59-модда. Турли тоифадаги маҳкумларни бирга сақлаш ҳоллари
Ихтисослашган даволаш муассасаларида ҳар хил турдаги жазони ижро этиш муассасаларидан келган маҳкумларни бирга сақлашга рухсат этилади.
Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда муайян бир турдаги колонияларда озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазони бошқа турдаги колонияда ўташи лозим бўлган маҳкумларни сақлаш учун батамом ажратиб қўйилган участка ташкил этишга йўл қўйилади.
Ушбу моддада назарда тутилган ҳолларда маҳкумлар жазони суд белгилаган тартиб тури шароитида ўтайдилар.
60-модда. Маҳкумларни кўчириш
Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларни жазони ижро этувчи бир муассасадан бошқасига кўчириш ушбу Кодекснинг 58-моддаси талабларига риоя этган ҳолда амалга оширилади.
Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва тергов қилинаётган шахслардан алоҳида кўчирилади.
Ҳомиласи йигирма тўрт ҳафталикдан ошган ёки уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар бошқа маҳкумлардан алоҳида кўчирилади.
Маҳкум беморлар, ҳомиладор аёллар ва боласи бор аёллар, зарурат бўлганда, тиббий ходимлар кузатувида кўчирилади.
Маҳкумларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида уларни бошқа ҳолларда ҳам ажратилган тарзда кўчиришга йўл қўйилади.
Кўчириш чоғида маҳкумлар зарур моддий-маиший ва санитария-гигиена шароитлари билан таъминланади, уларга мавсумий кийим ва пойабзал, белгиланган норма бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари берилади.
Маҳкумларни кўчириш давлат ҳисобидан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган тартибда соқчи кузатувида амалга оширилади.
61-модда. Маҳкумларни сақлаш шароитининг ўзгартирилиши
Жазони ўташ даврида озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг сақлаш шароити бир муассаса доирасида ёки бошқа турдаги муассасага ўтказиш йўли билан енгиллаштирилиши ёхуд оғирлаштирилиши мумкин.
Маҳкумларни сақлаш шароити рағбатлантириш тарзида қуйидагича енгиллаштирилиши мумкин:
муассаса бошлиғининг қарорига биноан — ушбу Кодекснинг 102, 104-моддаларига мувофиқ;
суд томонидан — Жиноят-процессуал кодексининг 537-моддасига мувофиқ.
Маҳкумларни сақлаш шароити интизомий жазо тарзида қуйидагича оғирлаштирилиши мумкин:
муассаса бошлиғининг қарорига биноан — ушбу Кодекснинг 105, 106-моддаларига мувофиқ;
суд томонидан — Жиноят-процессуал кодексининг 537-моддаси ва 542-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |