Бухгалтерия ҳисоби - бу иқтисодиётнинг қуйи бўғинини ташкил этувчи хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти, фаолият натижалари, уларнинг маблағлари (мулки, активлари), маблағларни ташкил топиш манбалари тўғрисидаги ахборотларни асосан пул ўлчов бирлигида қатъий ҳужжатли асосда йиғиш, қайд этиш, гуруҳлаш, жамлаш ҳамда уларни ички ва ташқи фойдаланувчилар ҳукмига тегишли шакл ва мазмунда тақдим этиш тизимидир.
Бухгалтерия молиявий ҳисоби - бу хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти, фаолият натижалари, мулки ва мулкни ташкил топиш манбалари тўғрисидаги молиявий характердаги ахборотларни йиғиш, қайд этиш, гуруҳлаш, жамлаш ҳамда уларни ички ва ташқи фойдаланувчилар ҳукмига тегишли шакл ва мазмунда тақдим этиш тизимидир.
Бухгалтерия бошқарув ҳисоби - бу хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти, фаолият натижалари, мулки ва мулкни ташкил топиш манбалари тўғрисидаги турли ўлчов бирликларидаги батафсил ахборотларни ички бошқарув сегментлари, яъни объектлар, субъектлар ва жавобгарлик марказлари кесимида йиғиш, қайд этиш, гуруҳлаш, жамлаш ҳамда уларни ички бошқарув органлари ҳукмига тезкор бошқарув қарорларини қабул қилиш учун мақбул шакл ва мазмунда тақдим этиш тизимидир.
Хўжалик фаолияти деганда корхона томонидан фойда олиш мақсадида олиб борилаётган ҳамда мазмунан алоҳида номлардаги фаолият турларини ташкил қилувчи хўжалик жараёнлари ва операциялари (муомалалари) мажмуаси тушунилади.
Хўжалик жараёни деганда корхонада юз берган ва бераётган маълум хўжалик муомалалари йиғиндиси тушунилади.
Хўжалик операцияси (муомаласи) деганда корхонада юз берган ва бераётган аниқ харакатлар, ишлар тушунилади.
Асосий фаолият – бу корхонанинг бош мақсадини ифодаловчи ҳамда унинг уставида кўрсатилган фаолият тури (ёки турлари).
Асосий бўлмаган фаолият – бу корхонанинг бош мақсади бўлиб ҳисобланмайдиган, шу билан бирга қўшимча фойда олиш мақсадида ҳамда асосий фаолият учун зарурат юзасидан юритиладиган фаолият тури ёки турлари.
Инвестиция фаолияти – корхонанинг ўз маблағларини ўзга корхоналарга ёрдам бериш ва қўшимча даромад олиш мақсадида киритиш билан боғлиқ фаолияти.
Do'stlaringiz bilan baham: |