23 сентябрь — буюк фақИХ, имом бурҳониддин марғиноний куни шарқ мусулмон оламида «Ислом дарахти Арабистонда кўкариб гуллаган бўлса меваси Мовароуннаҳрда етилган»
Download 297.92 Kb.
|
23-SENTABR MARG\'INONIY
- Bu sahifa navigatsiya:
- БУРҲОНИДДИН МАРҒИНОНИЙ ҲАҚИДА
- БУРҲОНИДДИН МАРҒИНОНИЙ АСАРЛАРИДАН ИҚТИБОСЛАР “ҲИДОЯ” АСАРИДАН
23 СЕНТЯБРЬ — БУЮК ФАҚИХ, ИМОМ БУРҲОНИДДИН МАРҒИНОНИЙ КУНИ Шарқ мусулмон оламида «Ислом дарахти Арабистонда кўкариб гуллаган бўлса меваси Мовароуннаҳрда етилган». деган ҳикматли эътироф бор. Айни шу эътирофнинг пайдо бўлишига сабабчилардан бири ислом ҳуқуқшунослигининг улкан намояндаси Бурҳонниддин Марғинонийдир… “Ўзининг беқиёс салоҳияти билан буюк илмий мактаб яратиб, гўзал Фарғона диёрини жаҳонга тараннум этган ислом ҳуқуқшунослигининг яна бир улкан намояндаси Бурҳонниддин Марғинонийнинг таббаррук номини бутун мусулмон дунёси юз йиллар давомида эъзозлаб келади. Бу мўътабар алломанинг Шарқ оламида “Бурҳониддин ва милла”, яъни “Дин ва миллатнинг ҳужжати” деган юксак унвонга сазовор бўлгани ҳам буни яққол исботлайди. Марғинонийнинг ўлмас мероси, хусусан, эллик етти китобдан иборат “Ҳидоя” -“Тўғри йўл” деб аталган асарининг, мана, саккиз асрдирки, мусулмон мамлакатларида энг нуфузли ва мукаммал ҳуқуқий манба сифатида эътироф этиб келинаётгани, албатта, бежиз эмас.” Ислом Каримов БУРҲОНИДДИН МАРҒИНОНИЙ ҲАҚИДА Туркистондаги илк Уйғониш даври шундай қомусий олимларни дунёга келтирдики, уларнинг жаҳон маданияти ва илму фанига қўшган ҳиссаси ҳанузгача ҳайрат билан эътироф этилади. 2000 йилда таваллудига ҳижрий сана бўйича 910 йил тўлиши муносабати билан кенг нишонланган Бурҳониддин Марғиноний ҳам ана шундай буюк сиймолардан биридир. Тўлиқ исми Абулҳасан Али ибн Абубакр ибн Абдулжалил ал-Фарғо-ний ал-Риштоний ал-Марғиноний (1123 йил 23 сентябр, Риштон тумани, Даҳбет қишлоғи — 1197 йил 29октябр, Самарқанд)— буюк фақиҳ, имом. Даставвал отаси Абубакр ибн Абдулжалил, сўнг Симом Баҳоуддин Али ибн Муҳаммад Асби-жобий қўлида таҳсил кўрди. Риштон, Марғилон, Бухоро, Самарқанд ва Моворауннаҳрнинг бошқа шаҳарларида исломий таълим олиб, ҳанафия мазҳабининг буюк фақиҳи сифатида ном қозонди. Шайхулислом бўлиб етишди. 1149 йили ҳаж сафарига борди. Бурҳониддин Марғиноний Самарқанд шаҳридаги Чокардиза қабристонига дафн этилган. Алломанинг таваллуд саналари хусусида ихтилофлар бор. Кўпгина манбаларда ул Зотнинг туғилган кунлари умуман қайд этилмайди. Абу Тоҳирхўжа Самарқандийнинг «Самария» номли китобида мавлоно Бурҳониддин Марғиноний ҳижрий 515 йилнинг 12-ражаб ойида шанба куни (милодий 1123 йил 23 сентябрда) таваллуд топган деб маълумот берилади. Ваҳоланки, «Ҳидоя»нинг қадимий қўлёзма нусхаларидан бирида алломанинг туғилган кунлари 511 ҳижрий деб кўрсатилган. Шунга асосан 2000 йили таваллудларининг ҳижрий 910 йиллиги нишонланди. Бу ҳисобга кўра, Бурҳониддин Маргиноний таваллудлари 511 ҳижрий йилга тўғри келади. Бурҳониддин Марғиноний фиқҳ бўйича асосий асари «Бидоят ул-мубтадиъ» («Бошловчилар учун қўлланма»)ни ҳанафия назариётчиси, шариат асосчиларидан Абул Ҳасан ал-Қудурий ва Муҳаммад аш-Шайбоний асарларига таяниб ёзган. Бурҳониддин Марғинонийнинг ушбу китоби назарий асар эди, ундан амалий жиҳатдан фойдаланиш қийин бўлган. Шу сабабли Бурҳониддин Марғиноний нинг ўзи 8 жилдли шарҳ — «Кифоят ул-Мунтаҳий» («Якунловчилар учун тугал таълимот»)ни ёзишга қарор қилган. Кейинчалик бу китоби асосида «Китоб ал-Ҳидоя» (қисқача номи «Ҳидоя» — «Тўғри йўл»)ни яратади (1178). Бурҳониддин Марғиноний бу китобда ўша замонларда мўмин-мусулмонлар дуч келадиган долзарб ҳаётий масалалар, жумладан оилавий ва ижтимоий муносабатлар, мулкчилик, савдо-сотиқ, жиноят ва жазо, инсоннинг бурч ва масъулиятларига тааллуқли жуда кўп мураккаб муаммоларни исломий ҳуқуқ нуқтаи назаридан ҳал этиб берди. Мазкур китоб нафақат Моворауннаҳрда, балки бутун ислом шарқида бир неча тилларга таржима этилиб маълум ва машҳур бўлиб кетди. Бу китоб фиқҳ илми бўйича энг аниқ, изчил, мукаммал асар бўлган. Ундан асрлар давомида ислом ҳуқуқшунослиги бўйича нуфузли ҳуқуқий манба — асосий қўлланма сифатида фойдаланилган . Шу сабабли аллома нафақат уламолар, балки оддий халқ орасида ҳам «ҳидоят йўлининг сарбони» дея катта ҳурмат-эътибор топди. Бурҳониддин вал-милла (ислом динининг далили, исботи) деган шарафли номга сазовор бўлди. Аллома яна бир қанча асарлар ёзган: «Нашр ал-мазҳаб» («Мазҳабнинг тарқалиши»), «Китоб ат-тажнис вал-мазийд» («Фуқаролик ҳуқуқини тақвим этиш»), «Китоб ул-фароиз» мажбуриятлар ҳақида китоб»), “Зийд фи фуру ул-ҳанафий”( «Ҳанафия мазҳабига қўшимчалар») шулар жумласидандир. У ўз асарларида ижтимоий-иқтисодий муносабатлар, мулкчиликнинг турли шакллари (давлат ва сиёсий мулкчилик), жиноят ва жазонинг ҳуқуқий жиҳатларини, фуқаролик ҳуқуқи назарияси ва амалиёти, жиноий ишни кўриш масалаларини батафсил ёритиб берди. Бу асарларда адолат туйғуси, ўз даврининг ҳуқуқий мезонлари асосида яшаш, эганинг мол-мулкига кўз олайтирмаслик, ҳаромдан ҳазар қилиш, инсоф ва диёнат, меҳр-оқибат каби тушунчаларнинг моҳияти очиб берилган. Бурҳониддин Марғинонийнинг ўзи ҳаёти давомида ана шундай инсоний фазилатларга амал қилиб яшади. Илму урфон йўлидаги фидойилиги, камтаринлиги, ўз асарларида бирон марта ҳам «мен» деган сўзни ишлатмай, ҳокисорлик билан изоҳ беришида кўриниб туради. Бурҳониддин Марғинонийнинг бизгача етиб келган асосий фиқҳий асарлари жумласига қуйидагилар киради: 1. «Нашр ал-мазҳаб» (Мазҳабнинг тарқалиши); 2. «Китоб ал-маносакул-ҳаж» (Ҳаж маросимлари ҳақида китоб); 3. “Китоб ун-филфароиз» (Мажбуриятлар ҳақида китоб ёки Мерос ҳуқуқи бўйича китоб); 4. «Китоб ат-тажнийсу вал-мазийд» (Илмни зиёда қилувчи китоб ёки Фуқаролик ҳуқуқини тақвим этиш китоби); 5. «Мухторот ун-навозил» (Мажмуъ-уннавозил) (Нозил бўлган нарсалар мажмуаси); 6. «Китоб ул-машойих» (Шайхлар ҳақидаги китоб); 7. «Мазийдун фи фуруъ ул-ҳанафия» ёки “Зийд фи фуру ул-ҳанафий” (Ханафий мазҳабига қўшимчалар); 8. «Шарҳ ал-Жомий-ал-Кабир Муҳаммад аш-Шайбоний» (аш-Шайбонийнинг «Жомиъу-кабийр» асарига шарҳ); 9. «Бидоят ул-мубтадиъ» (Бошловчилар учун дастлабки таълим); 10. «Кифоят ул-мунтаҳий» («Якунловчилар учун тугал таълим»). «Бидоятул-мубтадиъ» асари учун ёзилган 8 жилдлик шарҳ: 11. «Ҳидоя» («Кифоят ул — мунтаҳий» асари учун ёзилган 4-жилдлик шарҳ). Афсуски, санаб ўтилган асарлар ҳақида тўлиқ бир тасаввур йўқдир. Чунки ўрта аср фақиҳларининг кўпгина асарлари каби, Бурҳониддин Марғинонийнинг ҳам асарларининг ҳаммаси бизгача етиб келмаган. Ўзбекистон Республикаси ФА Шарқшунослик институти Қўлёзмалар хазинасида алломанинг бир қатор асарлари қўлёзма нусхалари бор. Алломанинг энг машҳур ва энг йирик асари «Ҳидоя» тўрт жилддан иборат бўлиб, унинг ҳар бир жилди турли муаммоларни ҳуқуқий ечимига бағишланган. Биринчи жилд 5 китобдан иборат бўлиб, таҳорат ва амалий ибодатлар (намоз, рўза, закот ва ҳаж)га бағишланган. Бу жилд 47 боб ва 37 фаслдан иборат. Иккинчи жилдига никоҳ, эмизиш, талоқ, қулларни озод қилиш, топиб олинган боланинг насабини аниқлаш, топиб олинган нарса, қочиб кетган қуллар, бедарак йўқолганлар, шерикчилик ва вақф ҳуқуқи каби масалалар киритилган. Бу жилд 60 боб, 36 фаслдан ташкил топган. Учинчи жилдида (14 китоб) олди-сотди, пул муаммолари, кафолат, пулни бировга ўтказиш, қозиларнинг вазифалари, гувоҳлик, берилган гувоҳликдан қайтиш, ваколат, даъво, иқрор бўлиш, сулҳ, бир ишда пул билан шерик бўлиш, пулни сақлашга бериш, қарз бериш, совға, ижара, муайян шарт асосида чекланган озодлик берилган қуллар, волийлик (патронат), мажбур қилиш, ҳомийлик, қисман озод бўлган қуллар ва босқинчилик хусусидаги масалалар ўрин олган. Бу жилдда 36 боб, 37 фасл бор. Тўртинчи жилдида (76 китоб) эса шафоат, меросни тақсимлаш, деҳқончилик ҳамда боғдорчилик хусусида шартнома, қурбонликка сўйишадиган жонзод ҳақида, умуман қурбонлик қилиш ҳақида, шариатга зид ёмон нарсалар ҳақида, ташландиқ ерларни ўзлаштириш хусусида, тақиқланган ичимликлар ҳақида, овчилик, гаровга бериш, жиноятлар хусусида, хун ҳақи тўлаш, васият каби масалалар ёритилган. Бу жилд 23 боб, 38 фаслдан иборат. Бурҳониддин Марғинонийнинг илмий мероси ҳозирда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Жаҳондаги кўп олий ўқув юртларида мусулмон ҳуқуқшунослиги Бурҳониддин Марғинонийнинг фиқҳ таълимоти асосида ўрганилади. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг унинг илмий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, асарларини чоп этиш ишларига катта эътибор берила бошланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримов ташаббуси билан Бурҳониддин Марғиноний вафотининг 800 йиллиги (1997), таваллудининг 910 йиллиги (ҳижрий сана бўйича) (2000) кенг нишонланди. Шу муносабат билан Марғилон шаҳри марказида Бурҳониддин Марғиноний ёдгорлик мажмуи бунёд этилиб, шу ерда унинг рамзий мақбараси ўрнатилди. БУРҲОНИДДИН МАРҒИНОНИЙ АСАРЛАРИДАН ИҚТИБОСЛАР “ҲИДОЯ” АСАРИДАН Қуёш нурларини беркитиб бўлмаганидек, ҳақиқатнинг чироғини ҳам сўндириб бўлмас. * * * Саҳбон ўғли Ажлоннинг оғзидан чиққан фасоҳатли сўзларининг ўзи бир хулқу табиатдирки, у буларни отаси (Саҳбон)дан олган. * * * Сенга эзгулик кўрсатган кимсага эзгулик қилгин, чунончи Жавзо юлдузи ботгандан кейин Шихара юлдузининг порлаши гўзалдир. * * * Пайғамбар алайҳиссаломдан: «Лаъна оллоҳу ар-роший ва-л-мурташий», яъни «ришват (пора) олувчига ҳам, берувчига ҳам, Аллоҳ таолонинг лаънати бўлсин», деган ҳадиси шариф содир бўлгандур». * * * Қиморбозлар ой нурини ғанимат билиб қимор ўйнасалар, тунлари қиссаю ҳикоятлар тингловчилар эса бедорликка парво қилмайдилар. * * * Ёзилган китоб нусхасининг тўғрилиги кўз қорачиғининг боққанига боғлиқдир, ривоятнинг инобатлиси (ишончлиси) эса сероб сувдан ҳам ортиқроқ қондирар. * * * Баланд тоғларга кўтарилиб ва пастликларга тушиб сафар қилиш уйда, деворлар ичида, машаққатлар орасида оч ўтиришдан авлодир (хайрлидир). * * * Ўз вақтидан кечикиб берилган инъъм-эҳсон маҳкам тортилган занжир мисоли қаттиқ буғувчидир. * * * Ҳунарманду косиблар қўпдир, бироқ моҳиру қобилиятлари оздир (яъни, уста кўпу устаси оздир). * * * Икки нарса бир дарахтнинг бутоғидир, яъни, иккаласи ҳам бир хилдир: бирор нарса сўраганга (тиланганга) берса-ю аммо кейин уни миннат қилса, иккинчиси, ўзининг инъом — эҳсонини аяб, хассислик қилса, чунончи Аллоҳ таоло наздида миннат билан бир нарса бериш ва хассислик қилиб бермаслик қабоҳатда баробар ҳисобланади. * * * Зиммангда фарз бўлган нарсани қарз ва бурч ўрнига қўй. Бу ҳол қалбингу дилингга роҳат бахш этиб, шарафинг ва обрўйингии сақлаш учун энг тўғри йўлдир. * * * Олам узра шундай юргинки, то бутун оламнинг елкасига оёқ қўйгандек бўл, шунда жами махлуқотдан (борлиқдан) устун бўлурсан. * * * Аллоҳ таоло ато қилган турли неъматларнинг лаззати қудрат ҳолвасидан тотлироқдир. Аммо миннат бўлган ҳолатда эса зақум (жаҳаннам дарахти) мевасининг аччиғига қараганда ҳам аччиқдир. * * * Ўзи сазовор бўлмаган ҳамду саною мақтовларни талаб қилиш уятсиз, телба одамларнинг одатларидандир. * * * Тавба қилган киши умрининг ниҳояси (хотимаси) умрининг боши , дегандек (яъни, онадан туғилган куни каби гуноҳсиздир), унинг ишлари Аллоҳ таоло наздида айбли бўлмайди. * * * Мисвоклар (тиш тозалагичлар) билан оғзингни тозаладинг, кошки энди бундан кейин сен оғзингни (тилингни) бўҳтон, ёлғон, ғийбат сўзларни айтиш билан булғамасанг. * * * Сенга маломат билан кўп ҳолларда мудом вазъ қилдилар (сенга кўп маломат қилдилар маъносида), буларнинг ўрнига сени ғафлатнинг давомли уйқусидан уйғотганларида маъқул бўларди. * * * Илмли бўлиш бир баланд тоққа чиқиш каби кўп машаққатлидир, лекин ундан тушиш осондир, жоҳиллигу нодонлик булоғи чуқур чашма мисоли бўлса-да, бироқ у кўп қийинчилигу азобларга гирифтор қилади». * * * Ёмон нарсаю эътиқод билан қилинган эзгу иш сароб ва кул каби ҳеч қанақа фойда бермайди. * * * Илмли бўлиш ўқиш, ўқитиш, ёзиш билан ҳосилу мукаммал бўладиган бир сабоқдир. Агар олим киши чиройли, хушхат ёзувга эга бўлса, бу унинг камолотга етганидан далолатдир. * * * Сени касоду инкисорга учрашдан огоҳ қилувчи кишига лутф билан муомалада бўл, қўрқма, зарари йўқ, зиёни йўқ, деб юклатувчилардан узоқроқда бўл. * * * Эзгулик, хайрли ишларга астойдил кириш, уларни пайсалга солиб, кейин қиларман деган ўйлардан воз кеч, шайтон йўлдан урадиган шошма-шошарлик билан эмас, тафаккур ва идрок билан иш тут. * * * Риё бор ҳар қандай ишда раволигу зиё йўқдир. * * * Ёлғончининг қасами бор (ҳақиқий) илмининг ҳам сохталигини оширади. Дин хусусида бўладиган мусобақа (мунозара)ларда комил эътимод билан эътиқод қил, шунда ҳар қайси майдонларда олдинда бўласан. * * * Менинг кўзим фақат сизнинг яқин бўлишингиздан қарор ва тинчлик топадир, чунки ошиқ ва муҳиб ўз маъшуқасига яқин бўлмаса роҳат олиб шод бўлмайди. * * * Сотиб олган нарсангда алданиб, молиявий зиён-зарар кўрувинг сен бундан келгусида кўрадиган зиёнларингдан, анча енгилроқ ва осонроқдир». * * * Сенинг қилаётган ишларингда душманинг огоҳ бўлиб, улардан кўз юмиши сенга илон чаққандан кўра ҳам зарарли ва машаққатли бўлади. * * * Уруғликни ҳам, пўчоқни ҳам, нияту орзуларни ҳам, муҳаббату фироқни ҳам яратувчи Аллоҳ таолодир. * * * От учун ҳар доим қамчи лозимдир. У гарчанд елиб-югарадиган тулпор бўлса ҳам. * * * Деҳқончилик қилиб зироат экиш фойдаю хайр барака бирла муштаракдир, ўз халқини беҳад кўп хайр-баракага буркайдир. * * * Заминда ўзини инсон (одам) ҳисоблаб юрган одамлару (нос) одам сифатли олчоқлар (нувайс) бордир. Шу одамлар жумласидан ҳазрат Товус — (Муҳаммад пайғамбар алайҳиссаломнинг машҳур издошларидан Абу Абдураҳмон ибн Кисонинг лақаби шундай бўлиб, у ўз фазли-камолоти ва муруввати билан машҳур зот эди) ва Тувайс (Мадинаи мунавварида яшаган, ярамас одатлари ва шумлиги билан машҳур бўлган бир кимса) ҳам бордир. * * * Ярамас ва хасис кишининг эшигини таққиллатишда сахий ва мўътабар кишининг озиқ тишини суғуриш билан баробар ранжу изза бордир. Яъни, сахий киши иши тушиб заруратдан хасис одамнинг эшигини қоқса, у буни ўзининг озиқ тишини суғуртиргандек озору азият чеккан ҳолда қилади» * * * Бу дунё мол-мулкини ўз зиммангга ва бўйнинга олишликда оғир ва маъсулиятли бурчлар бор (яъни, ўзгаларнинг шон-шарафлари билан боғлиқ ишларни гарданингга олишда ўйлаб иш тут маъносида). * * * Аллоҳ таолодан астойдил истисно билан ўтиниб сўраган кимсанинг нидоси сира ноумид қолмайди. * * * Ақл-идрок ва шариатга амал қилиб иш тутган банда асл ва иккинчи даражали мақсаду матлабларини жам қилиши муқаррардир. * * * Гоҳ вақтда жоҳил киши акд-идрокли кишининг суҳбатида (йўлдош) бўлур, ундан бошқаларга зарар келмас, Фароқид юлдузи билан Суҳайл юлдузи ҳам ёнма-ён бўлгани каби (яъни, Суҳайл юлдузининг кучи оз бўлса-да, шимол тарафидан Фапроқид юлдузларининг яқинлашувчи билан уларнинг нурлари заифлашмайди ҳам, камаймайди ҳам). * * * Кўпинча ёки баъзан Ҳасан ал-Басрийга ўхшаш буюкларни Ҳажжож Золимга ўхшашлар туғадилар, гўё шўр денгиз сувидан дур-маржонлар чиққани каби. * * * Баъзида икки ярамасдан Ҳасан мисоли гўзал бир ўғлон дунёга келади, чунончи қон билан этнинг орасидан сут чиқади. * * * Илмий-урфон ва ақл-фаросати билан машҳур бўлган Абдумалик ибн Қарийб Ҳорун ур-Рашидга ўз заковатли қалби ва кенг фикр мулоҳазаси билан яқинлашади. Бу яқинлашув унинг Асмам қабиласиданлиги ва шариф насабли эканлигидан бўлмай, илми туфайлидир, акс ҳолда Ҳорун ур-Рашид унга бармоғи билан-да ишора қилмасди. * * * Шод-хуррамлик ва ярамаслик эзгулик ва ёвузликка муқорана қилинди, яъни шод-хуррамлик эзгуликка, ярамаслик ёвузлигу қайғу ҳасратга муқорин бўлди. * * * Ривоятларга кўра, Зиёд ўғилларини комил инсонлар дейдилар. Унинг етти фарзандининг ҳар бири шоирларнинг энг пешвоси бўлиб, балоғат ва фасоҳатда етук эдилар. Бироқ улардан кўра ҳам илму шарифни юқори мартабага кўтарувчи шундай олимлар борки, улар илмларига амал қилиб, шариат аҳкомларини — қонун қоидаларини юқори кўтарувчилардир. Download 297.92 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling