Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги самарқанд давлат университети
Download 300.38 Kb.
|
РАШИДОВА УМИДА
- Bu sahifa navigatsiya:
- «қўлимни совуқ сувга ҳам урмайман»
2.2 Ўзбек тилида қўл компонентли соматик фраземаларнинг парадигматик ва синтагматик хусусиятлари
Қўл сўзи умумтуркий сўз бўлиб, бу сўзнинг этимологияси ҳақида Ш.Раҳматуллаев луғатида қуйидаги фикрлар баён қилинган: Қўл. Одамнинг елкадан бармоқ учигача бўлган аъзоси. Йўлчи ...иккинчи қўли билан Аҳмаднинг бир қўлини орқасига қайирди (Ойбек). Қадимги туркий тилда ҳам шундай маънони англатган бу от қо:л тарзида талаффуз қилинган (ДС, 454: қо:л «рука», қо:лычақ «ручонка», қо:ллуғ «имеющий руки»); ўша даврлардаёқ о: унлисининг чўзиқлик белгиси йўқолган (Девон, III, 148): қо:л >қол (ЎТЭЛ, 584). Бу сўз «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да ҳам келтирилган бўлиб, унда унинг умумтуркий эканлиги таъкидланган. Бу сўз кўп маъноли характерга эга, ЎТИЛда унинг ўн маъноси кўрсатилган: Қўл - 1. Одамнинг бармоқ учларидан елкасигача бўлган қисми, аъзоси. 2. Шу аъзонинг билакдан бармоқлар учигача бўлган қисми; панжа. 3. Иш-меҳнат бажарувчи аъзо (восита) сифатида. 4 с.т. Ҳайвонларнинг олдинги оёқлари. Қўйнинг қўли ва сони. Қўл гўшти.5 с.т. Бармоқ. 6. Ҳар кимнинг ўзига хос ёзув усули, услуби, ёзуви, хати ва унинг ифодаси. 7. Имзо. Далолатномага қўл қўймоқ. 8. Ҳар кимнинг ўзига хос иш усули, услуби, иши, хатти-ҳаракати; шуни акс эттирувчи ифода. 9. Имкон, имконият. Қаёққа қўл узатса етади Имкониятга эга, имконияти катта. 10. (3-ш. эгалик ҳамда ж.к. ва ў.-п. к. шаклида кўм. ваз.:қўлига, қўлида) Ихтиёрига, измига; ихтиёрида, измида (ЎТИЛ, 2, 443). Қўл компонентли фразеологизмлар Алишер Навоий асарларда ҳам фаол қўлланган. Жумладан, «Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати» (НАТИЛ)да кўрсатилишича, шоир асарларида қўлдин бермак (қочирмоқ, ўз ихтиёридан чиқариб юбормоқ), қўлдин солмоқ (қўлдан чиқармоқ), қўл сўнмак (қўл узатмоқ) каби фразеологизмлар қўлланган (НАТИЛ, 747-748). Ш.Раҳматуллаевнинг ЎТФЛда қўл компонентли 70 га яқин ибора маъноси изоҳланган. Уларнинг айримлари инсоннинг идрок этиши билан боғлиқ бўлган, унинг руҳий оламини, ҳис-туйғуларини ифодалайдиган иборалар сирасига кирса, баъзилари миллий дунёқараш нормасига бориб тақалади. Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романидаги ҳар бир қаҳрамон нутқи ўзига хос табиатидан келиб чиқиб тасвирланади. Хусусан, асардаги Кумушбиби ўзбек аёлларининг типик вакили сифатида гўзал хулқли, одобли, ҳаёли қиз образида намоён бўлади. Уйнинг тўрида ёнини Отабекка бериб рўймолининг учини тугибми, йиртибми Кумушбиби турадир ва ким келди, деб ёниға қарамайдир. Рўймол тугиш билан машғул латиф қўлларини чет қўл келиб сиқди: – Жоним. Кумушбиби бегона қўлдан сесканди ва қўлларини қутқазмоққа тиришиб: –Ушламангиз, - деди ҳам сиқувчи қўлдан қутилиш учун орқаға тисланди.. Мазкур парчада ўзбек аёли Кумушга хос бўлган уятчанлик, иболилик характерлари унинг тилидан қўлланган ибораларда яққол намоён бўлади. Маълумки, инсон қўли сезгини қабул қилувчи тери ости хужайраларидан иборат. Айнан инсон терисининг остидаги ҳужайралар сабаб маълум бир ташқи таъсирни ҳис қилади. Ҳозирги парчада Кумушнинг сесканиши ҳам қўли орқали юзага чиқмоқда. Чунки бегона қўл таъсирини сезги ҳужайралари аллақон сезиб, таъсирланишди. Кумушнинг сезгини идрок этиб таъсирланиши натижасида у орқага тисарилди. Тилимизда қўлини сўрамоқ ибораси мавжуд. Бу ибора ментал характерга эга бўлиб, метонимизация асосида шаклланган ҳамда «қиз боланинг уйига совчиликка бормоқ», «турмушга чиқишга розилик сўрамоқ» маъноларини билдиради: –Нима?... Ўйлаб кўриш керак. Кейин... сиз жуда ғалати экансиз. Кеча таниша солиб бугун қўлимни сўрапсиз (З.Қуролбой қизи). Ш.Раҳматуллаевнинг «Ўзбек тилининг изоҳли фразеологик луғати»да қўл силтамоқ иборасига қуйидагича таъриф берилган: ҚЎЛ СИЛТАМОҚ. Диққат-эътиборга нолойиқ деб топмоқ. Варианти: қўлни силтамоқ; қўлини силтамоқ (303-б). Қўл силтамоқ ибораси кишининг маълум руҳий-психологик ҳолати билан боғлиқ. Чунки инсон бирор бир ҳолатга, жараёнга нисбатан бекордан қўл силтамайди. Бунга уни қандайдир жараён ёки ҳодиса мажбур қилади ва инсон унга ёқмаган жараёнга бепарво бўлишга аҳд қилади (қўл силтайди). Масалан: Бригадир йўриғига юрмаса, бор-э деб ҳаммасига қўл силтаб кетиб ҳам қоларди. Аммо...(А.Қаҳҳор); Тангриберди учун оқ-қора катакларда дунё бор бўй-басти билан намоён бўлар, ғам-ташвиш, қувонч-шодлик, ҳаяжону эҳтирос - ҳамма-ҳаммаси айни ўша олтмиш тўрт катакка жо бўлгандек гўё. Теварагини қуршаган борлиқнинг золимона бир хиллиги, зерикарли оҳангги бадига ургандек, барча-барчасига қўл силтаганди (А.Қаҳҳор). Юқоридаги мисолларга эътибор қаратсак, қўл силтамоқ ибораси кесим вазифасида келиб, ўзидан олдин воситали тўлдирувчининг келишини талаб қилган. Демак, инсоннинг қўл силтамоқ даражасига келишини мураккаб ҳолат бўлиб, охирги нуқта сифатида изоҳланади. Тилимизда қўли косов, сочи супурги бўлмоқ ибораси фразеологик контаминация асосида шаклланган. Қўли косов бўлмоқ ҳамда сочи супурги бўлмоқ ибораларининг бирикиб битта ФБни ҳосил қилиши оғзаки сўзлашув услубида рўй беради. Маълумки, косов ҳамда супурги уй-рўзғор буюмлари саналади. Мазкур иборанинг шаклланишида ўзбек халқи турмуш воқелиги (уй-рўзғор анжомлари) асос вазифасини ўтаган. Кундалик турмушда ишлатиладиган бу буюмлардан асосан аёллар меҳнат жараёнида фойдаланганликлари сабабли ибора гендерлик хусусият касб этган. Бу ибора салбий баҳо муносабатни ифодалайди. Оилада фарзандларининг қўлидан юмуш келишига қарамай, барча юмуш ўз зиммасида бўлган аёлларга нисбатан оғзаки нутқда қўли косов, сочи супурги бўлди ибораси қўлланилади: Кексайган чоғида қўлини совуқ сувга урмай, ҳузур-ҳаловатда яшаш ўрнига, тўнғич ўғли билан келинининг рўзғорини бўлак қилиб, ўзи ҳали ҳамон қўли касов, сочи супурги бўлиб юрганини ўйлаб гоҳида Бувгул эна хит бўлиб кетади...(А.Қаҳҳор); Тавба, бир замонлар хотин олиш деса йигитлар ўзини томдан ташларди. Энди бўлса, уйланиш деса заҳраси кетади ҳаммасининг. Нима, боши олтин, оёғи кумушдан оласанми? Ҳамма хотин бир хотин-да! Ана, Холпошнинг келини. Тинчитди– қўйди! Шўрлик куни кеча қўли косов, сочи супурги бўлиб юрувди. Ҳозир кўрсанг ҳавасинг келади. Қайнонасини оқ ювиб, оқ тараб қўйибди, барака топгур келин!(З.Қуролбой қизи) Мазкур қўли косов, сочи супурги бўлмоқ феъл иборасининг нутқий вазият талаби билан эллипсисга учраб қисқариши натижасида феъл иборадан қўли косов сифат ибораси шаклланади: —Ая ушоққина, лаблари, қўллари совуқдан ёрилиб кетган, қўлу билаклари косов (Мирмуҳсин, Онаизорларим). Тилимизда мавжуд яна бир қўл компонентли ибора қўлини совуқ сувга урмаслик ибораси ҳам салбий баҳо муносабатни ифодалаб, оғир жисмоний меҳнат қилмайдиган кишиларга нисбатан қўлланади: Чол тепаларида туриб ишлатмаса, қўлларини совуқ сувга ҳам урмайдиган неваралари унинг бетоблигини эшитишиб, дўппиларини осмонга отиб юришгандир (А.Қаҳҳор); Келинлигимдан то ҳозиргача қўлим косов, сочим супурги бўлиб келдим. Келин олдимми, энди «қўлимни совуқ сувга ҳам урмайман», деб кўп такрорларди (З.Қуролбой қизи). Download 300.38 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling