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |