4290 « Ходимларга берилган бошқа бўнаклар» - бу актив счёт корхонанинг ўз ходимларига юқоридаги счётларда акс эттирилмаган мақсадлар учун ҳисобот даври ичида берган маблағларининг ҳолати ва ҳаракатини акс эттиришга мўлжалланган. Бундай бўнаклар бўлиб, масалан, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва молларини бозорлардан сотиб олиш, иш жойлари корхонанинг маъмурий биносидан узоқ жойларда жойлашган ходимларнинг иш ҳақларини тарқатиш, телефон-телеграф харажатларини тўлаш учун берилган бўнаклар ҳисобланади. Ходимларга бундай бўнаклар кассадан чиқим касса ордерлари асосида берилади. Берилган бўнак суммаларига чиқим касса ордерлари асосида қуйидаги бухгалтерия ёзувлари қилинади:
Дебет 4290 «Ходимларга берилган бошқа бўнаклар»;
Кредит 5010 "Миллий валютадаги пул маблағлари".
Берилган бўнаклар ходимлар билан якуний ҳисоб-китобларни амалга оширишда эътиборга олинади ва ходимнинг тасдиқланган бўнак ҳисоботига асосан ёпилади, яъни:
Дебет 2010 «Асосий ишлаб чиқариш», 2310 «Ёрдамчи ишлаб чиқариш», 9420 «Маъмурий-бошқарув харажатлари», 1010-1090 «Материаллар счётлари»,1100 «Боқувдаги ва ўстиришдаги моллар», 6710 «Ходимлар билан иш ҳақи бўйича ҳисоб-китоблар» ва бошқалар;
Кредит 4240 «Ходимларга берилган бошқа бўнаклар».
Агар берилган бўнак суммаси ходимнинг тасдиқланган бўнак ҳисоботи суммасидан кўп бўлган бўлса, у ҳолда ортиқча берилган суммалар юқорида келтирилган тартибга ўхшаб корхона кассасига қайтарилади ёки ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолинади.
Ходимларга берилган бошқа бўнакларнинг аналитик ҳисоби ушбу счёт бўйича ҳам ҳар бир ходим бўйича олиб борилади.
9.4. Солиқ ва мажбурий тўловлар бўйича тўланган
бўнакларнинг ҳисоби
Республикамизнинг Солиқ кодексига мувофиқ корхоналар бюджетга тўланадиган солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича бўнак суммаларини белгиланган муддатларгача тўлаб боришлари шарт.
Солиқ ва мажбурий тўловлар бўйича тўланган бўнакларга қуйидагилар киради:
*товар-моддий бойликлар (иш, хизмат)лар учун уларни таъминотчи ва пудратчилардан олган пайтида ушбу бойликлар (иш ва хизмат)ларни сотиб олиш нархи билан биргаликда тўланган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) суммаси;
*ҳисобот даврида бошқа солиқлар ва тўловлар бўйича белгиланган муддатда олдиндан ўтказиб берилган солиқ суммаси;
*ҳисобот даври учун ҳисобланган солиқ ва тўловлар суммаларидан ортиқча ўтказиб берилган солиқ суммаси.
Солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича бюджетга ўтказилган бўнаклар ҳисоби қуйидаги счётларда юритилади:
4410 "Бюджетга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича бўнак тўловлари (турлари бўйича)";
4520 "Мақсадли давлат жамғармаларига бўнак тўловлари".
Ушбу актив счётларнинг дебетида бюджетга солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича олдиндан тўланган бўнак суммаларининг кўпайиши, кредитида эса тўланган бўнакларнинг камайиши (ёпилиши) акс эттирилади (9.3-жадвалга қаранг).
Do'stlaringiz bilan baham: |