Тарихнинг антик фалсафаси Маъруза машғулотининг режаси
Download 33.82 Kb.
|
2 (1)
- Bu sahifa navigatsiya:
- Жамиятда тарихий билимларга эҳтиёжнинг пайдо бўлиши. Афсона ва достонлар.
2-мавзу. Тарихнинг антик фалсафаси Маъруза машғулотининг режаси 1.Қадимги Шарқ ва Ғарбда фалсафий тафаккурнинг ривожланиши. 2.Қадимги Юнонистонда тарихий-фалсафий ва методологик қарашлар. 3.Қадимги Рим тарихчиларининг тарих фалсафаси ривожига қўшган хиссаси Жамиятда тарихий билимларга эҳтиёжнинг пайдо бўлиши. Афсона ва достонлар. Жамият тараққиётида, унинг ривожланиш босқичларида тарих фанига эҳтиёж доимий ўсиб боради. Зеро, жамият тараққиёти тарихий сабоқлардан келиб чиқиб белгиланади. Бу эҳтиёж кеча ёки бугун эмас кишилик жамияти вужудга келиши билан пайдо бўлган. Илк даврларда тарихий билимлар ҳозирги кўринишда бўлмаганлигини, уларнинг халқ оғзаки ижоди намуналари тарзида бўлганлигини юқорида кўриб чиқдик. Жамиятда иқтисодий-ижтимоий муносабатларнинг шаклланиш ва ривожланиш жараёнида ўз-ўзидан ёзувга эҳтиёж вужудга келди. Мулкий табақаланиш ва давлатнинг пайдо бўлиши билан тарих фанига бўлган эҳтиёж ошиб борди. Шунингдек, тарих фанининг вазифаси ҳам ўзгариб борди. Ибтидоий жамоа тузуми даврида тарих вазифасини ўтаган хотиралар, ҳикоят ва ривоятлар асосан, турмиш тажрибалари, жамоа ва уруғни бошқариш жараёнлари,ўзига хос аҳлоқ-одоб,тартиб-қоидалари сифатида келажак авлодга хизмат қиладиган бўлса, давлат пайдо бўлгач, тарих фанининг вазифалари анчайин мураккаблашди.Тарих фани давлат бошқарув тизимини такомиллаштиришда, давлатчилик асосларини мустаҳкамлашда фуқароларни давлатни ҳимоя қилиш руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутди. Давлат бошлиқлари томонидан тарих фанига нисбатан эътибор кучайди. Бу эса тарих фанини ривожланишига ижобий таъсир қилди. Лекин бир томондан бу ҳолат тарих фанининг сиёсийлашиб боришига ва унинг маълум бир табақалар манфаатларини ҳимоя қилишига ҳам олиб келди. Жамиятдаги бошқарувчи шахсларнинг ҳар бир воқеа ва ҳодисанинг асл сабаблари ҳамда оқибатини идрок этишга, ундан маълум бир хулосалар чиқарган ҳолда ўз вазифаларини бажаришга интилишининг пайдо бўлиши ҳам тарих фанининг ривожланиши учун кенг йўл очиб берди. Ёзувлар инсоният ўз тараққиёти давомида эришган энг муҳим ютуқлардан биридир. Инсон томонидан қўлга киритилган барча илмий ютуқларнинг асосида ёзув туради. Ёзувлар тарих фанининг ривожланишида ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. Халқ оғзаки ижодининг намуналари орқали авлоддан авлодга ўтаётган тарихий кўникмалар ва билимлар энди ёзувлар орқали янада тўлароқ ва ишончлироқ тарзда келажак авлодлар учун хизмат қиладиган бўлди. Энг қадимги ёзувлар бугунги кундан 5–5,5 минг йиллар илгари Миср ва Месопатамия худудларида пайдо бўлган бўлиб, иероглифлар ва миххатлар шаклидан ҳарфий ёзувлар шаклигача ривожланиб борди. Қадимги ёзувлар сифатида ер юзининг катта қисмига тарқалган финикия ва унинг асосида келиб чиққан юнон ёзувини, оромий ёзувини кўрсатиш мумкин. Айнан шу ёзувлар асосида кейинчалик кўплаб халқларнинг ёзувлари пайдо бўлди. Ёзувлар ихтиро қилингандан сўнг эса тошлар ёки бинолардаги битиклар ва йилномалар энг қадимий ёзма тарихий манбалар ҳисобланади. Бу ўша даврдаги воқеаларнинг гувоҳлари ёки замондошлари ёзиб қолдирган манбалардир. Кейинчалик хаттотлар, шоирлар (бизда оқинлар, бахшилар) томонидан қайта-қайта кўчирилган ёки оғиздан-оғизга кўчиб, бизгача этиб келган манбалар ҳам қадимий манбалар ҳисобланади. Умуман ёзуви бўлган барча халқларда битиклар ва йилномалар учрайди.Марказий Осиё халқлари дунёда энг бой тарихга эга бўлган халқлардан биридир. Ўлкамизда қадимдан яшаб келган хоразмийлар, бақтрияликлар, сўдиёналиклар, арфиёнлар, авонликлар, қанғлар, кушонлар ва бошқалар пайдо бўлиш, ривожланиш, тараққий қилиш тарихларига монанд ўз маданиятлари ва ёзувларига ҳам эга бўлганлар. Ҳозиргача бизга маълум бўлган манбаларда Марказий Осиё халқларида ёзувнинг пайдо бўлиш даврини мил.авв. V-III асрлар атрофида деб ҳисоблайдилар. Хоразм, Бақтрия ва Сўғдда Эрон тиллари бир неча лаҳжалардан иборат бўлгани каби, туркий тиллар хам хилма-хил лахжаларни ўз ичига олган. Узоқ йиллар ўтиши билан эрон тиллари заминида форс-тожик тили, туркий тиллар лахжаларининг заминида туркигўй халқлар тиллари пайдо бўлди. Қадим-қадимдан бу ҳудудда ёнма-ён, елкама-елка яшаб келган, доимо иқтисодий, ижтимоий ва маданий жиҳатдан алоқадор, боғланиб кетган эрон ва турк тилларида сўзлашувчи халқлар сўзлашув тили жиҳатидан ҳам бир-бирига кучли таъсир ўтказган. Буни нафақат оғзаки сўзлашув тилида, балки ёзма маданиятда ҳам кўриш мумкин. Мил. авв. И минг йиллик ўрталарида Эрон, Марказий Осиё ва бошқа ўлкаларда оромий ёзуви кенг тарқалган. Марказий Осиёни Искандар Зулқарнайн босиб олгач, бу ерга юнон ёзуви кириб келди. Хуллас, бу даврда Ахамонийларнинг оромий ёзуви асосида парфиён,сўғд,бахтар ва хоразм ёзувлари пайдо бўлган. Кейинчалик Рунн (Урхун-Энасой), уйғур каби бирқатор ёзувлар вужудга келган. Муаррихлар муқаддас «Авесто» китобининг мил. авв. VII-V асрларда битилганлигини тахмин қиладилар. Марказий Осиёда узоқ вақтлар қўлланиб келинган Хоразм ва Сўғд ёзувлари ҳам қадимийдир. Хоразм ёзуви оромий ёзувидан келиб чиқган ва у Хоразм ёзуви оромий ёзувининг қадимий анъаналарини ўзида сақлаб қолган. Буни рус олими С.П.Толстов Хоразмдаги Қўйқирилган қалъасида олиб борилган археологик тадқиқотларида топилган ашёлар асосида исботлади. Бу ердан у Хоразм ёзуви намуналарини топилди. Бу ёзувлар қадимги Хоразм тангалари, санъат асарлари, уй-рўзғор буюмларида акс этган эди. Сўғдларнинг ёзувлари битилган баъзи манбалар бизгача этиб келган. Жумладан, Сўғдиёнадан топилган мил. авв. ИИ асрга мансуб сўғд тангаларига зарб қилинган «Гэрай жабу», «Кадфуз жабу» сўзларига қараб археолог олима О. Н. Смирнова сўғдлар турк тилида сўзлашганлар деган хулосага келди. Дастлабки тарихий билимларнинг шаклланиши ва ривожланишида муқаддас китоблари ва диний асарларнинг таъсири каттадир. Бу асарлар тарихий билимларнинг ривожланишига мафкуравий жиҳатдан йўналтирувчи, тарихий воқеа-ҳодисаларнинг сабаб ва оқибатларини тушуниш ва тушунтиришда асосий далил, исбот вазифасини бажариш билан бирга уларнинг ўзи ҳам кўпгина тарихий маълумотлар бера олади. «Таврот», «Инжил», «Қуръони Карим» каби муқаддас китобларда, ёинки ҳинд «Веда»ларида ер юзида ҳаётнинг пайдо бўлиши, инсоннинг яратилиш тарихи ва кўплаб муҳим тарихий воқеалар ҳақида маълумотлар мавжуд. Тарихшунос маълум бир халқнинг ёки географик ҳудуднинг тарихи ва тарихий билимларининг ривожланишини ўрганар экан, аввало,ўша халқнинг ёки танланган ҳудудда яшаётган халқларнинг диний қарашлари, уларнинг диний китоблари тўғрисида чуқур билим ва маълумотга эга бўлиши лозим. Шундагина у ўрганилаётган ҳудуддаги тарихий билимларнинг хусусиятларини тўла англаб ета олади.Ана шундай тарихий манбалардан бири «Авесто», зардуштийликнинг муқаддас китобидир. Унда бундан 3 минг йил олдинги даврлардаги Марказий Осиё халқлари тарихи ёритиб берилган. Зардуштийлик тарихини ўрганиш бир қатор муаммоларни ўз ичига олади. Яъни, зардуштийликнинг муқаддас китоби «Авесто»ни ўрганиш муаммолари қуйидагилар: Зардуштнинг ватани қаер эканлиги. Авестонинг ўрганилиш масаласи. Зардуштийлик динининг тарқалиш босқичларини ўрганиш. Ватанимиз тарихида исломнинг тарихини ва дунёнинг жуда кўп қиррали тарихий тараққиёт жараёнини тушунишда «Қуръони карим»нинг ўрни беқиёсдир. Ўз вақтида «Қуръон карим» Ўрта Осиёда феодал давлатларнинг вужудга келишида сўзсиз ижобий ўрин тутган. Бугунги кунда ҳам халқимизнинг ўзини англашида, миллий ўтмиш қадриятларимизни тиклашда ва ўзбекистоннинг давлат мустақиллигини мустаҳкамлашда «Қуръони карим»нинг аҳамияти ниҳоятда каттадир. Ўрта Осиё давлатлари тараққиётига назар ташласак, доимий босқинчилик юришлари натижасида давлатлар кўп бора ўзгариб, янгилари пайдо бўлиб турган. Шу билан боғлиқ равишда тарихий билимлар ҳам доимий равишда йўқ қилинган. Ҳокимият тепасига келган янги давлат раҳбари кўп ҳолларда эски давлат тарихи билан боғлиқ тарихий, диний, илмий асарларни йўқ қилган. Масалан, «Авесто»нинг катта қисми Искандар Зулқарнайн томонидан ёндирилган. Бундай салбий, нохуш воқеалар юртимиз тарихида кўп бўлганлиги учуй тарихий билимлар тараққиётига салбий таъсир кўрсатган. Халқ оғзаки ижоди намуналаридан сўнг, ёзув пайдо бўлгач, шакл ва мазмун жиҳатидан турлича бўлган ва турли мақсадларда ёзилган битиклар яратилди. Бу битикларда айрим тарихий воқеалар ҳақида анчагина кенг маълумотлар берилган эди (мисол тариқасида машҳур «Беҳустун ёзувлари»ни олишимиз мумкин). Шунингдек, ҳукмдорлар саройида, ибодатхоналарда тахт эгалари ва давлатлар, сулолалар тарихига бағишланган йилномалар яратила бошлади. Гарчи бу йилномалар ҳукмдор, ҳукмрон сулола ва табақалар манфаатлари доирасида ёзилган бўлса-да, уларни тарихни яратишдаги дастлабки қадамлар сифатида баҳолаш мумкин. Юқоридагилардан кўринадики, алоҳида тарихий асарларнинг яратилиши учун ҳам маълум бир кўникма, тажриба тўпланиб бормоқда эди. Антик давр тарихшунослигида юнон тарихшунослик мактаби алоҳида ўрин эгаллайди. Юнон олими Геродотнинг «Тарих» китоби бизгача этиб келган энг қадимги тарихий асар ҳисобланади. Геродотгача яшаган Аристейнинг «Аримаспея» (мил.авв. VII аср), Гелланикнинг «Скифика», шоир Алкман (мил.авв. VII аср), Пиндар (м.авв. VI-V аср), саёҳатчи Гекатей (мил.авв. VI-V аср), драматурглар Эсхил, Софокл (м.авв.V аср), шифокор Гиппократ (м.авв. V аср) ва бошқаларнинг асарларида тарихга оид маълумотлар учрайди. Геродот Кичик Осиё соҳилидаги Галикарнас шаҳрида туғилган бўлиб, унинг асарида фақат ғарб эмас шарқнинг тарихи ҳам кенг ёритилган. Гарчи «Тарих отаси»нинг бу асарини илмий тадқиқот деб бўлмасада, у воқеалар ва далиллар кўлами жиҳатидан ва бадиий қиммати жиҳатидан ўзидан аввалги солнома ҳамда тарихий ёдномалардан анчагина баланд туради. Антик даврда яратилган кўплаб тарихий асарлар асосан, тарихий воқеа ва ҳодисаларни баён этиш тарзида ёзилган бўлиб, уларда таҳлил, фактларни қиёслаш, тарихий воқеа ва ҳодисаларнинг юз бериш сабабларини аниқлаш ҳамда уларнинг оқибатларини тадқиқ этиш кўзга ташланмайди. Аммо шунга қарамай, юқоридаги талабларга бирқадар жавоб бера оладиган асарлар ҳам яратилган.Мил. авв. V –IV асрларда яшаган Фукидиднинг Пеллопоннес урушлари тарихига бағишланган асари биринчи тарихий илмий асар сифатида эътироф этилади. Фукидиднинг асарида тарихий воқеалар ривожига худолар аралашиб таъсир этмайди. Аксинча, у бўлиб ўтган тарихий воқеанинг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатларини таҳлил этишга интилади. Мил. авв. II асрда яшаган Полибий ҳам воқеаларни баён этишда Фукидиднинг йўлидан боради. У ўзининг «Умумжаҳон тарихи» асарида милоддан аввалги 220 – 146 йиллардаги воқеаларни эллинлар нуқтаи назаридан ўрганса-да, бу асари ўрта ер денгизи соҳилларидаги барча халқлар ва давлатлар тарихини ўзаро болиқликда тасвирлаган биринчи тарихий асар ҳисобланади.Фукидид ва Полибийнинг асарлари юнон-рим тарихшунослик мактабининг чўққиси ҳисобланади. Улардан аввал ва кейин яшаб ижод қилган тарихчилар юнон-рим тарихчилари улардан ўзиб кетолмадилар. Бундай тарихчилар сафига Эфор (мил. авв. 405-320 ), Диодор (милоддан аввалги 90-21), Клавдий Эллиан (170-235), Климент (11 аср), Арриан Флавий 95–175), Помпей Трог (милод арафаси ва милоднинг боши), Квинт Курсий Руф (1 аср), Гай Плиний Секунд (24-79), Тацит (56-117), Плутарх (46-127), Дион Кассий (155-135) ва бошқаларни қўшишимиз мумкин. Қадимги шарқда эса хитойлик тарихчилар томонидан яратилган асарлар ажралиб туради. «Тарихий солномалар» (мил.авв.I аср), «Улу Хан хонадони тарихи» (I аср), «Кичик Хан хонадони тарихи» (V аср), «Вей хонадони тарихи» (VI аср), «Шимолий подшоҳликлар тарихи» (VII аср) асарлари шулар жумласидандир. Бу асарларда фақат Хитой тарихига эмас, балки кўплаб Хитойга қўшни бўлган мамлакатлар, шу жумладан,ўрта Осиё тарихига оид ҳам диққатга сазовор маълумотлар берилади. Гомернинг Шарққа саёҳат қилганлиги ҳақида маълумотлар йўқ. Лекин кўплаб юнон олимларининг шарқ мамлакатларига саёҳат қилганлиги манбалардан маълум. Улар орасида милоддан аввалги VII асрда яшаган юнон тарихчиси проконнестлик Каистробий ўғли Аристей ҳам бўлган. У бу саёҳати ҳақида «Аримаспея» номли достон яратган. Бу достон бизгача тўлиқ ҳолда этиб келмаган бўлса-да, Унда шарқ халқлар фолклори, жумладан, Ўрта Осиё ҳақидаги кўплаб маълумотлар бор. Бу маълумотлар Маркази Осиё ҳақидаги энг қадимги ёзма маълумот ҳисобланади. Тарихчи олимлар Аристей ўз саёҳати давомида Кавказ тоғларидан ўтиб жанубий рус чўллари ва шимолий Қозоғистондан Олтойга қадар борган деб тахмин қилишади. Аристейнинг бу достони тарихий асар ҳисобланмаса-да, унинг илк шакллари сифатида талқин этиш мумкин. Милоддан аввалги VII асрда яшаган Гесиоднинг «Меҳнат ва кунлар» достонида ҳам тарихий маълумотлар ҳамда тарих ҳақидаги фикр ва мулоҳазалар учрайди. У инсоният тарихини беш даврга – олтин, кумуш, мис, қаҳромонлик ва темир даврларига бўлиб, ҳозир темир даври, инсонлар айниб кетган деган фикрни билдирган. Бу фикр кейинчалик Римда ҳам кенг тарқалган. Тарихга бундай қараш зардуштийлик таълимоти учун хос бўлиб, улар ҳам инсоният даврининг илк босқичини олтин давр давр деб билиб, уни мақтайдилар, кейинча Ахриман одамларни йўлдан уради, улар айниб кетадилар деб ҳисоблайдилар.Гесиод «Феогония» («Теогония») достонида эса грек худолари ва жаҳоннинг яратилиши тарихига тўхталади. Милоддан аввалги В аср муаллифи Самослик Херил ҳам юнон – эрон урушлари тарихига бағишланган «Персика» достонини яратган. Антик давр тарихчилари учун манба вазифасини бажарган бу достон ҳам бизгача тўлиқ этиб келмаган. Юқорида биз тўхтаб ўтган эпик асарлар тарих ҳақида дастлабки маълумотлар берувчи асарлар бўлиб, илк тарихий асарларнинг пайдо бўлишига асос бўлди. Ўша даврда греклар учун Гомернинг достонлари ва Геродотнинг «Тарих» орасида фарқ йўқ эди. Ҳатто Страбон Гомер достонларини Ктесий, Геродот, Гелланикларнинг асарларига нисбатан тарихийроқ деб ҳисоблаган. Эпик достончилик анъанасидан тарихий асарга ўтиш аста секинлик билан кечди. Юнон адабиётида тарих фанининг бошланғич вакилларини «логограф», яъни бўлар бўлмас ҳақида ҳикоя қилувчи, уларнинг асарларини эса «логос», «история» деб аталган. Тарихий асарларнинг илк намунаси бўлган логосларнинг ижобий жиҳати мифларни ҳақиқатга яқинлаштириб қайта ишлаш, этнографик ва географик қизиқишларга жавоб бериш эди. Қадимги юнон тарих фани Иониянинг Милет шаҳрида шаклланиб, биринчи навбатда бадиий адабиётнинг бир жанри бўлиб ўзида илмий ва бадиий асарлар хусусиятини мужассамлаштирган эди. Логослар милоддан аввалги ВИ асрда Ионияда шаклланган ва унинг намуналари милетлик Гекатей, Акусилай, Гелланик каби тарихчиларнинг асарлари орқали этиб келган. Мисол учун милоддан аввалги VI асрда яшаб, ижод қилган Гекатейнинг «Ер куррасининг тасвири» асарида Европа ва Осиё ҳақидаги маълумотлар, харита ҳам келтирилган. Шунингдек, биз учун қизиқарли томони унда илк бор Хоразм ҳақида ёзма маълумотлар келтирилган. Гекатейнинг Хоразм ҳақидаги маълумотлари «Ер курраси тасвири»нинг Осиё қисмида бўлиб бизга Афиний (II - III аср) ва Стефаннинг (VI аср) асарлари орқали этиб келган. Бу маълумотларни тожикистонлик олим И.В. Пянков тўплаб, яхлит ҳолатда тиклаган. Download 33.82 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling