Ўзбекистон республикаси ички ишлар вазирлиги академияси
-§. Конституциявий тузум ва унинг принциплари
Download 2.15 Mb.
|
Ҳуқуқшунослик
- Bu sahifa navigatsiya:
- Эсда тутинг! Конституциявий тузумнинг принциплари
5-§. Конституциявий тузум ва унинг принциплари.
Конституциявий тузум шахс, жамият ва давлат ўртасидаги конституциявий-ҳуқуқий муносабатларнинг энг умумий ва устувор принципларини ифодалайди. Мазкур принциплар конституциянинг бутун тузилиши ва конституцивий ҳуқуқнинг энг устувор қоидаларини белгилаб беради. Шу билан бирга конституциявий тузум конституциявий ҳуқуқнинг энг йирик институтларидан бири сифатида ҳам тушунилади. Эсда тутинг! Конституциявий тузумнинг принциплари конституция билан белгилаб қўйилган, шахс, жамият ва давлат ўртасидаги энг муҳим муносабатларни, давлатнинг сиёсий режимини, суверенитетини, ташқи сиёсатини белгилаб берадиган қоидалар ҳисобланади. Ўзбекистон Репсубликаси Конституциясининг биринчи бўлимида конституциявий тузумнинг принциплари белгилаб қўйилган бўлиб уларга қуйидагилар киради: давлат суверенитети; халқ ҳокимиятчилиги; конституция ва қонуннинг устунлиги; ташқи сиёсат. Давлат суверенитети – давлатнинг ўз ички ва ташқи сиёсатини ўзи мустақил амалга оширишини англатади. Ўзбекистон Республикаси конституциясининг биринчи бобида давлат суверенитетининг асосий белгилари сифатида қуйдагилар белгилаб қўйилган: давлатнинг «Ўзбекистон Республикаси» ва «Ўзбекистон» деган номлари бир маънони англатиши – ҳар қандай давлатнинг ўз расмий номи бўлиши лозим. Шу жумладан, суверен давлатлар ҳам ўзининг расмий номи билан аталиши ва халқаро муносабатларда ўз номи билан иштирок этиши зарур; давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул экалиги – давлат ҳокимияти халқ манфаатларига хизмат қилиши ва уларнинг хоҳиш-истакларини ифодалаши зарур; Ўзбекистон Республикаси ўзининг миллий-давлат ва маъмурий-ҳудудий тузилишини, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг тизимини белгилайди, ички ва ташқи сиёсатини амалга ошириши – давлат суверенитетининг энг муҳим белгилардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга Ўзбекистоннинг давлат чегараси ва ҳудуди дахлсиз ва бўлинмаслиги, давлат тили (ўзбек тили)нинг мавжудлиги, қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзларига эгалиги ҳам унинг суверен давлат эканлигини англатади. Халқ ҳокимиятчилиги – суверен демократик давлатнинг энг муҳим белгисидир. Ўзбекистон Республикасида халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи ҳисобланади, яъни давлат ҳокимияти фақат ва фақат халқ томонидан шакллантирилади. Ҳокимият авлоддан-авлодга мерос бўлиб ўтмайди. Давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилади. Давлат ҳокимиятини шакллантириш Конституция ва қонунлар асосида белгилаб қўйилади. Конституцияда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш, ҳокимият идоралари фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш, ҳокимиятнинг янги ва параллел таркибларини тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортишга асос бўлади. Ўзбекистон халқи. Ўзбекистон кўпмиллатли давлат ҳисобланади. Асрлар давомида бу миллатлар ягона оила сингари ҳамжиҳатликда бирга яшаб келмоқдалар. Ўзбекистонда барча миллатлар тенг ҳисобланади ва Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади. Халқ хокимиятчилиги, унинг иродаси тўғридан-тўғри шаклда ҳам амалга оширилиши мумкин. Бунда жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилади, умумий овозга, яъни референдумга қўйилади. Шу билан бирга Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Республика Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкин. Жамиятнинг бирон-бир қисми, сиёсий партия, жамоат бирлашмаси, ижтимоий ҳаракат ёки алоҳида шахс Ўзбекистон халқи номидан иш олиб боришга ҳақли эмас. Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади. Бу эса ҳокимиятнинг бир шахс қўлида тўпланиб қолмаслигига ҳамда давлат ҳокимият органларини ўзаро бир-бирини назорат қилиш ва тийиб туришга имкон беради. Демократиянинг яна бир муҳим шартларидан бири фикрлар хилма-хиллиги ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас. Халқ ҳокимиятчилиги инсон ва унинг манфаатлари учун хизмат қилиш шарт. Демократиянинг асл моҳияти ва шарти ҳам аслида шу. Агарда инсон ва унинг манфаатлари биринчи ўринга қўйилмас ва амалда таъминмас экан унда демкоратия ҳақида сўз юритиш ҳам ноўрин ҳисобаланади. Шу сабабли Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади ҳамда улар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади. Конституция ва қонуннинг устунлиги – шахс, жамият ва давлат ҳаётида қонунийликни таъминлашга қаратилган бўлиб, унда ҳуқуқий муносабатлар Конституция ва қонунларга асосланишини, Конституция ва қонунлар эса инсон манфаатларига асосланиши керак. Ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамиятида қонун устувор бўлиши лозим. Қонун устуворлиги шунчаки тартиб-интизом ва барчанинг қонунга итоат этишини англатмайди. Бунда қонунлар шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини, давлат ва жамият манфаатларини, халқнинг иродасини ҳамда адолатни ўзида ифодалайди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар. Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас. Бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас. Ташқи сиёсат – ҳар бир давлат нафақат ички муносабатларда, ўз ички сиёсатини белгилаш ва уни амалга оширишда, балки халқаро муносабатларда ҳам мустақил бўлиши зарур. Бугун Ўзбекистонни дунё давлатлари ҳамда энг нуфузли халқаро ташкилотлар мустақил суверен давлат, салоҳиятли ҳамкор деб билади. Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатида ўз ташқи сиёсатини қуйидаги принциплар асосида амалга оширади: давлатларнинг суверен тенглиги – барча давлатлар тенг кўрилади ва уларнинг барчаси билан бир хил очиқ мулоқот ва ҳамкорлик амалга оширилади куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик – Ўзбекистон халқаро муносабатларда ҳеч бир давлат ёки халқаро ташкилотга куч ишлатмайди ва куч ишлатиш билан таҳдид қилмайди; чегараларнинг дахлсизлиги – давлат чегаралари дахлсиз ҳисобланиб, у қўриқланади. Давлат чегараларини ноқонуний кесиб ёки бузиб ўтишга йўл қўйилмайди. Шунингдек, бошқа давлатларнинг давлат чегаралари дахлсизлиги ҳурмат қилинади; низоларни тинч йўл билан ҳал этиш – халқаро ёки давлатлараро низолар фақат дипломатик воситалар орқали музокаралар воситасида ҳал этилади; бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик – бошқа давлатларнинг ички сиёсатига ҳар қандай йўл билан таъсир этилмайди, уларнинг ички сиёсатини ўзгартиришга қаратилган ҳаракатлар амалга оширилмайди ҳамда давлат суверенитети ҳурмат қилинади. Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тўлақонли субъекти сифатида иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ва улардан ажралиб чиқиши мумкин. Фақат бунда давлатнинг, халқнинг олий манфаатлари, фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш асосий мезон бўлиб ҳисобланади. Download 2.15 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling