УЎК 33.01(075)
КБК 65я7
Ш. Шодмонов, М. Рахматов. Иқтисодиёт назарияси: Дарслик. – Т.:
«Замин нашр», 2021. – 856 б.
«Иқтисодиёт назарияси» фани бўйича тайёрланган
мазкур дарслик
2002 йилда чоп этилган ўқув қўлланма ва 2005, 2010, 2017 - йилларда
чоп этилган дарсликларнинг қайта ишланган ва тўлдирилган
нашри
ҳисобланади. Ушбу дарсликни тайёрлашда Ўзбекистон Республикасининг
Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, «Таълим тўғрисида»ги Қонуни ва олий
ўқув юртларида бакалаврлар тайёрлашнинг янги давлат андозаси талаблари
ҳисобга олинган. Ундаги мавзулар мазмунини ёритишда Ўзбекистон
Республикаси Президенти асарлари,
маърузалари, амалдаги ва айниқса
мамлакатимизда кейинги вақтларда қабул қилинган қонунлар ва бошқа
меъёрий ҳужжатлардан кенг фойдаланилган. Мамлакатимизда ва хорижда
нашр этилган қатор дарслик ва ўқув қўлланмаларнинг қисқача таҳлили
берилган, улардаги ижобий томонлардан фойдаланилган ва баъзи бир
мунозарали жиҳатлар эса танқидий равишда ўрганилиб, муаллифларнинг
шахсий ёндашувлари асосида баён этилган.
Дарслик бир-бири билан мантиқан боғланган тўрт қисмдан
иборат
бўлиб, уларда иқтисодиётнинг умумий асослари, бозор иқтисодиёти,
макроиқтисодиёт ва жаҳон хўжалигига оид мавзулар кенг ўрин олган.
Айниқса, ҳозирги замонда ривожланган бозор иқтисодиётининг қонун-
қоидаларига, молия, кредит, банк ва пул тизимининг ролига катта эътибор
берилган.
Дарслик бакалавриатнинг барча таълим йўналишларидаги талабалар,
мазкур соҳа билан қизиқувчи мутахассислар учун мўлжалланган.