2-§. Конституциявий-ҳуқуқий муносабатлар ва уларнинг субъектлари.
Конституциявий ҳуқуқий муносабатлар конституция ва унинг ижросини таъминлаш учун қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Конституциявий ҳуқуқий-муносабатлар ўз мазмуни ҳамда унда иштирок этадиган субъектлар таркибига кўра жудаям хилма-хил бўлади. Масалан, шахс ва давлат ўртасидаги муносабатлар, давлат ва жамият ўртасидаги муносабатлар, муайян шахслар ва давлат ўртасидаги муносабатлар ёки сайлов жараёнидаги муносабатлар, фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчларига оид муносабатлар, давлат органларини шакллантиришга оид муносабатлар шулар жумласидандир.
Конституциявий-ҳуқуқий муносабатлар шахс, жамият ва давлат ҳаётидаги энг муҳим муносабатларни тартибга солади. Хусусан, конституциявий тузумнинг асосий принциплари, фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинлари, уларнинг кафолатлари ҳамда бурчлари, фуқаролик жамияти институтлари, давлатнинг маъмурий-ҳудудий тузилиши, давлат ҳокитияти органларининг ваколатлари ва уларни шакллантириш кабилар шулар жумласидандир.
Конституциявий-ҳуқуқий муносабатлар қуйидаги хусусиятлари билан бошқа турдаги ҳуқуқий муносабатлардан ажралиб туради:
биринчидан, улар конституциявий ҳуқуқ мавзуини ташкил қилувчи алоҳида соҳада вужудга келади;
иккинчидан, ўз субъектларининг таркиби билан фарқланади. Хусусан, конституциявий-ҳуқуқий муносабат субъектлари орасида шундайлари борки, уларни бошқа турдаги ҳуқуқий муносабатларда учратмаймиз (масалан, халқ, миллатлар, сиёсий партиялар, сайловчилар ва ҳоказо);
учинчидан, конституциявий ҳуқуқ бошқа ҳуқуқ соҳаларидан серқирралиги, турли-туман ҳуқуқий муносабатларни қамраб олганлиги билан ажралиб туради;
тўртинчидан, конституциявий-ҳуқуқий муносабатлар аксарият ҳолларда сиёсий муносабатлар ва алоқаларнинг махсус юридик шакли сифатида майдонга чиқади;
бешинчидан, конституциявий-ҳуқуқий муносабатлар жамиятда сиёсий ва давлат ҳокимияти соҳасидаги алоқаларни тартибга солишнинг ҳуқуқий шакли ҳамда асосини ташкил этади1.
Do'stlaringiz bilan baham: |