Ў збекистон републикаси олий ва ўрта-махсус мудофаа вазирлиги таълим вазирлиги


II. АМИР ТЕМУРНИНГ АСОСИЙ ҲАРБИЙ ЮРИШЛАРИДА ҲАРБИЙ САНЪАТНИНГ РИВОЖЛАНИШИ


Download 1.24 Mb.
bet10/21
Sana21.02.2023
Hajmi1.24 Mb.
#1217508
1   ...   6   7   8   9   10   11   12   13   ...   21
Bog'liq
1 Амир Темур ўқув-услубий қўлланма

II. АМИР ТЕМУРНИНГ АСОСИЙ ҲАРБИЙ ЮРИШЛАРИДА ҲАРБИЙ САНЪАТНИНГ РИВОЖЛАНИШИ

2.1. Амир Темурнинг 1391 йилда Олтин Ўрдага қилган


ҳарбий юриши
Амир Темур Олтин Ўрданинг қандай хавф солиб турганидан бохабар эди. У Жўчи улусида содир бўлаётган воқеаларни диққат билан кузатиб турди. 1360 йилдан 1380 йилгача, яъни 20 йил ичида Олтин Ўрдада 25 та хон алмашди. Оқ Ўрданинг ҳукмдори Ўрисхон 1375 йилда Жўчи улусининг икки қисми–Олтин Ўрда ва Оқ Ўрдани бирлаштиришга қарор қилди. Ўрдалар бирлашиб Амир Темур давлатига жиддий хавф туғдириши мумкин эди. Бу хавфни олдини олиш учун Амир Темур юзага келган вазиятдан моҳирлик билан фойдаланди.
Оқ Ўрданинг ўзбек амирларидан бири Тўй Хўжа ўғлон Олтин Ўрдага қарши ҳарбий юришга иштирок этишдан бош тортганлиги учун Ўрисхон томонидан ўлдирилди. Тўй Хўжа ўғлоннинг ўғли Тўхтамиш ўғлон 1376 йилда Оқ Ўрдадан қочиб Самарқандга келди.
Амир Темур ундан Ўрисхонга қарши курашиш учун фойдаланишга қарор қилди. Амир Темур Тўхтамишни Жўчи улусида унинг сиёсатини юргизувчи киши бўлади деб ўйлаган эди. Лекин бунинг акси бўлиб чиқди. Амир Темурнинг ёрдами билан Оқ Ўрданинг хонига айланган Тўхтамиш Ўрисхоннинг изидан борди, яъни у Жўчи улусини бирлаштиришни ва қудратли Олтин Ўрдани яратиш учун курашни бошлади. Оқ Ўрданинг ҳукмдорига айланган Тўхтамиш (1377 й.), ўзининг рақиби ва сохта хон Мамайхоннинг Куликово даласида рус князи Дмитрий Донскойдан чеккан мағлубиятидан фойдаланишга қарор қилди ва шу йили Калка дарёси ёқасида Мамайхоннинг қолган­қутган қўшинини тор­мор этди. Бу ғалабадан кейин Тўхтамиш Олтин Ўрданинг олий ҳукмдори – хони бўлди ва Жўчи улусининг иккала қисмини бирлаштиришга киришди.
Амир Темур ўз давлатига шимолий қўшниси Олтин Ўрда қандай хавф солиб турганини тушуниб етган эди. Мовароуннахрга шимол томондан хавф раҳна солиб турган экан Амир Темур ҳеч қандай юришларни амалга ошира олмас эди.
1387–1388 йилларда Амир Темурнинг Мовароуннахрда йўқлигидан фойдаланган Тўхтамиш давлат ичкарисига ҳужум бошлади. Тўхтамиш Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ҳудудига бостириб кирди. Бу вақтда Эронда турган Амир Темур 30 минглик қўшинни Мовароуннахрга ёрдамга жўнатди, ўзи ҳам шошилинч равишда ватанига қайтди. Тўхтамиш чекинди, лекин у Хоразм ҳукмдори Сулаймон Сўфини Амир Темурга қарши кураш учун ўзига бирлашишга кўндирди. Бу воқеалар Соҳибқиронни 1388 йилда Хоразмга бешинчи – охирги юришни амалга оширишга мажбур қилди. У Урганчни босиб олди ва Сўфи сулоласи ҳукмдорлигини тугатди.
Тўхтамишнинг Самарқанд ва Бухорога юриши Амир Темурда, бу кураш алоҳида ҳудудни босиб олиш истаги учун эмас, балки Тўхтамишни Соҳибқироннинг сиёсатига қарши йўналтирилган курашининг ифодаси эканлигига шубҳа қолдирмади.
Амир Темурнинг Тўхтамишга қарши учта ҳарбий юришлари орасида ҳарбий санъатнинг ривожланиши нуқтаи назаридан 1391 йилдаги ҳарбий юриш ва 1395 йилда Тўхтамишни Терек дарёси бўйида буткул тор-мор этганлиги характерлидир.
1391 йилнинг қишида Соҳибқирон Тўхтамиш томонидан кутилаётган хавфни бартараф этишга ва Олтин Ўрданинг Миср мамлуклари билан бирга Амир Темур давлатига қарши иттифоқ тузишига йўл қўймасликка қарор қилди. У Тўхтамишга қарши юришни бошлаш учун қўшинни тўплашга фармон берди. Йиғилган қўшин Самарқанддан чиқиб, Хўжанд шаҳри яқинида қурилган кўприкдан Сирдарёни кечиб ўтди. Қўшин Тошкентга етиб келди. Амир Темур 1391 йилнинг 19 январида қўшиннинг кўриги вақтида Жўчи улусига уруш эълон қилди ва ҳарбий бошлиқларга кўрсатмалар берилди. У ўз қўшинини сафар тартибига сафлади ва ҳар бир колоннага йўлбошчиларни тайинлади.
Икки юз минглик қўшин билан чўлдан 2500 километр масофани босиб ўтиш керак эди. Амир Темур вазиятни синчковлик билан ўрганиб чиқди ва сафар учун энг қулай йўлни танлади.
Чўл шароитида уруш олиб боришнинг асосий қийинчилиги – бу қўшин ва отларни барча керакли нарсалар билан таъминлашдир. Жанговар қобилиятни сақлаб қолиш учун ҳужум қилаётган армиянинг ҳар бир жангчиси ортидан эргашиб келаётган учта отга эга бўлиши керак – сафар оти, юк оти ва жанговар от. Бундан ташқари камон ўқлари ва қамал қилиш машиналари ортилган карвон, саркардаларнинг шахсий отлари ҳаракатланган. Ем-хашакни жамлаш ва уни ўзи билан олиб юриш ҳам қийинчиликлар туғдирган.
Тўхтамишнинг қаерда эканлиги тўғрисидаги охирги маълумотларга қараганда, у Оқ Ўрдага қайтган ва Орол дарёсининг шимолроғида бўлиши мумкин эди. Бундай ноаниқ маълумотлар асосида армия Сирдарё бўйлаб ҳаракатланди, кейин шимолга бурилди. Сари-Су дарёсини кечиб ўтиб, саҳрода ҳаракатни давом эттирди, у ерда одамдар, отлар бир неча кун давомида сувсизликдан азият чекдилар.
Амир Темур қўшини Ясси (Қозоғистоннинг ҳозирги Туркистон шаҳри), Қорачиқ, Сабран шаҳарларидан ўтиб, Сариузенга (Сарису дарёси) чиқди, у ердан Кичик ва Катта тоғ этакларига (Қозоғистондаги ҳозирги Олтин Чўққи тоғ бағирларидаги Карсакпай карьери яқинида) етиб келди. Уч ойлик ҳарбий юришдан кейин қўшин озиқ-овқатнинг танқислигини сеза бошлади. Шунинг учун, Соҳибқирон озиқ-овқат меъёрини чеклади, ҳар бир жангчига икки ойга 10 кг ун бериладиган бўлди.
Тошкентдан чиқилганидан кейин уч ой ўтганида армия Субар-Тенгиз тоғи этакларига етиб ва чодирлар тикиб тўхтади.
Амир Темур тошлардан минора ясашни ва катта тошга қуйидаги сўзларни ёзишга буйруқ берди: “Меҳрибон Оллоҳ йўлига! Етти юз тўқсон учинчи йил жумад ойининг 23 кунида (1391 йилнинг 28 апрелида) бу ердан Турон султони Амир Темур Қўрағон 200 минглик қўшин билан Тўхтамишга қарши ўтди”. (тош ҳозирги кунда Эрмитаж музейида сақланмоқда).
Қўшиндан олдинга овчилар гуруҳи жўнатилар эди, лекин ўлжа бундай армияни таъминлаш учун етарли бўлмасди. Топилган ўлжа ва озиқ-овқат ошхонага топширилар эди. Ҳар бир кишига, у амир ёки аскар бўлишидан қатъий назар тенг овқат бериладиган бўлди. Аммо борган сайин овқатда ўт-ўланнинг миқдори ортиб борди, шундай кунлар бўлдики армия фақат ўт-ўлан билан озиқланди.
Йирик армияни очликдан қутқариш учун Амир Темур “чарға” овни ташкил қилишни буюрди (жангчилар узоқдан ёнма – ён туриб, аста-секин айлана ўртасига йиғила бошлайдилар, бундай йирик ов кўплаб ўлжа берган. Одамлар тўйиб овқатланганлар, ортганини қуритиб қўйганлар).
Армиянинг жанговар руҳини кўтариш учун Соҳибқирон, одатда Самарқандда, Регистон майдонида тантанали маросимларда ўтказиладиган қўшиннинг кўригини ўтказди. У барабанлар садоси остида отлиқ армия олдидан ўтди, кейин шеренгалар орасидан ҳаракатланиб, аскарлар билан суҳбатлашди, уларнинг қурол-яроғларини текширди. Бутун армияни кўриги учун икки кун талаб қилинди. Армия бошидан кечирган машаққатларга қарамасдан жанговар қобилиятини сақлаб қолган эди, энг асосийси унинг қўмондонга нисбатан ишончи йўқолмаган эди. Амир Темур бошлаб бораётган армия қудратли ҳарбий куч эди. Соҳибқирон пиёда қўшинга ҳам катта эътибор қаратди. Пиёдалар отлиқларнинг ҳужумига бардош беришлари учун у тажрибали сапёрлар бўлинмаларини ташкил этди. Жанг майдонида унинг пиёда қўшини катта қалқонлар билан тўсилган окоплар билан ҳимоя қилинган эди. Бутун армия етти бирлашмага бўлинди, улардан иккитаси захирани ташкил этди. Олий Бош қўмондон захирани жангнинг боришидан келиб чиқиб хоҳлаган йўналишига, марказни ёки қанотларни қўллаб-қувватлаш учун ташлаши мумкин эди. Эндиликда жанговар тартибнинг маркази жуда ҳам қудратли бўлди.
1391 йилнинг майида Амир Темурнинг қўшини Тобол дарёси қирғоғига етиб келди. Тобол шаҳрига етгунча қўшин сездирмасдан, яширинча ҳаракатланди. Бу ҳол Амир Темурни йирик армиянинг ҳаракатини Тўхтамишдан яширишга муваффақ бўлганлигидан далолат беради. Тоболга етиб келгунга қадар Соҳибқирон душман тўғрисида ҳеч қандай маълумотга эга эмас эди. Тўхтамишнинг қўшини томонидан бузиб ташланган Тоболнинг кечиб ўтиш жойлари тикланди ва қўшин дарёдан кечиб ўтди. Кучини тиклаб олганидан кейин қўшин Урал дарёси томонга ҳаракатланди. Тўхтамиш Урал дарёсининг ортида кечиб ўтиш учун қулай бўлган учта жойда олдиндан пистирмаларни ташкил этди. Амир Темур тажрибали ва моҳир саркарда сифатида ҳушёрликни йўқотмасдан у томонга қўшинни бошламади, аксинча қўшин бу кечув жойларидан анча юқоридан дарёдан сузиб ўтди.
Амир Темур душманнинг ўнг қанотини айланиб ўтишга қарор қилди, шу билан у Тўхтамишнинг пойтахтга чекиниш йўлини ва кутилаётган мадад кучлари йўналишини кесиб қўйиши, ҳамда уни жой шароитларидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум қилиши мумкин эди. Шу билан бирга ушбу манёвр душманни жангга киришга мажбур этар эди.
Соҳибқирон ўз қўшинини Самара дарёсининг қуйи оқими бўйлаб эмас, юқоридан Самаранинг Ийк дарёсига қуйилиш жойига ўтказди. Кўприкдан манглай (авангард), кейин қўл (марказ) ўтказилди. Қўшиннинг ўнг ва чап қанотлари (баранғор ва жуванғор) дарёдан сузиб ўтди.
Душманнинг тўсатдан берадиган зарбасини олдини олиш учун Амир Темур жангчиларга ўз қисмларини тарк этмасликка, катта ва кичик қалқонларни тайёрлашга, лагерни хандақлар қазиб ўраб олишга, доимо разведкани олиб боришга, гулханлар ёқмасликка буйруқ берди. Лагерни қўриқлаш учун у 30 минг жангчини тайинлади, улар лагернинг атрофини патруллик йўли билан қўриқлаб турдилар. Олтин Ўрда жангчиларининг кейинги чекинишларига йўл қўймаслик учун Амир Темурнинг кичик отрядлари ёлғондакам ҳаракатлари билан душманнинг бўлинмалари ва қисмларини пистирмаларга туширдилар.

Download 1.24 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   6   7   8   9   10   11   12   13   ...   21




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling