Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги навоий давлат педагогика институти


Download 360.98 Kb.
bet10/25
Sana28.03.2023
Hajmi360.98 Kb.
#1304173
TuriДиссертация
1   ...   6   7   8   9   10   11   12   13   ...   25
Bog'liq
Завқиддин диссертация 28.02.2023

Учинчи босқич: 1890 йилнинг февралида Каспийорти вилояти тарихида ҳудуднинг маъмурий-ҳуқуқий мақоми ривожланишининг 1899 йил июлигача давом этган янги даври бошланди. 1890 йил 6 февралда тасдиқланган Вақтли Низом асосида Каспийорти вилояти Кавказ ҳарбий округи таркибидан чиқарилиб янги тузилмага айлантирилиб, алоҳида маъмурий ва ҳарбий бирликни ташкил этган. Унинг бошлиғи тўғридан-тўғри Ҳарбий вазирлик Бош штабининг Осиё бўлимига бўйсунадиган қилиб тартиб ўрнатилган32. Вилоятнинг марказий ҳокимиятга бевосита бўйсуниши даврида (1890 йил феврал-1899 июл) ўлкани Россия империяси таркибига тўлиқ мослаштиришни ўзига мақсад қилиб олган бир қатор ташкилий-хўжалик тадбирлар амалга оширилган.
Маҳаллий аҳолининг бутун хўжалик ва ижтимоий-сиёсий ҳаётини қатъий белгилаб қўйган вилоятни бошқариш ҳақидаги "Вақтли Низомлар" кўплаб ҳаётий муҳим масалаларга оид аниқ ҳуқуқий нормалар таъсирини чеклаб қўйган ёки умуман уларга йўл бермаган. Инсон шахси ва ғурури дахлсизлигининг кафолати, хусусий мулк ва аввало ер-сувга бўлган ҳуқуқнинг йўқлиги халқ учун катта офат бўлди. Вилоят бошлиқлари вилоят ва аҳолисини (1890 йилги "Вақтли Низом" 5 моддаси) ҳар томонлама бошқаришган, яъни, ўз қўлларида ҳарбий полиция ва фуқаролик ҳокимиятини мужассамлаштириб жуда катта ҳуқуқларга эга бўлганлар. Худди шундай ҳуқуқларга уездларда уезд бошлиқлари ҳам эга бўлиб, улар катта контингентда ўлкада жойлашган қўшин кучига таянган Россия империяси генераллари ва полковникларидан иборат бўлган33. Буларнинг ҳаммаси вилоятнинг қашшоқ аҳволи ҳамда маҳаллий аҳолининг тарихан шаклланган ўзига хос ҳаёти, унинг қолоқлиги халқ устидан ўзбошимчалик ва зўравонлик билан бошқариш учун замин яратган.
Маҳаллий ҳокимият ўз хатти-ҳаракатларида катта мустақилликка эга бўлишлари натижасида Россия империясининг халққа қарши реакцион сиёсати манфаатпараст ҳарбий амалдорларнинг "ўзбилармонлиги" ва "ижоди" билан янада мураккаблашган бир ҳолат Каспийорти вилояти учун жуда хос бўлган. Улар амалга оширган қонунбузарликлар ҳажми кўпинча халқнинг сабр косасини тўлдириб юборган, бу ҳақидаги маълумотлар ёзилган маҳаллий аҳолининг кўп сонли аризалари орқали олий ҳукумат идораларигача етиб борган. Шундай кескин вазиятни юмшатиш учун кўпинча Ҳарбий вазирлик сенатнинг юқори лавозимли амалдорлари орқали тафтишлар ўтказган. Норози халқ ғалаёнларининг олдини олиш мақсадида Каспийортида жуда кўплаб текширувлар уюштирилган. Энг муҳим ва халқ хотирасида чуқур из қолдирган тафтишлар 1889-1890 йиллардаги генерал Максимовский тафтиши (Марв ва Тажан уездларидаги тартибсизликлар ҳақидаги ишни текширган)34 ҳамда 1908-1909 йиллардаги сенатор К.К.Пален тафтиши (Бу тафтиш Туркистон ўлкасининг барча вилоятларидан кўра Каспийорти вилоятига катта эътибор қаратган, чунки бу ер тафтиш тайинланишининг бош "айбдор"и бўлган)35. Подшо Россияси ҳукумати олий давлат инстанциялари бўлиши мумкин бўлган халқ ғалаёнларининг олдини олиш учун вилоят ва унинг ҳукмдорларининг ишларига аралашишга мажбур бўлишган. Табиийки, бу тафтишлар давлат қонунчилигининг бузилишлари, маҳаллий аҳоли устидан қилинган зўравонликлар ва турли бемазагарчилик фактларини намоён қилган.36 Шунинг учун бундай текширувлар кўпинча халқ нафратини қўзғаган маҳаллий бошлиқларни мансабидан тушириш билан тугаган.
ХIХ асрнинг 90 йилларида инглиз-рус рақобати янги босқичга кўтарилади. Ҳиндистон масаласида Помир тоғлари баҳсли ҳудудга айланади. Помир ҳудуди аввал бошдан Қўқон хонлигига тегишли бўлган. Россия эса Қўқон хонлигини босиб олгач ўзини Помир ҳудудининг ҳақли эгаси деб ҳисоблаган. Россия ушбу ҳудудни ўз қўшинлари томонидан ўзлаштирилишини ортга солган, чунки у ушбу ҳудудга даъвогар бўлган Буюк Британия, Афғонистон ва Хитой билан муносабатларининг кескинлашувуини истамаган.
1895 йил мартида Россия ва Британия империяси Помирдаги таъсир доираларига оид келишувни имзолаган. 1895 йилги келишув ушбу масалада икки мамлакат ўртасидаги кескинликни бартараф этди. Унга биноан Россия ҳомийлигида бўлган Бухоро ва Афғонистон ўртасидаги чегара Панж дарёсидан ўтган. Панж дарёсининг чап соҳили Афғонистонга, ўнг соҳили Бухорога қараган.37
Ҳарбий вазирлик 1897 йил Туркистон генерал-губернаторлигига Каспийорти ва Еттисув вилоятларини қўшиш ҳақидаги қарори билан унинг маъмурий-ҳудудий тузилишини ўзгартиради. Туркистон ўлкасининг чегараларини ўзгартириш Ҳарбий вазирлик ҳал қилиши керак бўлган ягона муаммо бўлмасдан, у ташқи сиёсий масалалардан келиб чиққан ҳолда Сибир ва Ўрта Осиё ҳарбий округлари чегараларини ислоҳ қилиш масаласининг бир қисми эди.
Айнан шу пайтларда Британия империяси мулкларига туташ ҳудудларда таъсир доираларни ажратиб олиш учун фаол дипломатик ва сиёсий кураш борган. Британия империяси бор кучи билан Афғонистонни ўзига бўйсундиришга интилган, Россия эса Афғонистон яқинидаги чегараларини мустаҳкамлашни режалаштирган. Шу ўринда аввало Эрон, Афғонистон, Хива ва Бухоро билан умумий чегарага эга бўлган Каспийорти вилояти қуролли кучларининг ҳарбий бошқарувини такомиллаштириш энг муҳим ҳал қилувчи омилга айланди.38
1897 йил 14 мартда Ҳарбий вазирлик ушбу масалага ўзининг расмий муносабатини императорга тақдим этган. Ҳарбий вазир П.С.Ванновскийнинг ёзишича, ушбу вилоятларни Туркистон ўлкасига қўшиш орқали бутун Ўрта Осиё ҳудудида ягона ҳарбий бошқарув жорий этиларди. Ҳарбий нуқтайи назардан бошқарув дастакларини бир қўмондон қўл остида мужассамлаштириш қўшинни бутун минтақада эркин жойлаштириш имконини берган. Бу жуда катта аҳамиятга эга бўлиб, бунинг оқибатида чегарадаги локал низоли зоналарига қўшин қисмларини тезкор равишда йўналтириш мумкин бўлган. Айнан Туркистонда темирйўлнинг қурилиши ҳам бундай қарорга туртки бўлган39.
Каспийорти вилояти бошлиқлари тез-тез алмашиб турган. Биринчидан, шу билан Россия империясининг ҳукмрон доиралари маҳаллий аҳолининг норозилигини вақтинчалик юмшатишга эришган, иккинчидан, аҳоли наздида оқ подшонинг путур кетган обрўйини тиклаган, учинчидан, маълум тартибни ўрнатган, бусиз эса мустамлака ўлкани бошқариш мумкин бўлмаган40. А.Н.Куропаткин вилоятдан кетгач, вилоятнинг янги бошлиғи Г.Л.Боголюбов келгунига қадар, яъни 1897 йил охири - 1899 йилнинг биринчи ярмига қадар вилоят бошлиғи вазифасини генерал-майор княз Н.Э.Туманов (1844-1917) бажарган41. Вилоят Россия Ҳарбий вазирлигига тўққиз ярим йил давомида бўйсунган. Вазирлар Қўмитасининг 1899 йил 11 июнда тасдиқланган қарорига биноан Каспийорти вилояти Туркистон генерал-губернаторлиги таркибига киритилган.

Download 360.98 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   6   7   8   9   10   11   12   13   ...   25




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling