Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси
Download 1.58 Mb.
|
КУЛЛАНМА Дунё динлари тарихи 26 12 2011 тахрир
- Bu sahifa navigatsiya:
- Суннат ёки Хатна маросими .
Ақиқа маросими. Чақалоқ уйига келгандан кейин маълум муддат ўтгач ҳар бир оилада ақиқа маросими ўтказилади. Бу маросим Пайғамбаримиз даврларидан бери ўтказилиб келинади. Бу суннат маросимлардан бири ҳисобланади.
Ақиқа – ҳар бир чақалоқнинг она қорнидалик вақтида чиққан сочи бўлиб, у чақалоқ туғилганига бир ҳафта бўлган куни олиб ташланади. Шу муносабат билан қурбонлик қилинадиган жонлиқ ҳам “ақиқа” деб аталади. Ақиқа – араб тилидан таржима қилинганда, “чақалоқ сочини олиш, қурбонлик сўйиш” маъноларини билдиради. Мусулмон оилаларида янги туғилган чақалоққа исм қўйиш ва “қорин сочи” (боланинг туғилган сочи)га қайчи уриш билан боғлиқ одат. Жоҳилият давридаги турли маъбуд ва маъбудаларга атаб қилинадиган қурбонликлар ўрнига мусулмон оиласида фарзанд туғилганлигининг шукронаси сифатида бир қўй сўйиб ақиқа маросимини ўтказиш жорий қилинган. Ислом анъанасида ақиқани чақалоқ туғилган кунининг 7 ёки 14, ёки 21 кунлари ўтказиш тавсия этилади. Бу кунларда ақиқа ўтказилмай қолинса, сўнг қайси кунда, қачон амалга оширилса ҳам вазифа бажарилган ҳисобланади. Бу маросим хонадонда янги чақалоқ дунёга келиши муносабати билан она ва боланинг соғ-саломат қолганига шукрона учун, чақалоқнинг турли офат-балолардан омонда бўлиши учун ва ўғил болани хатна қилдириб қўйиш учун қилинадиган эҳсондир. Бу маросимда қорин сочига қайчи теккизилади, боланинг қулоғига азон айтилади, танглайи яхши ният қилиб, бирор-бир ширинлик билан кўтариш удуми бажарилади, исм қўйилади ва хатна қилинади. Аммо болага исм қўйиш, азон айтиш ва танглай кўтариш амаллари илгарироқ бажарилади. Шундан ҳам кўриниб турибдики, бу маросимни ихтиёрий муддатда ўтказилиши урфга айланган ва бунга диний жиҳатдан ҳам ҳеч қандай монеълик йўқдир. Суннат ёки Хатна маросими. Бу маросим ислом дини пайдо бўлмасидан олдин зардуштийлик даврида Эрон ва Туронда, кейинчалик эса яҳудийликда ҳам мавжуд эди. Қадимги яҳудийлар ўз худоларининг кўрсатмасига биноан, ўғил бола туғилган кундан бошлаб 12 кунигача “қўли ҳалолланган”. Марказий Осиё минтақасида бу удум исломдан аввал ҳам мавжуд бўлса-да, ислом дини кириб келиши билан бу янада мустаҳкамланиб, мусулмончиликнинг бош омилларига айланди. Никоҳ. Пайғамбаримизнинг ҳам бу ҳақдаги ҳадиси шарифларида шундай дейилади: “Никоҳ билан турмуш қуриб кўпайинглар. Зеро, мен қиёмат куни бошқа умматларим олдида сизларнинг кўплигингиз билан фахрланаман”. Кўриниб турибдики, никоҳ қуриш ҳам фарз, ҳам суннат амаллардан ҳисобланади. Лекин никоҳдан аввал бир қанча маросимлар ҳам мавжуддир: совчилик, қиз ва куёв танлаш, синов удумлари, унашиш, фотиҳа бериш, қиз базми, никоҳдан ўтиш, тўй маросими, келин салом, юз очди, келин кўрди, келин чарлар, куёв чақириқ ва яна бир қанча маросимлардан иборат. Таъзия. Маълумки, ҳар бир мусулмоннинг иккинчи мусулмон биродарига нисбатан маълум ҳақ-ҳуқуқлари борлиги ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Ҳар бир мусулмоннинг зиммасида иккинчи мусулмон биродарига нисбатан олтита бурчи бордир: учрашганда салом бериш, меҳмонга чақирса бориш, маслаҳат сўраса яхши маслаҳат бериш, аксириб ҳамд айтса унга дуо билан жавоб қайтариш, бетоб бўлиб қолса кўргани бориш ва вафот этса жаноза ва дафнида қатнашиш”. Демак, шу ҳуқуқлардан бири танишларидан бири вафот этса, унинг жанозасида қатнашишидир. Сўнгра майитнинг қариндошларига таъзия билдириб, Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлиш, мусибатга сабр қилишлари ҳақида насиҳатлар айтиш ва марҳумнинг ҳаққига раҳмат ва мағфират сўраб дуо қилишдир. Дафн кунидан бошлаб узоғи уч кунга қадар аза (мотам) тутишга шариатимиз рухсат беради. Шу кунлари жанозага кела олмаганлар мусибат етган оилага ёки маҳаллага маросимлари учун ажратилган жойларга келиб майитнинг яқин қариндошларига таъзия билдириб кетишлари мумкин. Яхши одатларимиздан бири, мусибат етган хонадоннинг қўшнилари исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда дарҳол овқат қилиб чиқаришади. Бу ислом суннатларига мувофиқ одатдир. Овқатлар мусибат етган хонадон аҳли ва узоқдан келган меҳмонлар учун чиқарилади, зарур бўлганда хонадон аҳли ўзлари учун овқат тайёрлашлари ҳам мумкин. Шунингдек, мусибат эгаларидан ҳол-аҳвол сўралганда, кулиш эмас балки мусибат бу Аллоҳ таолонинг иродаси экани ва унга сабр қилиш ҳақида насиҳатлар қилинади. Таъзия билдириш ҳар қандай тасалли бергувчи лафз билан айтса бўлади. Лекин, баъзи уламоларнинг айтишича, энг яхши таъзия лафзи “Аллоҳ вафот қилганларни мағфират қилиб ўз раҳматига олган бўлсин ва сизга сабр-бардош берсин” – дейишдир. Таъзия билан боғлиқ маросимлар баъзан маърака ҳам дейилади. Маърака арабча сўз бўлиб, жангдан сўнг, жанг майдони маъносини билдиради. Бу сўз ҳозирги пайтда халқ маросимларини англатувчи сўз ҳисобланиб, асосан таъзия маросимларга нисбатан ишлатилади.
Download 1.58 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling