Збекистон Республикаси


Download 1.14 Mb.
bet15/215
Sana10.04.2023
Hajmi1.14 Mb.
#1348243
1   ...   11   12   13   14   15   16   17   18   ...   215
Bog'liq
Жами Пленум қарорлари 25.12.2022 йил2 дил

Қ А Р О Р Қ И Л А Д И :
1. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 100-моддаси ва «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 34-моддасига мувофиқ юридик ва жисмоний шахс оммавий ахборот воситасида эълон қилинган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва ўзининг шаъни ҳамда қадр-қимматига доғ туширадиган маълумотлар бўйича раддия беришни таҳририятдан талаб қилишга ҳақли эканлигига судларнинг эътибори қаратилсин.
2. Қонунларни тўғри татбиқ этиш, фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган ҳуқуқларини амалга оширишларига ёрдам беришини ҳисобга олиб, шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳақидаги ишларни судлар синчковлик билан кўришлари зарур.
Шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини пастга урувчи маълумотларни рад этиш ҳақидаги талаблар, маълумотлар қандай шакл ва услубда тарқатилганидан қатъи назар судга тааллуқлидир.
3. Ўзбекистон Республикаси «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонунининг 34-моддасига биноан эълон қилинган материал туфайли ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган юридик ва жисмоний шахслар ўз раддияси ёки жавобини мазкур оммавий ахборот воситаси орқали эълон қилишга ҳақлидир. Раддия ёки жавоб газеталарда раддия олинган кундан эътиборан бир ой муддат ичида, бошқа даврий нашрларда эса навбатдаги сонда эълон қилинади.
(Олий суд Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 34-сонли қарори таҳририда.)
Оммавий ахборот воситаси раддия ёки жавобни эълон қилишдан бош тортса ёхуд уларни эълон қилиш учун белгилаб қўйилган муддатни бузса, юридик ёки жисмоний шахс даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
4. Шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳақидаги даъво аризадан суммадан келиб чиқиб мулкий тусга эга бўлмаган ариза сифатида давлат божи ундирилади. Айни бир вақтнинг ўзида моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳақидаги талаб ҳам қўйилган бўлса, давлат божи умумий асосларда даъво баҳосидан келиб чиқиб ундирилади.
(Олий суд Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 34-сонли қарори таҳририда.)
5. Судларга тушунтирилсинки, бадном қилувчи маълумотларнинг ўзига нисбатан даъво қўзғатилган шахс томонидан тарқатилганлиги фактини тасдиқловчи далилларни судга даъвогар тақдим этишга мажбурдир.
Даъво аризаси ФПК 189 ва 190-моддалари талабларига риоя қилинмай берилган ҳолларда, у ФПК 195-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига асосан судьянинг тегишли ажрими билан даъвогарга қайтарилади. Даъво аризасининг қайтарилиши йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилганидан кейин судга умумий тартибда такроран мурожаат қилишга тўсқинлик қилмайди.
(Олий суд Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 34-сонли қарори таҳририда.)
6. Суднинг ҳал қилув қарорлари ва ҳукмларида, тергов органлари қарорларида ва қонунда шикоят қилишнинг ўзгача тартиби кўзда тутилган бошқача расмий ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларни рад этиш ҳақидаги талабларни Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 100-моддасида назарда тутилган тартибда кўриш мумкин эмас.
7. ФКнинг 100-моддаси 2-қисмига асосан манфаатдор шахс бадном қилувчи маълумотлар унинг вафот этган оила аъзолари ёки қариндошларига нисбатан тарқатилганда ҳам уларнинг суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
Бадном қилувчи маълумотлар вояга етмаганлар ёки белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга нисбатан тарқатилганда, уларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисида қонуний вакиллари (ота-оналари, болаликка олувчилари, васийлари), ҳомийлари ёки ФПКнинг 50-моддаси тартибида прокурор ариза билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадирлар.
(Олий суд Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 34-сонли қарори таҳририда.)
8. Юридик ёки жисмоний шахсларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотларни тарқатиш деганда уларни оммавий ахборот воситаларида чоп этиш, хизмат таърифномаларида баён этиш, кўпчилик олдида сўзлаганда, мансабдор шахслар номига ёзилган аризаларда ёки бошқа, шу жумладан оғзаки бўлса ҳам бир неча шахсга ёхуд бир кишига хабар қилиш тушунилади.
Бундай маълумотларни фақатгина ўзига алоқадор шахснинг ўзига айтиш, бу маълумотларни тарқатиш деб қаралмайди.
Ўзининг шаънига ҳақоратловчи маълумотлар айтилган, шунингдек туҳмат қилинган фуқаро бундай маълумотларни тарқатган шахсни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139 ва 140-моддаларига кўра жиноий жавобгарликка ёки Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40 ва 41-моддаларига кўра маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида тегишли органларга мурожаат қилишга ҳақли.
(Олий суд Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 34-сонли қарори таҳририда.)
9. Бадном қилувчи маълумотлар деганда, айрим фуқаролар ёки жамоат фикрида амалдаги қонунларга ва ахлоқ қоидаларига риоя қилиш нуқтаи назаридан қараганда шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини оёқ ости қилувчи, обрўни тўкувчи маълумотлар ҳисобланишини судларга тушунтирилсин.
Ишдаги камчиликларни, жамоат ва иш жойларидаги, турмушдаги фъел-атворини танқид қилувчи, ҳақиқатга тўғри келадиган маълумотларни рад этиш ҳақидаги талабларни асосли деб ҳисоблаб бўлмайди.
10. Агар аризада оммавий ахборот воситаларида тарқатилган маълумотларга раддия бериш талаб этилган бўлса, жавобгар сифатида муаллиф ва тегишли оммавий ахборот органи жалб этилишини инобатга олган ҳолда, ишни суд мажлисида кўришга тайёрлаш тартибида иш бўйича дахлдор жавобгарларни аниқлаш лозим бўлади Маълумотлар расмий хабарларда кўрсатилган ҳолларда (“Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 40-моддаси”) суд ёлғон маълумотларни дастлаб тарқатган шахсни ҳам жавобгар сифатида жалб қилиши мумкин.
(Олий суд Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 34-сонли қарори таҳририда.)
Хизмат тавсифномаларида кўрсатилган бадном қилувчи маълумотларни рад этиш ҳақидаги даъволар бўйича уни имзолаган шахслар ҳамда таърифномани берган корхона, муассаса ёки ташкилот жавобгар ҳисобланадилар.
Бадном қилувчи маълумотлар деворий ёки фуқаролик процессуал ҳуқуқ лаёқатига эга бўлмаган кўп нусхали рўзномаларда эълон қилинган бўлса, эълон қилинган мақола муаллифи билан бир қаторда рўзноманинг органи ҳисобланадиган ташкилот жавобгар бўлади.
11. Суд мажлисида қуйидаги ҳолатлар ҳар томонлама аниқланиши лозим:
а) даъво қилинган, раддия берилиши талаб қилинаётган маълумотнинг тарқатилган-тарқатилмаганлиги;
б) бу маълумотлар юридик ёки жисмоний шахснинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказган-етказмаганлиги;
в) бу маълумотларнинг ҳақиқатга тўғри келиш-келмаслиги.
Тарқатилган маълумотларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлаш
ФК 100-моддасига кўра жавобгар зиммасига юклатилади.
(Олий суд Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 34-сонли қарори таҳририда.)
12. Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 163-моддасига асосан шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотларга раддия бериш ҳақидаги талабларга даъво муддати татбиқ қилинмайди.
13.Агар шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳақидаги даъво билан бир вақтда даъвогар томонидан шу бадном қилувчи маълумотлар тарқатилганлиги оқибатида етказилган моддий зарарни ёки маънавий зиённи ундириш тўғрисида ҳам талаб қўйилган бўлса, суд бу талабни ФКнинг 985-моддасига мувофиқ ҳал этади.
ФКнинг 1021-моддаси 2-қисмига биноан агар зарар қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатиш туфайли етказилган бўлса, маънавий зарар уни етказувчининг айбидан қатъи назар қопланишини назарда тутиш лозим.
Маънавий (мулкий бўлмаган) зарарнинг миқдорини белгилашда суд фуқаронинг шаъни, қадр-қимматини оёқ ости қилган, обрўсини тўккан мақоланинг мазмуни ва моҳиятини, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни эълон қилган оммавий ахборот воситаси ёки муайян шахснинг айб даражасини шу мақола билан боғлиқ бўлган бошқа эътиборга молик ҳолатларни ҳисобга олади.
ФКнинг 1022-моддасига мувофиқ маънавий зарарни қоплаш миқдорини аниқлашда судлар жабрланувчига етказилган маънавий зарарнинг оғирлигига субъектив баҳоси, шунингдек, даъвогарнинг жисмоний ва маънавий азобларининг даражасини тасдиқловчи объектив маълумотлар хусусияти ва ҳақоратловчи ёлғон маълумотлари тарқатилган доирани ҳамда бошқа аҳамиятга молик ҳолатларни эътиборга олишлари керак.
14. Даъво қаноатлантирилган тақдирда, суд ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ҳақиқатга тўғри келмайдиган деб топилган маълумотларга раддия бериш усулини кўрсатиши шарт. Раддия айнан шу нотўғри маълумотни чоп этилган газетада ёки бошқа оммавий даврий нашрда эълон қилиниши лозим. Суд ҳал қилув қарорида бериладиган раддия матнини баён қилади ва у эълон қилинадиган муддатни кўрсатади.
Ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар ташкилот томонидан берилган ҳужжатда ифодаланган бўлса, суд ҳал қилув қарорида бундай ҳужжатни алмаштириш мажбуриятини ўша ташкилотга юклаши лозим.
(Олий суд Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 34-сонли қарори таҳририда.)
Суд ҳар бир ишнинг аниқ ҳолатларидан келиб чиқиб, жавобгарга кўпчилик олдида кечирим сўраш, тарқатилган маълумотларнинг нотўғри эканлигини йиғилишда эълон қилиш, даъвогарни бадном қилувчи маълумот хабар қилинган ташкилотга раддия ёзиб юбориш мажбуриятини юклатиши мумкин.
(15-банд Олий суд Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 34-сонли қарорига асосан чиқариб ташланган.)
16. Судларнинг эътибори ушбу низоларни қонунда белгиланган муддатларда кўриб ҳал қилиш зарурлигига ва ишларни кўришда сансоларликка йўл қўймасликка қаратилсин.
17. Судлар қонун билан ман этилган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тарқатилишининг олдини олиш мақсадида, бадном қилувчи маълумотлар тарқатилганлиги сабабларини синчковлик билан аниқлашлари, бажарилиши устидан тегишли назорат ўрнатган ҳолда хусусий ажрим чиқаришлари лозим.


Download 1.14 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   11   12   13   14   15   16   17   18   ...   215




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling