Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Наманган муҳандислик-технология институти Ғаниев Муҳаматжон Халилович


Ўзбекистонда ўртача ойлик нафақалар ва минимал нафақаларнинг динамикаси: 2000-2021 йиллар


Download 0.8 Mb.
bet34/63
Sana13.04.2023
Hajmi0.8 Mb.
#1352647
TuriДиссертация
1   ...   30   31   32   33   34   35   36   37   ...   63
Bog'liq
nodir

Ўзбекистонда ўртача ойлик нафақалар ва минимал нафақаларнинг динамикаси: 2000-2021 йиллар*

Кўрсаткичлар

2000 й

2005 й

2010 й

2015 й

2021 й

Пенция ва ижтимоий нафақа олувчи шахслар сони (минг киши)

3087,0

3229,5

3265,8

3203,9

4253,1

Ўртача ойлик нафақа сўмда (минг сўм)

7,4

31,7

171,9

438,2

963,6

АҚШ долларида

53

30

114

181

88**

Минимал нафақа сўмда (минг сўм)

4,7

18,6

97,3

254,7

623,0

АҚШ долларида

33

17

64

105

57**

*Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат Статистика қўмитаси маълумотлари. **2017 йил 5 сентябрдан валюта ислоҳотлари натижасида доллар курси икки бараварга ошган. Олдинги йиллардаги сўмнинг долларга нисбатан курси https://cbu.uz/ru/arkhiv-kursov-valyut/index.php сайтидан олинган.
Ўтган йигирма йиллик кўрсаткичлардан кўринадики, ўртача ойлик нафақа 2000 йилда 7,4 минг сўмни ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 963,6 минг сўмни ташкил этган. Минимал нафақалар миқдори юқоидаги йилларга мос равишда 4,7 минг ва 623,0 минг сўмни ташкил қилди. АҚШ долларига нисбатан ўзгарувчан кўринишга эга бўлиб, юқори кўрсаткичлар 2010-2015 йилларга тўғри келади. Минимал ойлик нафақалар АҚШ долларида ҳисобланса, жуда кам кўрсаткич сифатида кунлик истеъмол харажатларини ҳам қопламайди, аҳоли турмуш тарзи ёмонлашиб, камбағаллар сони ортаётганлиги яққол кузатилади.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2020 йил 18 февралдаги Фармони ва қарорига мувофиқ, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди. Мазкур қарор билан Маҳалла-туман (шаҳар)-вилоят-республика даражасида тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни камайтиришга масъул лавозимлар жорий қилиниб, вертикал тизим яратилди. Бу тизимнинг асосий вазифалардан бири мамлакатимизда камбағалликнинг миллий стандартини (КМС) ишлаб чиқиш ва тегишли меъёрларни белгилаш ҳисобланади.
Ўзбекистонда камбағалликнинг миллий стандартини яратишда юқоридаги тоифаларга алоҳида эътибор қаратиш, табақалашган тизим яратиш зарур бўлади. Биринчи гуруҳ барқарор ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлса, иккинчи гуруҳни иқтисодий дунёқарашини ўзгартиши, уларни касбга ўргатиш ёки оилавий тадбиркорлик фаолиятига йўналтириш мумкин. Камбағалликнинг учинчи гуруҳи юқорида таъкидлаганимиздек, қашшоқлик бўлиб, оғриқли муаммолардан бири ҳисобланади. Бундай инсонлар кунига 1,90 АҚШ доллари ёки ундан камроқ бўлган маблағ ҳисобига ҳаёт кечиради. Бу ерда биз камбағалликни қуйи чегарасини билишимиз керак бўлади. Боиси дунёдаги ҳар бир давлат ўзининг иқтисодий салоҳияти ва ривожланиш даражасидан келиб чиққан ҳолда бу чегарани белгилайди. Бу чегара ҳамма давлат учун бир хил бўлмайди. Масалан, Россия учун бу чегара 162 АҚШ долларига тенг бўлса, Европа Иттифоқи давлатларида инсоннинг даромадлари ўзи истиқомат қилаётган мамлакатдаги ўртача иш ҳақининг 60 фоизидан камроқ қисмини ташкил этса, у камбағал инсонлар таркибига киритилади. Камбағалликни қуйи чегараси сифатида аксарият давлатларда яшаш минимуми ва ундан кам бўлган даромад назарда тутилади.
Жаҳон тажрибасидан маълумки, «истеъмол савати» мамлакат аҳолиси фаровонлиги ҳамда иқтисодиётининг қай даражада эканлигидан дарак берувчи муҳим кўрсаткичлардан саналади. Миллий иқтисодиётимиз ривожланган сари «истеъмол савати»ни ишлаб чиқишнинг иқтисодий имкониятлари вужудга келмоқда. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг қабул қилиниши, мамлакатимиз иқтисодиётини тубдан ривожлантириш ва ижтимоий ҳаётни янгилашга таалуқли кўплаб қонун ва қонуности ҳужжатларининг ишлаб чиқилаётганлиги ва қабул қилинаётганлиги аҳолининг реал даромадлари ва турмуш фаровонлигини белгилашга мўлжалланган яшаш минимуми, истеъмол бюджети, истеъмол савати каби иқтисодий тушунчаларни амалиётга киритиш ва жамият ҳаётига татбиқ этиш заруриятини қўймоқда.
Халқаро миқёсда аксарият мамлакатлар ўз ҳалқининг турмуш фаровонлиги чегараларини аниқлашни ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг марказий вазифаси сифатида белгилаган. Бу борадаги тажрибаларни ўрганиш, уларнинг фойдали ва самарали жиҳатларини Ўзбекистон хусусиятларини ва халқимиз манфаатларини ҳар томонлама ҳисобга олган ҳолда жорий этиш миллий манфаатларимизга мос келади. «Истеъмол савати»си деганда ўртача бир киши (ёки бир оила) бир ойда (бир йилда) истеъмол қиладиган товарларнинг ҳисоб-китоб учун олинган миқдори ва таркиби тушунилади.
Оддий қилиб айтганда, истеъмол саватчаси –– муайян вақт давомида инсон ҳаёти ва унинг саломатлигини сақлаш учун зарур маҳсулотлар, товарлар ва хизматларнинг энг кам тўпламидир. Истеъмол саватчасига кирувчи товарлар ва хизматлар тўплами ҳар бир мамлакатда турлича. Унинг таркиби давлат даражасида белгиланади ва кўплаб омиллар: табиий-иқлим шароитлари, мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши, озиқ-овқат товарларини ишлаб чиқариш хусусиятлари, товарлар ва хизматларнинг ҳақиқатда истеъмол қилиниши ва бошқа омилларга боғлиқ бўлади. Анъанага кўра истеъмол саватчаси 3 қисмдан иборат бўлади: 1. Озиқ-овқат маҳсулотлари; 2. Озиқ-овқат маҳсулотлари (кийим-кечак, пойабзал, биринчи навбатда зарур бўлган буюмлар, дори-дармонлар, маданий-маиший ва хўжалик учун мўлжалланган товарлар ва ҳ.к.); 4. Хизматлар: коммунал, транспорт, маданий-маърифий ва ҳ.к.
Одатда истеъмол саватчаси аҳолининг 3 та асосий ижтимоий-демографик гуруҳи: меҳнатга лаёқатли аҳоли, пенсионерлар ва болалар учун ишлаб чиқилади. Яъни аҳолининг турли қатламлари тирикчилиги учун зарур энг кам миқдорни белгилашда муайян даврда истеъмол саватчасидаги барча неъматларни истеъмол қилиш нормаларини аниқлаш зарур. Масалан, оддий фуқаро меъёрида ҳаёт кечириши учун ҳар куни истеъмол қилиши керак бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари тўпламини, турли хизматларни ҳисоблаш зарур. Бунда тансиқ маҳсулотлар, алкоголли ичимликлар ва зебу-зийнатлар киритилмайди. Хизматлар инсон учун муҳимлик даражаси ва ҳаётий зарурлигига қараб фарқланади. Хизматларни ичида энг муҳими коммунал ва транспорт хизматлари ҳисобланади. Айни вақтда инсон ўз ҳаётий фаолиятида уяли алоқа ва интернет, тиббий хизмат, маданий-маърифий хизматлар яъни театр, музейларга бориш хизматларидан ҳам фойдаланади. Бу хизматлар истеъмол саватчасини ҳисоблашда инобатга олиши мақсадга мувофиқдир.
Республикамизда 2018 йилдан бошлаб «Истеъмол савати»га жиддий эътибор қаратилмоқда. Президент Ш. Мирзиёев томонидан 2018 йилги Давлат дастурида (ПФ-5308 Фармон билан тасдиқланган) мамлакат аҳолиси даромадларининг зарур даражасини аниқлаш белгиланган эди. Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари масъул ижрочилар этиб тайинланган. Бизнинг фикримизча, истеъмол саватчасини ишлаб чиқишда, аҳолининг барча жинс ва ёшдаги гуруҳлари учун озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш нормаларини белгилашда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам жалб этилиши керак. Сабаби мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш, истеъмол саватчасининг минимал стандартлари ва унинг меъёрий асослари ишлаб чиқилмаган. Истеъмол саватчаси қуйидагиларнинг миқдорларини белгилаш учун ҳисоб-китобга асос бўлиши зарур:

  • энг кам иш ҳақи ва пенсиялар;

  • базавий ижтимоий тўловлар: ишсизлик, болани парваришлаш, боқувчисини йўқотганлик нафақалари, стипендиялар ва ҳ.к.

Жаҳон банки мутахассислари билан ҳамкорликда аҳоли истеъмол савати ва минимал истеъмол харажатлар қийматини ҳисоблаш борасида амалий ишлар бошланди. Хусусан, 2020 йил декабр ойида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан жаҳон тажрибаси ва аҳолининг ижтимоий сўров натижаларини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикасида истеъмол саватининг миқдори ҳар бир киши учун 2157000 сўмни ташкил этди. Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш учун тажриба сифатида Жаҳон банки кўмагида 2020 йилда республиканинг барча ҳудудларидан танлаб олинган 5400 та уй хўжаликларида сўровнома ўтказилди. Бунда сўровномада иштирок этган уй хўжаликлари харажатлари миқдори бўйича ўнта гуруҳга ажратилиб, ушбу оилалар орасидан энг кам харажат (даромад)га эга бўлган 30 фоиз уй хўжаликлари ажратиб олинди. Дастлабки ҳисоб китобларга кўра, кам даромадли аҳолининг жами харажатлари учун ойига киши бошига 440 минг сўм керак бўлди (Айни вақтда 498 минг сўмни ташкил этмоқда). Бу миқдор камбағаллик чегарасини аниқлашда муҳим ҳисобланади.
Камбағаллик чегарасини аниқлашда минимал истеъмол харажатлари аҳолига моддий-ижтимоий ёрдам беришда, пенсия ва нафақалари тайинлашда яхши самара беради. Сўровнома натижасида олинган маълумотлар асосида мазкур оилаларда жон бошига кунлик истеъмол қилинадиган озиқ-овқат (2200 килокалория) ва зарур бўлган ноозиқ-овқат товарлар ҳамда хизматлар учун минимал истеъмол харажатлар бир ойда киши бошига (2021 йилдаги нархлар ўзгаришини инобатга олган ҳолда) камида 440 минг сўмни ташкил этиши (2021 йил охирида 498 минг сўм) ҳисоб-китоб қилинган. Айни дамда, минимал озиқ-овқат харажатлари миқдори эса киши бошига бир ойда 495 минг сўмни ташкил қилган. Ҳисобланган минимал истеъмол харажатларининг жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулотга нисбати (ЯИМ) 26,8 фоиз бўлиб, мазкур кўрсаткич ривожланаётган мамлакатларда асосан 4-20 фоизни ташкил этади.
Минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш тажрибасини якунига етказиш мақсадида 2021 йилда Давлат статистика қўмитаси Жаҳон банки билан бирга 10 мингта уй хўжаликларида сўровнома ўтказмоқда.»167. Демак, аҳоли минимал истеъмол харажатларининг киши бошига миқдори 495 минг сўм базасида ҳисоблаганда, олти кишилик оила бир ойда камида 2 миллион 970 минг сўм даромад олиши керак бўлади. Аҳоли даромадларини кўпайтиришда ҳам «Истеъмол савати»си ва «яшаш минимуми» асосий ўринни эгаллайди. 2018 йилда Иқтисодиёт вазирлиги томонидан Ўзбекистонда энг кам истеъмол савати ва яшаш минимумини ҳисоблаш лойиҳасини эълон қилинди. Соғлом овқатланиш учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхати ва ўртача кунлик минимал ставкаларини тайёрлади. Асосий ижтимоий – демографик гуруҳлар (болалар, меҳнатга лаёқатли аҳоли, нафақаҳўрлар) учун бир кунлик озиқ – овқат маҳсулотларининг ўртача кунлик истеъмол ставкасини бир ойлик ўртача истеъмол нархлари бўйича тегишли маҳсулотларга кўпайтириш йўли билан ҳисобланади.
Биз 2021 йил 25 август ҳолатига Наманган шаҳар Сардоба бозоридаги маҳсулот нарҳлари асосида минимал «Истеъмол савати»ни 16-59 ёшдаги эркаклар учун тиббий хизматлар нарҳи ҳисобга олинмаган ҳолатда ҳисоблаб чиқдик. Натижаларга кўра, бир кунлик минимал истемол харажати бир киши учун 29820 сўм (100 фоиз) бўлиб, шундан ноозиқ маҳсулотлари харажати 5310 сўм, (18 фоиз) транспорт хизмати 4000 сўм (13 фоиз) ҳамда 44 турдаги озиқ овқат маҳсулоти учун харажат 20510 (69 фоиз) сўмни ташкил этди (иловага қаранг). Бир ойлик истеъмол харажати 894600 сўмни ташкил қилди. Минимал истеъмол харажати кўрсаткичи камбағаллик чегараси ҳисобланади. Бу чегара Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан минимал истеъмол харажатлари 2021 йил май ойида 440 минг сўм, йил охирида 498 сўм этиб белгиланган эди. Демак, камбағаллик чегараси ҳар ойда ўзгариб туради. Шу ўринда таъкидлаш керакки, минимал истеъмол харажатларининг (МИХ) фақат камбағал аҳолига тегишли бўлиб, кўпчилик томонидан ҳаммага тегишли рақам сифатида қабул қилинмаслиги керак. Минимал истеъмол харажатлари қийматининг прогноз параметрлари инфляция кутилмаларидан келиб чиқиб ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 августдаги «Минимал истеъмол харажатлари қийматини ҳисоблаш тартибини амалиётга жорий этиш тўғрисида»ги 544 – сонли Қарорига асосан, 2022 йилдан бошлаб, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали оилани кам таъминланган деб эътироф этиш жараёнида қўлланадиган ва жон бошига тўғри келадиган бир ойлик даромад мезони минимал истеъмол харажатларига тенглаштирилади. Бу тизим бизнингча, ижтимоий ҳимоянинг муҳим қисмидир. Ижтимоий ҳимоя тизими – бу таъминот дастурлари бўлиб, муҳтож аҳолининг камбағаллик даражасига кўра таъминланадиган нафақалардан иборатдир168. Фикримизча, бу ўринда энг катта эътибор берилиши лозим бўлган жиҳат – инсонларнинг иқтисодий тафаккур даражасидир. Инсонларда ўз ҳаётларини яхшироқ қилиш ва ривожлантириш истаги бўлиши керак.
Камбағал аҳоли қатламини мониторинг қилиш, уларни аниқ ҳисобини юритиш ва камбағалликдан чиқариш борасида бир қатор ижобий ишлар бошлаб юборилди. Айниқса бу масалани пандемия шароитида аҳамияти ортиб давлат сиёсатини ажралмас қисмига айланди. Айниқса, 2020 йилнинг июль ойларидан «темир дафтар» жорий этилиши камбағал оилаларга манзилли аниқ ёрдам берилишида муҳим ўрин тутмоқда. «Темир дафтар» – бу оилаларни камбағалликдан чиқаришга қаратилган «Saxovat.argos.uz» дастури бўлиб, ушбу дастурга оилавий аҳволи ҳамда турмуш шароити оғир бўлган, моддий имкониятлари чегараланган сектор раҳбарлари томонидан алоҳида назоратга олинган олинган оилалар киритиб борилади.
Коронавирус пандемияси шароитида ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғирлашган оилаларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларга даромад манбаи яратишда маҳаллий ҳокимият органлари «темир дафтар»га киритилган эҳтиёжманд оила аъзоларига асосий эътиборни қаратадилар, уларнинг доимий даромадли бўлишига кўмаклашиш чоралари кўрилади. «Темир дафтар»га кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларнинг қуйидаги тоифалари киритилади:

  • оиланинг меҳнатга лаёқатсиз ногиронлари ва сурункали касалликка чалинганлар;

  • якка-ялғиз кексалар, бевалар ва ўзгалар қарамоғига муҳтожлар;

  • 5 ва ундан ортиқ фарзанди бор оилалар;

  • карантин чоралари натижасида ишсиз бўлиб, ўз даромад манбаини йўқотганлар;

  • ҳақиқатда эҳтиёжмандлар, ночор ва моддий кўмакка муҳтожлар мазкур дафтарга киритилади.

«Темир дафтар»га бошқарувнинг янги шакли сифатида самарали натижа бераётган туман ва вилоят миқёсида ҳудудларни 4 та секторларга бўлиб, сектор раҳбарлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғини раислари, сектор аъзолари билан биргаликда уйма-уй юриб оилаларнинг моддий ва турмуш шароитини ҳар томонлама ўрганган ҳолда сектор котиби томонидан «Saxovat.argos.uz» электрон базасига киритилади. Сектор раҳбарларининг тавсияси ҳамда оила бошлиғининг бу тўғрисидаги ёзма мурожаати асосида туман (шаҳар) халқ депутатлари кенгаши қарори асосида «темир дафтар»дан чиқарилади ва ўз навбатида уларнинг ўрнига янги оилаларни киритиш бўйича маълумотлар кунлик янгилаб борилади. Амалиётда «темир дафтар»нинг моҳиятини тушунмаслик, айниқса, бир марталик байрамларда йўқлов ёки пул ёрдами бериш орқали оилани 1-2 ойда «темир дафтар»дан чиқариб ёлғон маълумотлар бериш, «режа»ни муддатидан олдин бажариш ҳолатлари мавжуд. Бу усулдан мутлақо воз кечиш керак. Эҳтиёжманд оилани ўзига тўқ оилалар сафига киргунча 6 ой ёки бир йил муддат давомида, ёки ундан кўпроқ уларга молиявий ёрдам бериш, ҳар бир оила имкониятини ўрганган ҳолда тадбиркорлик фаолиятига йўналтириш чоралари белгиланиши керак бўлади. Тўғри, замонавий камбағалликни бутунлай йўқ қилиш мумкин эмас. Шуни ҳисобга олиб камбағалликни ҳаддан ташқари кўринишларини камайтириш (тиланчилик), камбағаллик даражасини «табиий» даражага тушириш (аҳолининг 7-8 фоиз меъёр), анъанавий камбағалларни қўллаб-қувватлаш169 (ижтимоий камбағаллик) керак бўлади.
«Аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари» эса аёллар ва ёшларнинг ижтимоий мақомини кўтариш, уларнинг имкониятларини руёбга чиқариш, мазкур тоифадаги кишиларнинг жамият ҳаётига интеграцияси ва ижтимоийлашув жараёнини таъминлаш, жамиятда улар фаоллигини таъминловчи давлат сиёсатининг замонавий инновацион усули сифатида намоён бўлади. Дунёнинг бирор мамлакатида учрамайдиган бу янги тизим аввало камбағал оилалар, аёллар ва ёшларни ижтимоий, ҳудудий, моддий ва руҳий-психологик қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Мазкур янгилик аёллар ва ёшларнинг жамият ҳаётига алоқадорлигини, уларнинг ижтимоийлашуви ва фаоллашувини, уларнинг янги Ўзбекистан курилишига дахлдор эканлигини, мазкур ижтимоий катламлар вакилларининг давлат сиёсатидан манфаатдорлигини таъминлайди.

Download 0.8 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   30   31   32   33   34   35   36   37   ...   63




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling