Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги навоий давлат педагогика институти
Тадқиқот натижаларининг апробацияси
Download 360.98 Kb.
|
Завқиддин диссертация 28.02.2023
- Bu sahifa navigatsiya:
- Тадқиқот натижаларининг эълон қилинганлиги.
- Диссертациянинг тузилиши ва ҳажми.
Тадқиқот натижаларининг апробацияси. Тадқиқот натижалари 11 илмий конференцияларда, жумладан, 3 та халқаро конференция ҳамда 8 та республика конференцияларида апробациядан ўтган.
Тадқиқот натижаларининг эълон қилинганлиги. Диссертация мавзуси бўйича жами 16 та илмий иш чоп этилган. Шулардан Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясининг докторлик диссертациялари асосий натижаларини нашр этиш тавсия этилган илмий нашрларда 6 та мақола, жумладан, 4 таси республика ва 2 таси хорижий нашрларда чоп этилган. Диссертациянинг тузилиши ва ҳажми. Тадқиқот кириш, учта боб, хулоса, фойдаланилган манба ва адабиётлар рўйхатидан иборат. Диссетациянинг тадқиқот қисми 176 бетни ташкил этади. I Боб. Россия империясининг Каспийорти вилоятини мустамлакага айлантиришда аҳолини кўчириш сиёсатининг роли ва дастлабки даврдаги моҳияти, хусусиятлари.I.I. Россия империясининг Каспийорти ҳудудида ўзига хос бошқарувни жорий этиши ва стратегик мақсадлари.Марказий Осиё ҳудуди узоқ тарихий давр мобайнида алоҳида стратегик аҳамият касб этиб келган. Бунинг сабаби ўлканинг ижтимоий-иқтисодий ва геостратегик жойлашуви ҳисобланган. Россия империяси томонидан Туркистоннинг эгалланиши минтақада Эрон, Ҳиндистон ва Хитой билан савдо муносабатларининг янада ривожланишига хизмат қилган. Ушбу режаларни амалга оширишда Британия империяси фаол қаршилик кўрсатган. Қрим урушидаги мағлубият Россия империясини ХIХ асрнинг иккинчи ярмида ўз ташқи сиёсатининг мақсадларини ўзгартиришига сабаб бўлди. XIX аср ўрталарига келиб, Россия империясининг ҳукмрон доиралари Ўрта Осиёни бўйсундириш, мустамлакага айлантириш бўйича ҳарбий - маъмурий чораларни фаол тажовузлик билан амалга ошира бошлаган паллада рус ҳукумати Каспий ва Қора денгиздан Тинч ва Шимолий Муз океанларигача бўлган ҳудудда ҳукмронлик қилиб турган эди. Россия императори ҳукми империяга тобе бўлган Польша, Финляндияда ҳам мавжуд эди. Узоқ Шарқ, яъни М.В.Ломоносов башорат қилганидек, Россиянинг бойлигини кўпайтиришга хизмат қиладиган бепоён Сибирни чоризм ва савдо саноат доиралари ўзлаштириш, қолаверса ривожлантириш бўйича харажатлар, ташкилий чоралар устида бош қотирмай, бу ерда мустаҳкамроқ илдиз отишга, шунингдек, тайёр бойликлар (ўрмон, мўйна, балиқ ва ҳ.к.) дан фойдаланишга имкон қадар ҳаракат қилдилар. Бироқ, ҳокимиятнинг биронта ҳам тузилмаси ёки саноат, молия эгалари шаклланиб келаётган капитализм мақсадларида бу ҳудудларнинг иқтисодиётининг ривожлантириш билан астойдил шуғулланмаган эдилар. Россия қишлоқ аҳолиси эса Сибирь, Узоқ Шарқда ҳам ўтроқ бўлиб қолгандилар, шунда ҳам йирик шаҳарларда ва уларга яқин жойларда жойлашганлар. Лекин уларнинг кўпчилиги Россия томонидан XIX асрнинг 20-30 йилларидаёқ ҳарбий ҳаракатларсиз, сиёсий ҳийла-найранг билан қозоқларнинг ўрта ва кичик жузларидан тортиб олинган ерларга ўзбошимчалик билан кўчиб келиб жойлашганди. Шу муносабат билан совет давридаги ижтимоий - сиёсий нашрларнинг кўпчилигида, ҳатто илгариги даврларнинг расмий нашрларида ҳам XIX аср ўрталарида Россия ҳукуматининг мустамлакачилик интилишларининг кучайиши асосан ривожланаётган капитализмнинг янги хомашё ва савдо бозорларига бўлган эҳтиёжлари билан изоҳланарди. Шуни таъкидлаш ўринлики, янги, бой, лекин ҳарбий жиҳатдан заиф бўлган туташ ҳудудларни босиб олишга интилиш асрлар давомида Россия ташқи сиёсатида муҳим ўрин эгаллаб келган. Бу даврда Россия капитализми заиф ривожланаётган бўлиб, крепостнойлик ҳуқуқи бекор қилингач эса, бу ривожланиш бирозгина кучайди. Россиянинг 1904-1905 йиллардаги Япония билан урушда мағлубиятга учраши Россия иқтисодиёти, хусусан, унинг саноати, нақадар номукаммал ва заиф эканлигини кўрсатди. Ўрганилаётган даврда ёки кейинги ўн йилликларда ҳам Россияда аҳолининг асосий кўпчилиги камбағаллик даражасида қолаётган эди. Шу сабабли, агар бу улкан мамлакатда бошқарув тизими - тузилишига кўра эмас, балки сиёсий табиатига кўра ҳарбий-феодал тизими бўлмаганида, капиталистик ривожланиш неъматлари россияликларга фаровонлик келтирган бўларди. Шунда бошқа ҳудудлардаги туб халқларни талаш, зулм ўтказиш ҳисобига фаровон ҳаёт қуриш учун кўплаб аҳолини босиб олинган ўлкаларга кўчиришга тўғри келмасди. Кўриниб турибдики, илк паллада қозоқларнинг ҳудудларини, Қўқон хонлигининг бир қисмини босиб олишни вазифа қилиб қўйган чоризм, аслида, икки йилга етмай Қўқон хонлигини ва кўп жиҳатдан Бухоро амирлиги тақдирини ҳал қилди. Лекин Зарафшон округи ҳарбий бошлиғининг 1868 йил 17 майда Туркистон генерал - губернатори Фон Кауфманга йўллаган маърузаномасида баён этилган яна бир ғоят муҳим мулоҳазани ҳам кўриш лозим. Унда хусусан, “русларнинг Ўрта Осиёдаги ҳукмронлигининг жадал кучайиб бораётгани бутун Европанинг, айниқса, Англиянинг этиборини ўзига қаратди. Балки у, башарти Россия билан тўқнашиб қолса Россия ўзининг Сирдарё ва Мовароуннаҳрдаги аҳволидан, қўшинларни Ҳиндистон (маърузаномада Ост-Индия Б.З.) томон суриб бориши учун фойдаланишидан чўчиётгани асоссиз бўлмаса керак. Суриштириб олинган маълумотлар Ҳиндистон томон йўл илгари Балх, Ҳирот ва Ёркентдан Пешовар, Ўрта Ҳиндистон (маърузаномада-Средный Инд-Б.З.) ва Кашмир томон бўлган йўлда учрагани сингари енгиб бўлмас даражада машаққатли эмас эканлигини кўрсатмоқда. Бинобарин, Англиянинг Ҳиндистондан Ўрта Осиё томон катта карвон йўли йўналиши бўйича биз эришган ҳар бир ютуқдан ташвишга тушиши тушунарли”1- дейилган. Россия империясининг Петр I даврига бориб тақалувчи Ҳиндистонга юриш нияти ҳамда рус қўшинлари ўтиш жойларини текшириш борасидаги илк ҳаракатлари (Бекович-Черкасскийнинг фожиали тугаган Хивага ҳарбий экспедицияси ва бошқалар – Б.З.) узоқ давом этувчи стратегик босқинчилик ва мустамлакачилик режаларидан гувоҳлик берарди. Бироқ бевосита Россияга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра, бу режалар фақат қисман амалга оширилди. Россия қозоқ хонликларининг ҳудудларини босиб олиш, Қўқон хонлигини тугатиш, Бухоро амирлиги ва Хива хонлигининг катта қисмини босиб олиб, уларни вассал давлатларга айлантириши билан кифояланишга мажбур бўлди. Айни маҳалда Россиянинг Шарқий ва Ғарбий мамлакатлар билан муносабатлари жиддий бузилмаган ҳолда энг катта, энг бой мустамлакаси бўлиб қолган Туркистон ўлкасини ва унинг энг нуфузли вилоятларидан бири Фарғона вилояти устидан тўла ҳукмронлик қилиш имконияти қўлга киритганидан император хонадони ҳамда Россиянинг ҳарбий, сиёсий доиралари, жамоатчилиги жуда мамнун эди. Империянинг ўзида туб миллатли халқлар кўрган кўп минглаб қурбонлар, уларнинг тақдири ҳеч кимни ташвишга солмасди. Аксинча, капиталистик ривожланишни жадаллаштириш, Россиядаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни туб аҳоли, унинг меҳнати маҳсули, Туркистоннинг- Каспийорти вилоятининг, Кичик ва Ўрта жуз қозоқ ҳудудларининг табиий бойликлари ҳисобига ҳал қилишга қаратилган янги мустамлакалар билан боғлиқ бўлди. Россиянинг мазкур минтақани босиб олишдаги сиёсий ва ҳарбий устунлиги 1866 йилдаёқ империя канцлери А.М.Горчаковга Оренбург генерал-губернатори ёзган ва юқорида келтирилган мактубда, кейинчалик ва империянинг кўплаб юқори мартабали амалдорлари томонидан ёзилган мактубларда, ҳисоботларда ҳам алоҳида таъкидланган эди. Масалан, сенатор граф К.К.Пален бундай деб ёзганди: “Агар Туркистонни босиб олишда аҳамиятли бўлган сиёсий тусдаги сабабларни (таъкид бизники Б.З.) ҳисобга олмасак, ушбу ўлка Россияга қўшиб олинган илк кунлардан бошлабоқ, рус ҳукуматида икки ёқлама: 1) молиявий сиёсат нуқтаи назаридан давлат даромадлари манбаи сифатида ҳамда янги бозор сифатида ва 2) мустамлакачилик сиёсати нуқтаи назаридан губерниялардаги ортиқча аҳолини кўчириш учун ҳудуд сифатида қизиқиш уйғотди”.2 Россия империяси қўшинларининг муваффақиятли ҳужумлари оқибатида Александр II нинг фармони билан 1867 йил иккита вилоятдан иборат Туркистон генерал-губернаторлиги тузилди: маркази Тошкент бўлган Сирдарё вилояти ва маркази Верний бўлган Еттисув вилояти. 1868 йил Туркистон генерал-губернаторлиги таркибига Зарафшон округи киритилган бўлиб, у 1887 йилда тузилган Самарқанд вилояти деб атала бошланди. 1876 йилда Фарғона вилояти тузилган, 1873 йил Хива хонлигидан тортиб олинган ҳудудлардан Амударё бўлими ташкил топган. 1882 йил 18 майда Александр III нинг фармони билан Еттисув вилояти Туркистон таркибидан чиқарилиб, Дашт губернаторлигига ўтказилган. ХIХ асрнинг 80 йилларига келиб Туркистон генерал-губернаторлиги чегаралари анча кенгаяди ва Сирдарё, Самарқанд, Фарғона вилоятларидан иборат бўлган. 1867 йилда ташкил топган Туркистон генерал-губернаторлиги маъмурий жиҳатдан вилоятларга бўлиниб, ҳар бир вилоятнинг хусусият ва жойлашуви ҳисобга олинган ҳолда идора қилинган. Генерал-губернаторликдаги бошқарув моҳиятини тушунишда унинг географияси ва маъмурий тузилишини аниқлаш муҳим масала ҳисобланади. Каспий денгизининг шарқида жойлашган Туркистон генерал-губернаторлиги шимолдан ғарбий Сибир тепаликлари ва жанубдан Ҳиндиқуш тоғлари орқали Эрон ва Афғонистон билан чегарадош бўлган. Туркистон табиатининг ўзига хослиги ва халқининг маданияти жиҳатидан тадқиқот учун жуда муҳим объектни ташкил этади3. Туркистон генерал-губернаторлиги ҳудуди ғарбдан шарққа 2500 км.га, шимолдан жанубга 4100 км.га чўзилган, умумий ҳажми 1 926 620 кв.км.ни ташкил қилиб Германия, Австрия, Венгрия, Франция ва Италиянинг биргаликдаги ҳудудидан ҳам каттароқ бўлган. Биргина Каспийорти вилоятининг ҳудуди Германия ҳудудидан 65 000 кв.км.га катта бўлган4. Ўша давр тарихшунослигида Туркистоннинг Россия томонидан эгалланган қисми ўзининг географик давоми бўлган Хитой Шарқий Туркистони ва Амударёдан жанубда Ҳиндиқушгача чўзилган афғон Туркистонидан фарқлаш учун кўпинча Ғарбий Туркистон деб аталган5. Немис тадқиқотчиси А.Шулц Туркистонни табиий ва сунъий чегаралари ҳақида батафсил маълумот берган6. Унинг маълумоларига кўра Туркистон генерал-губернаторлиги жанубий чегарасининг узунлиги 2780 км. ни ташкил этган7. Туркистон генерал-губернаторлиги ғарбдан Устюрт платоси, Каспий денгизи ва Муғожар тоғлари билан, шимолда Орол-Иртиш сув ҳавзаси, Чингизтов ва Тарбағатой тизмаси, шарқдан Тяншан ва Помир, жанубда Кюпендоғ ва Копетдоғ билан чегараланган. Туркистон шаклан тахминан 32.000 кв.мил (1 мил - 1,6 км) катталикдаги тўртбурчакни ташкил этган. Ҳудуд шимолий Балхаш ҳавзаси ва жанубий Орол ҳавзасига бўлинган. Туркистон қарийб ҳамма томондан тоғлар билан ўралган бўлиб фақат ғарбий томони текисликдан иборат. Немис тадқиқотчиси А.Шулц Ғарбий, Шарқий, Жанубий Туркистон ҳақида ҳам фикр юритади. Тадқиқотчи Рус Туркистони ҳақида гапирганда аввало Каспийорти, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Еттисув ҳамда вассал давлат бўлган Бухоро ва Хивани назарда тутган. Европа ва Осиёнинг алоқаларида Россиянинг аҳамияти қанчалик катта бўлса, ушбу минтақалар ўртасида ўзига хос стратегик ўринга эга давлат сифатида Туркистоннинг ҳам аҳамияти муҳим бўлган. Маъмурий жиҳатдан генерал-губернаторлик "вилоятлар"дан (русчасига "области") иборат. И.Гейер Туркистон генерал-губернаторлиги вилоятларининг аҳолиси ва умумий ер майдонлари ҳақида маълумот бериб ўтади. Унга кўра, ХIХ аср охири - ХХ аср бошларида Туркистон аҳолисининг умумий сони 5 259 406 нафардан иборат бўлса, шундан 371 193 нафари Каспийорти вилоятига тўғри келган8 (Қаранг: Илова №5). Ўлкада маъмурий бошқарув амалиёти минтақада Россия давлат муассасаларининг жорий этилиши аста-секин амалга оширилганлигини кўрсатади. Бу ерда умумимперия маъмурияти ва анъанавий маҳаллий институтлар қоришувидан иборат янги бошқарув тури шаклланган9. Шундай қилиб, Ўрта Осиё ҳудудига умумроссия қонунлари ва империя тартиблари секин-аста жорий этилган. Ўлканинг биринчи генерал-губернатори К.К.Кауфманга чексиз ваколатлар берилган10. Туркистон генерал-губернаторининг ўлкадаги фаолияти Россия империяси қонунларига асосланган. Расмий равишда Туркистондаги ҳокимият "ҳарбий-халқ бошқаруви" деб номланган. Унда қуйидаги маъмурий органлар ташкил этилган11: Download 360.98 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling