2-Мавзу. Маркетинг стратегияси ва режасини ишлаб чиқиш
РЕЖА:
Маркетингни режалаштиришнинг роли, вазифалари ва тамойиллари.
Маркетинг режалари таснифи ва структураси.
Корхонада стратегик режалаштириш
Товар бўйича маркетинг режасини ишлаб чиқиш
Маркетинг назорати
Маркетингни режалаштиришнинг роли, вазифалари ва тамойиллари.
Маркетингни режалаштиришни қўлламайдиган корхоналар бозорда йўналишни йўқотиши ва зиён кўриши мумкин. Аксинча, маркетингни режалаштириш тизими йўлган қўйилган корхоналар тўлалигича вазиятни назорат қилади, уларнинг иши бозор самарадорлиги ва иқтисодий самарадорлик даражасининг юқори эканлиги билан тавсифланади. Маркетингни режалаштириш қуйидагиларни белгилаб беради:
— бутун корхона ва унинг бўлинмалари аниқ мақсадларини;
— корхонанинг бозордаги аниқ йўналишини;
— корхона аҳволини барқарорлаштириш ва ўсиш йўлларини;
— корхона ресурсларини алоҳида фаолият йўналишлари ўртасида оптимал тақсимлашни;
— оптимал ассортимент ва товарларни тарқатиш шартларини;
— корхонанинг маркетинг фаолиятини баҳолаш тартиби ва мезонларини.
Маркетингни режалаштириш бу – корхона имкониятларини бозор талабларига мос ҳолга келтиришга қаратилган корхонанинг бозордаги ҳаракатларини таҳлил қилиш, ишлаб чиқиш ва назорат қилиш узлуксиз жараёнидир. Кенг маънода маркетинг режаси бу – корхонанинг маркетинг фаолияти воситаси, бошқарув маркетинг қарорлари қабул қилиш ва амалга ошириш усулидир. Амалий жиҳатдан бу – корхонанинг бозордаги мақсадлари, уларга эришиш йўллари ва чора-тадбирларидан иборат бўлган ҳужжат.
Сосиалистик режа асосидаги иқтисодиёт йилларида мавжуд бўлган буйруқбозлик режаларидан фарқли равишда, маркетинг режалари бажарилиши мажбурий эмас, чунки ташқи шароитлар мунтазам равишда ўзгариб туради. Шу сабабли маркетингни режалаштиришнинг вазифаси энг аввало, келажакни башорат қилишдан эмас, балки корхона менежерларининг эътиборини мавжуд бозорнинг асосий жиҳатларига ва юзага келадиган имкониятлардан фойдаланишга жалб қилишдан иборат. Маркетингни режалаштириш ёрдамида бошқарувчилар корхона ўз мақсадларига эришиш учун бозорда қандай позисия эгаллаши лозимлигини тушуниши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |