Ўзбекистон республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти
Аҳоли даромадлари, уларнинг шаклланиш манбалари ва фойдаланиш йўналишлари
Download 4.25 Mb.
|
МЕХНАТ Маъруза мажмуа 2023
16.5. Аҳоли даромадлари, уларнинг шаклланиш манбалари
ва фойдаланиш йўналишлари Ҳар бир инсоннинг моддий ва маънавий турмуш имкониятлари унинг даромадлари даражасига боғлиқ. Инсоннинг даромади даражаси қанча юқори бўлса, унинг ўз зарурий эҳтиёжларини қондириш, саломатлигини сақлаш, дам олишни ташкил этиш, маълумот олиш ва бўш вақтини маданий тарзда ўтказиш имкониятлари шунча кўп бўлади. Даромадлар эҳтиёжларни бевосита қондириш манбаи сифатида аҳоли ҳаётида катта роль ўйнайди. Давлат бюджетининг даромад қисми асосан жисмоний ва юридик шахслардан олинадиган солиқ ва тўловлардан ташкил топади ҳамда улар ижтимоий эҳтиёжлар учун сарфланади ва шу тариқа аҳоли эҳтиёжлари билвосита қондирилади. Иқтисодий адабиётларда «даромад» тушунчаси ишлаб чиқарилган маҳсулот нархининг уни ишлаб чиқариш сарф-харажатларидан ошиши, шунингдек ҳар бир синф, ижтимоий гуруҳ ёки алоҳида шахснинг янги яратилган қийматда мавжуд бўлган ва унинг у томонидан ўзлаштирилган улуши сифатида таърифланади. Даромадлар ҳаракати иқтисодиётнинг ишлаб туришини таъминлайди. Айланиш жараёнида даромадлар изчил равишда юзага келиш, тақсимланиш ва қайта тақсимланиш, пировард, истеъмолга ишлатилиш, жамғарилиш каби босқичларидан ўтади. Даромадларнинг юзага келиши уларнинг товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш жараёнидаги ҳаракатининг бошланғич босқичи бўлади. Бу босқичда даромадлар бирламчи кўринишга эга бўлади. Тақсимланиш жараёнида тадбиркорлар бирламчи даромадлардан маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш юзасидан солиқлар тўлайдилар, меҳнат ҳақи ва ишлаб чиқаришнинг бошқа омиллари юзасидан ҳақ тўлайдилар. Натижада дастлабки даромадлар иш ҳақи, фоизлар, рента ва корпорацияларнинг тақсимланмаган фойдасига айланади. Даромадларнинг қайта тақсимланиши жараёни кейинги босқич бўлади. У солиқлар тўлаш, ижтимоий фондларга маблағлар ўтказиш, корхоналар ва аҳолига турли трансфертлар тарзида даромадлар бир қисмини йўллашни ўз ичига олади. Яратилган даромадларни тақсимлаш ва қайта тақсимлаш натижалари бўйича тасарруфдаги даромадлар (пировард даромадлар) шаклланади. Даромадларнинг пировард истеъмоли ва ялпи жамғарилиши улар айланишининг тугалловчи босқичи бўлади. Даромадлар даражасини таҳлил этиш, ўлчаш ва тахмин қилиш учун уларнинг турлари ва кўрсаткичларидан фойдаланилади. Даромадлар пул ва натурал шаклида бўлиши мумкин. Аҳолининг пул даромадлари меҳнаткашлар учун иш ҳақи ҳисобидаги барча пул маблағлари тушуми; пенсиялар, стипендиялар, турли нафақалар; мулкдан фоиз, дивидендлар, рента кўринишидаги даромадлар; акциялар, қимматбаҳо қоғозлар, кўчмас мулк, чорва ҳайвонлари, томорқа хўжалиги маҳсулотлари, турли буюмлар ва бошқа товарларни сотишдан тушадиган пул тушумлари, турли хизматлар кўрсатиш учун ҳақлар ва бошқалардан ташкил топади. Аҳолининг натурал даромадлари – қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг барча тушумлари: деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик маҳсулотлари, боғ-қўрғон, сабзавот-полиз экинлари участкаси, шахсий томорқа, табиат инъомларидан шахсий, оилавий эҳтиёжлар учун тайёрланадиган маҳсулотлар каби тушумлардан иборат. Пул ва натурал даромадларнинг нисбати тез-тез ўзгариб туради, аммо пул шакли кўпроқ тарқалган. Одатда, аҳолининг кам таъминланган қатламларида натурал даромадлар ҳиссаси юқори бўлади. Иқтисодий вазият ёмонлашган даврда натурал даромадлар салмоғи ошиб кетади. Мулкдан олинадиган даромадлар хўжалик юритувчи субъектларга молиявий ва номолиявий ресурсларни фойдаланишга бериб қўйишдан олинадиган даромадлардир. Фоизлар қуйилма ва қимматли қоғозлар бўйича даромадлар олиш шаклидир. Дивидендлар мулкдан олинадиган даромаднинг шундай шаклики, акциядорлар маблағларни ҳиссадорлик жамиятлари тасарруфига топширганликлари натижасида (акциялар сотиб олиш орқали) уни олишга ҳақли бўладилар. Аҳоли даромадлари номинал ва реал кўринишда бўлади. Номинал даромадлар пул кўринишида олинган даромадлардир. Реал даромадлар истеъмол нархларининг индексига қараб тузатилган жорий даврдаги номинал пулли даромадлардир. Номинал ва реал даромадлар кўрсаткичи билан бир қаторда аҳоли пулли даромадларининг харид қобилияти кўрсаткичи ҳам алоҳида олиб қаралади. Бу кўрсаткич аҳолининг товарлар ва хизматлар сотиб олиш бўйича имкониятларини акс эттиради ҳамда аҳолининг ўрта ҳисобда жон бошига тўғри келадиган пулли даромадларининг товар эквиваленти орқали ифодаланади. Жон бошига тўғри келадиган пулли даромадлар жами пулли даромадлар миқдорини мавжуд аҳоли сонига бўлиш орқали ҳисоблаб чиқилади. Ҳисоблаб чиқилган ёки олинган даромадлардан фуқаролар турли солиқ тўловлари ва бадаллар тўлашларига тўғри келади. Шу сабабли, фуқаронинг ҳақиқий тасарруфида бўлган даромадларни тавсифлайдиган кўрсаткичга таъриф бериш муҳим. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги мажбурий тўловлар ва бадаллар чегирилганидан қоладиган жорий давр пул даромадларини тасарруфдаги пул даромадлари деб таърифлайди. Даромадни шакллантиришда шахсий томорқа хўжаликларидан (пулли ва табиий шаклларда) олинадиган даромадлар муҳим роль ўйнайди. Уларнинг ҳажми Миллий Ҳисоб тизимида умумқабул қилинган қуйидаги принцип бўйича ҳисоблаб чиқилади: маҳсулот чиқариш қийматидан уни ишлаб чиқаришга ишлатилган маҳсулот ва хизматлар қиймати айирилади. Уй-жой ва коммунал хўжалик, йўловчи транспорти, йўл хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва маданият муассасалари тармоқларининг катта қисми, республика ва маҳаллий бюджетларига боғлиқ бўлади. Шу сабабли, мазкур қисмнинг каттагина ҳажми ижтимоий трансферт тўловлари ҳисобланади ва уни аҳолининг ялпи даромадлари жумласига киритиш тўғри бўлади. Даромад олиш учун меҳнат ва капитал бозорида қанча ҳажмда хизматлар таклиф этиш тўғрисида қарор, одатда, оила даражасида қабул қилинади. Шу боис, бозор иқтисодиётида даромаднинг шаклланиши нафақат умумий аҳоли даражасида, шу билан бирга уй хўжалиги даражасида ҳам олиб қаралади. Уй хўжаликларининг ялпи даромади бирламчи ва иккиламчи даромадлардан шаклланади (14.5-чизма). Уй хўжалиги – битта хонадонда яшайдиган, барча даромадлари ва моддий бойликларини (ёки уларнинг бир қисмини) бирлаштирган ва товарлар ҳамда хизматлар истеъмоли, асосан турар жой ва озиқ-овқат маҳсулотларига сарф-харажатларни биргаликда амалга оширадиган шахслар гуруҳи (ёки бир шахс)дир. Аралаш даромад даромадларнинг мустақил кўрсаткичи бўлиб, унда меҳнатга ҳақ тўлаш ва фойда олиш элементлари мужассамлашади. Аралаш даромадлар хусусий тадбиркорлик фаолиятидан (ёлланма меҳнат қўлланилмаган ҳолда), шахсий томорқа хўжалигидан олинадиган даромадлар, эркин касбдаги шахсларнинг даромадлари, муаллифлик гонорарлари ва шу кабиларни ўз ичига олади. Бозор иқтисодтиёти шароитида ҳар қандай мамлакатнинг аҳоли даромадлари ҳамиша турли ижтимоий гуруҳлар бўйича табақалашади. Бунда асосий масала ушбу даромадларнинг қай даражада табақалашганлигидангина иборат. Адолат ва фуқаролар тенглиги тамойиллари хукмрон бўлган демократик давлатда айримлар ўта бадавлатлиги, бошқаларнинг эса қашшоқлиги ижтимоий кескинликнинг ошишига олиб келиши мумкин. Айнан шу боис даромадлардаги мавжуд нотенгликни ўлчаш услубиятини ўзлаштириш, тенгсизликни вужудга келтирадиган сабабларни била олиш ва аҳоли даромадларининг жамият учун мақбул йўсинда табақалашишига эришиш зарур. Иқтисодиётда аҳоли даромадлари табақалашувини ўлчашнинг турли усулларидан фойдаланилади. Энг оддий усул – аҳолини белгиланган оралиқлар доирасида даромадлар даражаси бўйича гуруҳлашдир. Масалан, 200 минг сўмлик оралиқни белгилаймизда, қанча киши 200 минг сўмгача миқдорда даромадга эга эканлигини, кейин қанча киши 200 минг сўмдан 400 минг сўмгача, сўнг 400 минг сўмдан 600 минг сўмгача даромадга эга эканлигини аниқлаймиз ва ҳоказо. Даромад даражаси ва динамикасини баҳолаш учун ўртача даромад кўрсаткичидан фойдаланилади. Ўртача даромад даражаси шундай арифметик ўлчам сифатида аниқланадики, бунда даромадларнинг жамланган ҳажми аҳолининг жами сонига бўлинади. Бозор иқтисодиётига эга кўпчилик мамлакатларнинг статистикасида даромаднинг ўртача даражаси эмас, балки медиан даражаси ҳисоблаб кўрилади. Медиан даража шундайки, ходимлар ёки аҳолининг бир хил миқдори ундан юқорироқ ва пастроқ даражада даромад олади. Масалан, корхонада 7 минг киши ишлайди. Дастлабки минг киши 240 минг сўм миқдорида, иккинчи минг киши – 250 минг сўм, учинчиси – 270 минг сўм, тўртинчиси – 300 минг сўм, бешинчиси – 350 минг сўм, олтинчиси – 370 минг сўм, еттинчиси – 400 минг сўм даромад олади. Шунда ходимлар ушбу гуруҳининг медиан даромади 30 млн сўм, ўртача даромад эса 320 минг сўм бўлади. Энг кўп ва энг кам даромадга эга бўлган аҳоли гуруҳларининг нисбати табақаланишнинг яхши маълум бўлган кўрсаткичларидан биридир. Бутун аҳоли бунда сон жиҳатидан тенг бўлган ўн фоизли, йигирма фоизли ёки йигирма беш фоизли гуруҳларга бўлинади. Шундан сўнг, охирги гуруҳ олган даромад биринчи гуруҳ олган даромадга бўлинади. Шунда тегишли равишда аҳоли даромадларининг децил, квинтил ёки квартил нисбатини оламиз. Қуйидаги расмда аҳолининг йигирма фоизлик гуруҳларга қандай тақсимланганлиги кўрсатилган. У5 нинг У1 га нисбати аҳоли даромадларининг квинтил нисбатини кўрсатиб беради. Аҳоли даромадлари табақаланишини баҳолашнинг бошқа усулини ҳам қўллаш мумкин. Бу усул ҳисобга олиш натижасининг ошиб боришини эътиборга олиш орқали амалга оширилишига асосланган. Ёки, иқтисодчиларнинг ибораси билан айтганда, даромаднинг кумулятив улушлари ҳисобга олинади. Барча оилаларнинг даромадлари бир хил бўлган, яъни ялпи даромад тенг тақсимланган ва аҳолининг ҳар бешдан бир қисми ялпи даромадларнинг бешдан бир қисмини олган тақдирда бундай тенглик графикда биссектриса кўринишига эга бўлади. Лекин бундай биссектриса фақат мавжуд имкониятни кўрсатади: амалда даромадлар ҳеч қачон бир текис тақсимланмайди. Download 4.25 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling