Ўзбекистон республикаси ички ишлар вазирлиги академияси


-§. Конституциявий ҳуқуқ манбалари ва тизими


Download 2.15 Mb.
bet68/231
Sana22.07.2023
Hajmi2.15 Mb.
#1661746
1   ...   64   65   66   67   68   69   70   71   ...   231
Bog'liq
Ҳуқуқшунослик

4-§. Конституциявий ҳуқуқ манбалари ва тизими.

Ҳар бир ҳуқуқ соҳаси сингари конституциявий ҳуқуқнинг ҳам ўз манбалари мавжуд. Конституциявий ҳуқуқ манбалари конституциявий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи нормаларни ўзида акс эттирган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ва миллий ҳуқуқ тизимига кирувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳисобланади. Шу билан бирга айрим давлатларда суд прецедентлари ҳам конституциявий ҳуқуқ манбаалари ҳисобланади.


Ўзбекистон Республикаси Конституциявий ҳуқуқининг манбаларига қуйидагилар киради:
Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган (расман тан олинган) халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар. Халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан ратификация қилингач (расман тан олингач) у Ўзбекистон Республикаси учун мажбурий бўлади. Ўзбекистон Республикасида халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олинади. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси томонидан қатор халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган. Масалан, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, 1966 йилда қабул қилинган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга қўшимча протокол, 1966 йил 16 декабрда қабул қилинган Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, 1989 йилда қабул қилинган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциялар Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификиция қилинган бўлиб, мазкур ҳужжатлар инсон ҳуқуқларига оид муносабатларни тартибга солувчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳисобланади;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари. Ўзбекистон Республикаси бошқа давлатлар, халқаро ташкилот ёхуд халқаро ҳуқуқнинг бошқа билан турли шартномалар имзолаши мумкин ва бундай шартномалар ҳам конституциявий ҳуқуқнинг манбалари бўлиб хизмат қилади.


Эсда тутинг! Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси – республиканинг бир ёки бир неча давлат, халқаро ташкилот ёхуд халқаро ҳуқуқнинг бошқа субъектлари билан халқаро муносабатлар соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларига доир тенг ҳуқуқли ва ихтиёрий келишув ҳисобланади.


Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. Конституция конституциявий ҳуқуқнинг энг асосий манбаи бўлибгина қолмай бошқа ҳуқуқ соҳаларининг ҳам бош манбаи ҳисобланади. Шунингдек, барча қонун ҳужжатлар Конституцияга мос бўлиши шарт. Шунинг учун ҳам Конституция асосий қонун ҳам дейилади;
Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонунлари. Конституциявий қонунлар Конституциядан кейинги ўринда туради. Бундай қонунлар давлат мустақиллиги асосларини, давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш ва бошқа ўта муҳим бўлган масалаларни тартибга солиш мақсадида қабул қилинади. Ўзбекистонда «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида»ги, «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги, «Референдум якунлари ва давлат ҳокимиятини ташкил қилишнинг асосий принциплари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги конституциявий қонунлар қабул қилинган;
Ўзбекистон Республикасининг қонунлари. Ўзбекистон Республикасининг қонунлари жорий қонунлар ҳам деб юритилади. Бундай қонунлар энг муҳим ва барқарор ижтимоий муносабатларни тартибга солиш учун қабул қилинади;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари. Олий Мажлис палаталари ўз фаолиятига доир турли қарорлар қабул қилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари асосида ҳамда уларни ижро этиш учун қарорлар тарзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари. Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари асосида ҳамда уларни ижро этиш учун фармонлар ва қарорлар тарзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари асосида ҳамда уларни ижро этиш учун қарорлар тарзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади;
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган норматив-ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколати доирасида қарорлар тарзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади. Шунингдек, Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар ҳам ўз ваколати доирасида буйруқлар ҳамда қарорлар тарзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади

Download 2.15 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   64   65   66   67   68   69   70   71   ...   231




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling