Ўзбекистон республикаси президенти


Қанғ, Даван ва Кушон давлатлари


Download 5.26 Mb.
bet19/87
Sana17.06.2023
Hajmi5.26 Mb.
#1544154
1   ...   15   16   17   18   19   20   21   22   ...   87
Bog'liq
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009

Қанғ, Даван ва Кушон давлатлари
Тадқиқотчиларнинг фикрига қараганда, Салавкийлар сулоласи билан доимий равишда олиб борилган курашлар натижасида мил.авв. III асрнинг бошларида Қанғ давлати пайдо бўлди. Кейинчалик, Юнон-Бақтрия давлати ҳамда кўчманчи қабилалар билан курашлар натижасида Қанғ давлати янада мустаҳкамланди ва айрим манбаларда Ўрта Осиёдаги йирик давлатлардан бири сифатида эслатилади. Бу давлатнинг асосий негизини Сирдарёнинг ўрта оқимида яшовчи қанғлар ташкил этганлар. Мил. авв. II асрнинг бошларига келиб, Қанғ давлатининг ерлари бирмунча кенгайиб шарқда Фарғона водийси (Даван), шимоли-шарқда усун, юечжи қабилалари билан шимоли-ғарбда Сарису дарёси, ғарбда Сирдарёгача борган. Бу катта ҳудуд Тошкент воҳасини, Талас водийсини ва қисман Чу водийсининг қуйи оқимидаги ерларни ўз ичига олиб Қанғ давлатининг асосий ерлари ҳисобланган, Мил.авв.II-I асрларда қанғликлар Амударё ва Сирдарё оралиғидаги ерларни ва Хоразмни ўзларига бўйсундирадилар.
Манбаларда Қанғ подшоларининг иккита: ёзги ва қишки қароргоҳлари эслатилади. Улар ёзни Ўтрорда (ҳозирги Қозоғистондаги Арис ва Туркистон оралиғида) қишни эса Қанқа (Қанха, ҳозирги Тошкент вилояти Оққўрғон туманида) ўтказганлар. Ўтроқ аҳолидан ташқари Қанғ давлатининг чегараларида бир қанча қабилалар мавжуд бўлиб, улар деҳқончилик билан бир қаторда чорвачилик билан ҳам шуғулланиб келганлар. Улар баҳор ва ёз мавсумларида ўз чорвалари билан кўчиб, ёзги яйловларда яшаганлар. Қишда эса чорвалари билан ўз анъанавий қишлов жойларига қайтиб келганлар. Қанғлар подшолари ва беклари йирик чорвадорлар бўлиб, улар иссиқ кунларни яйлов жойларида, ёзги қароргоҳларида ўтказганлар.
Сирдарёнинг ўрта оқимида яшовчи аҳолининг маълум қисми мил.авв. III-милодий V асрларда ўтроқ ҳаёт кечирганлар. Археологик тадқиқотлар натижаларига қараганда Ўтрор, Оқтепа, Қоровултепа, Қовунчи, Чоштепа, Мингўрик харобалари ўрнида қанғарларнинг қўрғонлари ва кўхна шаҳарлари бўлган. Шаҳар ва қишлоқларда яшовчи ўтроқ халқлар кўчманчи ва ярим кўчманчи аҳолига нисбатан юқори турганлар. Тошкент воҳасида яшовчилар асосан деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланганлар. Улар арпа, буғдой, тариқ, нўхат, шоли ва бошқа донли экинлар етиштирганлар. Мевали дарахтлар ва узумзорлари кўп бўлган. Сирдарёнинг ўрта оқимида яшовчи қанғарлар асосан, деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланганлар.
Қорамозор, Қурама ва Чотқол тоғларида темирчилик, мисгарлик ҳунарининг ривожланиши учун керакли маъданлар бўлган. Бу жойлардан жуда кўплаб мис, темир, кумуш ва бошқа металлар олинган. Усталар турли металларни бир-бирига қўшиб, мустаҳкам қуроллар ясашни ҳам ўзлаштирганлар. Шунингдек, кундалик эҳтиёж буюмлари ишлаб чиқарилиб ички ва ташқи савдо учун турли маҳсулотлар тайёрланган.
Қанғарларга хос маданият Тошкент воҳасидаги Қовунчитепадан топиб ўрганилган бўлиб, фанда Қовунчи маданияти номи билан машҳурдир. Археологик топилмалар маълумотларига қараганда бу маданият асосан Тошкент воҳаси, Сирдарё ўрта оқими, Еттисув ва Шимолий Фарғонада кенг тарқалган. Сирдарёнинг ўрта оқимида яшовчи халқларнинг Сўғдиёна, Фарғона ва Тяншань тоғининг шимоли-шарқий қисмида яшовчи халқлар билан яқин алоқада бўлганлиги туфайли Қовунчи маданияти анча тараққий этган.
Милодий V аср ўрталарига келиб қанғарлар еридаги ўтроқ ва қисман ўтроқ аҳоли Ўрта Осиёда янгидан ташкил топган Эфталитлар давлатига тобе бўлдилар.
Мил. авв. I минг йилликнинг сўнгги чорагида Ўрта Осиёнинг шимолий ва шимоли-шарқий ҳудудларида ҳам қадимги (антик) давлатлар ривожланади. Хусусан, мил. авв. II-I асрларга оид Хитой манбалари деҳқончилик ва чорвачилик, айниқса йилқичилик кенг ривожланган Даван (Да-юнь, Фарғона) давлати ҳақида маълумотлар беради. Тадқиқотчиларнинг фикрларига қараганда, Даван давлати маълум сиёсий уюшмани ташкил этган бўлиб, давлатни бошқарувчи ҳукмдор манбаларда “ван” (подшо) унвони билан иш юритгани таъкидланади. Давлат ҳукмдори мамлакатнинг сиёсий ва диний ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлган оқсоқоллар кенгашига таяниб иш кўрган. Оқсоқоллар уруш ва сулҳ тузиш масалаларини ҳал этишда иштирок этганлар, баъзан улар ҳукмдорнинг тақдирини ҳал этганлар.
Манбалар Даван давлатининг пойтахтлари- бош шаҳар Эрши ва иккинчи шаҳар Ючен ( давлатнинг шарқида) ҳақида маълумотлар беради. Тадқиқотчилар бош шаҳарни Марҳамат (Андижон вил.) ва иккинчи шаҳарни Шурабашот (Ўзганд воҳаси Қирғ.) ўрнида бўлган деб ҳисоблайдилар. Фарғона воҳаси ҳудудларида кўчиб юрган чорвадор ва кўчманчи қабилалар Даван тарихида муҳим аҳамиятга эга бўлганлар. Бу қабилалар учун Фарғона маданий ва ҳунармандчилик маркази ҳисобланган.
Мил. авв. II асрдан бошлаб Қашғардан Даванга шимолий йўлдан карвон йўли ҳаракати бошланади. Бу йўлдан ипак ва бошқа маҳсулотларнинг халқаро транзит савдоси амалга оша бошлайди. Бу пайтга келиб Даван аҳолиси кўпая бошлайди ва кўплаб мустаҳкамланган аҳоли манзилгоҳлари пайдо бўлади. Савдо йўлида Даван муҳим аҳамиятга эга бўлиб боради. Тадқиқотчилар фикрича, Ясса ва Қорадарё воҳаларида кўпгина қалъалар савдо йўлини қўриқлаш мақсадида барпо этилади.
Мил. авв. 125 йилда Даванга келган машҳур Хитой саёҳатчиси Чжан Цянь Даваннинг қишлоқ хўжалиги ҳақида маълумот бериб, шундай ёзади: “Ўтроқ аҳоли ер ҳайдайди, ғалла ва шоли экади, уларда мусаллас навли узум, жуда кўплаб яхши отлар бор”. Бу маълумот қадимги Фарғонада деҳқончилик маданияти юқори даражада ривожланганлигини исботлайди. Хитойликларни айниқса, ўзлари учун нотаниш бўлган беда ва узум ҳайратга солган. Манбада яна шундай маълумот бор:”Хитой элчиси уруғ келтирди, шунда осмон фарзанди (Хитой императори) унумдор ерга беда ва узум экди”.
Манбаларнинг гувоҳлик беришича, қўшни давлатлар, хусусан Хитой императорлари Даван отларини ниҳоятда қадрлаганлар. Отлар ва Даваннинг серунум ерлари учун мил. авв. II асрнинг охирларида Хитой ва Даван ўртасида ҳарбий тўқнашувлар ҳам бўлиб ўтган. Бу тўқнашувларда Даванликлар ўз мустақилликларини сақлаб қолишга муваффақ бўлганлар.
Антик даврга оид археологик топилмалар деҳқончиликдан ихтисослашган ҳунармандчиликнинг ажралиб чиққанлигидан далолат беради. Бу жараён ўз навбатида ҳунармандчилик ва тоғ-кон саноатининг (турли маъданлар қазиб олиш) янада ривожланиши учун кенг имкониятлар яратди.
Ҳунармандчиликнинг ривожланиши ва қадимги йўлларнинг мавжудлиги туфайли Фарғона водийсида Шарқий Туркистон билан олиб борилган ташқи савдо билан бир қаторда, атрофдаги тоғ водийларида яшовчи чорвадорлар билан ҳам ўзаро алмашинув ривожланади. Антик давр Фарғона ёдгорликларининг айримларида Хитой тангалари (у-ши) учраса ҳам маҳаллий тангалар учрамайди. Бу ҳол натурал хўжалик (маҳсулот айирбошлаш) устунлигидан далолат беради.
Қадимги Хитой манбалари Бақтрияни юечжи қабилалари босиб олганлиги ҳақида маълумот беради. Мил. авв. II асрнинг иккинчи чорагида (тадқиқотчилар бу санани мил. авв. 172-161 йиллар оралиғида деб белгилайдилар) юечжилар хуннлардан мағлубиятга учраганидан сўнг Ўрта Осиёнинг шимолий ҳудудларида кўчиб юрадилар. Бу қабилалар Хитой манбаларида “Да-юечжи” - ”Буюк” ёки “Катта Юечжи” деб эслатилади. Чжан Цзян маълумотларига кўра, юечжилар хунн қабилаларидан мағлубиятга учрагач Ўрта Осиёнинг жанубига томон ҳаракат қилиб, Даҳя (Бақтрия)ни босиб оладилар ва Гуйшуй (Амударё)нинг шимолий томонида жойлашадилар. Тўнғич Хан уйи тарихида ҳам юечжилар Гуйшуй дарёсининг шимолий томонида ўз пойтахтларига асос солганликлари таъкидланади.
Тадқиқотчиларнинг фикрларига қараганда, юечжилар мил. авв. 140-130 йиллар оралиғида Бақтрияга бостириб кирганлар. Орадан кўп ўтмай Бақтрияда Катта юечжи давлати ташкил топади. Кичик Хан уйи тарихи маълумотларига кўра, Катта юечжи ҳукмдорлари кўл остида бешта ҳокимлик (Хи-хэу) бор бўлиб, улар Хюми, Шаунми, Гуйшуан, Хисе ва Думилардан иборат эди. Хитой манбаларидан хулоса чиқарган кўпчилик тадқиқотчилар Бақтрия тарихидаги бутун юечжи даврини учта босқичга бўладилар.
1. Мил. авв. 139-125 йиллар-Катта юечжи Даҳя вилоятини босиб олади, аммо уларнинг асосий мулклари Амударёдан шимол томонда эди.
2. Мил. авв. 25 йилга қадар-Катта юечжи давлатининг шаклланиши ва кейинги ривожланиши. Давлатнинг пойтахти Амударёдан шимол томонда бўлиб, жанубий чегараси Гибин атрофларида (Кашмир ёки Қандаҳор) эди. Юечжилар бўйсундирган ҳудудлар Хисе, Шаунми, Гуйшуан, Хюми, Думи мулкларидан иборат бўлиб улар хи-хоу (ябғу) томонидан бошқарилган.
3. Мил.авв. 125 йилгача Катта юечжи давлатининг инқирози ва юқорида эслатилган мулкларнинг мустақил бўлиши. Кушон (Гуйшуан) ябғуси Киоцзюкю (Кужула Кадфиз) қолган тўртта мулкни бирлаштириб Кушон давлатига асос солди.
Мил. авв. I асрнинг охири-мил. I асрнинг бошларига келиб гуйшуан ҳокими Киоцзюкю барча мулкларни бирлаштириб, Қобулистон ва Қандарҳорни забт этади. Натижада бу даврга келиб Кушон давлати ўз аҳамиятига кўра антик давр Хитойдаги Хан давлати, Парфия подшолиги, Рим салтанати билан рақобатлаша оладиган қадимги дунёнинг энг қудратли ва забардаст давлатларидан бири сифатида ташкил топди. Хитой манбаларидаги “Гуйшуан ҳокими Киоцзюкю”, илк кушон даврига оид топилма тангаларда акс эттирилган “Кушон подшоси Кужула Кадфиз”га айнан мос тушади.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Кадфиз I ўз номини “ёбғу”дан “шоҳлар шоҳи” фахрий унвонигача кўтариб тангалар зарб этади. Яна бир гуруҳ Ўрта Осиё (кўпроқ Тожикистон)дан топилган тангаларда “шоҳлар шоҳи, буюк халоскор” деган ёзув кўпроқ учрайди. Кўпчилик олимларнинг фикрича, бу тангаларни Кадфиз I зарб этган.
Кужула Кадфиздан сўнг тахтга унинг ўғли Вима Кадфиз (Кадфиз II) тахтга ўтиради. Кадфиз II давлатнинг иқтисодий аҳволини мустаҳкамлаш мақсадида пул ислоҳоти ўтказиб олтин тангалар зарб этади. Шунингдек, Кадфиз II Ҳиндистоннинг бир қисмини Кушон давлатига қўшиб олади ва Рим салтанати билан алоқалар ўрнатади.
Кушон подшолари ичида энг машҳури Канишка ҳисобланади. Унинг ҳокимлик даврида Кушонлар салтанати гуллаб-яшнашининг юқори чўққисига кўтарилади. Канишка даврида Панжоб, Кашмир вилоятлари мамлакатга қўшиб олинади. Айрим тадқиқотчиларнинг фикрича, давлатнинг пойтахти Далварзиндан (Сурхондарё), Пешовар (Афғонистон) атрофларига кўчирилади. Бу даврда (мил. II аср) мамлакатнинг ҳудуди Шимолий Ҳиндистон, Афғонистон, Ўрта Осиёнинг жануби, Шарқий Туркистондан иборат эди. Сюань Цзяннинг ёзишича, “Канишка подшолик қилган даврда унинг шон-шуҳрати қўшни мамлакатларга ёйилди. Мамлакатнинг ҳарбий қудрати кўпчилик томонидан тан олинди. Хитойнинг ғарб томонидагилар ҳам Канишканинг ҳокимиятини тан олиб, унга ўз гаровга қўйган одамларини юборар эдилар”.
Кушон даврига оид кўплаб очилган кўҳна шаҳарлар бу пайтда шаҳарсозлик маданияти айниқса, гуллаб-яшнаганлигидан далолат беради. Бу даврга оид дастлабки очилган кўҳна шаҳарлардан бири Айртом кўҳна шаҳри бўлиб, у Амударёнинг ўнг қирғоғида Термиздан 20 км шарқда жойлашган. Тадқиқотчиларнинг фикрларига қараганда Айртом кўҳна шаҳри мил.авв. II асрдан мил. III асрга қадар уч тарихий босқичда ривожланади. Булар: сўнгги грек-бақтрия даври, юечжи-кушон даври ва кушонлар даврларидир. Айртомда олиб борилган узоқ йиллик (1932 йилда бошланган) тадқиқотлар натижасида Будда ибодатхоналари мажмуалари, қабристон, кўплаб ҳайкаллар ва бақтрия ёзуви топилган ва ўрганилган. Айртомдан ҳимоя деворлар қолдиқлари аниқланмаган.
Бу даврда Афросиёб кўҳна шаҳри тузилишида ҳам ўзгаришлар бўлиб ўтади. Хусусан, милоднинг дастлабки асрларида бу кўҳна шаҳар янгитдан девор билан ўраб олинади. Афросиёбдан топилган жуда кўплаб топилмалар ҳам айнан мана шу даврга оиддир. Аммо, ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ўзгаришлар туфайли 4-5 асрларида кўҳна шаҳар инқирозга учрайди.
Бу даврга оид йирик кўҳна шаҳарлардан бири Далварзинтепадир. Кўҳна шаҳар Сурхондарё вилоятининг Шўрчи тумани ҳудудида жойлашган. Умумий майдони 36 гектардан зиёд бўлган бу кўҳна шаҳар узунлиги 2,5 км, қалинлиги 10 метр бўлган ҳимоя девори ва чуқур хандақ билан ўраб олинган. Деворларда ҳарбий мақсадларни кўзлаб махсус миноралар қурилган. Шаҳарнинг марказий қисмида бой шаҳарликларнинг маҳаллалари, жанубий қисмида эса ҳунармандлар яшайдиган кулолчилик маҳалласи жойлашган. Бу ердан топилган кўп сонли топилмалар нафақат маҳаллий усталар томонидан тайёрланган балки, Яқин ва Ўрта Шарқдаги турли вилоятлардан келтирилган буюмлардир. Далварзинтепанинг шаҳар олди қисмида милоднинг I асрида бунёд этилган Будда ибодатхонаси қолдиқлари очилиб ундан диний қарашлар билан боғлиқ бўлган кўп сонли топилмалар топилган. Кўҳна шаҳарнинг марказидан милодий II-III асрларга оид яна бир йирик ибодатхона қолдиқлари очилган. Ушбу ибодатхонадан лой ва гипсдан ишланган Будда, Бодхисатвларнинг йирик ҳайкаллари, ҳукмдор ва унга яқин кишиларнинг ҳайкалчалари топилган. Кўҳна шаҳардан 11 та хумдон очилган бўлиб, улар бу ҳудудда сопол ҳунармандчилигининг ривожланганидан далолат беради. Узоқ йиллик археологик тадқиқотлар Далварзинтепа ўрнига Кушон давлатининг йирик қўҳна шаҳри (дастлабки пойтахти) жойлашганлигидан далолат беради.
Термиз шаҳридан 26 км шимоли-ғарбда Зартепа кўҳна шаҳри жойлашган. Кўҳна шаҳар тўртбурчак шаклда (400х400) бўлиб мустаҳкам ҳимоя деворлари билан ўраб олинган. Тадқиқотчиларнинг фикрларига қараганда, кўҳна шаҳар мил. авв. II-I асрлардан милодий III-V асрларга қадар мавжуд бўлган. Бу ердан топилган турли топилмалар шаҳар ҳаётининг гуллаб-яшнаганидан далолат беради.
Амударёнинг ўнг қирғоғи Сурхондарё вилоятининг Шўроб қишлоғи ёнида Кампиртепа кўҳна шаҳри жойлашган ва бу ёдгорлик мил. авв. III-милодий III асрларга оиддир. Кўҳна шаҳарнинг умумий майдони 4 гектар бўлиб қалъа ва турар-жой иншоотларидан иборат. Ёдгорлик 5 метр қалинликдаги мустаҳкам ҳимоя девори ва чуқур хандақ билан ўраб олинган. Кўҳна шаҳарнинг шимоли-ғарбий қисмида 0,5 гектар майдондан ўнта кўмиш маросимига оид иншоотлар (науслар) аниқланиб, улардан турли-туман топилмалар топилган.
Амударёнинг ўнг қирғоғида Термиз шаҳридан 5 км шимоли-ғарбда Эски Термиз ёдгорлиги жойлашган. Умумий майдони 500 гектардан иборат бу кўҳна шаҳар мил. авв. IV-III асрларда пайдо бўлади. Мил. авв. III-II асрларда Эски Термиз ҳимоя деворлари билан ўралиб марказида йирик қалъа бунёд этилади. Антик давр манбаларида “Тармит”, “Тармита” номи билан тилга олинган бу кўҳна шаҳар Кушонлар даврига келиб Шимолий Бақтриянинг маъмурий ва мафкуравий марказига айланади. Эски Термиз ҳудудларидан шу даврга оид Фаёзтепа, Қоратепа каби йирик Будда ибодатхоналари очиб ўрганилган.
Кушон даври йирик кўҳна шаҳарларидан яна бири машҳур ёдгорлик Холчаён ҳисобланади. Ушбу қўҳна шаҳар Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳри шимоли-шарқида жойлашган бўлиб мил. авв. IV-III асрлардан мил. VII асрга қадар мавжуд бўлган. Ёдгорликнинг гуллаб-яшнаган даври Кушон даврига тўғри келади. Холчаёндан бу даврга оид йирик сарой иншоотлари, турар-жойлар очилган. Саройнинг айвони ва бош зали деворлари суратлар билан безакланган. Сатҳидан эса “подшо Герай” авлодларига мансуб турли катталикдаги ҳайкаллар топилган.
Милодий III асрнинг биринчи ярмида, яъни, Васудева ва Канишка III ҳукмронлиги даврларида Кушон подшолиги ҳокимиятида марказдан қочувчи кучлар мавқеи ортиб, улар ўзларини тобора мустақил ҳисоблай бошлайдилар. Иккинчи томондан эса, улар ўртасида ўзаро курашлар авж ола бошлайди. Ундан ташқари Кушон давлатининг жануби-ғарбий ҳудудларида қудратли Сосонийлар давлати пайдо бўлади. III асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Кушон давлатининг кўпгина ерлари Эрон Сосонийлари қўлига ўтади.



Download 5.26 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   15   16   17   18   19   20   21   22   ...   87




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling